muslim.uz

muslim.uz

 

Ушбу китобда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримийнинг «Сунани Доримий» асарида зикр этилган илмнинг фазилати, одоб-ахлоқ, сабрли бўлиш, яхшилик қилиш, савдо-сотиқ муносабатлари, мерос ҳуқуқи ва Қуръон фазилатлари каби сайланма ҳадислар жамланган.
Китоб олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар ҳамда кенг жамоатчилик учун мўлжалланган.

Китоб номи: Сунани Доримийдан сайланма ҳадислар

Муаллиф: Имом Доримий

Саҳифалар сони: 644 бет
Бичими: 70х100 1/16
Муқоваси: Қаттиқ
Алифбоси: Кирилл

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 18 июндаги 03-07/3931-сонли хулосаси асосида нашрга тайёрланди.

Мурожаат учун: (66) 240-20-19

Батафсил: ? https://www.bukhari.uz/?p=25313 

Франциянинг «Sortir à Paris» нашрида «Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги: бизни ғаройиб саёҳатга олиб борадиган Лувр музейидаги кўргазма» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Нашр жорий йил 23 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Лувр ўз меҳмонларига Ўзбекистон воҳалари улуғворлигини кашф қилиш учун ажойиб экспозицияни тақдим этишини маълум қилган.
«Лувр музейига келиб, Марказий Осиёнинг юрагига саёҳат қилинг, - деб ёзади «Sortir à Paris». – 2022 йил 23 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Лувр бизни Ўзбекистон воҳаларининг улуғворлиги, Эрондан Хитойгача бўлган буюк цивилизациялар маданияти ва санъатига бағишланган ажойиб кўргазмага таклиф қилади. Париж музейи залларида 180 га яқин асар намойиш этилади. Уларни яқинда қайта таъмирланган ва фақат Ўзбекистон, Европа ҳамда Америкадаги баъзи муассасаларда тақдим этилган ишлар ташкил қилади. Кўргазма бизни сўнгги 16 аср давомида яратилган санъат асарлари билан танишишга чорлайди».


Мақолада кўп сонли ҳайкаллар, заргарлик буюмлари, кулолчилик маҳсулотлари, қадимий санъат асарлари, кийим-кечаклар ва бошқа асори-атиқалар Ипак йўлидан Уйғониш давригача, жумладан, ислом динининг 7-асрда Марказий Осиёга кириб келиши билан боғлиқ тарих ҳақида ҳикоя қилади, деб таъкидланган. Кўргазма мундарижаси минтақанинг узоқ мозийга бориб тақаладиган маънавий бойлиги намуналари билан яқиндан танишиш имкониятини тақдим қилади.
“Савдо-сотиқ, маданиятлар ва динларнинг тарқалиши Ўзбекистон воҳаларидан ўтган турли цивилизацияларга ранг-баранг бўлиш, маърифий озуқаланиш ва бойишга имкон берди, - дейилади нашрда. - Бу йўллар бўйлаб турли халқлар ва мамлакатлар бир-бирига таъсир ўтказган ҳамда ушбу ажойиб ўзаро таъсир ўтказиш намунасини Луврда намойиш этиладиган бебаҳо меросда кўриш мумкин бўлади. Кўргазманинг ҳар бир бўлими ноёб артефактларни тақдим қилади. Уларнинг бир қисми Ўзбекистондан ташқарида биринчи марта намойиш этилмоқда. Шундай қилиб, биз Амир Темур мақбараси эшиги, Франция Миллий кутубхонасининг Мўжизалар китоби, Варахшодаги подшоҳлар қароргоҳлари деворий суратлари ва бошқа асарлар сизда ҳайрат уйғотиши аниқ”.


