muslim.uz

muslim.uz

Ушбу буюк саҳобий Исломни қабул қилгач олти йил яшадилар холос. Ўттиз бир ёшида Исломга кириб ўттиз етти ёшида вафот этдилар.

Хўш, бу зот  ким бўлдики, унинг ўлимидан Раҳмоннинг Арши ларзага келса ва жанозасига етмиш минг фаришта ҳозир бўлса! 

У зот Саъд ибн муъоз ибн Нўъмон ибн Имрулқайс ал-Ансорий ал-Ашҳалийдир. Кунялари Абу Амр эди. У зотнинг оналари Кабша бинти Рофиъ ибн Убайд ибн Саълаба. Исломни Қабул қилгач, Расулуллоҳга байъат бериб, Ўғли Саъд ибн Муъоздан кейин вафот этганлар.

Саъд ибн Муъоз бўйлари баланд, жуссадор, оқдан келган, ҳуш юзли ва соқоли ўзига ярашиб турадиган киши эдилар.

Саъд исломдан аввал қавмларининг саййиди,  Авс Қабиласининг раиси, Бани Абдулашҳалнинг сардори эдилар. Ҳижратдан бир йил олдин ўттиз бир ёшларида Исломни қабул қилдилар. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан йигирма бир ёшга кичик бўлганлар. У зотнинг ҳидоятларига Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари билан даъват юритган Мусъаб ибн Умайр сабабчи бўлдилар. Саъд розияллоҳу анҳу  Исломни қабул қилиб Бани Ашҳалга қарата: “Токи Исломни қабул қилмас экансиз, эркагингиз-у аёлингиз билан гаплашиш мен учун ҳаромдир!”, дедилар. Бу гапдан кейин улар ҳам Исломга кирдилар. Саъд розияллоҳу анҳу Исломда ҳам барокотли киши эдилар. Бадр, Уҳуд ва Ҳандақ ғазотларида иштирок этдилар. Бадр жангидан олдин Расулуллоҳга қай даражада фидокор эканликларини бутун ансорийлар номидан намоён этганлари маълум ва машҳур. Ўшанда Ул зот алайҳиссалом қайта-қайта маслаҳат  сўраганларида Саъд ўрнидан туриб шундай дедилар: : “Ё Расулуллоҳ! Сиз бизларни назарда тутаётган кўринасиз?” - “Ҳа, шундай”, дедилар ул зот алайҳиссалом. Саъд сўзида давом этди: “Ё Расулуллоҳ! Биз сизга иймон келтирганмиз ва сиз келтирган нарсаларни ҳақлигига шаҳодад берганмиз. Бу нарсалар устида сизга  қулоқ тутиб, итоат этишга аҳд ва ваъдалар берганмиз. Бизни истаган жойингизга бошланг, ё Расулуллоҳ! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар бизга бир денгизни кўрсатиб, унга шўнғисангиз, албатта, ортингиздан сиз билан бирга шўнғиймиз. Орамиздан бирор киши ортига қайтмагай! Бизни бирор душманга йўлиқтирсангиз ҳам дилхирилик қилмаймиз. Биз жанг қаршисида матонатли, душман қаршисида садоқатли кишилармиз. Умид қиламанки, бизнинг ҳаракатларимиз билан Аллоҳ таоло сизни мамнун қилажак. Бизни Аллоҳ таолонинг барокоти ила олға бошланг, ё Расулуллоҳ!”.

Уҳуд жангида эса қўшин орти ҳимоячилари белгиланган жойни тарк этгандан кейин мусулмонлар жуда оғир ҳолатга тушиб қолдилар. Шундай ҳолатда Расулуллоҳнинг олдиларида собит туриб, кўксини қалқон қилиб, ҳимоя қилган оз сонли кишилар ичида Саъд ҳам бор эдилар.

Саъд Ибн Муъоз розияллоҳу анҳу Ҳандақ ғазотида мусибатга учрадилар. Қаттиқ жароҳат олган буюк саҳобий бир ой бетоб бўлиб ётдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг олдига кирдилар. Уни оқ кийимига ўраб қўйишганди. Бошидан ушлаб, бағриларига босдилар ва дуо қилдилар: “Аллоҳим! Албатта Саъд сенинг йўлингда жидду жаҳд қилди. Расулингни тасдиқлади ва зиммасидаги бурчни адо этди. Бас, Унинг руҳини бирор бир руҳни қабул қилмаган суратда қабул эт!”

Саъд розияллоҳу анҳу ул зотнинг сўзларини эшитиб, кўзларини очдилар ва: “Ассалому алайка ё Расулуллоҳ! Гувоҳлик бераманки, албатта сиз Аллоҳнинг Расулисиз!”, дедилар.

Саъд ибн Муъознинг сўнгги онларида Набий алайҳиссалом унинг олдига кирдилар ва: “Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин! Қавмингнинг қандай ҳам яхши бошлиғи эдинг. Сен Аллоҳга берган ваъдангнинг устидан чиқдинг, албатта Аллоҳ таоло ҳам сенга берган ваъдасининг устидан чиқади!”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан турганларида Жаброил алайҳиссалом келиб: “Ё Расулуллоҳ! Бу кеча умматингдан бир киши вафот этди. У ким?”, деб сўради. “Саъддан бошқанинг оғир беморлигини билмайман. Унга нима бўлди?”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ! Саъднинг руҳи қабз қилинди. Сўнг унинг қавми келиб, ўз диёрларига олиб кетишди”, дейишди. Ул зот Бомдод намозини ўқиб, йўлга тушдилар. Одамлар ҳам у зотга эргашишди. Расулуллоҳ жуда тез юрардилар. У зотга етишиб юраман деб, одамларнинг оёқ кийимидаги иплари узилиб, елкаларидан ридолари тушиб кетарди. Шунда улар: “Ё Расулуллоҳ! Одамларни шошириб юбордингиз!”, дейишди. Ул зот эса: “Малоикалар Ҳанзалага биздан олдин борганлари каби унга ҳам биздан олдин бориб қолишмасин, деб қўрқмоқдаман!”, дедилар.

Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққосни ювиш шарафи фаришталардан кўра ўзларига бўлишини истардилар.

Ибн Саъд Салама ибн Аслам розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз эшик олдида туриб, Расулуллоҳдан кейин кирмоқчи эдик, у зотга кўзим тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарига кирдилар, уйда ўраб қўйилган Саъддан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Мен у зотнинг ортга тисарилганларини кўриб, тўхтадим. Узот менга “Ўрнингда тур”, деб ишора қилдилар. Мен тўхтаб ортимдагиларни ҳам тўхтатдим. У зот бир муддат ўтириб, кейин чиқдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳеч кимни кўрмадимку, аммо сизнинг орқага тисарилганингизни кўрдим?”, дедим. Шунда у зот алайҳиссалом: “Фаришталардан бири мен учун қанотини тортиб турмагунича ўтира олмадим”, дедилар-да: “Эй Абу Амр, муборак бўлсин! Эй Абу Амр, муборак бўлсин! Эй Абу Амр, муборак бўлсин!”, дедилар.”

Инсонлар унинг тобутини кўтарар эканлар, Саъднинг жуссадор бўлганига қарамай жуда енгиллигидан ажабландилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишганида, Ул зот алайҳиссалом: “Уни сизлардан бошқалар кўтаришяпти. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Саъднинг руҳи билан Фаришталар шод бўлди ва унга Раҳмоннинг Арши ларзага келди!”, дедилар.

Саъд ибн Муъоз ўттиз етти ёшга етиб вафот этгандилар. У кишининг жисмлари инсонлар орасидан риҳлат қилган бўлсада, сийратлари тиллардан-тилларга ўтиб, мангу қолажак.

Зеро у зотнинг Робб субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида ҳам юксак мақомлари бор эди. У зот Бани Қурайза яҳудийлари мусулмонларга ҳиёнат қилишгач оқибатлари қандай бўлишини кўзлари билан кўрмагунларича жонини олмасликни Роббдан дуо қилиб сўрагандилар. Дуолари  ижобат бўлди. Мақсадлари ҳосил бўлгач яна Робб таолога дуо қилиб, жонини қабз қилишини сўрагандилар, у ҳам қабул бўлди. Бу Саъд розияллоҳу анҳунинг  Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги олий мақомига далолатдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло Саъдга йўлиқишни яхши кўргани учун Арш ларзага келди. Зеро, кимки Аллоҳ таолони яхши кўрса ва Унга муштоқ бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унга йўлиқишни яхши кўради!”

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу: “Арш Саъд ибн Муъознинг вафоти учун Робб азза важалланинг хурсанлигидан ларзага келди!”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муъоз ҳақида марҳамат қилиб, айтадилар: “Бу шундайин солиҳ бандаки, унинг ўлимидан Арш ларзага келди, унинг учун осмон эшиклари очилди ва  илгари ерга тушмаган етмиш минг фаришта (жанозасида) ҳозир бўлди! Албатта у (қабрда) бир қисишлик билан қисилди сўнгра қўйиб юборилди!”

