muslim.uz

muslim.uz

Кеча 2 декабрь куни Тошкент вилояти бош-имом хатиби Жасур домла Раупов бошчилигидаги жамоа 30 ноябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл тумани Истиқлол кўчаси, «Қирариқ» МФЙ да жойлашган 80-сонли уйда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиққан хонадон аҳволидан хабар олинди. Жабрланган хонадон аҳлига чуқур ва самимий таъзия изҳор қилинди. Қуръон тиловати ўқилиб, ёнғин оқибатида вафот этганларга бахшида этилиб,хайрли дуолар қилинди. Шунингдек, ушбу хонадонга моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсуотлари берилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 ноябрь куни соат 7:42 да юқорида кўрсатилган манзилда кучли ёнғин содир бўлган.

Маълумотларга кўра, чақнаш натижасида уйнинг бир қисми қулаб тушган ва хонадон соҳиблари вайроналар остида қолган. Турар-жойнинг зарар етган қисмидан 1984 йилда туғилган И.С., 1987 йилда туғилган И.Н., 2006 йилда туғилган И.Р. ва 2009 йилда туғилган И.С. олиб чиқилиб, тиббиёт муассасасига юборилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, чақнаш оқибатида 1984 йилда туғилган И.С., 2006 йилда туғилган И.Р. вафот этган бўлиб, 1987 йилда туғилган И.Н. ва 2009 йилда туғилган И.С. турли даражада тан жароҳатлари олган.

Аллоҳ таоло бу хонадон аҳлидан ўтганларни Ўзи раҳматига олсин. Ортларида қолган жабрдийдаларга сабру жамил берсин!

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Абу Саъид ривоят қилади: «Зоҳидлардан бири шундай ҳикоя қилади: «Абулҳорис Улосий мендан «Менинг тавбам қандай бошланганини биласанми?» деб сўради. «Йўқ» дедим. У шундай ҳикоя қилиб берди: «Мен жуда келишган йигит эдим. Ғафлатда юрган пайтларим эди. Бир куни йўлнинг ўртасида бир касалнинг йиқилиб ётганини кўриб, унга яқинлашдим. «Бирор нарса хоҳлайсизми?» десам, анор сўради. Анор топиб келиб, олдига қўйдим. У кўзини мен томон кўтариб, «Аллоҳ тавбангни қабул қилсин», деди. Кеч кирмасидан қалбим ўйин-кулгидан иборат барча нарсага нисбатан ўзгарди, ўлимдан қўрқиб қолдим. Бор-будимни олиб, ҳаж қилгани чиқдим. Фитнадан қўрқиб, кечаси йўл юриб, кундузи беркиниб олар эдим. Кечаси йўл юриб бораётиб, ичиб ўтирган бир давранинг олдидан ўтиб қолдим. Улар мени кўриб, хижолат бўлишди, сўнг ёнларига ўтқазишди, егулик беришди. Бироздан сўнг бавл қилишим кераклигини айтдим. Халони кўрсатгани бир хизматкорни тайинлашди. Улардан узоқлашгач, хизматкорга: «Нарироқ бориб тур, уяламан», дедим-да, ўрмоннинг ичига кириб кетдим. Бир пайт қарасам, қаршимда бир шер турарди. «Аллоҳим, нималарни тарк қилганимни, нима мақсадда йўлга чиққанимни биласан. Мендан мана бу шернинг ёмонлигини даф қил», дедим. Шер менга ҳеч нарса қилмади. Йўлга қайтиб, Маккага бордим ва у ерда ўзим манфаат оладиган кишилар билан учрашдим».

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Фаластинда Исо алайҳиссаломнинг ўз болалик йилларини ўтказган уйлари топилди. Ноёб топилма британиялик археолог Кен Дарк томонидан қилинди.
Қадимий маскан Назарот шаҳрида жойлашган бўлиб, тош деворлар ва оҳактош заминли қоядан ковланган хона бўлиб, унинг цоколи бор. Археологнинг сўзларига кўра, у Рим ҳукмронлигига қарши қўзғолонга тайёргарлик кўришда қурилган ва у ерда легионерлардан яширинишни режалаштиришган.
Islam.ru хабарига кўра, 15 йиллик тадқиқотлардан сўнг олимлар бу ерда Исо, Maръям ва Юсуф яшаган деган хулосага келишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Агар огоҳсан сен...

