muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 03 mai 2019 00:00

Туфли сотувчи

Америкалик туфли савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор ходимларидан бирини бошқа давлатга икки ҳафтага юборди. Ходим у ерда туфли сотиш дўкони очса бўладими-йўқми, шуни билиб келиши керак эди. У етиб бориб, икки ҳафта вазиятни ўрганди ва юртига қайтиб келди. Раҳбарининг олдига кириб: “Биз у давлатда дўкон очолмаймиз. Чунки улар мутлақо туфли кийишмас экан” деди. 

Раҳбар ақлли тадбиркор эди. У айнан ўша давлатга бошқа бир ходимини юборди. У ҳам аввалги ҳамкасбидек икки ҳафта юриб, у ердаги ҳолатни ўрганди ва тезда ортига қайтиб, раҳбарининг олдига кирди-да, ҳансираган ҳолда: “Ҳурматли раис, у ерда зудлик билан дўкон очиб, туфли сотишимиз учун жуда ажойиб имкониятимиз бор экан. Чунки улар ҳали бизнинг туфлиларни кийиб кўришмаган экан” деди. 

Ҳа, одамлар битта нарсага турли томондан назар солишади, у ҳақида турлича фикр юритишади. Бу фикр уларнинг ақлий қобилияти, тушунчаси, дунёқарашидан келиб чиқиб фарқ қилади. 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

vendredi, 03 mai 2019 00:00

Аудиохабарлар (03-05-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 2 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида барпо этилган, мамлакатнинг энг йирик масжиди бўлмиш “Чамлижа” жомесининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Туркия давлатига жўнаб кетдилар.
“Чамлижа” масжиди Истанбул шаҳрида, денгиз сатҳидан 268 метр баландликда қурилган йирик жомедир. Ушбу мажмуа таркибида музей, санъат галереяси, кутубхона, минг кишилик мажлислар зали, саккизта санъат устахонаси ва ёпиқ автотураргоҳ ҳам бунёд этилган.
Мазкур мажмуа нафақат ибодат қилиш маскани, балки ижтимоий, маданий, таълимга йўналтирилган биноларни ҳам ўз ичига олади.
Бир вақтнинг ўзида 60000 кишини ўз бағрига сиғдира оладиган ва шаҳарнинг энг чиройли нуқталаридан бирида бапо этилган масжид Исломнинг XXI асрда Истанбул шаҳрида қолдирган муҳрларидан бири сифатида тарих зарварақларидан ўз ўрнини эгаллайди.
Мазкур улкан мажмуанинг очилиш маросимига оид хабарлар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Йил – дарахтдир. Ойлар унинг шохлари, кунлар эса бутоқлари, соатлар барглари, бандаларнинг нафаслари унинг мевасидир. Ражаб ойи йил дарахтининг барг чиқариш мавсуми, шаъбон ойи бутоқ чиқариш онлари, рамазон ойи эса мева солиш кунларидир. Мўминлар эса ўша меваларни йиғиб-териб олувчилардир. 

***** 

Рамазонда таровеҳнинг лаззати бизга ҳузур бахш этади. Ракатларнинг кўплиги бизни роҳатлантиради. Саждаларнинг кўплиги бизни юксалтиради. Аллоҳ таолонинг ҳузурида туриш бизга дунёни ва барча машғулотларимизни унуттиради.

*****

Рамазонда намозхонлар сафлари зич, юзлари мунаввар, хушуълари атрофларини ўраб олган, устларидан раҳмат ёғилган, дилларига Райён эшигидан жаннатга кириш орзуси келган ҳолда бўладилар.

*****

Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг раҳмати, мағфирати, баракаси, ибодатнинг ҳаловати ва хотиржамлик кўпроқ ҳис қилинади.

***** 

Сиз Рамазон ойида Роббимизнинг жаннатига кўпроқ талпиниб, азобидан қутқаришини чин қалбингиздан истайсиз. Тана аъзоларингиз тақво сари интилади. Шу асосда ҳаракатланади. Гуноҳларга нисбатан нафратингиз ошади. 

***** 

Рамазонда оилалар тинч, муносабатлар гўзал ахлоқда олиб борилади. Ҳамма бир-бирига чиройли муомала қилишга интилиб, талашиб-тортишишдан ўзини тортади. 

*****

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

 

Маълумки, никоҳ тўйини қилиб бериш эркак томоннинг зиммасидадир. Бунинг сабаблари қуйидагича:

  1. Куёв томон ЭРКАК томон бўлгани учун тўйнинг умумий харажатини кўтаради.

Эркак кишида орият бор. У ҳеч қачон бўлажак турмуш ўртоғига: «Отангга айт, тўйни қилиб берсин» демайди. Бундай дейиш уятдир!

  1. Қиз боланинг ўз уйидан куёв уйига боришга рози бўлгани учун унинг бу жасоратини тақдирлаш мақсадида.

Ота-она 18 йил тарбия қилган кўзларининг оқу қораси, жигарпоралари бўлган қизларини бошқа бир хонадонга кетишига рози бўладилар. Бу эса куёв тараф учун катта шарафдир. Ана шу эътибордан келин томоннинг тўйини ҳам куёв тараф қилиб беради.

Шариатимизда тўйни эркак томон қилиб беришига доир аниқ далиллар келган.

Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу дедилар: “Данак катталигидаги тиллони маҳрга бериб бир аёлга уйландим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ сенга барака берсин, битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил!” дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али розияллоҳу анҳуга қизлари Фотима розияллоҳу анҳони никоҳлаб бераётганларида, «Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», деганлар.

Аммо ҳозир ўлчовлар ўзгаргани, шариат ҳукмига амал қилиш ўрнига, «Одамлар нима дейди?!» қабилида иш тутилаётгани, диний илмнинг озлиги, жоҳилликнинг кўп ёйилгани боис тўйлар арафасида келин томондан турли нарсалар кутадиган, тамаъ қиладиган, «Фалон нарса қилинглар! Бизнинг орзу-ҳавасимиз бор» дейишдан тап тортмайдиганлар кўпайиб кетди. 

Аллоҳ таоло аҳволимизни ўнгласин! Ҳолимизни ислоҳ қилсин! Исрофдан, дабдабадан, орсизликдан Ўзи асрасин! 

 

Манбалар асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Top