muslim.uz
Собитқадам саҳобий
Собит ибн Даҳдаҳ розияллоҳу анҳу ансорлардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб ўтганларида ёрдам қўлини чўзган инсонлардан ҳисобланади. У зот ўткир фаҳмли, зийрак, моҳир чавандоз, ҳаёт қийинчиликларини мардонавор енгиб ўтувчи, ночорларга ёрдам беришга, мазлумларни қўллаб-қувватлашга, маҳзунларга ҳамдард бўлишга шошарди. Шу билан бирга Аллоҳ ва унинг Расулига бўлган муҳаббати чексиз эди.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бақара сурасининг 245-ояти ҳақида қуйидагиларни айтади: “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?! Бас, токи унга берганини кўп марта кўпайтириб берса. Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) тор қилур ва кенг қилур. Унинг ўзигагина қайтасизлар”, ояти нозил қилинганда, Собит розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло биздан қарз беришимизни хоҳлайдими?”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ”, деб жавоб бердилар.
- Қўлингизни узатинг.
- Нима бермоқчисан?
- Агар мен Роббимга яхшилик йўлида, савоб олиш мақсадида берсам, Жаннатга кираманми?
- Ҳа, албатта.
- Менинг иккита боғим бор. Биттасининг атрофи ўралган, етти юз туп хурмо кўчати бор. Шунисини бераман.
- Шундай қил, айтганингни бер, иккинчисини оиланг эҳтиёжлари учун қолдир.
- Сиз гувоҳ бўлинг, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларнинг энг яхшисини бердим.
- Ундай бўлса, Аллоҳ сени Жаннат билан мукофотлайди.
Шундан сўнг, Собит розияллоҳу анҳу ҳадя қилинган боғга борди. У ерда аёли ва болаларини кўриб: “Эй, Даҳдаҳнинг онаси, бу боғдан тезроқ чиқинглар, чунки Аллоҳнинг “Аллоҳга яхши қарз берадиган ким бор?!” оятига биноан мен бу боғни ҳадя қилиб юбордим”, деди. Аёли унинг олдига келиб: “Аллоҳ сизнинг қилган бу ишингизни баракотли қилсин ва Жаннат билан мукофотласин”, дея фарзандларининг қўллари ва чўнтакларидаги хурмо меваларини ўша ерга ташлаб қўйиб, бошқа боғларига олиб кетди (Абу Яъло ва Табароний ривояти).
Уҳуд жанги куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ азиятлар етказилди: муборак юзлари тилиниб, қон оқди, тишлари синди, айримлар У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни вафот этди, деб фитна чиқаришди. Айниқса, Муҳаммад вафот этди деган уйдурма гап саҳобалар орасида кенг тарқалди. Бундан айримлар саросимага тушишди. Лекин мусулмонлар кўп талофат кўрганларига қарамай юксак жасорат кўрсатдилар. Ана шундай қийин вазиятда Собит розияллоҳу анҳу тоғ тепасига чиқиб: “Эй ансорлар, менинг олдимга келинглар. Пайғамбаримиз ўлдирилган бўлсалар ҳам, Аллоҳ доимо барҳаёт зотдир. Аллоҳнинг Ўзи бизга ёрдам беради”, деди. Уҳудда кечган шиддатли тўқнашувда унинг ўзи ҳаётдан кўз юмди.
Қ. САЛИМОВ
“Мирза Ғолиб” жомеъ масжиди имом-ноиби
Қалб собитлигини сўраш дуоси
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
"Я муқоллибал қулуби, саббит қолбий ъала дийник"
Маъноси: “Эй қалбларни буриб қўювчи Аллоҳ! Қалбимни дининг узра собит (мустаҳкам) қил”, деб дуо қилар эдилар.
Насаб
Кичик давра йиғинларда отахонлар “Кимлардансан?” деб сўрашарди. “Фалончиларданман”, десангиз, “Боболаринг зўр одам эди. Худо хоҳласа, сен улардан кам бўлмайсан, кўп китоб ўқи, ҳаракат қил!” дердилар. Бошқалардан ҳам бир-бир сўраб, “Шунақами? Сенинг авлодинг фалончилардан, сеники фалончилардан. Сенинг авлодинг ҳам улуғлардан, Худо хоҳласа, сизлар улардан ҳам буюк бўласизлар, аждодларингизга муносиб бўлинг!” деб ёшларга далда беришарди. Бирон кишига сенинг аждодларинг ёмон, пасткаш демасдилар. Мақсадлари ёшларни эзгуликка бошлаш, уларнинг кўнглини қолдириб, синдиришни истамаганлар. Аждодларимизнинг олижаноб сифатларини эшитиб, уларга ўхшашга интилар эдик. Уларнинг сиймолари кўз ўнгимиздан кетмасди.
1970 йиллар эди, бир куни ёши тўқсонларга яқинлашган бир отахон уйимизга меҳмон бўлиб келди. Суҳбат асносида боболаримдан бирининг ҳаётини ҳикоя қилиб берди.
– Аждодларингдан Эгамберди деган бир зот ўтган. Ниҳоятда пок қалбли, тақводор, Аллоҳдан чин дилдан қўрқадиган инсон эди. Масжидга бошида салла, эгнида яктак, оқ кўйлак, оқ шалвар, маҳси-кавуш кийиб келарди. У одам жун савдоси билан шуғулланарди. Ўн-ўн беш эшакка жун ортиб Самарқанддаги бозорларнинг бирида сотарди. Ўша пайт Оқдарё ва Қорадарё (Зарафшон) пишқириб оқарди. Икки дарёни кечиб ўтиш минг машаққат эди. Шу машаққат ва оғирликларни енгиб, тижорат қиларди. Шаҳарга боришда эшакларнинг ҳаммасига жун ортар, биттасига ўзи минарди. Жунни сотиб, қайтишда ҳаммасини олдига солиб пиёда ҳайдаб келарди. “Бой бува, нимага эшакларингизни бирига миниб олмасдан, ҳаммасини пиёда ҳайдаб келасиз?” деган саволга: “Савдодан қайтишимда биронта эшакка юк ортмайман. Ҳаммаси юксиз қайтади. Буларнинг ичида биттасига миниб юк бўлсам, қолганлари юксиз бўлса, қиёмат куни минган эшагим, Аллоҳ таолога: “Бу банданг менга зулм қилди. Мени миниб, бошқа эшакларни минмади, адолат қилмади!” деб даъво қилса, нима қиламан, деб жавоб берган экан.
Шу сабаб: “Асл айнимас, олтин зангламас”, деган мақол бежизга айтилмаган. Зеро, яхши одамларнинг фарзанди барибир яхши бўлади. Орада маълум вақт ёмон бўлса, дарров маломат қилманг, чунки пок наслли фарзандлар куни келиб энг яхши одам бўлишига шубҳа йўқ. Ёмонларнинг фарзандларидан ҳам яхшилар чиқади. Чунки ота уруғ ёмон бўлиб, она томон яхши бўлади ёки бунинг акси бўлади. Албатта, бу фарзандларга ўтади. Аммо икки томон ҳам мункир, бетавфиқ, насли тайинсиз бўлса, бундайлардан яхши одам чиқиши даргумон. Асли ёмонни қанча тарбияламанг, илм берманг, барибир, бориб-бориб наслига тортади.
Азиз қардош! Асл-наслимиз улуғ аллома ва авлиёлардир. Баҳодир, паҳлавон, дунёга довруғ солган зотларнинг авлодимиз. Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Биз ҳам аждодларимиз каби илмда, меҳнат ва ҳунарда, баҳодирликда пешқадам бўлайлик, токи келажак авлод биз ҳақимизда доимо яхши гаплар гапириб, ҳақимизга дуо қилишсин.
Куйинма, яхшидан ёмон чиқди деб,
Суйинма, ёмондан яхши чиқди деб.
Яхши инсон барибир аслига қайтар,
Ёмон ҳам кун келиб, наслига тортар.
“Қасамини бузган қиз” китобидан
Қозоғистонлик нуроний Ўзбекистонга велосипедда зиёратга келди
79 ёшли чимкентлик отахон Тошкент шаҳрига қадар бўлган йўлни ўз велосипедида босиб ўтди. Бу ҳақда 24.kz нашри маълумот берди.
Қозоғистонлик Кенесбек Сейтимбет энлиликда мамлакатимизнинг яна икки қадимий шаҳрини зиёрат қилиш мақсадида эканини айтиб ўтган.
Маълумот учун, ушбу зиёратчи Осиёнинг турли шаҳарларига ўзининг "темир оти"да саёҳат қилган ва ўз навбатида 20 минг километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Биз одам савдосига қаршимиз!