muslim.uz
Нишонга урилган гаплар: “Аҳмоққа бериладиган энг яхши жавоб – сукутдир”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Суҳбат ақлнинг қандайлигини, ғазаб ахлоқнинг қандайлигини кўрсатади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Донишмандлар, оқиллар жим турганда аҳмоқлар кўпаяди.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар эсипаст кимса гапирса, унга жавоб берма. Унга бериладиган энг яхши жавоб – сукутдир.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ
*****
Агар бойлик қилинган меҳнатга, ишга қараб бўлганида эди, эшак олтин кароват устида ухлаган бўларди.
Анис Мансур
*****
Сайловда бузғунчилар, маккорлар, мустамлакачилар, талон-тарожчилар ва хоинларни сайлаган халқ қурбон бўлган бечора халқ ҳисобланмайди, балки ўшаларнинг жиноятига шерик халқ ҳисобланади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Инсонларнинг сенга бўлган муҳаббатлари бардавом бўлишини истасанг, одобингни гўзал қил!
“Ибратли ҳикматлар”
*****
Аҳмоқ кимса билан тортишма. Акс ҳолда одамлар сизлардан қайси бирингиз аҳмоқ эканингизни билолмай қолиши мумкин.
“Ибратли ҳикматлар”
*****
Ибратли инсон одамларга яхшилик қилиш, бошқаларга кўмак беришга имкон топадиган, аммо бошқаларнинг ёрдамини қабул қилишга ийманадиган кишидир.
“Ибратли ҳикматлар”
*****
Юртларнинг таназзулига сабаб бўладиган илк нарса – адолатга нисбатан бепарволикдир.
Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
05.04.2019 й. Оилада эр ва хотиннинг мажбуриятлари
سم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي قال: " قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا"، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي قال: "إِنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ"، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ، اَمَّا بَعْدُ
ОИЛАДА ЭР ВА ХОТИННИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ
Муҳтарам жамоат! Муқаддас Ислом динимизда эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилишса, бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини ҳис қилиб, сидқидилдан адо этишса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади.
Эр ва хотиннинг мажбуриятлари ҳақида Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида батафсил ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар.
Эрнинг зиммасидаги баъзи мажбуриятлар:
- Эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши.Зеро, Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай марҳамат қилган:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
яъни: Улар (аёллар) билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят).
Бу буйруқ эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни тақозо этади.
- Аёлга маҳр бериш.Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: “وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً”
яъни: “Хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз” дея амр этган (Нисо сураси, 4-оят). Афсуски, баъзи эрлар зиммаларида шундай вазифа борлигини ҳам билмайдилар.
- Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши.Бундай қилиш – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади” (Имом Муслим ривояти).
Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак экан.
- Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши.Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ لاَ يَدْخُلُونَ الْجنَّةَ أَبَدًا: اَلدَّيُّوثُ، وَالرَّجِلَةُ مِنَ النَّسَاءِ، وَمُدْمِنُ الْخَمْرِ قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ! أَمَّا مُدْمِنُ الْخَمْرِ فَقَدْ عَرَفْنَاهُ، فَمَا الدَّيُّوثُ؟ فَقَالَ: اَلَّذِي لاَ يُبَالِيْ مَنْ دَخَلَ عَلَى أَهْلِهِ قُلْنَا: فَمَا الرَّجِلَةُ مِنَ النِّسَاءِ
قَالَ: اَلَّتِي تَشَبَّهَ بِالرِّجَالِ
(رواه الإمام الطبراني والإمام البيهقي)
яъни: “Уч тоифа киши асло жаннатга кирмайди: даюс, эркаксифат аёл ва хамр ичишга муккасидан кетган киши”, – дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ичишга муккасидан кетганни биламиз. “Даюс” нима дегани?” дейишди. У зот: “Аҳли ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган одам”, – дедилар. Биз: “Эркаксифат аёл ким?” – дедик. У зот: “Ўзини эркакларга ўхшатадиган аёл”, дедилар” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоятлари).
Исломда рашк ана шу даражада юксак баҳоланиши билан бир қаторда, бу борада ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш қораланади. Ўз ўрнида ва меъёрида бўлган рашк эркакда бўлсин, аёлда бўлсин, мақталган ва гўзал турмуш тақозо этган хислатлардандир. Ҳар икки томон ҳам умр йўлдошининг меъёрдаги рашкини қадрлаши лозим.