Тарихда фаолияти қайд этилган хори­жия, қадария, муътазилия, кар­ромия каби адашган оқимлар негизида шаклланган замонавий бузғунчи фирқа­ларнинг ғояларига улуғ ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий асарлари асосида жавоб бериш муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, биринчи бўлиб муътазилийлар томонидан илгари сурилган ва ҳозирги кунда мутаассиб оқимлар: “Солиҳ амаллар савобини оламдан ўтганлар­га бағишлаш жоиз эмас”, “қабр­ларни зиёрат қилиш, дунёдан ўтганларнинг ру­ҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиш кечирилмас гуноҳдир”, масаласини келтириш мумкин. Қайд этиш лозимки, мўътабар ман­баларда вафот этганларнинг ҳақига қилинган дуои хайр­ларнинг савоби уларга етиб бориши зикр қилинган. Жумладан, Абу Ҳафс Насафий “Ақоид” асарида: “Тирикларнинг вафот этганлар ҳақига қилган дуолари ва садақалари улар учун наф беради”, деган.1

Ушбу фикр мотуридийлик ва тўрт фиқҳий мазҳаб имомларининг қарашларига мос. Абдулмалик Саъдий мазкур матн­ни шарҳлаш ва қўллаб-­қувватлаш асносида Ҳашр сурасининг: «Улардан ке­­йин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй Раббимиз, Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин”» 10-оятини, шу­нинг­дек, “Май­йитни дафн қилгандан ке­йин унинг ҳақига истиғ­фор айтиб, собит ту­ришини сў­­ранг­лар. Чунки у ҳозир ҳи­­соб-­китоб қилинади” (Имом Термизий ривояти), де­ган ҳа­дисни далил сифатида кел­тирган.

Юқоридагилар билан бир қаторда, Абдулмалик Саъдий ушбу қарашни қувватловчи тўққизта ҳадисни ҳамда “Жаноза намозининг ўзи ҳам маййит ҳақига дуо, ҳам истиғфордир”, деган ­фикрни келтириб ўтади.2

Адашган оқимларнинг асо­­сий ғояси бўлиб хизмат қилган “такфир” масаласи ҳам бугунги кунда долзарблигича қолмоқда. Ҳозирги кунда “Жамоатул муслимин”, “Сохта салафийлар”, “Шабаб Муҳаммад”, “Ал-қоида” каби оқим ва ташки­лотлар “уларнинг йўлини тутмаган мусулмонларни”, “та­саввуф йўлини тутганларни”, умуман олганда, ­арзимас сабабларни важ ­қилиб, мусулмонларни ко­фирга чиқарадилар.

Бу каби ботил қарашларга аллома Абу Ҳафс Насафий “Ақоид” асарида: “Гуноҳи кабира мўмин бандани имондан чиқармайди ва уни куфрга ҳам киргаз­майди”, деб таъкидлаганини келтиришнинг ўзи кифоя.3 Тафтазо­ний мазкур матнга шарҳ бериб: “Кабира гуноҳ – бу ноҳақ одам ўлдириш, покдомон инсонни зинода айб­лаш, зино қилиш, сеҳр, етимнинг мо­лини ейиш, ота-онага оқ бўлиш...”, деган. Демак, ҳатто, шундай оғир гуноҳга қўл урган кишида ҳам имон сақланиб қолади.4

Шиҳобиддин Маржоний “Ақоид”да келган мазкур матн остида гуноҳи кабира билан киши мўминликдан чиқиб қолмаслиги ҳақида ҳадислар келтириб, мўътазилия ва хорижия таъли­моти вакилларига раддия берган. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Раббим ҳузуридан бир элчи келиб, умматимдан ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмай вафот этса, жаннатга кири­шининг хабарини берди”, дедилар. Мен: “Зино қилса ҳамми? Ўғрилик қилса ҳамми?” деб сўрадим. У зот: “Зино қилса ҳам, ўғрилик қилса ҳам”, дедилар» (Имом Байҳақий риво­яти).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан нақл қилинган бошқа ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким: “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ мавжуд эмас, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир. Исо Аллоҳнинг бандаси, расули ва Марямга ташлаган “калима”си ҳамда Ўзидан бўлган руҳдир. Жаннат ҳақ, ­дўзах ҳам ҳақ”, деб гувоҳ­лик берса, қилган амалига қараб, Аллоҳ уни жаннатга киритади”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда бундай дейилган: «Ра­сулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам: “Ким Аллоҳ­дан ўз­га илоҳ йўқлигини эътироф этган (тасдиқлаган) ҳолда вафот этса, жаннатга киради”, дедилар» (Имом Муслим ривояти). Бун­дай маънодаги ҳадислар маънавий мутавотир даражасига етган. Мазкур ҳадислардан киши гуноҳи кабира орқали имондан айрилмаслиги тушунилади.5

Ғулом Ҳусайн “Шарҳу ақоидин Насафий” китобида: “Оят, ҳадисда гуноҳи каби­ра қилган кишиларга нисба­тан “куфр” сўзининг ишлати­лишидан зоҳирий маъно ­ту­шунилмайди. Чунки бош­қа оят ва ҳадисларда гуноҳи кабира қилган киши имонидан айрилмаслиги қатъий собит бўлган.

