muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло розилигини истаб қурбонлик қилиш, аслий эҳтиёжидан бошқа моли кумуш нисобига етган мусулмонларга вожибдир. Ана шундай миқдор моли бўлиб қурбонлик қилмаган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар, 2).

Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж, 37).

Банда Аллоҳга қанча ибодат қилса ҳам оз. Чунки биргина ҳидоят неъматининг шукрини қанча ибодат қилса ҳам адо этолмайди. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима, тур, қурбонлигингга гувоҳ бўл. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси (томчиси) томиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади”, дедилар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтади: «“Ё Аллоҳнинг расули, бу фақат Муҳаммад оиласи учун хосми ёки барча мусулмонлар учунми?” деб сўрадилар. У зот: “Муҳаммад оиласи ва барча мусулмонлар учун” дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул хабийр).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонлик қилишга имкони бўлиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.

Аллоҳ таоло барча мусулмонларга қурбонликларининг ажрини кўпайтириб берсин.

 

ЎМИ матбуот хизмати

Масала: Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди (41).

Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади (129).

Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади(130).

Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади (36).

Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир(131).
Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади(37).

Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (46).

Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди (47).

Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир(57).

Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас(58).

Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди (62).

Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади (62).

Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади (63).

Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун уларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда(78).

Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади(82).

Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди(91).

Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади(96).

Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади(133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади(133).

Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди(133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди(98).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади(99).
Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир(99).

Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади(100).
Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир(102).

Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди(105).

Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади(107).

Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки (612) 595 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.

 

Манба fiqh.uz сайти

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир (Имом Термизий ва Имом Ҳоким ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан маълумки, ростгўй ва омонатли тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга, лекин бу мақомга етиш осон эмас. Балки инсон кўз олдида оладиган фойдаси бир эмас, бир неча баробар бўлиб кўриниб, боз устига нафс ва шайтон васваса қилиб турганда ҳақиқий иймонли тижоратчи ўз ватандошлари, қўни-қўшниларини танг аҳволда ташлаб қўймайди. Шу ишининг мукофотига жаннатда пайғамбарлар сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий келган кунларда мушриклар мусулмонларга нисбатан қамални кучайтириб, Маккага келган ҳар қандай егулик ёки савдо молларини зудлик билан сотиб олиб қўйишарди. Оқибатда, мусулмонларнинг ҳоли танглашди, улар оч қолганликларидан барглар ва ҳайвон териларини ейишга мажбур бўлди. Ҳатто аёллар ва гўдакларнинг очликдан қичқириб йиғлаётгани эшитилиб турарди. Уларга фақат яширинча у-бу нарса келиб турарди. Қамалдагилар эҳтиёжларини бутлаш учун фақат уруш ҳаром қилинган ойлардагина ташқарига чиқа олар эдилар. Улар четдан келган карвонлардан нарсалар сотиб олишар эди. Бироқ Макка аҳли қамалда қолганлар сотиб ололмасин, деб атайин моллар нархини ошириб юборишар эди.

Бундай ҳолатлар тарихда ҳам бўлиб ўтган, лекин бу жоҳил ё мушриклар томонидан қилинган. Ўз миллатини ватанини севган инсон озиқ-овқат, дори-дармон ва инсонлар эҳтиёжи кўп тушадиган нарсаларни ошириб, бундай синовли кунларда диндошлар биродарларини, юртини оғир аҳволга солмайди. Зеро, ҳар бир қилаётган ишининг ажри Аллоҳ таоло зиммасидадир.

Имом Аҳмаднинг муснадларида шундай келтирилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мусулмонларнинг озиқ-овқатларини қиммат сотишни ирода қилиб қирқ кун иҳтикор-монополия қилса, у инсон Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан узоқ бўлибди, Аллоҳ ҳам ундан узоқ бўлибди”, дедилар.

Демак, мусулмонларни моддий-молиявий қийинчилиги устига қурилган ҳар қандай савдо-сотиқ динимизда қаттиқ қораланган. Бу ишни қилган инсон Аллоҳ таолонинг ҳимоясидан узоқ бўлиб, шайтонга яқиндир. Айни дамда Аллоҳ таоло ундай инсонларга назар солмайди, уларни ўз ҳолларга ташлаб қўйгандир. Ким ўз ҳолига ташланган бўлса, ундай инсонларнинг охири войдир. 

Охират ғамида бўлган инсон яхшилик қилишга ошиқади, дунё ғамида бўлган инсон юртдошлари бошига келган оғир кунларда ҳам ўз шахсий манфаати йўлида виждонсизларча йўл тутади.

Азиз диндошлар, ватандошлар бу оғир синовли кунларда бир-биримизга ёрдам қўлларини чўзайлик, яхши амаллар қилишга шошилайлик. Зеро, бу кунлар ҳам ғаниматдир.

Ф. Хусанов,

Тошкент шаҳридаги “Ислом ота”

жоме масжиди имом-ноиби.    

 

ЎМИ матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top