- Эр хотинини уй-жой билан таъминлаши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنْتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ
яъни: “Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз...” (Талоқ сураси, 6- оят).
- Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби нафақасини таъминлаши.Нафақанинг миқдори эрнинг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб белгиланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آَتَاهُ اللَّهُ
яъни: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!...” (Талоқ сураси, 7-оят).
Мазкур нафақа миннат ва таънасиз бўлиши керак. Чунки нафақа бериш, эркакнинг хотинига қилган марҳамати эмас! Балки, Аллоҳ таоло эрнинг зиммасига фарз қилган амални бажаришдир! Динимизда эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ
(متفق عليه)
яъни: “Сиз Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай сарф харажатингиз учун ажр оласиз. Ҳатто хотинингиз оғзига солган таомингиз учун ҳам сизга ажр бор” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун эр ўзини ўтга-чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топиши дуруст эмас.
- Аёлига зарурий шаръий масалаларни ўргатиши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят).
Демак, ҳар бир эр мусулмон киши билиши керак бўлган зарурий маълумотларни аёлига ўргатиши зарур бўлади. Ҳеч бўлмаганда масжид ва бошқа жойлардаги насиҳат ва марузаларни яхши тинглаб, аёли ва фарзандларига етказиши керак.
- 8. Эр хотинининг хусусиятлари ва ўрталаридаги алоқалари ҳақида оғиз очмаслиги ҳамда одамлар ўртасида ёймаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ
яъни: “…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…”, (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:
إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ اَلرَّجُلُ يُفْضِيْ إِلَى اِمْرَأَتِهِ وَتُفْضِيْ إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا
яъни: “Қиёмат куни Аллоҳнинг даргоҳида энг ёмон мақомда бўладиган одам, ўзи ёки хотинининг ташаббуси билан жинсий алоқа қилган ва хотинининг сирларини ошкора қилган эркакдир” (Имом Муслим ривояти).
Хотиннинг зиммасидаги баъзи мажбуриятлар:
- Аёл киши эрига итоаткор бўлиши.Аёл киши гуноҳ бўлмаган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Аёлнинг эрига итоат қилиши нақадар буюк фазилат ва бахт эканлиги ҳақида Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
إِذَا صَلَّتِ الْمَرْأَةُ خَمْسَهَا، وَصَامَتْ شَهْرَهَا، وَحَفِظَتْ فَرْجَهَا، وَأَطَاعَتْ زَوْجَهَا، قِيْلَ لَهَا: اُدْخُلِي الْجَنَّةَ مِنْ أَيِّ بَابٍ شِئْتِ .
яъни: “Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, - дейилади” (Имом Табароний ривояти).
- Аёл киши фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши. Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам, уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб, дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан:
وَقَرْنَ فِي بُيُوتِكُنَّ...
яъни, “ Ўз уйларингизда қарор топингиз...!” деган (Аҳзоб сураси, 33-оят).
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“حَقُّ الزَّوْجِ عَلَى زَوْجَتِهِ أَلاَّ تَخْرُجَ مِنْ بَيْتِهِ إِلاَّ بِإِذْنِهِ، فَإِنْ فَعَلَتْ لَعَنَهَا اللهُ حَتَّى تَتُوبَ أَوْ تَرْجِعَ”
яъни: “Эрнинг хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни, эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” (Имом Байҳақий ва Имом Таёлисий ривоятлари). Албатта, бу зикр қилинган оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки, бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, саёқ юрадиган бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли. Ҳолбуки, эрига айтиб ўз эҳтиёжи учун кўчага чиқиш, ота-онасини кўриб келиш ва ҳоказолар, албатта, шариатимизда мумкин бўлган ишдир.
Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома” асарида шундай деганлар:
زَنَانْ رَا هَمِیْنْ بَسْ بُوَدْ یَکْ هُنَرْ نِشِیْنَنْدُ و زَایَنْدْ شِیْرَانِ نَرْ
яъни: Аслида аёлларнинг энг катта ҳунарлари
Уйда турган ҳолда етук уғлонларни дунёга келтиришдир.
- Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак.Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
لاَ يَحلُّ لامْرَأَةٍ أَنْ تَصُومَ وَزَوْجُهَا شَاهِدٌ إِلا بِإِذْنِهِ وَلاَ تَأذَنَ فِي بَيْتِهِ إلاَّ بِإذْنِهِ
яъни: “Аёл киши эри борида, унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол бўлмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
- Эри тўшакка чақирганда, унга тўсқинлик қилмаслиги. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِذَا دَعَا الرَّجُلُ زَوْجَتَهُ لِحَاجَتِهِ فَلْتَأْتِهِ، وَإِنْ كَانَتْ عَلَى التَّنُّورِ
(رواه الإمام الترمذي والإمام النسائي)
яъни: “Қачон эр хотинини ҳожати учун чақирса, у гарчи тандир олдида турган бўлса ҳам дарҳол келсин” (Имом Термизий ва Имом Насаий ривоятлари).
Аввалги вақтларда тандир олдида нон ёпиб туриш энг нозик ва зарур ишлардан бўлган. Аёл киши нима бўлса ҳам ёпаётган нонини ташлаб кета олмаган. Аммо, шундай бўлса ҳам эри уни ўз ҳожатига чақирса, аёл киши эрининг чақириғига жавоб берсин, деб таъкидланмоқда. Демак, аёл киши эри хоҳлаган вақтда, шаръий узр бўлмаса, унинг эҳтиёжини қондириши керак. Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатлар кўзда тутилади.
- Хотин киши Аллоҳ таоло эрига берган насибага рози бўлиши ва унга инжиқлик қилмаслиги керак.Аёл киши эри топган нарсага шукр қилиб, қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Момоларимиз эрларини кузатаётиб, шундай деган эканлар: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз”. Афсуски, баъзи аёллар бошқа эрни ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилиб, эрларидан худди шундай таъминот талаб қиладилар. Ҳолбуки, дунёвий соҳада инсон ўзидан юқоридагига эмас, ўзидан пастроқдагиларга қараши айни ҳикматдир. Ана шунда инсон ўзининг қанчалар кўп неъмат ичида эканлигини ҳис қилиб, шукр қилишни бошлайди. Шу маънода Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
"أُنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ دُونَكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ، فَإِنَّهُ أَجَدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ"
(رواه الإمام مسلم والإمام ابن ماجة)
яъни: “Ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Зеро, шу иш (яъни ўзингиздан пастдагиларга қарашингиз) Аллоҳнинг сизларга берган неъматини камситмаслигингизга ундайди” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривоятлари).
- Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак.Балки эр томонини риоясини қилиши, уни ҳурмат ва қадрлаши лозим. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
لا تُؤْذِي امْرَأَةٌ زَوْجَهَا فِي الدُّنْيَا إِلا قَالَتْ زَوْجَتُهُ مِنَ الْحُورِ الْعِينِ: لا تُؤْذِيهِ قَاتَلَكِ اللَّهُ فَإِنَّمَا هُوَ عِنْدَكِ دَخِيلٌ يُوشِكُ أَنْ يُفَارِقَكِ إِلَيْنَا
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: “Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини “Аллоҳ ҳалок қилгур, унга озор берма! У сенинг олдингда вақтинчалик меҳмон бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, бизнинг олдимизга келади”, – дея хитоб қилади (Имом Термизий ривояти).
Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига ва бошқа кўплаб нохушликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг аъзолари яхшилаб тушуниб олиши керак.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида талоқ ҳақида суҳбатлашамиз. Чунки ҳозирги кунда баъзи эркаклар билиб-билмай, арзимаган оилавий можаро сабабли ўз жуфти ҳалолига “талоқ” лафзини ишлатиб қўймоқдалар. Баъзилари эса талоқ бериш ҳуқуқини суъистеъмол қилиб, ҳа деганда аёлини қўрқитиш ёки ўзига бўйсундириш мақсадида бу сўздан фойдаланадилар. Бу билан бир оиланинг пароканда бўлиши, болаларнинг ҳар ерда сарсон бўлишига сабабчи бўладилар. Ўзини ҳам, талоқ қилган хотинини ҳам шайтон ва нафс васвасаларига дучор қиладилар ҳамда гуноҳ йўлларга кириб кетиш эҳтимоли катта бўлади. Ҳолбуки, “талоқ” лафзи айтилганда шаръий никоҳ бекор бўлиб, эр-хотин бир-бирига ҳаром бўлиб қолади. Сабабсиз талоқ қилиш Аллоҳ таолога хуш келмайдиган иш бўлиб, у охирги чора сифатида жорий қилингандир. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилганлар:
"أَبغَضُ الحَلَالِ اِلىَ اللهِ الطَّلاَقُ "
(رواه الإمام أبو داود والإمام ابن ماجه)
яъни: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳга энг ёқимсизи талоқдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можа ривояти).