Хулоса қилиб айтганда, Абу Ҳанифанинг “Ал-фиқҳул акбар”, Абул Юср Паздавийнинг “Усулуд дин”, Абул Муин На­сафий­нинг “Баҳрул калом”, Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид”, Абул Баракот На­сафий­нинг “Умда”, Усмон Ўшийнинг “Бадъул омолий” асарларида ҳанафий-­моту­ридий­­­лик таълимоти асос­ла­ри тў­ла-тўкис баён этилган.

Мутаассиб оқимларнинг имон ва такфир мавзусида­ги нотўғри қарашларига аҳ­ли сунна вал жамоа олимларининг асарларида тарихда ҳам, ҳозир ҳам асосли рад­диялар берилган.

Жасур НАЖМИДДИНОВ

— Менинг аёлим инсультни бошидан ўтказди. Шу сабабли ўтириб-туриши жуда қийин. Намозни стулда ўтириб ўқийди, олдига жойнамозни солиб, сажда қилганда ҳам эгилолмагани учун бир стулни қўйиб, сажда қилади. Шундай тарзда намоз ўқиши жоиз-ми?

— Аллоҳ шифо берсин. Ким бирор узрли ёки беморлиги сабабли тик туришга қодир бўлмаса, ёки тик тура олса ҳам, йиқилиб тушиши хавфи бўлса ёки ҳолати шаръан узрли деб баҳоланадиган даражада ночор бўлса (ҳозиқ, моҳир, тажрибали мусулмон шифокор “Тик турсангиз, дардингиз зиёда бўлади ‎ёки соғайишингиз кечикади”, десагина ҳолатни шаръан узрли, дейиш мумкин‎), ёки тик турганда чидаб бўлмайдиган оғриқ турса ёки боши айланса, бу ҳолатларнинг барчасида ўтириб намоз ўқиш жоиз.

Тик тургани сабабли пайдо бўладиган оғриқ енгил бўлса, чидаса бўладиган даражада бўлса, шаръан ўтириб ўқишга узр бўла олмайди. Бу ҳолатда ўтириб ўқиган намоз дуруст бўлмайди.

Ким юқоридаги сабаблар билан тик туришга қодир бўлмаса, лекин ўтирган ҳолда руку, сажда қилиб намоз ўқишга қодир бўлса, ерга ўтирган ҳолда руку ва сажда билан намоз ўқийди. Бундан бошқа суратда ўқиши жоиз эмас.

Бир одам ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб намоз ўқишга ҳам қодир бўлмаса, ўтирган ҳолда ишора билан ўқиши фарз бўлади, бундай одам сажда ишорасини руку ишорасидан пастроқ қилади. Қандай ўтириш ўзига қулай бўлса, шундай ўтираверади.

Бир киши ўзи ўтира олмаса, лекин девор, одам ёки бошқа бирор нарсага суяниб ўтиришга қодир бўлса, суянган ҳолда намоз ўқиши шарт, ётиб олиб ўқиши мумкин эмас.

Агар одам ҳар қандай ҳолатда ҳам ўтиришга қодир бўлмаса, ётган ҳолида, ишора билан намоз ўқиши фарздир. Бунда бемор икки оёғини қибла томонга узатиб, қодир бўлса икки тиззасини бироз буккан ҳолда, руку ва саждани боши билан ишора қилиб ўқийди. Бош томони бироз кўтариб қўйилса, юзи осмонга қараган бўлмайди. Шунингдек, юзини қиблага қаратган ҳолда ўнг ёки чап ёнбоши билан ётиб ишора билан намоз ўқиса ҳам бўлади.

Баъзи одамлар тик туришга қодир бўлмаса ҳам, ўтириб сажда қилишга қодир бўлса, курсида ўтирган ҳолларида ишора билан сажда қилишлари жоиз эмас, чунки пешонасини ерга теккиза оладиган кишига ишора билан сажда қилиш кифоя қилмайди.

Энгашса қон босими ошиб кетадиган кишилар бошларини ерга қўйиб сажда қила олмаганлари учун курсига ўтириб, ишора билан сажда қилишлари жоиз.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Видеолавҳалар

Top