muslim.uz
Ҳозирги замонда мужтаҳид йўқми?
Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин!” деган нақл бор. Ҳақиқатда ҳамма ишни ўз эгаси, устаси қилгани маъқул. Йўқса, турли келишмовчилик ва ихтилофлар келиб чиқиши табиий.
Шиддат билан одимлаётган давримизда ўзини “мужтаҳидман” дейдиганлар чиқди ва чиқмоқда. Аслида, улар илмга энди қадам қўйган толиби илмлардир. Чунки ижтиҳод илмда комил бўлган, етук зотларнинг ишидир. Ҳаммада ҳам бу даражага етишга лаёқатли бўлавермайди.
Ҳозирги замонда мужтаҳид йўқми? Бу саволга қуйида жавоб оламиз.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, – дедилар (Тўртовлари ривоят қилган).
Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Қиёматгача мужтаҳид узилмайди”, десалар, жумҳур уламолар: “Йўқ, мужтаҳидликнинг ўзига яраша шартлари бор, бугунги кунда якка тартибдаги мужтаҳиднинг йўқлиги ижтиҳоднинг шартлари ўша нарсани даъво қилувчиларда тўлиқ топилмаслигидадир”, дейдилар. Лекин, якка тартибдаги мужтаҳид йўқлигини эътироф қилувчи уламолар жамоавий ижтиҳодни инкор этмайдилар. Чунки мўътабар фиқҳ китобларимизда ёзилмаган, янги, замонавий масалаларга кимдир жавоб бериш керак – да!
Жамоавий ижтиҳод алоҳида бир мавзу бўлгани учун унинг баёнига эътибор қаратмадик.
Оқил бошқадан ибрат оладиган одамдир. Шу жойда улуғлар ҳаётидан бир ибратли воқеани келтириб ўтиш ўринлидир.
Бу воқеани машҳур тариқат шайхи, шариат пешвоси, аллома Холид Бағдодий Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ижтиҳод даъвосини йўққа чиқаришга шиддатли кураш” рисоласида келтирган: “Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Жомеъ ас-сағир” китобига ёзган шарҳининг муқаддимасида айтади: “Аллома Шиҳоб Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Суютий мутлақ мужтаҳидликни эмас, мазҳаб ичида мужтаҳидликни даъво қилди. Ўша вақт унга ҳамаср уламолар бир камондан ўқ отдилар (яъни барча уламолар бир бўлиб раддия қилдилар). Асҳоблар Суютийга икки хил ечим эҳтимоли бор масалаларни савол қилиб мактуб ёздилар. Қани, агар у мужтаҳидликнинг энг қуйи пағонасида бўлса (бу ердаги ижтиҳоднинг энг қуйи поғонаси фатво мужтаҳидидир), мужтаҳидлар қоидасини ишлатиб, ўша важҳларнинг энг кучлиси ҳақида гапирсин–чи!? Саволларга ёзма жавоб қайтарсин–чи!?
Шунда имом Суютий ишларининг кўплиги ўша масалаларга қарашдан тўсаётганини айтиб, узр йўллайди.
Шиҳоб айтади: “Ижтиҳод мартабасининг энг қуйи даражаси бўлган фатво ижтиҳоди мартабаси қийинлиги ҳақида бир тааммул қилиб кўринг!?
Ким мутлақ мужтаҳидлик ҳақида фикр қилаётган бўлса (қарасин), бу замон вакилларидан (Ибн Ҳажарнинг замонасидаги олимлардан) бирортаси ўзига ўша нисбатни беришга журъат қилмаган!
Ҳолбуки, биз билан улар орасида тўрт юз йил бор. Аввалгилар бу мартабани даъво қилишдан узр айтган бўлсалар, замонамиз кишиси (бундай сохта даъволардан) қандай ҳаё қилмайди!?” (Иқтибос тугади).
Мужтаҳидликнинг энг қуйи поғонасини даъво қилган имом Суютий ўзи ким эди? Ҳақиқатдан ҳам мужтаҳидлик даражасини қуруқ, (ҳозирги замондаги баъзилар каби) шунчаки даъво қилганмиди ёки имом Суютийда ўша даъвога яраша лаёқат, асос бормиди?
Келинг, Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаёт ва ижодлари ҳақида қисқача сўз юритсакда, хулоса чиқаришни ўқувчини ўзига қолдирсак.
У зотнинг кимлиги, қилган ишлари, нималарга қодирлигини ўзингиз инсоф тарозисида тортиб кўрарсиз!
Тўлиқ исми ва куняси. Жалолиддин Абулфазл Абдурраҳмон ибн Камолиддин Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқуддин Абу Бакр ибн Фахруддин Усмон ибн Носуриддин Муҳаммад ибн Сайфуддин Хизр ибн Нажмуддин Абуссалоҳ Аюб ибн Носируддин Муҳаммад ибн шайх Ҳумамуддин Ҳумам Хазирий, Асютий, Тулуний, Мисрий шофеъийдир.
Ибнул кутуб номи билан ҳам машҳур бўлган. Ибнул кутуб – китоблар фарзанди номини олишига сабаб қуйидаги ҳодиса бўлган: отаси онасига жавондан китоб олиб келишни буюради. Ногоҳ ана ўша жойда онани тўлғоқ тутиб, китоблар орасида имом Суютийни дунёга келтиради. Шу сабаб бўлиб, Ибнул кутуб лақабини олди.
Имом Суютий 849 йил Ражаб ойининг бошида, якшанба куни, шомдан кейин таваллуд топди.
Имом Суютий беш ёш–у етти ойлигида отадан етим қолди. Саккиз ёшида Қуръони каримни тўла ёд олди.
Имомда илмга бўлган муҳаббат ёшликдан пайдо бўлган. Уч ёшида отаси Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг мажлисига олиб боради.
Замонанинг катта уламоси Камолиддин Ибн Ҳумомдан қаттиқ таъсирлангани Суютийнинг илм олишига катта туртки бўлади. 864 йил Рабиъул аввал ойининг бошидан илмга астойдил киришади.
Имом Суютий жуда кўп устозларда таълим олган. Суютийнинг шогирди имом Шаъроний ўзининг “Табақот”ида устози 600 та шайхдан илм олганини айтади.
Имом фақат шайхлар билан кифояланмай, замонасининг машҳур фақиҳа, муҳаддиса аёлларидан ҳам таҳсил олган. Уммул Муҳанниъ, Оиша бинту Абдулҳодий ва Зайнаб бинту ҳофиз Ироқийлар шулар жумласидандир.
Имом еттита илмда пешқадам ва моҳир бўлган: тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, маъоний, баён ва бадиъ.
Суютийнинг ёзган китоблари рўйхати тузилган алоҳида рисолалар ҳам битилган. Унда рўйхатга киритилган китоблар сони 725 тани ташкил этгани айтилган. Шундан 200 дан ортиғи босмадан чиққан. Ёзган китобларининг барчаси долзарб мавзуларда. Улар ҳозиргача олим ва толиблар қўлида асосий қўлланма бўлиб келмоқда. Қолганлари эса қайсидир кутубхоналарда тадқиқотларни кутиб ётибди ёки йўқолган, зое бўлган.
Суютий ҳадис тўплашга жуда ҳарис эди. Ўзининг “Ал-жомеъ ас-сағир”, унинг “Завоид”и ва “Ал-жомеъ ал-кабир” асарларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадисларини йиғишга ҳаракат қилган. Ҳадисга бағишланган бу мўътабар манбаларнинг ўзига хослиги абжад ҳарфлари тартибида, муснад китоблар йўналишида ёзилганлигидир. Бу тўпламларни ўқиган киши ҳадиснинг бошиданоқ гап нима ҳақида кетаётганини билиб олади. Имом мана шу оламшумул иши билан суннати мутаҳҳарага жуда катта хизмат қилди.
