muslim.uz

muslim.uz

mercredi, 10 mai 2023 00:00

Тасодиф эмас – мўжиза

Мана XV асрки, Қуръони карим ўрганилиб келинмоқда. Ҳозир дунё бўйлаб, хусусан, Араб мамлакатлари, Эрон, Туркия, Миср ва бошқа мамлакатларда Аллоҳнинг Каломини ўрганадиган, уни тадқиқ қиладиган институтлар  ташкил этилган. Тадқиқотлар натижасида унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳарфидан янгиликлар, кашфиётлар, бир сўз билан айтганда, Қуръоний мўжизалар намоён бўлмоқда. Ушбу мўжизаларни кўриб ё эшитиб киши Аллоҳ таолонинг нақадар улуғ Зот эканлигига яна бир карра иқрор  бўлади. Келинг, ана шундай мўжизалардан айримлари билан танишиб чиқамиз.

Қуръони каримнинг  “Муддассир” сураси  30-оятида “ عليها تسعة عشر “, яъни  “Унинг устида 19 та (фаришта) бордир” дейилган.  Буни қарангки,  ушбу оятдаги 19 рақами Қуръоннинг бошқа жойларидаги сўзларнинг қийматига тенг келади. Масалан:

  1. ”Басмала” 19 ҳарфдан иборат.
  2. Қуръон 114 сурадан иборат бўлиб, уни олтига бўлсак 19 рақами келиб чиқади.
  3. Биринчи нозил қилинган сура (“Алақ”) Қуръоннинг охиридан ҳисоблаб келганда 19 сурадир.
  4. 96-сура (“Алақ”)нинг илк нозил қилинган беш ояти 19 сўздан иборат. ( ب ва   و сўз эмас, ҳарф ҳисобланади).
  5. ”Алақ” 19 оят ва 285  ҳарфдан иборат бўлиб, 285 ни 13 га бўлсак,  яна 19 рақами келиб  чиқади.
  6. ”Наср” сураси 19 сўздан иборат.
  7. ”Наср” сурасининг 1-оятида 19 та ҳарф бор.
  8. Қуръонда 114 та “Басмала” бор (113 таси суралар бошида, яна бири эса “Намл” сурасининг 30-оятида). 114 ни 6 га бўлсак, 19 рақами келиб чиқади.
  9. واحد сўзининг абжад ҳисобидаги қиймати 19 га тенг. واحد  ва    واحدة сўзлари  الله  лафзи  жалоласи  билан 19 та оятда келган.
  10. Қуръоннинг бошидан ҳисоблаганда биринчи 19 оятли сура бу “Инфитор” сураси бўлиб, унинг охири الله лафзи билан тугайди. Бу эса Қуръоннинг  охиридан ҳисоблаб келганда 19-марта ишлатилишидир.

“Наҳл” сурасига тегишли рақамли мўжизалар

  1. Қуръондаги тартиби 16.
  2. Уни 8 га кўпайтирсак  128 чиқади.  Бу эса “Наҳл” сурасининг оятлари сонига тенгдир.
  3. Асаларидаги храмасомалар 16 жуфт.
  4. Эркак асалариларда 16 дона (тоқ) храмасома мавжуд бўлиб, бу бошқа ҳайвонларга зид равишда урғочисининг ярмичасидир.
  5. نحل     сўзини кичик абжаддаги қиймати ҳам 16 ни ташкил этади.
  6. Малика бўлиш учун тайёрланаётган тухумга етилиши учун 16 кун керак бўлади.

“Қамар” сурасига тегишли рақамли мўжизалар

اقْتَرَبَتِ السَّاعَةُ وَانْشَقَّ الْقَمَرُ (1)

Қиёмат яқинлашди. Ой ҳам бўлинди”. (Қамар сураси, 1-оят).

