muslim.uz

muslim.uz

Швеция Скандинавия ярим оролининг шарқий қисмида жойлашган. Ғарбда Норвегия, шимол ва шимоли-шарқда Финляндия, шарқда Ботник бўғози ва Балтика денгизи, жануби-ғарбда Каттегат суви қуйиладиган жой билан чегарадош. 2009 йил Швеция аҳолисининг сони 9.3 миллион кишига етди. Ушбу мамлакат майдони жиҳатидан ғарбий Европада учинчи ўринни эгаллайди[1]. Швеция парламентар демократик кўринишдаги конституционал монархия давлати. У энг ривожланган ва тараққий этган Европа давлатларидан ҳисобланади. Халқаро кўрсаткичларда мамлакат юқори ўринларни забт этиб келмоқда. Жумладан, аҳолининг турмуш даражаси, уларнинг узоқ умр кўриши, фуқаролар тенг хуқуқлиги, тинчлик-тотувлик даражаси бўйича бир қатор демократик институтлар томонидан юқори баҳоланган.

Швеция Европа мамлакатлари ичида аҳолиси камлиги билан эътиборга олинади. Шимолий қисмида Лаб жамоаси яшайди, бу қисм аҳолиси кам.        У Швеция территориясининг ярмидан кўпини ўз ичига олгани билан, аҳолиси Швеция аҳолисининг умумий сонидан 20 фоизини ташкил қилади. Жанубий қисми эса анча зич бўлиб, аҳолининг 80 фоизи шу тарафда яшайди. Лаб аҳолисининг сони 13 мингга етади. Шунингдек, асли финляндиялик ярим млн. киши, озчиликни ташкил этувчи мусулмонлар: турк, араб, югослав, покистонлик муҳожирлар бор.

Бугунги кунга қадар Швеция аҳолиси этник, тил ва дин жиҳатидан бир хилдаги фуқаролардан иборат бўлиб келган бўлса, сўнгги 6 йил мобайнида кўплаб мамлакатлардан этник-маданий ва диний хилма-хил бўлган аҳолининг кўчиб келиши кузатилмоқда. Ҳозирда, Швецияда муқим яшаётган 2 миллиондан ортиқ фуқаро чет эл мамлакатларининг аҳолиси саналади. Илгари мамлакатда фақатгина Швед тилида мулоқат қилинган бўлса, бугун 200дан ортиқ тил муомала воситаси сифатида қўлланилмоқда. Шунингдек, Швеция турли конфессияли жамиятга айланиб бормоқда. Швецияга кўчиб борувчиларнинг давом этиши сабабли Швеция жамиятида дин ҳам янги кўринишларга эга бўлиб бормоқда. Бу янги масжидларнинг қурилиши, Рамазон байрамининг нишонланиши, мактабларда диний ўқув курсларининг ташкил этилишида яққол намоён бўлмоқда. Швецияда динга нисбатан муносабатларнинг ўзгариб бориши, диннинг жамиятдаги ўрнини тўғри тушунишга ҳамда бошқа дин вакилларига нисбатан холис муносабатда бўлишга сабаб бўлмоқда. 

Аҳолининг аксарият қисми (73% 2008 й) Швеция черковининг аъзоси саналади. Евангелия Лютеран черкови мамлакатнинг собиқ давлат черкови ҳисобланади. 2008 йилда оила қурганларнинг 40%идан ортиғи Швеция ибодатхонасида ўз никоҳларини нишонладилар. Таҳминан, барча янги туғилган фарзандларнинг 60%и чўқинтирилди ҳамда вафот этганларнинг 83%и  Швеция ибодатхонаси анъаналарига муносиб тарзда дафн этилди[2].

Бироқ, Швеция дунёвий давлат ҳисобланади, диний анъаналарнинг амалга оширилиши эса ҳар бир шаҳснинг “шаҳсий иши” саналади.                       Шуни алоҳида таькидлаб ўтиш жоизки, Швеция дунёвийлашган мамлакатлардан бири сифатида дунёга машҳур. Аҳоли асосан ўзининг ҳаётининг муҳим вақтларидагина черковга мурожаат қилиш ҳолатлари кучайган[3]. Швеция ибодатхонасининг маълумотларига кўра, ибодатхона аъзоларнинг бор йўғи 2 %и мунтазам равишда ибодат маросимларини адо этадилар. Европанинг сўннги тадқиқот маълумотларига кўра, Швеция аҳолисининг 23% динга эътиқод қилади. Аҳолининг 85%ини эса бирор-бир динга эътиқод қилмайдиганларни ташкил этади. Аҳоли келиб чиқишига кўра 90.1% протестант, 1.8% католик, 8.2% бошқа динга эътиқод қилувчилардан иборат. Бошқа динга эътиқод қилувчилар гуруҳини асосан мусулмонлар (Ислом дин) ташкил этади. Бугунги кунда, Швецияда Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони тахминан 250,000 ва 300,000 атрофида.

