muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Мамлакатимиз улуғ алломалар туғилиб ўсган диёрдир, унинг ҳар бир гўшасида бир улуғ зотнинг тарихи бор. 

Шундай қадамжолардан бири Навоий вилояти Кармана шаҳридаги нодир меъморий ёдгорлик – “Қосим Шайх” мажмуасидир. Ушбу мажмуа 500 йиллик тарихга эга бўлиб, айни пайтда ушбу маданий мерос объектида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Мажмуанинг зах тортиб, емирилишига сабаб бўлаётган ер ости сувларини бинодан узоқлаштириш мақсадида ҳудудда 4-5 метр чуқурликдаги ҳовуз барпо этилди. Ҳовузда тўпланган сув Касаба каналига чиқариб юборилади. Шунингдек, мажмуа пойдеворини мустаҳкамлаш, иморатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган ғиштларини алмаштириш, атрофни ободонлаштириш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. 

Маълумот учун, Бухоро хони Абдуллахон даврида машҳур бўлган пири муршид Қосим Шайх Азизон дафн қилинган даҳма XVI асрнинг 80-йиллари хоннинг фармойишига мувофиқ бунёд этилган. Тарҳи тўғри тўртбурчак. Бинонинг ичи хочсимон хонақо бўлиб, икки гумбаз билан қопланган. Тарҳининг уч томонида пештоқ бўлиб, оралиғидаги бурчакларда ҳам хоналар бор. Улар ҳам гумбазли. Жануб томондаги асосий пештоқ ҳашаматли ва баланд қилиб қурилган. 

Кейинги асрларда хонақо атрофида қўшимча бинолар қурилиб, мажмуа вужудга келган. Ҳовли атрофида даҳма, зиёратхона ва ҳужралар барпо қилинган. Мажмуанинг умумий тарҳи 92х87 метр. 1910 йили атрофи девор билан ўралиб, заҳира тарзида қўшимча бинолар зиёратхона, масжид, айвон бунёд этилган. Қосим Шайх мажмуаси мустақиллик шарофати ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан қайта таъмирланган. 

Бухоро хони Абдуллахон (1583–1595) ҳукмронлиги даврида Қосим Шайх Азизон унинг маънавий раҳнамоси ва пири муршиди бўлган. Карманалик сўфий Қосим Шайх тарихий манбаларга қараганда, Қосим Шайх Карманағий, Шайх Азизон, Низомиддин Қосим Шайх, Ҳазрати Эшон, Қутбул Авлиё, Суъдул Авлиё каби номлар билан машҳур бўлган. Бухоро хонлигининг муваффақиятларида у кишининг хизматлари беқиёсдир. 

Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг “Абдулланома”, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб”, Муҳаммад Тоҳир ал-Хоразмийнинг “Тарих ул-авлиё” каби асарларида Қосим Шайх ҳазратлари XVI аср бошларида, тахминан, 1503–1504 йили туғилган дейилган. Қосим Шайх Азизон тасаввуфнинг жаҳрийя (зоҳирий зикр) сулукига мансуб бўлиб, маънавий руҳоний силсилалари Хожа Аҳмад Яссавийга бориб тақалади. Шайбонийлар хони Абдуллахон Рустам Баҳодирхон каби ўз аъёнлари билан ул зоти бобаракотнинг этакларидан маҳкам тутишга жазм этган. Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” номли асарида Қосим Шайх Азизон “вужуддан кечмоқ, вужудни дариғ тутмаслик назариясини чунонам мартабасига етказганлар ва соҳиби каромат даражасига эришганлар” дейилади. 

Қосим Шайх Азизон 1581 йили 78 ёшида вафот этган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Кеча, 31 январь куни Тошкент шаҳар Аёллар маслаҳат марказида яна бир хайрли тадбир бўлиб ўтди. Марказнинг мажлислар залига имконияти чекланган (гунг, соқов) аёллар йиғилдилар. Уларни бу ерга ғоят эзгу ният – Ислом дини асосларини чуқурроқ ўрганиш нияти бошлаб келди. 

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси Ўролназар Мустанов Ислом динининг дунё ҳаётидаги энг мукаммал, Аллоҳнинг ўз ҳимоясида бўлган дин экани; Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу динни умматларга ёйишда сўзлари, хатти-ҳаракатлари, амаллари билан кўрсатган ибратлари ва у зотнинг бу қутлуғ йўлдаги жасоратлари, фидойиликлари, садоқатлари, сабру бардошлари ҳақида кенг қамровли маъруза қилди.

– Марказимиз ташкил этилганига тўрт йил бўлди, – дейди марказ директори Дилбар Аҳмедова.

– Гарчи дастлабки иш режаларимизда аёлларга тиббий, ҳуқуқий, психологик маслаҳатлар бериш режалаштирилган, ижтимоий ҳаёт талаби ҳамда аёлларнинг маънавий эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ишламоқдамиз. Кейинги бир йил давомида ҳар ҳафтада икки мартадан диний-маърифий мавзуларга суҳбатлар, мулоқотлар ўтказиш анъана бўлиб қолди. Унда кўпчилик опа-сингилларимиз қизиқиш ва ихлос билан қатнашмоқдалар.

Шаҳримиздаги отинойилар билан ҳамкорликда ишлаймиз, ҳар куни бу ерда улардан бири навбатчиликда бўлади, диний-маърифий масалаларда савол билан келганларга жавоб, маслаҳат берадилар.

Имконияти чекланган (гунг, соқов) аёллар билан ўтказилган бугунги тадбир ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси, ташкилотчилигида бошланган яна бир эзгу ниятли муқаддима бўлди.

Бир вақтнинг ўзида сурдо таржимаси билан олиб борилган маъруза ўзларига жуда манзур бўлганини иштирокчилар эътироф этдилар. Бундай мавзулардаги маъруза, суҳбат, мулоқотлар давомли бўлиши кўзда тутилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 1-3 февраль кунлари пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида илк маротаба “Ҳикматлар олами” I хаттотлик фестивали ўтказилиши бошланди. Ушбу фестивалнинг дастлабки кунидан фотолавҳаларни тақдим этамиз. 

Фестиваль Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этилмоқда. 

Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида хаттотлик санъатининг ўқитилиши ота-боболаримиз анъаналарини давом эттириш ва ёшлар орасидан истеъдодли хаттотлар етишиб чиқишига хизмат қилади. Ташкил этилаётган “Ҳикматлар олами” хаттотлик фестивали ҳам бундай эзгу ишларнинг янгича талқинидир.

Хаттотлик санъати фестивали мамлакат миқёсида биринчи бор ташкил этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг хаттотлик санъатини ривожлантириш ва унинг анъанавийлигини таъминлашга қаратаётган алоҳида эътибори туфайли ташкил этилмоқда.

Маълумот учун, хаттотлик араб тилида “ҳуснихат ёзувчи” деган маънони билдириб, ёзув (хат) санъати, китоб кўчириш ҳамда меъморий иншоотлар, бадиий буюмлар китобатини яратиш касбини англатади. Шарқ халқларининг кўп асрлик тарихий меросида хаттотлик ва китобат санъати алоҳида ўрин эгаллайди.

Араб ёзувининг 100 дан ортиқ тури мавжуд. 28 ҳарфдан иборат бўлган араб алифбосининг дастлабки шакли “Хатти маъқалий” бўлиб, тик чизиқлар билан ифодаланган. Аммо узоқ истеъмолда бўлиб, шуҳрат қозона олмаган. VII асрдан бошлаб унинг ўрнини араб ёзувининг энг қадимийси ва машҳури ҳисобланган “Хатти куфий” эгаллайди. Сўнгра хатти маъқалий ва куфий хати асосида араб ёзувининг санъаткорона яратилган 8 хил асосий услуби майдонга келган. Булар: сулс хати; насх хати; муҳаққақ хати; райхоний хати; тавқиъ хати; риқоъ хати; девоний хати; настаълиқ хати.

Бу хатлар ичида ҳозирги кунда энг кўп қўлланиладигани насх хати бўлиб, 22 араб давлатида, Эрон Ислом Республикасида шу хатдан фойдаланилади. Қуръони карим ҳозирги вақтда асосан насх хатида чоп этилади. Риқоъ ёзуви араб ёзувининг қўлёзма шаклида ўз ифодасини топган.

Араб ёзувининг муҳим хусусиятларидан яна бири – у стенографик ёзув хусусиятига эга. Одатда араб ёзувида Қуръони карим ва бошланғич синфлар учун қўлланмалар ва луғатлардагина қисқа унли ҳарфлар (ҳаракатлар) ёзилади. Қолган ҳолатларда улар ёзувда акс этмайди.

Шарқда, жумладан, Ўрта Осиёда китоб босиш вужудга келгунига қадар қўлёзма китоб тайёрлаш, уларнинг нусхаларини кўпайтириш (матн кўчириш) билан хаттотлар шуғулланган. Хаттотлар саройларда, айрим амалдорлар ҳузурида гуруҳ бўлиб ишлаган. Хаттотлик санъатига бағишланган кўплаб рисолалар ёзилган. Муҳаммад бин Ҳусайн ат-Тиббий, Мир Али Табризий, Султон Али Машҳадий, Мир Али Хисравий, Мунис Хоразмий ва Аҳмад Дониш ўз даврининг машҳур хаттотлари бўлишган.

Истиқлол туфайли унутилаёзган китобат санъати бир гуруҳ хаттотларимиз томонидан қайта тикланди. Бунда Ҳабибулла Солиҳ, Салимжон Бадалбоев, Абдулла Мирсоатов, Тўхтамурод Зуфаров, Алишер Шомуҳамедов ва бошқаларнинг хизматлари катта. Ҳабибулла Солиҳ 1998 йили Истанбулда ўтказилган халқаро хаттотлар беллашувида “Девоний” хат услуби бўйича кучли ўнликдан жой олган. 1999 йили у хаттотликда янги тарз, яъни нақшин безак ёзувининг алифбосини кашф қилгани учун Лоҳурдаги халқаро хаттотлар беллашувида “Парвин рақам” унвонига сазовор бўлган.

Бугунги кунда Абдулазиз Мансуров, Ислом Маматов, Салимжон Бадалбоев, Ғафуржон Ҳақбердиев каби хаттотлар ҳам бу санъат турининг ривожига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Тошкент ислом университети Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан “Маърифат зиёси” туркумида тайёрланган “Қуръон сўз ва иборалари” изоҳли луғати нашр этилди. Унда Қуръони каримда келган жами икки юздан ортиқ сўз ва ибораларнинг шарҳи манбалар асосида баён этилган. Жумладан, унда сураларнинг баёни, Аллоҳнинг исмлари, фаришталар, пайғамбарлар, дин, қабила, қавм номлари, охиратдаги жой номларининг изоҳлари келтирилган. Шунингдек, географик жой номлари, лақаблар, ҳайвон, ҳашарот, қушлар, мевалар, маъданлар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўрин олган. 

Нашр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан молиялаштирилган А-1-049 – рақамли “IX-XV асрларга оид Марказий Осиё Қуръон тафсирлари ва уларнинг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиш” амалий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ва исломшунос тадқиқотчилар, талабалар ҳамда Қуръон илмларига қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган. 

Манбаа: islamcenter.uz

Top