Юқоридаги оятда қўлланилган арабча  «иншаққа»  (бўлинди)  сўзи  «шаққа»  сўзидан келиб чиққан бўлиб,  «бирор нарсанинг кўтарилишига сабаб бўлмоқ,  тупроқни  ҳайдамоқ ёки  ковламоқ»  деган маъноларда ҳам ишлатилиши мумкин.

Биз  (осмондан)  сувни мўл ёғдирдик.Сўнгра ерни  (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра Биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева-ю гиёҳларни ҳам” (Абаса сураси, 25-31-оятлар).

Кўриб турганимиздек, юқоридаги оятда ишлатилган «шаққа» сўзи «иккига бўлиш» эмас, балки «тупроқни ёриб, турли экинларни ундириш» маъносида келган. Мана шу жиҳатдан олиб қаралганда, «шаққа» сўзининг «Ой ҳам бўлинди» («Қамар» сураси, 1-оят)  ифодасидаги маъноси унинг 1969 йилги ойга қўниш ва Ойда амалга оширилган изланишларни назарда тутаётганлигида ҳам кўриниши мумкин. (Аллоҳ ҳаммадан кўп билгувчидир.) Ҳақиқатда,  бу ерда бошқа бир жуда муҳим аломат мавжуд. «Қамар»  сурасидаги бу оятда ишлатилган айрим сўзларнинг «абжад»  қийматлари ҳам 1969 рақамини келтириб чиқаради.

Бундай ҳисоблаш усулида алоҳида урғу берилиши керак бўлган муҳим бир жиҳат шундаки, унда жуда катта ва матнга алоқадор бўлмаган сонларнинг келиб чиқиши эҳтимоли бор. Жуда кичик алоқадор сонларнинг ҳосил бўлиши эҳтимолига қарамай, бундай аниқ рақамларнинг келиб чиқиши ҳайратланарли бир ҳолдир.

“Қиёмат /яқинлашди/.Ой ҳам бўлинди”  нинг абжад ҳисобидаги қиймати 1969 бўлиб, бу  Милодий Григорян ҳисобида 1969 йилга ишора қилмоқда.

«Яқинлашди» жумласи ҳисобга олинмайди, чунки у араб тилида оятнинг бошида келади.

1969 йилда америкалик астронавтлар  Ойда  тадқиқот ўтказишди, турли ускуналар билан унинг тупроғини ковлашди, уни ёриб, Ерга намуна олиб қайтишди.

Бироқ биз  шу нарсани таъкидлашимиз лозимки, албатта, Ойни бўлиш Аллоҳнинг Пайғамбаримиз (cаллаллоҳу алайҳи ва саллам)га берган мўжизаларидан биридир. Бу мўжиза ҳадисларнинг бирида қуйидагича тасвирланади:

“Макка халқи Расулуллоҳдан уларга мўжиза кўрсатишни сўрадилар.Шунда Расулуллоҳ (cаллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга Ойни икки бўлакка бўлиб кўрсатдилар. Маккаликлар бу икки бўлак орасида Ҳиро тоғини кўрдилар”. (“Саҳиҳ Бухорий”)

Юқоридаги мўжиза оятда ваҳий қилинган Ойнинг бўлинишидир.  Бинобарин, Қуръон барча замонларга қаратилган Китоб бўлганлиги  боис, бу оят бугунги кунимизда Ойнинг тадқиқ этилишини назарда тутмоқда, деб тушунилиши мумкин. (Аллоҳ ҳаммадан кўп билгувчидир.)

                 

Қуръони каримда келган айрим лафзларнинг сони:

  1. شهر  (ой)  сўзи 12  марта келган;
  2. قمر  (ой) сўзи12  марта келган;
  3. سنة (йил) сўзи7  марта келган;
  4. عام (йил) сўзи 7 марта келган;
  5. يوم  (кун) сўзи  365 марта келган;
  6. جزاء (жазо) сўзи117  марта келган;
  7. مغفرة (мағфират) сўзи  23 марта келган;
  8. ايمان (имон) ва كفر (куфр) сўзлари25  марта келган;
  9. دنيا  (дунё) ва آخرة (охират) сўзлари 115  марта келган;
  10. ملائكة (фаришта) ва شيطان  (шайтон) сўзлари 88 марта келган;
  11. رجل (эр)   ва امرأة (аёл) сўзлари 24  марта келган;
  12. حياة (ҳаёт  ва موت (ўлим) сўзлари 145 марта келган;
  13. صالحات (яхшиликлар) ва سيئات (ёмонликлар) сўзлари 167 марта келган.