Баъзи эркаклар талоқ масаласига бепарво бўлиб, аёлига талоқ сўзини кўп айтсада бунга парво қилмай ўзаро оилавий муносабатларда давом этавериш ҳоллари ҳам учраб туради. Уларнинг бу ишлари катта гуноҳдир. Ҳар биримиз бунинг хатари ва оқибатидан огоҳ бўлишимиз лозим. Талоқни эрмак қилиш, бўлар-бўлмас сабаблар билан хотинни талоқ қилавериш жуда катта кулфатларга, оилавий бахтсизликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз зарур.
Минг афсуслар бўлсинки, талоқнинг келиб чиқишига кўп ҳолларда талоқнинг олдини олиши керак бўлган шахслар – ота-оналар сабабчи бўлиб қолишяпти. Шуни яхши билиш лозимки, ота-она фарзандини аёлига талоғини беришга мажбурлашга ҳаққи йўқ. Аксинча, ёши катталар ёшларни сабр ва шукрга чақириб, оилани сақлаб қолишга тарғиб қилишлари керак. Соҳа мутахассислари ва статистик маълумотларга кўра, оилага учинчи томоннинг аралашиши унинг бузилишига сабаб бўлади.
Демак, бандани рози қиламан деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди. Ҳар бир мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларини қилиши шарт. Аммо ота-онаси хоҳламай қолган, лекин рисоладагидек аёлни талоғини бериш мумкин эмас. Балки уларнинг ўртасини ислоҳ қилиб, адолат билан иш тутиб, оиласини сақлаб қолиш айни муддаодир.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимизни фаровон қилиб, барчамизга шариатимиз кўрсатмаларига мукаммал амал қилиш бахтини насиб айласин. Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ИЖТИМОИЙ ОДОБЛАР” мавзусида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Халқаро конференцияда вакилларимиз иштирок этди
Ўтган куни, 28 март куни Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида «Ислом – тинчлик ва бағрикенглик дини» мавзусидаги Халқаро конференциянинг очилиши бўлиб ўтди.
Анжуманда Саудия Арабистони, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон каби бир қатор мамлакатлардан вакиллар ташриф буюришди. Мазкур тадбирда юртимиздан Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисининг ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур ва "Ҳилол нашр" мажмуаси раҳбари Исмол Муҳаммад Содиқ ҳам иштирок этди.
Тадбир бошланишидан аввал оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Қуръони карим тиловатидан сўнг анжуманнинг биринчи ялпи йиғилиши ўз ишини бошлади. У Исломда тинч-тотув яшашнинг асослари масалаларига бағишланган бўлиб, тадбирда сўз олган бир қатор иштирокчиларнинг маърузалари катта қизиқиш билан тингланди.
Дастурга мувофиқ, кун якунига қадар иккинчи ва учинчи ялпи йиғилишлар ҳам бўлиб ўтди. Унда Россия мусулмонлари ва дунё ҳамжамияти, халқаро терроризм ва экстремизм каби масалалар кенг муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Диний бағрикенглик мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди
Жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналиши” мавзусида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорликда матбуот анжумани ташкил этилди.
Ушбу матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бешинчи йўналишида кўзда тутилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз таълим тизимида олиб борилаётган ишлар ҳамда уларнинг натижалари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Анжуманда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8-моддасида “Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади”, деб аниқ белгилаб қўйилганлигини, Конституциясининг 4-моддасида эса “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таьминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деган қатъий қонунга амал қилиш зарурлигини қайд этдилар.
Шунингдек, анжуманда ҳозирги пайтда мамлакатимизда 27 миллат вакиллари томонидан тузилган 150 га яқин миллий маданий марказлар фаолият олиб бораётгани, Ўзбекистон телерадиоканаллари орқали 10 та тилда кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрланиб, эфирга узатилаётгани, шубҳасиз жамиятда тинчлик ва барқарорликнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган барча саволларга экспертлар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев "Етти пир" ҳақида китоб яратиш зарурлигини таъкидлади
Аввал хабар берилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди.
Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди.
Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.
– Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин, – деди Президент.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати