muslim.uz

muslim.uz

Яқинда Лондонда кимошди савдосига тилла суви югуртирилган саҳифали Қуръон қўлёзмаси қўйилди.
Aawsat сайтига кўра, Хитой дарахтлари ва табиат расмлари билан aawsat, тилла суви югуртирилган саҳифаларга эга бўлган бу нафосатли Қуръон аслида Эрондаги Темурийлар салтанати ва Хитойда Минг империяси ўртасидаги дипломатик алоқалардан далолат беради.

Қуръон Хитойдан импорт қилинган қоғозга ёзилган; чунки Эрон ва Хитой амалдорлари ўртасида дипломатик ташрифлар пайтида ҳар икки мамлакат элчилари ўз мамлакатларига ипак, кулолчилик ва қоғоз каби товарлар олиб келишган, нафис Хитой қоғозлари қўлёзмалар ёзиладиган ашёлардан бири эди.
IQNA билдиришича, бу қимматли Қуръон саҳифаларининг ранги бинафшаранг, тўқ сариқ, кўк, қизил ва яшил рангдадир, чунки ўша давр қўлёзмаларида рангли қоғозлардан фойдаланиш Ислом оламида кенг тарқалган амалиёт эди.
Қуръоннинг бу нафосатли нусхаси Қуръон оятларининг махсус қоғозга ёзилганлиги билан ажралиб туради ва у анча жилоланиб, ипак саҳифаларига тегиб кетгандек бўлади. Ўша пайтларда хитойликлар катта ҳажмдаги қўлёзмаларни ёзиш учун бу турдаги қоғозлардан фойдаланишган.

Қуръон нашри 25 июнь куни Лондондаги аукционда 600,000 ва 900,000 фунт стерлинг орасида нарх бўйича савдога чиқарилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Маълумки, йигирма биринчи аср ахборот асри бўлиб, ҳозирги давр авлоди глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Айнан ёш авлод турли кўринишдаги ғоявий хуружлар нишонига айлангани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бир томондан экстремистик руҳдаги оқимлар фаолияти, бошқа томондан миссионерлар ҳаракати, учинчи томондан эса “оммавий маданият” тарғиботчилари ёш авлод онгига соф Ислом дини таълимотига зид ақидаларни сингдириш, муқаддас эътиқодимиздан айириш ва ўзбекона миллий ва диний қадриятларимиздан воз кечишга тарғиб этиш билан ўз фаолиятларини муттасил олиб бормоқдалар. Натижада, соф Ислом таълимотидан етарли даражада илмга эга бўлмаган баъзи ёшлар экстремистик ғояларга чалғиб турли хил жинояларга қўл урмоқдалар, баъзилари ана шундай жиноятларнинг қурбонига айланмоқдалар. Яна баъзилари Ислом динидек маърифатпарвар, тинчликпарвар, бутун инсониятга фақат яхшиликни таълим бергувчи динни қандайдир арзимаган дунё матоҳига алмашиб ўзга динни дин деб қабул қилмоқда. Бошқалари эса, ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек ҳаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда миллийлик ва динийликка ёт усулларни ўзига маъқул кўрмоқда. Буларнинг барчаси охир оқибат порлоқ келажагимизга турли-туман офат ва балоларнинг раҳна солишига сабаб бўлади.
Ислом динимиз таълимотида мусулмон киши унинг эътиқодига, ҳур ва озод яшашига, бир сўз билан айтганда сокин ҳаёт кечиришига раҳна солувчи ҳар қандай кучга қарши курашиши лозим эканлиги таъкидланади. Қуръони каримнинг “Анфол” сураси 60-оятида шундай дейилган: “Улар учун имконингиз борича куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла тўкис берилур”.
Ушбу ояти карима нозил бўлган даврда унинг маъносини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврининг шароитидан келиб чиқиб баён қилиб берганлар. Масалан, “куч” деган сўзни “камон отиш” деб тафсир қилганликлари ҳақидаги ривоятни Имом Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида зикр қилиб ўтганлар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг каломига ҳар бир даврнинг шарт-шароитидан келиб чиқиб ёндошилганда, унинг нақадар замон билан ҳамнафас, ҳар бир даврга мос тарзда жавоб бера олишлигига яна бир карра амин бўламиз.
Мазкур оятнинг мазмунига бугуннинг кўзи билан қарайдиган бўлсак, бизнинг тинчлигимиз, халқимизнинг бирдамлиги, келажагимиз умидлари бўлмиш ёшларимизнинг камолотига раҳна солиб турган ғоявий таҳдидларнинг олдини олишимиз Аллоҳ таоло бизларни юқорида зикр этиб ўтган йигирма биринчи аср ғоявий курашларига қарши, унинг бошида турган миллатимиз ва динимиз душманларига қарши замонавий “куч”ни тайёрлаб қўйишга буюрмоқда. Демак, ёш авлоднинг онгида ҳозирги замон мафкуравий хуружларига қарши ғоявий кучни, маънавий иммунитетни ҳозирламоқлик замон талабидир.

Маънавияти юксак, ҳар қандай ёт ғояларга чап бера оладиган, ўзининг мустаҳкам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутиб, ундан оғишмай яшайдиган халқни ҳеч қандай куч енга олмайди. Балки, унинг метин иродаси олдида ғанимлар бош эгиб таъзим қилади. Таърихдан бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Абдулваҳҳоб Ас-Субкийнинг “Табақотуш шофиийатул кубро” асарида шундай воқеа зикр қилинган: Боғдодда амирул мўминийн Мутиуллоҳнинг ҳузурига Рум қироли Тақфурнинг номидан мактуб келади. Номада бутун мусулмон аҳлига таҳдид, дўқ-пўписа ҳамда турли хил бўҳтону таҳқирли мазмундаги қасида битилган бўлади. Ўша вақтда илм ўчоғига айланиб улгурган Боғдодда кўплаб адиблар, шоирлар-у фусаҳолар жамланган бўлишига қарамай, ҳеч бирлари ғанимнинг бу мактубига яраша раддия ёзишга қурбилари етмади. Фақатгина, тасодиф туфайли Боғдодда мусофир бўлиб турган буюк ватандошимиз Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларигина Тақфурнинг сурбетларча ёзган қасидасига муносиб жавоб номани ёза олди. Жавоб хати Тақфурнинг қўлига етиб борганда уни ўқиб, қўрқувдан дағ-дағ титраб пешоб тутилиш дардига чалиниб қолади ва мусулмонларнинг маънавий қувватига тан беради. Буюк бобомизнинг маънавий жасоратлари тилларда достон бўлгани боис халигача халқимиз у зотни “пошшомот ота” деб, ёд этади.
Бугунги кунда ҳам турли кўринишдаги ғоявий хуружлар давом этаётган бир даврда, айниқса интернет ушбу хуружларнинг воситасига айланиб улгурган бир шароитда ёшларимизни интернетдан фойдаланиш маданиятига жиддий эътибор қаратиш билан, интернет орқали тарқатилаётган ёт ғояларни фарқлай оладиган, унга қарши тура оладиган маънавий савияни ҳам тарбиялашни изчил амалга ошириш лозим бўлади.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари

 

ЎМИ матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top