 

     Ҳошимжон НИЗОМИДДИНОВ,

 ЎХИА 1-курс магистранти

Ҳар бир ишга қодир Аллоҳ таоло дунёни сабаблар олами қилди. Яъни, бир нарса бўлиши учун бошқа бир нар­сани сабаб қилиб қўйди. Ўзининг қуд­ратини пинҳон этиб, бандаларини са­баблар ила синади.

Инсон насли давомийлигини таъмин­лаш учун бир эркагу бир аёлни сабаб айлади. Раббимиз бундай марҳамат қилади: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан ярат­ган ва ундан унинг жуфтини яратиб, ик­ковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Раббингиздан қўрқинглар!..» (Нисо сураси, 1-оят).
Дунёга келишимизга ота-она­миз сабабчи бўлган. Шу боис биз одамлар орасида қанчалик ҳурмату эҳти­ромга, жамиятда эса юқори мавқеда бўл­май­лик, бари­бир Аллоҳ наз­дида ота-онамиздан паст­миз. .
Уламолар айтадилар: “Агар бир пайтнинг ўзида ота-она­нинг ҳақ­­ла­рига риоя қилиш­нинг ило­жи бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром кўр­сатишда ота устун қў­йи­лади. Чунки насаб ундадир. Хиз­мат ва инъом юзасидан эса, онанинг ҳақи устун қў­йилади. Чунки эҳсон ундадир. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда, ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлай­ди. Фарзанд ота-онадан фақат бирига нафа­қа беришга қодир бўлса, онасига беради”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам отанинг мавқеини баён қилиб, бун­­дай дедилар: “Ота рози – Аллоҳ рози. Ота­­нинг ғазабида Аллоҳинг ғазаби бор” (Имом Ҳоким ривояти).
Фарзандга отанинг муҳаббати онанинг муҳаббатидан фарқлидир. Онанинг муҳаб­бати боласига у қорнида пайдо бўлган­дан бошланади ва шу билан фарзандига умр­бод боғланиб қолади. Аммо отанинг му­ҳаббатига фарзанд фаросати, итоати ва хизмати билан эришади.
Фарзанднинг ота розилигини топиши катта саодатдир. Чунки отани рози қилиш орқали Парвардигор рози бўлади. Бунга мазкур ҳадис далилдир.

Давоми бор...

"Ҳидоят" журналидан

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Маълумки, мамлакатимизда ҳар йили “Хотира ва қадрлаш куни”ни ўтганлар хотирасини ёдга олиш, кекса инсонларни қадрлаш сифатида нишонланади. Ислом дини ўтганларни эслаш ва уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб дуо қилиш бордир. Бу ҳақда “Қуръони карим”да бундай дейилади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “ Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Сен раҳмли ва меҳрибон зотдирсан” (Ҳашр сураси, 10-оят).

Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидандир. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш бугунги кунда янгича маъно-мазмун билан бойиди.

Бу жиҳатлар юртимизда кенг нишонланаётган хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларда, она диёримизни, халқимизнинг озодлик ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик, ҳурмат-эҳтиромда янада яққол намоён бўлади.

Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат-эҳтиромга лойиқ. Айниқса умри давомида кўплаб хайрли ишларни қилиб ҳозирда қарилик ёшига етган нуроний отахонларимизни, азиз момоларимизни қанча улуғлаб, эъзозласакда оз. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларида ҳам ёши улуғларимизни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш борасида кўплаб кўрсатмалар келган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган, унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни, адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ёши улуғларни ҳурматлаш фақатгина дунёвий одоб-ахлоқ, бурч, вазифагина бўлиб қолмай, балки Аллоҳ таолонинг наздидаги буюк ва савобли иш ҳисобланар экан.