Мақола муаллифи ўқувчиларни бундай ноёб имкониятни қўлдан бой бермаслик ва, албатта, кўргазма билан танишишга чақирган. «Мазкур саёҳатни давом эттириш учун Париж Араб дунёси институтида бўлиб ўтадиган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмасига ҳам келинг», деб ёзади «Sortir à Paris».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

("Ҳазрати Имом" масжиди, 04.11.2022)

Шу йил 5 ноябрь куни Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида Қорақалпоғистон Республикасидаги эшитиш ва нутқида имконияти чекланган инсонлар учун “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида диний-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, сурдо таржимони Айдин Худайберганова, Қорақалпоғистон қозияти ва “Вақф” фонди ҳудудий филиали вакиллари қатнашди.

Маърифий тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қорақалпоғистон қозиёти қозиси ўринбосари Б.Разов кириш сўзи билан очиб, Юртимизда имконияти чекланганлар учун кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳақида сўзлади. Шундан сўнг Қорақалпоғистон Дин ишлари буйича худудий бошқармаси мутахасисси А.Байымбетова “Миссионерликдан огоҳ бўлинг” мавзусида маъруза қилди.

Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова “Сиз бизга кераксиз”, “Оиланинг муқаддаслиги, ота-онани қадрлаш” мавзуларида кўргазма материаллари ва видеороликлар билан манфаатли маъруза қилди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

Учрашувда эшитиш ва нутқи борасида имконияти чекланган 100 нафар ҳамюртимиз иштирок этди.

Тадбир якунида “Вақф” жамоат фонди томонидан 100 нафар имконияти чекланган фуқорага байрам дастурхони ёзилди, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Ана шундай маърифий учрашув Урганч шаҳарида Хоразм вилоятидаги эшитиш ва нутқида имконияти чекланган 200 дан зиёд ҳамюртимиз иштирокида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, сурдо таржимони Айдин Худайберганова, шунингдек, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, “Вақф” фондининг ҳудудий филиали ходимлари фаол қатнашди.

Маърифий тадбирдан иштирокчилар бир олам таассурот ва илм олишди.

Якунда тадбир иштирокчиларига “Вақф” фонди ҳомийлигида байрам дастурхони ёзилди, совға-саломлар улашилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Адашган оқимларнинг шаклланиши узоқ тарихий ўтмишга бориб тақалади. Тарихда ўзаро зиддиятлар туфайли «аҳли сунна»дан ажраб чиққан фирқалар бор. Уларнинг ғаразли ғояларини ўрганишга бағишланган асарлар кўп. Абу Мансур Мотуридий, Абул-Ҳасан Ашъарий, Абу Мансур Бағдодий, Абу Ҳафс Насафий, Муҳаммад Шаҳристоний каби уламолар адашган фирқаларнинг услубларини синчковлик билан ўрганган ҳамда уларга раддиялар берганлар.

Ислом тарихида «хорижий»лар илк адашган оқим сифатида пайдо бўлган. Дин ниқоби остида фаолият кўрсатган ва уламолар томонидан қаттиқ қораланган фирқалар фаолиятини Бағдодий «ал-Фарқ байнал-фирақ» асарида муфассал баён қилган. Дастлабки бўлиниш Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу давридаги «Жамал воқеаси иштирокчилари», саҳоба Муовия, «Сиффийн иштирокчилари» ҳамда икки ҳакам Абу Мусо Ашъарий ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумнинг чиқарган ҳукмлари сабабли юз берган. «Сиффийн» жангида Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари ўртасида норозилик пайдо бўлиб, икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафдори бўлиб, иккинчи гуруҳ эса «хорижий» (ажралиб чиққанлар) номини олган.

Ислом олимлари хорижийлар энг биринчи ихтилофни келтириб чиқарганини таъкидлашган. Бу ихтилоф катта бўлинишларга олиб келган.

Хорижийлар дастлаб Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари эдилар. Сиффин жангидан сўнг Ҳазрати Алини Муовия розияллоҳу анҳу билан келишувга рози бўлганликда айблаб, ўз тарафдорларидан иборат қўшин билан ажралиб чиқишган. Улар ақидада жиддий адашиш ва хатти-ҳаракатларида кўп қабиҳликларга йўл қўйишган.

Шаҳристоний ёзишича, хорижийлар ўз мақсадларига эришишда қуролдан фойдаланиб, ўзларига хайрхоҳ бўлмаганларни оила аъзолари билан ўлдириб, кўп мусулмонлар ҳаётига зомин бўлганлар.

Хорижийлар ўзларича амални иймоннинг учинчи таркиби ҳисоблаб, киши калима келтирса, бироқ ибодатларни тарк этса ёки катта гуноҳ ишларга қўл урса иймондан ажрайди, дейишган. Уларнинг иддаосича: «катта гуноҳ қилганлар диндан қайтган иймонсиздир». Улар бундай инсонларнинг оила аъзолари, ҳатто гўдакларига ҳам шафқат қилмасликни таъкидлашган.

Али ибн Муҳаммад Фахрий китобида хорижийлар ўз ғояларига эришишда кўплаб қабиҳ ишларни қилганларига гувоҳлик берган. Шунингдек, бузғунчи фирқа етакчиларидан бири Нажда ибн Омир Азрақийга мактуб ёзилган. Ушбу мактубга жавобан, адашган фирқа етакчиси ўз ғояси ва хатти-ҳаракатларини оқлаш мақсадида ҳатто Қуръони карим оятларини бузиб талқин қилишга ҳам уринган.

Адашган фирқа раҳбари Нофеъ ибн Азрақ мисоли орқали барча фирқа йўлбошчилари фирқа ғояси ва фаолиятини қувватлантириш мақсадида Ислом манбаларидан ўзбошимчалик билан иқтибослар олиб, етарли илм ва тажрибага эга бўлмаган издошларини мутаассибона тарбиялаш ва хатти-ҳаракат содир этишда фойдалангани шубҳасиздир.

Бу фирқа ўзининг шафқатсизлиги билан бошқалардан фарқ қилади. Уларнинг эътиқодида, мухолифларига қарашли бўлган ёш гўдаклар, кексалар, ногиронлар, кўзи ожизлар, касаллар ва зиммийларни ўлдириш мубоҳ саналади. Ҳатто улар бировларнинг омонатларини ҳам ҳалол деб биладилар.

Хорижийлар Ислом тарихида Ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумнинг ҳар икковига ҳам итоат этмасдан ажралиб чиққани учун «исёнчи тоифа» деган ном олди. Хорижийлар томонидан амалга оширилган бир неча йиллик қўзғалонлар халқ нотинчлиги ва талафотларига сабаб бўлди.

Ислом уламолари хорижийларнинг адашган қуйидаги жиҳатларини алоҳида қайд этишган:

- улар ўз йўлларига юрмаган, катта гуноҳ қилганларни иймондан чиққан дейишади;

- бегуноҳ мўмин одамнинг қонини тўкишни ҳалол санашади;

- суннатга амал қилишни инкор этишади;

- доимо гуноҳи кабира қилиб вафот этган киши абадий дўзахда қолади, дейишади;

- охиратдаги шафоатни инкор этишади;

- жаннатда Аллоҳни кўришни инкор қилишади;

- Қуръони каримни махлуқ дейишади.

Хорижийлар давлат раҳбарига итоат этишдан бош тортиб исён кўтаргани учун «боғий»га ҳукм қилинган. Ибн Умар розияллоҳу анҳу хорижийларни одамларнинг энг ёмони деб ҳисоблаган. Аҳли сунна уламолари: «Қайси замон ва маконда бўлмасин, мусулмон мамлакат раҳбарига итоат қилишдан бош тортган киши хорижийлар тоифасидан саналади», дейишган.

Замонлар ўтиши билан хорижийлар нафақат уламоларнинг, балки оддий халқнинг ҳам қаршилигига учради.

 

Шермуҳаммад домла Болтаев,

Хоразм вилояти, Шовот тумани

Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби

Видеолавҳалар

Top