Яна ул зот  соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъднинг жаннатдаги мавқейи ҳақида қуйидагича марҳамат қилдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ипак сарпо ҳадя қилинди. У зотнинг саҳобалари уни ушлаб кўриб, унинг юмшоқлигидан ажаблана бошладилар. Шунда у зот: “Бунинг юмшоқлигидан ажабланяпсизларми?! Албатта, Саъд ибн Муъознинг жаннатдаги дастрўмоли бундан ҳам яхшироқ ва юмшоқроқдир!”. дедилар”.

 

Интернет маълумотлари ва

Ҳадис ва ҳаёт”китоби асосида

Икром Каримов тайёрлаган

 

2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун

«Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари». Бу улуғвор ғоя бугун янги Ўзбекистоннинг, ҳар бир ватандошимизнинг истиқболга қаратилган азму қарорига айланди. Инсон улуғ ғоя ва даъватлардан куч олади, уларга қараб қаддини ростлайди, уларга мос равишда ўктам қадам ташлашга интилади. Тикланишсиз юксалиш бўлмаганидай, буюк ният ва мақсадсиз кучли ҳаракат, нурафшон келажак бўлмайди. Ана шу маънода Давлат рамзлари бугун халқимизга ҳаёт синовларини мардона енгиб ўтишда, ҳар кун, ҳар лаҳза ғурур ва матонат билан миллий юксалиш қадам ташлашда бетимсол қудрат ва бунёдкорлик бахш этмоқда.

Ватан сурати! Улуғ меҳр, улуғвор ният ила муҳаббат мўйқалами билан чизилган, ғурур-ифтихор ранглари жо бўлган, қалб олами усиз ҳувиллаб қоладиган бетимсол, бемисл суратки, у давлат байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз, ўзбек тили сиймосида аввало ўзимизни ўзимизга, шунингдек, дунёга танитади.

2 июль – Ўзбекистон фуқаролари учун қадрли ва унутилмас кунлардан бири: бундан 28 йил муқаддам айни шу кунда «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир. Демак, Давлат герби – халқнинг эрки, бахти, ғурури, ўзлиги тимсоли. Шундай тимсолки, ҳар қараганда, халқу Ватан тарихи, бугуни, келажаги билан боғлиқ орзу-интилишларингга қувват, қудрат оласан гўё. Қорачиғингга Ватан рамзида жо бўлади, унга ҳатто гард тушса ҳам, кўзинг ёшланади, дилинг вайрон бўлади.

Ҳар сафар Давлат гербимизга қараганимда, устоз шоир Абдулла Ориповнинг барчамизга севимли «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» шеърлари беихтиёр ёдга тушади.

Тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочмоқда. Биз Ватанни гўзаллигу бойликлари кони бўлган тоғу даштлари, дарёлари учун севамизми ёки олтин бошоқлари, оппоқ пахталари муҳаббатимизга сабабми? Балки, тўрт фаслимизни ҳам мунаввар, сероб этган қуёши қалбимизга меҳр нурларини ёғдирар?.. Шоир фикрлашга чорлагани каби:

Мен нечун севаман Ўзбекистонни,

Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.

Нечун ватан, дея еру осмонни

Муқаддас атайман, атайман танҳо.

 

Аслида дунёда танҳо нима бор?

Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?

Ёки қуёшими севгимга сабаб?

Ахир қуёшлику, бутун Осиё...

 

Бу саволнинг жавоби қалбни улғайтирган, маънавий ганжиналар билан бойитган, инсонни ўз ватанидагина бахтиёр этган туйғуларда ярақлайдики, ифодасига сўз танлайверасиз, танлайверасиз! Балки, Ватанни сўзсиз, дил билан севмоқнинг маъноси шундандир.

Гербимизда тасвирланган ҳар бир тимсол дилга туташ, улар моҳиятидаги маъно, ҳикмат, меҳр қалбимизда сайқалланиб бораверади. Савлат тўкиб турган мағрур тоғлар шунчаки тоғ эмас, улар мардлигу жасорат, Ватан муҳаббатига садоқат бобида башариятга ибрат бўлиб қолган аждодларимиз рамзи. Бу тоғлар— кучни адолат тарозуси билан ўлчаган Соҳибқирон Амир Темур, Синд дарёси бўйида мардлигу шижоати билан Чингизхонни лол қолдирган Жалолиддин Мангуберди, Ватан байроғини жонга тиккан Нажмиддин Кубро, юрт ғанимларга оёқости бўлмаслиги йўлида умрини фидо этган Широқ, Тўмарис... зеро, ҳар қандай замонда элу юрт қадди, қадри баланд бўлиши учун фидойиликка тайёр инсонларнинг сиймоси гўё.

Порлаб турган қуёш меҳридарё халқимизнинг юраги кабидир. Унда бағрикенглик, Ватанга муҳаббат, қадриятларгаҳурмат, миллий юксалишга қанот бўлаётган оловқалб инсонларнинг оташин шижоати бардавомлиги бор. Қуёш ҳамма юртлар узра бирдек нур, ҳарорат улашади. Ўзбекистонни севишимиз сабаби, демак, қуёш эмас, қалб ҳарорати бу кўҳна заминга ободлик, файзу баракот, юксалиш, тўкинлик бахш этаётган халқнинг меҳр-муҳаббат офотоби рамзига ҳам ўхшайди гербимиздаги қуёш.

Гербимизда тасвирланган заминда илму урфонда дунё тамаддуни сарчашмаларини очган, уни ирмоқлардан дарёларга айлантирган бобокалонларимиз, маърифату юксак маънавияти инсоният қалб кўзларини нурлантирган улуғ алломаю донишмандларни тарбиялаб вояга етказган моможонлардан тортиб яқин тарихда шу тупроқ, шу халқерку озодлиги учун фидо-қурбон бўлган оталаримиз, оналаримиз нафаси бор. Бу нафақат Шарқда, балки бутун дунёда улуғвор давлатчилиги, юксак маданияти, буюк тарихи билан эъзозланиб келинаётган муқаддас замин! Ҳазрат Алишер Навоий айтадилар:

Ватан таркин бир нафас айлама,

Яна ранжи ғурбат ҳавас айлама.

Ватанни бир нафас ҳам тарк айлаш, онадан айрилган гўдак кўзидаги ёшдек ғамли, ўкинчли, изтироблидир. Давлатчилигимиз тарихининг барча даврида шу азиз тупроғу миллат рамзлари, ватан тимсоллари энг азиз ва муқаддас қадрият сифатида эъзозланган. Туғ, тамға миллат, халқ, давлатнинг ор-номуси каби асралган. Муқаддас рамзларни асраб қолиш йўлида аждодларимиз, ҳатто, ўз жонидан ҳам кечганини кўрсатувчи мисоллар жуда кўп. Байроқ, тамға билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат шундаки, жангу жадалларда давлат рамзларини энг ишончли баҳодирлар, паҳлавонлар қўриқлаган, кўтарган.

“Мўғуллар Гуржанчни қамал қилдилар. Гарчи Чингизхон бир неча маротаба 76 ёшли шайхга элчи юбориб, унинг саломат қолишига кафолат бериб, қалъани тарк этишга даъват этсада, Нажмиддин Кубро «Киндик қоним тўкилган, менга меҳр-муҳаббат кўрсатган Ватаним учун курашиб ўлиш ҳуқуқини мендан ҳеч ким тортиб ололмайди», дея бу таклифни рад этади. У Ватан байроғини баланд кўтариш баробарида ўзи ҳам байроққа айланади. Ватан ишқи, озодлиги йўлидаги инсоний бурч умрида ҳатто ўн кишилик лашкарни ҳам бошқариб кўрмаган буюк олим, донишманд Нажмиддин Куброни мўғулларга қарши қаҳрамонона жангга отланган қўрқмас қўмондон, мард жангчига айлантиради. «Ё Ватан, ё шарафли ўлим!» дея элга бош бўлиб шаҳар мудофаасини ташкил этишга отланади.

Бу жанг она Ватанимиз тарихидаги энг шонли, шунингдек, энг фожиали воқеалардан бири бўлди. Шайх бошчилигидаги мудофаачилар Ватаннинг юраги бўлмиш Гурганж ҳимоясини ор-номус ҳимояси, деб билдилар. Ҳар бир курашаётган жангчи, мудофаадаги халқ – каттаю кичик Ватан учун курашиб ўлишни фахр ва шараф деб билган руҳан енгилмас кучга айланади. Имон белгиси – Ватан севгисига садоқат билан ғанимга қарши жангда мардона бўлиш ҳақидаги улуғ шайхнинг даъвати мўғуллар бераётган қурбонлар сонини кескин ошириб юборади. Шаҳарда тирик жон борки, мудофаачига айланди. Шайх душман байроғига чанг солганча ҳалок бўлади”. Давлат гербидаги тасвирларнинг ҳар бир қати ана шундай мардлик ва қаҳрамонликлар билан йўғрилган.

Донолар «Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч қачон ҳеч нимани сева олмайди», – дейдилар. Таъбир жоиз бўлса, бизнинг Она Ватанга, шу муқаддас тупроққа бўлган муҳаббатимиз миллий рамзларга бўлган муносабатимиз орқали ҳам шаклланади, ифодаланди.

Ватан рамзлари доимо баландда туради. Бош узра ҳилпирайди, пештоқлардан ўрин олади. Негаки, у миллионларни бирлаштиради. Халққа куч-қудрат бахш этади. Юксак мақсадларни тарбиялайди, иродани тоблайди. Эзгулик учун курашларда йиқилганни тиклайди, қўрқувни жасоратга, заифни матонатли инсонга айлантира олади. Байроқни мардона кўтарган, давлат гербини ўз эрки ва ор-номуси рамзидек қабул қилган инсон минглаб қалбларга ватанпарварлик, халқпарварлик байроғини тика олади.

Гербимизнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини кенг ёзган Ҳумо қуши, пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Oʼzbekiston» деб ёзиб қўйилган. “Oʼzbekiston” – бу сўз кўзимизга дунё имло луғатларидаги барча сўзлардан ҳам кўра чиройли кўринади. Ҳумо қушини аждодларимиз бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш, дея таърифлаган. Ривоятларда келтирилишича, у кимнинг бошига қўнса, шодимонлик, бахт доимий ҳамроҳи бўлади. У бизнинг ВАТАН бошига қўнган, юрт узра парвози бардавом, барқарор бўлган бахту саодат тимсолидир.

Давлат Гербимизга қараб туриб яна бир гап дилимда ўтди. Бизнинг Давлат Гербимиз ҳам Байроғимиздек чиройли, ёруғ, ундан эзгуликнинг, бунёдкорлик ва яхшиликнинг нафаси келади. Таъбир жоиз бўлса Давлат Гербининг ўзи бир достон, достонки ундан буюк халқимизнинг қалби мужассам.Биз дунё саҳнасида бугун давлат тиклаган миллат эмасмиз. Шу боис ҳам унда улуғ тарих, маданият, эзгу ният ва мурод мужассам.

Давлат рамзлари бизни юртимиз тинчлиги, ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириб, мамлакатимиз мустақиллигини ҳамиша кўз қорачиғидай асрашга, буюк аждодларга муносиб ворис бўлишга, юксак ишонч ва қатъият билан келажакка қадам ташлашга даъват этиб турибди. Давлат рамзлари – байроқ, герб, мадҳиямизда буюк ўтмиш ва юксак маданиятга эга бўлган халқимизнинг шон-шарафи, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва келажак сари интилишлари мужассамдир. Мана шу рамзларни эъзозлаш орқали биз ўз қадр-қимматини, ўз мамлакатимиз истиқболи, демакки, ўзимизга бўлган ишончимизни мустаҳкамлаймиз. Ўз мамлакати билан фахрланадиган инсон ҳамиша миллатга саодат бахш этадиган улуғ ишларга қодир бўлади. Ана шу маънода 2 июль -Ўзбекистон Республикаси давлат Герби қабул қилинган кун катта байрам қилинишга арзирли кундир.

Бу - кўксида Ватан деган муборак номни гард юқтирмай олиб юришни ўзига шараф деб билганлар байрами. Бу янги Ўзбекистонни бунёд этишга сидқдилдан интилаётган мардона халқимиз байрами, бу-ўз илми, касб кори, фидойилиги билан буюк аждодларга мос равишда қадам ташлашга интилаётган Ватаннинг ўктам ёшлари байрами. Бу - бир бутун Ватанга айланган Ўзбекистонликлар байрами!

 

Минҳожиддин МИРЗО,

Республика Маънавият ва маърифат

маркази раҳбари

mercredi, 01 juillet 2020 00:00

Асло шумланманг! (Аудио)

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

Агар Аллоҳ Сизни яхши кўришини билмоқчи бўлсангиз, Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаларининг ахлоқлари ҳақидаги оятларни ўқинг!

Аллоҳ таоло тақво қилувчи бандаларини яхши кўради: “Аслида эса, ким (Аллоҳ) аҳдига вафо қилса ва тақволи бўлса, албатта, Аллоҳ (бу каби) тақводорларни севади” (Оли Имрон сураси, 76-оят).

Сиз тақво қиляпсизми? Тиканзорда яланг оёқ ўзингизни тикандан сақлаб юрганингиздек гуноҳ ва маъсиятлардан ҳам эҳтиёт, узоқ бўлишга уриняпсизм?

 

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи бандаларини яхши кўради: Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).

Севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашяпсизми?

 

Аллоҳ таоло яхшилик қилувчи бандаларини яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади” (Моида сураси, 13-оят).

Сиз яхшилик қиляпсизми?

 

Аллоҳ таоло адолатли бандаларини яхши кўради: “Агар ҳукм қилсангиз, ўрталарида адолат билан ҳукм қилинг! Албатта, Аллоҳ одилларни севади” (Моида сураси, 42-оят).

Сиз барчага бирдек адолатли бўляпсизми?

 

Аллоҳ таоло ҳар бир ишни гўзал бажарувчи бандаларини яхши кўради: (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Оли Имрон сураси, 195-оят).

Сиз ҳар бир ишингизни пухта адо этяпсизми?

 

Аллоҳ таоло сабрли бандаларини яхши кўради: “Аллоҳ (эса) сабрлиларни севар” (Оли Имрон сураси, 146-оят).

Сиз тоат-ибодатларни адо этишда, гуноҳлардан тийилишда ҳамда мусибату синовларга сабр этяпсизми?

 

Аллоҳ таоло таваккул қилувчи бандаларини яхши кўради: (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Сиз ҳар бир ишингизда Аллоҳга таваккул қиляпсизми?

 

Агар юқорида зикр этилган Аллоҳ таоло яхши кўрган бандаларининг сифатларидан бирортаси сизда йўқ бўлса, ноумид бўлманг! Унутманг! Аллоҳ чин тавба қилувчи бандаларини ҳам яхши кўради: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Демак, Аллоҳ таоло Ўзининг севган бандаларидан бўлишмизга имкон берган экан, ғафлатда қолмайлик, фурсатни ғанимат билиб, гуноҳларимизга тавба қилайлик! Шоядки, Аллоҳ таоло бизни ҳам Ўзининг яхши кўрган бандалари қаторига қўшса.

Аллоҳим гуноҳларимизни мағфират эт! Сен гуноҳларни кечирувчи, меҳрибон ва раҳмли Зотсан. Сендан бошқа гуноҳларни авф этувчи Зот йўқ!

Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ, Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ, Астағфируллоҳ ва атубу илайҳ.

Даврон НУРМУҲАММАД

Бирлашган Араб Амирликларида турли хил конфессия вакиллари 2020 йилнинг 1 июли дан узоқ карантиндан кейин ибодат қилиш жойларига ташриф буюришни давом эттиришлари мумкин. Қайд этилишича, 2020 йилнинг 16 мартидан ёпилган масжид ва ибодатхоналар ҳудудида COVID-19 коронавирусининг олдини олиш чоралари қўлланилади.
Бирлашган Араб Амирликларининг миллий фавқулодда вазият, инқироз ва фалокатларни бошқариш бўйича расмий вакили доктор Сейф Ал Даҳери таъкидлаганидек, масжидлар ҳар куни очиқ бўлади, аммо жума намози таъқиқланган. Унга кўра, масжидларнинг умумий қуввати 30% га ибодат қилувчилар билан тўлдирилишига рухсат берилади ва мусулмонлар намозга масжидга боришдан олдин уйда таҳорат қилишлари керак.
Доктор Ал Даҳери 12 ёшгача бўлган болалар, шунингдек, сурункали касалликларга чалинган одамлар масжидларга ташриф буюрмаслиги кераклигига аниқлик киритди. Islam.ru хабарига кўра, бу қоида коронавирус билан касалланганлар билан яшаётган ёки алоқада бўлганларга ҳам тегишли – улар қўшнилари ёки қариндошлари тўлиқ даволанмагунча масжидларга ташриф буюрмасликлари керак.
Бошқарма вакилининг сўзларига кўра, агар инфекция аниқланса, масжид ва ибодатхоналар қайта ёпилиши мумкин. Унинг айтишича, йўл ёқасидаги масжидлар, шунингдек, саноат зоналаридаги масжидлар ва савдо мажмуаларидаги намозхонлар ёпиқ қолади, дея хабар бермоқда The National нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top