muslim.uz

muslim.uz

Ободлик кўнгилдан бошланади. Шу боис ҳам халқимиз азал-азалдан ўзи яшаб турган ерини обод қилишга, сарамжон-саришта қилишга уринади. Ушбу хайрли ишларни эса Аллоҳнинг уйида амалга оширишлик инсон учун жуда катта бахт ҳамда дунё ва охиратига улуғ ибодат ҳисобланади. Зеро, ким ер юзида Аллоҳнинг байтини обод қилса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй барпо этар экан.

Ана шундай хайрли ва савобли ишлардан бир куни кеча вилоятимизнинг Асака туманида ҳам кузатилди. Асака туманидаги “Имоми Зуфар” масжиди хонақоси эскириб, талаб даражасига тўғри келмай қолганлиги учун масжиднинг янги хонақосини замон талабларига жавоб берадиган, миллий меъморчилик услубида қайтадан қуришлик мақсадида қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Ушбу хайрли иш ЎМИнинг Андижон вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаровнинг эзгу дуолари билан бошланди. Нуриддин домла масжиднинг пойдеворига биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Шундан сўнг, барча ишчилар, қурувчилар ҳамда ҳомийлар хақида дуои-хайрлар қилинди.

 

Нуруллоҳ ҚОДИРОВ

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Мисвок – тишни самарали оқартирадиган, жилосини сақлайдиган ва соғлом қиладиган энг ажойиб восита. Одамлар кўп асрлардан бери тиш пастаси ўрнига ана шу табиий воситадан фойдаланиб келганлар. Арок (ботаник номланиши Salvadora Persica) деб аталадиган дарахтдан синдириб олинган кичик  новдага мисвок дейилади. Ўша шохчанинг бир тарафидан пўсти арчилиб тиш тозалашда қўлланилади.

Мисвокдан фойдаланиш Пайғмабаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати шарифларидан. 2003 йил олимлар мисвок билан тиш чўткаларини солиштириб ўрганганда мисвокнинг тиш чўткасидан фойдали экани аён бўлди. Халқаро соғликни сақлаш ташкилоти Халқаро консенсус маърузасида 1986 ва 2000 йилларда мисвокдан фойдаланишни тавсия этди ва бунинг натижасида мисвокнинг фойдали жиҳатларини ўрганиш юзасидан жиддий тадқиқот ишлари олиб борилди.

Мисвок арок дарахтидан ташқари зайтун ва ёнғоқ дарахтларидан ҳам олинади. Тишни тозалаш учун синдириб олинган шохчанинг пўсти 5-10 мм. ўлчамда арчилади ва толаларга ажралиши учун чайналади. Мисвокдан намоздан олдин, меҳмонга борганда мезбоннинг уйига киришдан олдин, сафар олдидан ва кейин, ухлагани ётишдан олдин, уйқудан тургандан кейин, очиққанда ва чанқаганда, бирорта тадбирга боришдан бурун фойдаланилади.

Мисвокдан фойдаланиш фойдалари ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида: “Сивак бу – оғизни поклайдиган ва Аллоҳ таолони сиздан рози қиладиган воситадир”; “Агар умматларимга қийинчилик туғдирмаганида эди, уларга ҳар таҳорат олганда мисвокдан фойдаланишни буюрган бўлар эдим”, деганлар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари кундузи ҳам, тунда ҳам уйқудан турганларида, ҳар сафар таҳорат олганларидан мисвок билан тишларини тозалаганлар. Мисвокнинг фойдалари қуйидагиларда намоён бўлади:

  1. Мисвок тишнинг ёрилиши, доғ бўлиши, тош йиғилиши ва эмалининг емирилишини тиш пасталаридан самарали ҳимоя қилади
  2. Мисвок тиш милкини мустаҳкамлайди ва кариеснинг олдини олади.
  3. Мисвок тиш оғриғининг кучайиб кетишига қаршилик қилади ва кариеснинг ривожланишига йўл қўймайди.
  4. Мисвок яллиғланиш ва бактерияга қаршилик қилади ва ножўя таъсирлар қилмайди.
  5. Мисвок оғизда хушбўй ҳид пайдо қилади. Мисвокдан муттасил фойдаланиш ҳисобига оғиз бўшлиғида ажойиб микрофлора ҳосил бўлади.
  6. Mисвок оғриқни қолирувчи хусусиятга эга.
  7. Мисвок оғиздаги нохуш ҳидни бартараф қилади ва таъм билиш қобилиятни яхшилайди (таъм билувчи рецепторларнинг сезгирлигини оширади).
  8. Мисвок хотирани яхшилайди.
  9. Мисвок бош оғириғини даволайди (Бунинг сабаби шундаки, мисвок қулоқ, кўз, бурун, тил ва халқум каби биологик фаол нуқталарга таъсир қилиб, уларнинг ишлаш режимини меъёрига келтиради).
  10. Мисвокдан доимий равишда фойдаланиб юрган кишининг юзи нурли бўлади.
  11. Тишни оқартиради.
  12. Кўриш қобилиятини яхшилайди.
  13. Овқатнинг яхши ҳазм бўлишига ёрдам беради.
  14. Овознинг тиниқ чиқишига ҳисса қўшади.
  15. Мисвок ишлатган кишига тиш пастасининг асло кераги йўқ, чунки мисвокнинг таркибида тишнинг ниҳоятда сифатли тозалайдиган моддалар бор.

 

 Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

«Энг муҳими, давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда. Халқ деган тушунчанинг қадри юксалмоқда. Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда. Буларнинг барчаси одамларимизнинг кундалик ҳаётида ўз амалий ифодасини топмоқда. Уларнинг эртанги кунга ишончи янада мустаҳкам бўлмоқда».

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригидан

Айни шу жараёнда Президентимиз ғояси билан оилаларнинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжи – уй-жой таъминоти билан боғлиқ масалаларга ечим топишнинг янги тизими амалда ўзини тўла-тўкис оқлади, дейиш учун бугун барча асос бор.  Бунда, аввало, меҳнат қилиб, даромад топишга лаёқати чекланган, тақдирнинг оғир зарбаларига учраган, ногиронлиги бўлган инсонларнинг бошқалардан кам бўлмаган шароитда яшаши учун ўзига хос механизм йўлга қўйилгани мамлакатимиздаги инсонпарварлик сиёсатининг ёрқин исботидир.

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳудудда уй-жой билан боғлиқ мурожаатлар ўсиши сабабларини таҳлил қилганда, кейинги ўн йилда воҳада аҳоли сони ярим миллионга кўпайгани ва ҳар йили 25-30 мингдан ортиқ янги оилалар шакллангани ҳолда уй-жойлар қуриш кўлами мутаносиб ўсиб бормаганини кўрсатди. Халқ қабулхонаси таклифига асосан вилоят ҳокимининг қарори билан  вилоятда 7 мингга яқин фуқарога якка тартибда уй-жой қуриш учун жами 540 гектар ер майдони ажратилгач, бу борадаги мурожаатлар икки ярим баробарга камайди. Бундан ташқари, 2017 йили янгиланган лойиҳалар асосида вилоятда 1 минг 129 та уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хусусан, бу жараёнда уй-жойга ўта муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган инсонлар яшаётган 171 оила арзон ва замонавий уйларга эга бўлди.

2017 йил 29-30 декабрь кунлари вилоятнинг барча туманида ана шундай 140 оила янги уйларга кўчиб кирди. Мазкур уйларнинг бошланғич бадали учун 2 миллиард 710 миллион сўм шакллантирилган бўлса, бунинг 1 миллиард 320 миллион сўми давлатимиз томонидан тўлаб берилди.

Денов туманидаги “Фарғона” қишлоқ фуқаролар йиғини Водий массивида янги уйлар калитлари, бошланғич бадал тўлангани тўғрисидаги сертификат ва уй ҳужжатларини топшириш маросими катта тантанага айланди: кўзёшлар, қувонч-у шодликлар, қалбдан тошган туйғулар – ҳаётдан розилик муждаси...

Жарқўрғонлик Ғани Бердиев бир кунда бир оёқ-қўлидан айрилди. Отаси оламдан ўтган, оиласининг ягона боқувчиси ўзи бўлган бу инсон учун бундай оғир мусибатни енгиб ўтиш осон бўлмади. Камига онаси ва икки синглиси билан яшаш шароити бўлмаган ижара уйда истиқомат қилиб келаётган эди.

Сабр, шукр ва матонат ўз кучини кўрсатди. Президентимизнинг Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг биринчи гуруҳ ногирони Ғани Бердиев, унинг онаси ва икки синглисига ипотека кредити асосида икки сотихли уч хонали янги ҳовли ажратилди. Хонадон барча мебель, ошхона ва уй жиҳозлари билан таъминланди. Ғани ака биринчи гуруҳ ногирони бўлса-да, бугун уйда ўтирган ҳолда касаначилик асосида ишлаб, даромад топмоқда.

Бойсунлик Мусулмон Мустафоқулов болаликдан 1-гуруҳ ногирони. Қарийб олтмиш ёшни қаршилаган бу инсон оила қурмаган, укасининг қарамоғида яшаб келаётган эди. Анча таъмирталаб, зах босган эски ҳовлида қийналиб яшаган Мусулмон акага икки сотихли янги уй ажратилгани унга ажойиб совға бўлди.

Эъзоз ва эътиборнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳеч қачон уйига эга бўлмаган Мусулмон ака қарийб олтмиш ёшида уй насиб қилганидан илҳомланиб, ўзи ясаган дўмбирани созлади. Кечинмалар сўзга кўчди, куйга сингди...

Қизириқлик 23 ёшли Севара Мамаражабова биринчи гуруҳ ногирони. Боз устига ёшлигида онасидан ажралган. Шунча мусибатга қарамай, бу қизнинг қўлида гулдай ҳунари бор. Унинг меҳнатлари маҳсули ён-атрофдаги кўплаб қишлоқ қизларининг келинлик сепини безамоқда. Бир неча йилдан бери ижарада истиқомат қилиб келаётган Севарани давлатимиз ўз ҳолига ташлаб қўймади – энди икки сотихли уч хонали уйи бор.