Дарҳақиқат, ҳаётий дунёда яшаб, ўзидан кўплаб яхшиликлар қолдирган, халқнинг хизматида камарбаста бўлиб, фоний дунёдан риҳлат қилган аждодларимизни эслашимиз ҳам барчамизга лозим вазифа ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Албатта, ўтган аждодларимизни эсласак, уларнинг ҳаққига дуо қилсак, буни кўриб турган фарзандларимиз бундан яхши ибрат оладилар. Бу ҳақда шоир шундай дейди:

Бу садо жондан келур, инсон эшит,

Эй тирик юрган, тирик қадрига ет.

Эсласин руҳимни авлодим десанг,

Ўтган аждодингни сен ҳам ҳурмат эт.

Зеро, ўтганларни эслаш ва уларнинг ҳаққига истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир.

Аллоҳ таоло ўтган аждодларимизни Ўз раҳматига олиб, халқимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги йўлида хизмат қилган инсонларнинг қадрини янада баланд қилсин!

 

Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ,

Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби.

Киши имон калимасини айтиб мусулмон бўл­ганидан сўнг ширк, куфр амалини қилмаса, ҳалол­ни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол демаса, шу билан бирга, Аллоҳ таоло буюр­ган ишларни бажариб, қай­та­риқларидан қайт­са, нажот топади. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: «Бан­да, шубҳасиз, ишонгач, унга: “Аллоҳ таолога, Унинг фаришта­ларига, китобларига, пай­ғамбарларига, ва­фот этгандан сўнг қайта тирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон келтирдим, ҳисоб, мезон, жаннат ва дўзах – ҳаммаси ҳақдир”, дейиши вожиб бўлади», деганлар (“Ал-фиқҳул акбар”).

Имонимиз тақозоси­га кўра, инсонни зоҳи­ри­га эътибор қаратамиз. Унинг қалбини текшириб кўришга имконимиз йўқ ва бунга масъул ҳам эмасмиз. Демак, бир киши имон калимасини айтса, биз, албатта, унинг жонини, обрўсини, молини, динини, наслини дахлсиз, деб биламиз. Яъни, унинг обрўсини тўкишга, молига тажовуз қилишга ҳақимиз йўқ. У тилида имон калимасини айтдими, демак, у мусулмондир.

Усома ибн Зайд розиял­лоҳу анҳу айтади: «Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳуроқа қабиласига жўнатдилар. Биз уларни янчиб ташладик. Мен ва ансорлардан бир киши душманлардан бирига рўбарў келиб, уни қуршаб олдик. У: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”, деди. Ансорий уни тутиб олди. Мен уни найзам билан ўл­дирдим. Ортга қайтиб кел­ганимизда, бўлиб ўт­­ган воқеа Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам­нинг қу­лоқларига етиб борди. У зот яна: «Эй Усома, “Лаа ила­ҳа иллаллоҳ”, дегандан ке­йин ҳам уни ўлдирдингми?» деди­лар. Усома: “У ўзини ҳимоя қи­лиш учун шундай деди”, деди. У зот: “Лаа илаҳа ил­лаллоҳ”, дегандан ке­­йин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Мен Расулуллоҳ бу гапни такрорлайверганидан, кошки шу кунгача мусулмон бўлмасам эди, деб орзу қилдим».

Нуруллоҳ Имамов,
Тўрақўрғон тумани Хонақоҳ жоме масжиди имом хатиби.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари, Нукус шаҳри бош имоми, "Имом эшон Муҳаммад" жоме масжиди имом-хатиби Бахрамаддин Разовнинг падари бузрукворлари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумларни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилиб, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумларнинг яқинларига, хусусан, Бахрамаддин Разовга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Видеолавҳалар

Top