Швецияга кўчиб борган биринчи мусулмон рус татарлари у ерда иккинчи жаҳон уруши охиригача қолдилар. Шунинг таъсирида Швеция маҳаллий аҳолиси исломни қабул қила бошлади. Кейинги йилларда мусулмонлар сони саноатда ишлаш учун кўчиб борган мусулмон ишчилари ҳисобига кўпайди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Швецияда мусулмонлар сони минг киши атрофида эди, 1972 йилга келиб уларнинг сони турли миллатларга мансуб 18 минг мусулмонга етди. Улардан 300 мусулмон асли шведлар, 9 минг мусулмон турк ва татар, 3 минг араб, тахминан 2 минг югослав ва қолган 4 минг мусулмон бошқа миллатларга мансуб. Швециядаги мусулмонларнинг аксарини югославлар, ундан кейин турклар ташкил қилади.

Мусулмонлар Стокгольм, Гётеборг ва Мальмё шаҳарларида яшайдилар. Яқинда Швеция ҳукумати швед мусулмонларини эътироф этди, яъни Ислом Швецияда эътироф этилган дин бўлди.

Даврон НУРМУҲАММАД

 

[1] Қаранг: www.sweden.se/facts

[2] www.svenskakyrkan.se/default.aspx?di=37017

[3] Backstrom et al., Religious Change in Northern Europe, The Case of Sweden, 87-88. “What in normal everyday life is religiously abnormal in Sweden, is considered religiously normal in abnormal situations.” 139

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, йигирма тўрт ҳафталик тўхталишдан сўнг мўмин-мусулмонлар муборак жума ибодатини яна адо этиш бахтига муяссар бўлдилар. Бугун 4 сентябрь куни барча жомеларда белгиланган карантин қоидалари ва санитария-эпидемиология меъёрлари асосида жума намози адо этилди. Айниқса, янги бунёд этилган масжидларда илк жума намозини жамоат ила ўқиш ва дуолар қилиш кишига ўзгача бир шукуҳ беради.

Куни кеча Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида «Муъоз ибн Жабал» жоме масжиди янги қурилиб фойдаланишга топширилган эди. 2020 йил 4 сентябрь куни «Муъоз ибн Жабал» жоме масжидида илк жума намози жамоат билан адо этилди. Ушбу масжиднинг очилиш маросимига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ва вилоят вакили ўринбосари Миродил домла ташриф буюрдилар. Ташриф чоғида Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ў.Атемов ва туман бош имом хатиби С.Акилхонов ҳамда жума намозига келган мўмин мусулмон халқимиз янги муҳташам масжидни зиёрат қилдилар.

Жума намозидан сўнг қилинган дуо ижобат бўлиши умидида юртимиздаги бу балони тезроқ даф бўлиши, янги масжид қиёматга қадар намозхонлар билан тўлиб тошиши, юқумли касаллик сабаб оғир беморларга Аллоҳ таолодан шифо сўраб дуолар қилинди.

Маълумот ўрнида юртимиздаги масжидлар сони 2073 тага етди. Тошкент вилоятидаги масжидлар адади 226 тага етиб, республикада Самарқанд вилоятидан (285та) кейин иккинчи масжиди кўп ҳудудга айланди.

 

Шунингдек Тошкент вилояти Тошкент туманидаги "Ҳамд" жомеъ масжидида ҳам узоқ танаффусдан кейин илк Жума намози кўтаринки кайфиятда адо қилинди.

Масжид имом-хатиби Абдусамад домла Жўрақулов гўзал дуолар қилиб бердилар. Аллоҳ таолодан юртимиздан, бутун дунёдан коронавирус ва бошқа балоларни даф этишини сўраб жамоат бўлиб дуолар қилинди. 

Аллоҳ таоло барчаларимизга жума айёмини муборак қилсин!

— “Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?

— Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).

Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).

Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.

Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).

Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

АҚШнинг The New York Times газетасининг бугунги сонида Reuters агентлигига тегишли Ўзбекистонда бошланган тест синовларига оид мақола эълон қилинди. «Ўн минглаб ёшлар чоршанба куни университетларга кириш имтиҳонларини коронавирус пандемияси сабабли очиқ ҳавода топшириш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб спорт ареналарига йўл олишди» дейилади мақолада. Унда 1,4 миллиондан ортиқ абитуриентлар стадионлар, уларнинг югуриш йўлакларидаги столларда синовларни топшираётгани таъкидланган. «Чоршанба куни эрталаб Тошкентдаги стадионлардан биридаги тест топшириш жараёнида юзлаб йигит-қизлар ниқоб кийиб қатнашдилар. Сояда ўтирганлар учун об-ҳаво қулай эди, бошқа синовчилар ўзларини тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилиш учун кийим ва қоғозлардан фойдаланишди» деб ёзади нашр. ЎзА

Видеолавҳалар

Top