Олтинсойлик 2-гуруҳ ногиронлари Мастона Мамадалиева ва турмуш ўртоғи Нурмуҳаммад Сатторовнинг уч фарзанди бор. Неча йиллар кичкина, совуқ, зах бошпана – устахонада иложсизликдан кун кечириб юрган бу оиланинг топгани рўзғордан ортмас эди. Уй сотиб олиш – аччиқ ҳаётнинг шиддатли тегирмонида эзилган қалбларнинг ширин орзуси эди, холос. Ушбу орзулари ушалди. Қийинчиликларнинг барчаси ортда қолди.

Туғма иккинчи гуруҳ ногирони Наргиза Ражабова Шерободга келин бўлиб тушган. Тўрт фарзанди бор. Бироқ у оила қурса-да, уйли бўлмади. Ночорлик шу даражага етдики, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг собиқ биносидаги бир хонадан қўним топишга мажбур бўлди. Ўз уйи бўлишини ҳамиша ният қилган Наргиза Ражабова бу борада бир неча бор Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилди. Мурожаатга ечим топилди: бу оила икки сотихли уч хонадан иборат замонавий уй-жойга кўчиб кирди.

Ангорлик Фахриддин Алимардонов иккинчи синфда ўқиб юрган вақтида кўзи ожиз бўлиб қолган. Биринчи гуруҳ ногирони. Онасида ҳам ногиронлик бор. Улар олти сотихли уйда яна уч оила – 11 жонга қўшилиб, сиқилиб яшаб келган. Боз устига оғир шароитдаги турмуш оқибатида ягона ўғлидан ҳам ажралиб қолган. Неча-неча тонгларни оқартирган дуолар бугун қабул бўлди, ниятлар ушалди. Туман мутасаддилари янги хонадон соҳибини уй билан муборакбод этиб, унга брайль алифбосидаги китобларни совға қилди.

Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат каби чуқур маъноли иборалар замирида ўзгармас ҳаёт ҳақиқати мужассам: инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда юксак мақсадлар билан яшайди, ён-атрофдаги қўни-қўшни билан иноқлашишга, маҳалла-кўйга кўпроқ аралашишга ҳаракат қилади. Жамиятга сингишган одамни эл-юрт олдидаги жавобгарлик ҳисси эзгу ишларга ундайди. Шу боис ҳам ҳаётнинг ҳар қандай чиғириғидан иродаси букилмай ўтиб, ёруғ кунларга интилган, ўз уйи бўлишини йиллар давомида орзу қилган бу инсонлар ҳаётидаги шодиёнага бутун сурхондарёликлар, вилоятдаги турли миллат вакиллари шерик бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Виртуал қабулхонаси

Куни кеча Андижон вилоят вакиллигида “Ҳаж-2018” мавсумида Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари зиёратчиларига хизмат кўрсатувчи гуруҳ раҳбарлари учун йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Дин ишлари бўйича қўмита ва Диний идора масъул ходимлари Муҳаммадбобур Йўлдошев ва Дилшод Бобожонов, Жалолиддин Нуриддинов, Муҳаммад Акмалхон Шакиров ва шифокорлар гуруҳи раҳбари А.Соатов ўз маърузалари билан қатнашишди.

Учрашувда мутахассислар томонидан сафар давомида асқотадиган қимматли тавсиялар берилди. Ўз навбатида, гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган кўплаб саволларга ҳам атрофлича жавоблар берилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳнинг дўстларидан бири калимаи тавҳидни 70 минг марта айтди. Аммо савобини ҳеч кимга бағишламаган эди. Бир куни бир зиёфатда таом ер экан, ҳол ва кашф аҳлидан бўлган бир йигитнинг таомни қўлига олибоқ ҳўнграб йиғлаб юборганини кўрди ва ундан сўради:

– Нима бўлди? Бирор дардинг борми? Бирор еринг оғрияптими? Касалмисан?

Йигит жавоб қайтарди:

– Жаҳаннамни кўрдим, у ерда менинг онам ҳам азоб тортаётган экан. Шунинг учун йиғлаяпман!

Аллоҳнинг дўсти:

– Ё Раббим! Биласанки, тавҳид калимасини 70 минг маротаба ўқидим, савоби ихтиёримда турган эди, ана шу калималарнинг савобини ушбу йигитнинг онаси азобдан қутилишига каффорат бўлиши учун ҳадя этаман! – деб дуо қилди. Аллоҳнинг севикли қули ушбу калималарни ҳадя этар-этмас йигитнинг чеҳраси ёришди, онам жаҳаннам азобидан қутулди деб хурсанд бўлди ва таом ейишни давом эттирди.

Аллоҳнинг дўсти бўлган киши калимаи тавҳидни 70 минг ўқиб дуо қилган ёки савобини бошқа бир инсонга ҳадя этган тақдирда у жаҳаннам азобидан қутулишига сабаб бўлиши ҳақидаги ҳадис ёдига келди.

 

Ҳикматлар хазинаси” китобидан

Видеолавҳалар

Top