muslim.uz
Имтиҳоннинг зўри
“...Кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олмас. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар” (Нур сураси, 37-оят).
Бойлик ва камбағаллик дунёда бўладиган имтиҳонларнинг энг қийини. Айниқса, бойлик эгаси бўлиш – қаттиқ синов. Зеро, пулни мақсадли ишлата олиш маънавияти юксак инсоннинг қўлидан келади. Кўп инсонлар: “Бойлигимни ундоқ ишлатдим, бундоқ сарфладим”, деб мақтанишади. Аслида эса, бойлик уларнинг асл қимматли нарсаларини – вақтларини, соғликларини “олиб қўйган бўлади”.
Бугун моддий бойлик жамиятнинг ҳар бир аъзосига таъсир ўтказмоқда. Инсон пулнинг, бойликнинг маҳкуми эмас, соҳиби бўлиши лозим. Бунга Аллоҳнинг амрига бўйин эгиш орқали эришиш мумкин.
Бунинг энг гўзал намунасини пайғамбарлар, асҳоби киромлар, авлиёлар ҳаётидан топамиз. Улар молу дунёни Аллоҳ розилигини топиш йўлидаги бир восита сифатида кўрардилар. Сулаймон алайҳиссаломдан бойроқ инсон бўлмаган. Фақат у зот ҳеч қачон дунёга муҳаббат қўймаган.
Бунинг акси бўлган ҳоллар – қалбни дунё ҳирсининг забт этиши инсоннинг оқибатини йўққа чиқаради.
Мўмин банда дунё билан машғул бўлиши эмас, балки уни Аллоҳга бандалик қилишда бир воситага айлатириши керак. Бу йўлдаги хато эса, мол-дунёни ҳаётнинг асосий ғояси қилиб олишдир.
Динимизда инсоннинг бой бўлишига асло тақиқ йўқ. Зеро, ҳаж ва закот ҳам айнан бадавлат кишиларга тааллуқли. Яна бу барча бандаларга ҳалол йўл билан бойлик орттиришга бир рағбатдир.
Мўминнинг мол-дунёни ҳалолдан топиб, исроф этмай, яхшиликка сарфлаши, унинг гўзал хулқидан дарак. Дунёга ҳирс қўймаслик эса, ҳар кишининг муҳим вазифасидир. .
Атира РАҲМОНОВА,
Марҳамат тумани
"Ҳидоят" журналининг 2023 йил 8-сонидан олинди
Рукудан аввал ва рукудан кейин қўл кўтариш масаласи
Ҳанафий ва Моликий мазҳаб уламолари намозда рукудан аввал ва рукудан кейин ёки иккинчи ракатнинг қиёмига турганда қўл кўтарилмаслигини айтадилар (буни рафъул-ядайн масаласи ҳам дейилади). Бу сўзларига қуйидаги ҳадисни далил қиладилар.
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Нимага сизларнинг икки қўлларингизни қайсар отнинг думига ўхшаб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокин туринглар” дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Асваддан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттобнинг аввалги такбирда икки қўлини кўтарганини кўрдим.
Кейин буни қайтармади” (Имом Таҳовий ривояти).
Имом Абу Жаъфар Таҳовий айтадилар: “Алий розияллоҳу анҳунинг аввалги такбирдан бошқа ўринларда қўл кўтаришни тарк қилганлари саҳиҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бу ишни қилишлари, у кишининг наздида намозда қўл кўтариш ҳадисининг насхлиги (бекор бўлгани) собит бўлганлиги сабаблидир”.
Термизий ривоят қилади: «Осим ибн Кулайб отасидан, у Алқамадан ривоят қилади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини ўқиб берайми?” деб намоз ўқиди. Икки қўлини биринчи мартада кўтаргандан бошқа кўтармади”».
Биз ҳанафийлар такбири таҳримадан бошқа ўринлардаги қўл кўтаришни насх (ҳукми бекор) бўлган деб айтамиз. Маълумки, агар иккита суннат бир-бирига қарама-қарши келиб қолса, бу борада саҳобаларнинг сўзлари ва амаллари устун қўйилади. Агар уларнинг сўзлари ва амаллари ихтилофли бўлса, қиёс устун қўйилади. Бу масалада қиёс қўлни кўтармасликни тақозо қилади. Чунки намозда аъзолар сокин ва хушуъли бўлиши керак. Аллоҳ таоло Мўъминун сурасида шундай марҳамат қилади:
“Мўминлар нажот топдилар, улар
намозларида хушуъ қилган зотлардир”.
Элликка яқин саҳоба намознинг бошида, яъни такбири таҳримада қўл кўтаришни ривоят қилган. Улар рукуда ва рукудан бош кўтаришда қўлни кўтаришни
ривоят қилмаганлар. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳумонинг ҳадисида: “Қўллар фақат етти ўринда кўтарилади” дейилиб, жумладан, намозга киришиш пайтидаги қўл кўтариш ҳам айтилган.
Демак, ҳукми суннат бўлган масалада ихтилоф чиқармаслик керак. Бундай ихтилоф чиқариш ҳаром бўлиб, кишининг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади.
Бунинг устига, рафъул ядайн қилмасдан ўқиш ҳақида ҳам ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг саҳиҳ сўзлари
бор. Уларга амал қилиш ҳам айни суннатга амал қилишдир.
Баҳодир СУЮНБАЕВ
Гулистон шаҳар «Гулистон»
масжиди имом-ноиби
«Имом ат-Термизий» масжидига янги имом тайинланди
Имомлик – катта масъулият, айни пайтда шарафли касб ҳамдир. Зеро, минбар ва меҳроб эгаси ўзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг касбдошлари деб билиши ва ўз ишига сидқидилдан ёндашиши керак. Масжид қавмига ислом маърифатини етказиши зарур.
Бугун Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги «Имом ат-Термизий» жоме масжидига шу пайтгача тумандаги «Имом ал-Бухорий» масжиди имоми бўлиб ишлб келаётган Яҳё домла Абдураҳмонов тайинланди.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов шом намозига мазкур масжидга ташриф буюриб, намозхонларга янги имомни таништирди.
Шундан сўнг Абдуқаҳҳор домла жамоат билан бирга Яҳё домланинг ишларига Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тилаб, хайрли дуолар қилди.
Фарғонада ташкил этилган ўқув семинарда имом-хатибларга тавсиялар берилди
Жорий йилнинг 21-23 август кунлари Мир Араб олий мадрасасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида Бухоро вилоятида «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Тадбирда Республика бўйича барча вилоятларда фаолият юритиб келаётган 219 та туман, шаҳар бош имом-хатиблари иштирок этди. Тарғибот тадбири доирасида бош имом-хатиблар учун ўқув семинар ҳам ташкилланди. Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳам мазкур жараёнларда қатнашиб қайтди.
Шу йил, 5 сентябрь санасида Қўштепа туманидаги Истиқлол маданият марказида вилоятдаги имом-хатиблар ҳамда имом-ноиблари учун ана шундай ўқув семинари ташкил этилди. Унда Фарғона, Қувасой, Марғилон шаҳарлари, Қува, Фарғона, Қўштепа, Олтиариқ, Ёзёвон, Тошлоқ ва Сўх тумани имом ва ноиблари қатнашди.
Семинарда сўз олганлар долзарб масалаларга раддия бериш методологияси, мунозара одоблари ва имомларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш мавзуларида дарс машғулотларини олиб бордилар.
Қолган ҳудудлар учун ўқув семинари Қўқон шаҳрида давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Жумадан жумагача” муҳим хабарларнинг қисқача тафсилоти (03-09-2023)
“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.
https://youtu.be/5dhlvOzxVGE?si=F3V7wkop3Si8NLxn
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати