muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улуғ неъмати фарзанд неъматидир. Ҳа, фарзанд Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматидир. У дунё ҳаётининг зийнатидир.

Она диёримизда ҳам инсонга бўлган эътибор, хусусан, фарзандларимизни таълим-тарбияли қилиб ўстиришга, уларни ватанга садоқат, мустаҳкам иймон ва эътиқод соҳиби қилиб камол топтириш ҳар қачонгидан ҳам кўра долзарб вазифага айланган. Уларнинг соғлом, илм-маърифатли ҳамда дину диёнатли бўлиб улғайишлари учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда.

Юртимизда 1 июнь – “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур сана муносабати билан болажонларга қувонч ва меҳр улашилди. Жумладан, вилоят вакиллиги ходимлари ҳамда Фарғона шаҳар имом-хатиблари “Вилоят болалар марказий шифохонаси”га ташриф буюриб, шифохонада даволанаётган болалар ҳолидан хабар олдилар.

Вилоят марказий шифохонасида болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналари, шунингдек, беморлар жонига оро бўлиб турган шифокорлар билан дилдан суҳбатлашилди. Уларга уламолар, хусусан, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаевнинг салом ва дуолари етказилди, болажонларга байрамона кайфият улашиш мақсадида ўйинчоқлар ҳадя қилинди.

Улуғлардан баъзилари бир-бирларига: “…Болангни икром қил ва унинг одобини гўзал қил” дея эслатишар экан. Бу эса, болаларга ҳурмат-эҳтиром ила муомала қилиш ва уларга гўзал одоб беришга чорлашдир. 

“Фарзандлар – жаннат райҳонларидир”. Шундай экан, ҳеч бир ота-онага фарзанд доғини кўрсатмасин! Ҳаётимиз фарзандлар қувончи ва кулгуси ила бахтга тўлсин!

 

Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир.  Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасининг 157-оятида:

 “... У (Пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...”, деб марҳамат қилади

.Ҳозирги вақтда гиёҳвандлик балоси инсоният ҳаётига жиддий хавф солаётган, унинг азиз ва мукаррамлигига путур етказаётган машъум иллатлардан бўлиб турибди.

Гиёҳвандлик Аллоҳ таолo инсонга ато этган жон, жисм, ақл ва мол-мулк каби неъматларининг заволига сабаб бўлаётганини бугун ҳамма яхши тушуниб турибди.       Бироқ, шунга қарамай, бу нарсалар кўпайса кўпайяптики, лекин камаймаяпти. Наркотик модда истеъмол қилиб юрганлар орасида эркагу аёл ҳам, ёшу қари ҳам, мактаб, коллеж, лицей, институт, университет талабалари ҳам топиляпти.  Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби – Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратдаги сўроқ-саволдан қўрқмасликдир. Инсон нафсини жиловлай олмаяпти. Демак, бу борада бизга энг катта ёрдам берадиган муолажа руҳий тарбиядир. Ҳар биримиз ўзимизнинг, фарзандларимизнинг руҳий тарбияси билан жиддий шуғулланмоғимиз керак, чунки инсон ўз нафсини жиловлай олсагина бу ажал оғусидан ўзини тўхтата олади. Нима учун кўпчилик бу заҳри қотилни тотиб кўради? Чунки улар мана шу тамаки маҳсулотлари ёки гиёҳванд моддалари билан ҳаётдаги муаммоларимни, ғам-ташвишларимни бироз унутаман, асабим бузилиб, юрагимнинг сиқилганини аритаман деб ўйлашади. Ваҳоланки, уларни истеъмол қилган билан бу муаммолар йўқолмайди, бу ташвишлар бартараф бўлмайди, инсон ўзини ўзи алдаб, қисқагина фурсат уларни эсидан чиқаради, холос. Ожизу нотавон инсон буни билиб туриб, ўзини ажал домига ташлайди.

      Инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Бу ҳақда Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтдилар:

 “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

      Ҳозирда айрим ёшлар орасида (“Трамадол”, “Лирика” каби) психотроп дори воситалари истеъмолига одатланиш ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, бу дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор. Табиийки, бу гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Динимизда ҳар қандай бўшаштирувчи ва маст қилувчи воситалар ҳаром қилинган!

Динимизда инсон саломатлиги учун, умуман одамнинг ўзи ва атрофдагиларга зарарли бўлган ишлар ҳаром қилинган. Жумладан, ҳозирда айрим ёшлар ўртасида авж олаётган чилим чекиш одати ҳам шариатимиз томонидан қатъий қораланади. Чунки ушбу одат инсон саломатлигига зарарли, ҳатто инсонни ҳалок қилувчи экани, рак ва бошқа хавфли касалликларга сабаб бўлиши тиббиёт ходимлари томонидан тасдиқланган.

            Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

      Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

 

Одилжон Нарзуллаев

Янгийўл туман “Имом   Султон” жоме масжиди имом хатиби.

1 июнда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нишонланади. Бу кун – жаҳон жамоатчилиги фикрини болалар ҳуқуқига қаратиш уруш хавфидан ҳимоялаш, болалар саломатлигини сақлаш, уларга демократик асосда тарбия ва таълим бериш учун курашишга жалб қилиш кунидир.

Ўтган асрнинг 50-йилларидан бери ҳaр йили ёз ойининг биринчи санаси хaлқaрo бoлaлaрни ҳимoя қилиш куни сифатида ер курраси бўйлаб турли шиoрлaр oстидa кенг нишoнлaб келинади.

Бироқ бундай эзгу куннинг ташкил этилганига ярим асрдан кўп вақт ўтган бўлса-да, айрим қитъаларда миллионлаб болалар очлик, турли касалликлар, яшаш ва таълим олиш шароитлари йўқлигидан азоб чекаётганлиги, афсуски кўз юмиб бўлмас ҳақиқат.

Лекин, бу байрам она юртимизда ўзига хос тарзда нишонланади. Зеро, ўзбек миллатига хос нодир маънавий қадриятлар сарасидан бўлган болажонлик, оилапарварлик, меҳр-мурувватлик фазилатлари алоҳида ажралиб туради. Бунга биргина мисолни келтириш билан барчани эътиборини қаратиш мумкин. иккинчи жаҳон уруши пайтида ота-онасидан етим қолган, уй-жойи вайрон бўлган, яқинларидан ажралган юз минглаб етимлар Ўзбекистон бағрида меҳр-шафқат кўрдилар. Доно халқимиз ўзининг бир бурда нонини ана шу болалар билан беминнат баҳам кўрди. Уларни таълим-тарбия билан парваришлаб, вояга етказиб жамият аъзоларига тақдим этдилар.

Ёш авлод камолоти, таълим-тарбияси йўлида ҳукуматимиз, шахсан Президентимиз томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар ижроси йўлида таълимнинг биринчи босқичи бўлган мактабгача таълим ташкилотларига алоҳида эътибор берилмоқда. Ўрта ва олий таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширилиб, ўқитиш услублари жаҳон талабига мослаштирилмоқда.

Муқаддас динимизда ҳам бу борада талайгина кўрсатмалар берилган. Жумладан Али розийаллоҳу анҳу шундай деганлар:

“Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди”.

Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа бир ҳадиси шарифларида ҳам болалар ва оилаларни яхшилик қилишга ўргатиш ҳамда уларда чиройли хулқни камол топтириш зарурлиги таълим берилган. У зот алайҳиссалом: “Болаларингизга ва оилаларингизга яхшилик қилишни ўргатингиз ва уларни одобли этиб тарбиялангиз”, - деганлар.

Мамлакатимизда марказий истироҳат боғлари биринчи галда болаларни хурсанд қилиши учун уларга хос ва мос ўйингоҳлар билан таъминланади. Меҳрибонлик уйлари ҳақиқий байрам сайлгоҳига айланади. Болаларга совға-салом улашилади. Зеро, яхши-ёмон кунда бир-бирини суяш аждодларимиздан қолган энг фазилатли меросларимиздандир. Шукрки, юртимизда эътибордан четда қолган боланинг ўзи йўқ. Барчанинг кўнглида болаларга қарата меҳр-мурувват мужассам деб айта оламиз.

Умримизнинг баҳор фасли бўлган ёшлик ҳар биримизнинг қалбимизда қувончли кунлари сақланиб қолгандек, бугунги болаларнинг байрам кунлари ҳам қувончларга тўлсин.  Зеро, бола кулса, олам кулади. Олам кулса, у қувончга тўлади, бизларнинг она юртимиз янада гуллаб яшнайди. Болаларнинг беғубор қалблари доимий яйраб-яшнайверсин.   

 

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Саволларингизга Фатво марказининг call-маркази:
(78) 150-33-44 тел. рақами орқали жавоб олишингиз мумкин.

Иш вақти: Душанба-Жума, соат 9:00-17:00, тушлик вақти бундан мустасно.

Call-марказ орқали малакали мутахассислар билан боғланиб, ибодат масалалари, хусусан ҳаж ва қурбонликка оид шаръий саволларга батафсил жавоб олишингиз мумкин.

Fatvo.uz https://taplink.cc/diniysavollar ни ўзингизга қулай бўлган тармоқларда кузатиб боринг!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилиги йўлида таълим олиб, зиё тарқатадиган бандаларидан қилсин!

Ҳар йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими томонидан республикадаги 9 та ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада-2023” билимлар беллашуви ўтказилади. Бу йил мазкур танловнинг якуний республика босқичи Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасасида бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. Танловни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб, олимпиада иширокчиларига муваффақият тилади.
Шундан сўнг, иштирокчи талабалар билетларни олиб, саволларга тайёргарликни бошладилар.
Ягона олимпиадада талабалар Араб тили, фиқҳ ва ақоид фанлари бўйича тест синовларидан ўтказилди. Уларнинг ишларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳамда Мир арпб олий мадрасаси педагог-ўқитувчилари баҳолаб борди. Танловнинг республика босқичида қуйидаги натижалар қайд этилди:
I-ўринни “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Хожиев Муҳаммадамин Абдумуталлиб ўғли қўлга киритди. У “Вақф” хайрия жамоат фонди гранти асосида олий диний таълим муассасасига конкурссиз ўқишга кириш, 1-даражали диплом ва музлатгич соҳибига айланди;
II-ўринни “ Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Мамиров Абдулазиз Абдивоҳид ўғли олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, 2-даражали диплом ва микротўлқинли иситгични қўлга киритди;
III-ўринни “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом ислом таълим муассасаси Узоқов Абдиманон Махматқобилович олий диний таълим муассасасига ўқишга кириши учун имтиҳон натижалари бўйича ўзи тўплаган балнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл қўшиб бериш имтиёзи, 3-даражали диплом ва электор чойнак билан тақдирланди.
Шунингдек, ўрин эгалламаган иштирокчиларга (жами 6 нафар) китоблар тўплами ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Аллоҳ таоло олимпиада ғолибларига имтиёз ва совринларни муборак қилсин, эзгулик йўлидаги мусобақаларини бардавом бўлишини насиб этсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top