Суютий ўзи ҳақида 200 000 ҳадис ёд олганини, агар ундан кўпроқ топганида уни ҳам ёдлашини айтиб ўтган.
Имом Суютийнинг вафотидан кейин хонасидан ўз қўли билан ёзган хати топилган. Унда қуйидалар ёзилган:
“Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг Расулига эса салавот ва саломлар бўлсин!
Ҳижрий 904 йил (бу ҳодиса вафотидан етти йил олдин бўлган) Рабиъул аввал ойининг саккизинчи куни, пайшанба кечаси туш кўрдим. Қарасам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридаман. Ҳадис борасида ёзишга киришган (“Жамъул жавомиъ” ёки “Ал-жомеъ ал-кабир”) китобим ҳақида ул зотга сўзлаб бердим.
Айтдимки:
– Сизга ундан бироз ўқиб берсам?
Ул зот менга:
- Қани ўқи, эй шайхул ҳадис!, дедилар.
Мана шу нарса менинг назаримда бутун дунёдан афзал башорат эди”.
Фиқҳни шайх Сирожиддин Булқинийдан, у зотдан кейин ўғлидан, луғат ва ҳадисни шайх Тақийюддин Шумунийдан, тафсир, усул ва маъонийни шайх Муҳйиддин Муҳаммад ибн Сулаймон Румий ҳанафий ва бошқа қатор етук устоз ва алломалардан сабоқ олган.
“Ҳиснул муҳозара” китобида ҳаж қилганида Замзам сувини фиқҳда Сирожиддин Булқиний, ҳадисда Ибн Ҳажар даражасига етишни ният қилиб ичганини айтади.
Олимларнинг таъкидлашича, Аллоҳ таоло имом Суютийни мақсадига еткизган.
Суютий қирқ ёшида ибодатга ажраб чиқиб, умрининг охиригача ибодат, риёзат билан машғул бўлади.
Баракали умр кўрган имом 911 йил жумадул улонинг 19 куни, жума кечаси 62 ёшида оламдан ўтди.
Аллоҳ таоло Имом Суютийни Ўз раҳматига олиб, борган жойини жаннат боғларидан айласин!
Абу Убайдуллоҳ
Алданиб жон фидо қилгандан Аллоҳ йўлида яшамоқ афзал!
Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган жиноий тўдалар ўта маккорлик билан баъзи иборалардан фойдаланиб, Ислом дини тўғрисида етарли тушунчага эга бўлмаган инсонларни, хусусан, ёшларни алдаб, мусибат кўчаларига киргизишга уринмоқдалар. Бу уринишларни бузғунчилар, асосан, интернет тармоғидаги экстремистик руҳдаги сайтлар орқали амалга оширмоқдалар. Аввало, таъкидлаб ўтишимиз лозимки, жирканч йўлга бошловчилар инсонларни тўғридан-тўғри жиноят қилишга чорлашгани йўқ, балки улар ҳижрат, жиҳод, шаҳид каби диний ибораларни бузиб талқин қилиб, нотўғри тушунча шаклланишига сабаб бўлмоқдалар.
“Ҳижрат” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғавий маъноси “кўчиш, тарк этиш” маъноларини англатади. Бузғунчилар бу сўзнинг биринчи маъносидан фойдаланиб, ёшларнинг онгини заҳарлаб, яшаб турган мамлакатда ибодат қилишга умуман имкони бўлмаган жойдан кўчиш фарз, деб ношукрлик ҳиссини уйғотиб чалғитмоқдалар. Ваҳоланки, юртимизда икки мингдан ошиқ масжидлар, ўнта ислом таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда, ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз умра ва ҳаж ибодатларини адо этиб келиш имконига эга бўлишмоқда. Сўзнинг иккинчи маъносига келсак, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида “Муҳожир (ҳижрат қилувчи) деб Аллоҳ таоло қайтарган нарсани тарк этган кишидур”, деб айтганлар. Демак, ҳозирда гуноҳ ишларни тарк этиш ҳақиқий ҳижрат экан.
“Жиҳод” сўзи араб тилидан олиниган бўлиб, ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, зўр бермоқ, бирор ишни бор имкониятини ишга солиб ҳаракат қилмоқ маъноларини англатади. Ўзларини Ислом дини намоёндалари деб иддао қилаётган шахслар айтганларидек, бу сўз уруш маъносини англатмайди, араб тилида уруш маъносини “қитол” сўзи ифода қилади. Жиҳод сўзининг луғавий хусусиятидан келиб чиқиб ўтган даврларда халқларни босқинчиларга қарши жон-жаҳди билан жанг қилиши ҳам жиҳод дейилган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жиҳоднинг энг афзали кишининг ўз нафсига қарши курашмоғидур,” деганлар. Бор имкониятини ишга солиб илм-маърифат йўлида ҳаракат қилмоқлик, ота-онанинг хизматини қилмоқ, фарзандларни чиройли тарбияламоқ, оиласи, халқи, Ватани учун хизмат қилмоқ жиҳоддир.
“Шаҳид” сўзи ҳам араб тилидан олинган бўлиб, “ҳозир”, “гувоҳ” ҳамда “дини, оиласи, халқи, Ватани мудофааси йўлида жон фидо қилган одам” маъноларини англатади. Ҳозирги кунда террорчилар ўзини портлатиб юборишни шаҳидлик деб иддао қилмоқдалар. Ўзини портлатиш шаҳидлик эмас, балки динимизда қораланган, гуноҳ саналган ўз жонига ва ўзгаларнинг жонига қасд қилишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзини бирор нарса сабабидан ўлдирган шахс, албатта, жаҳаннамда абадий, доимий азобланади”, деганлар. Қуръони каримда “...Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...” (Моида, 32), дейилган. Аллоҳ томонидан берилган ҳаёт неъматига ношукрлик қилган ва ўзганинг қонини ноҳақ тўккан кимсани шаҳид дейишимиз мумкинми? Асло мумкин эмас!
Эътибор берадиган бўлсак, дин ниқобидаги динбузарлар ўзларининг ҳомийлари берган махсус дастур асосида иш олиб бориб, ёшларимизни оқибати ҳалокат билан якун топадиган йўлга бошламоқдалар, яъни:
- ношукурлик ҳиссини уйғотиб, ўз ватанидан кўчирмоқдалар;
- муқаддас жанг иддаоси билан чалғитмоқдалар;
- алдаб, жонини қурбон қилиб, ҳалок бўлишга олиб бормоқдалар.
Билинг, алданиб, адашиб жон фидо қилгандан Аллоҳ йўлида ҳаёт кечирмоқ афзалдир!
Мирзомақсуд ҳожи АЛИМОВ,
Андижон вилояти бош
имом-хатиби ўринбосари
Ҳожиларга енгиллик
Эндиликда Ҳаж ибодатини адо этишга ташриф буюрган зиёратчилар Зам-зам сувидан олиш учун навбатга туришлари талаб этилмайди.
Боиси, зиёратчилар учун Зам-зам суви тўғридан-тўғри меҳмонхонага олиб бориб, бериладиган бўлди. Бу ҳақда Ҳаж ва Умра Вазири Муҳаммад Солиҳ Бинтан маълум қилди. Вазирнинг сўзларига кўра, Зам-зам суви текинга берилади, аммо меҳмонхонагача сарфланган йўл ҳақи учун арзимаган пул тўланади.
Ушбу енгиллик Макка шаҳридаги тирбандликни, ҳожиларни ортиқча уринишларини олдини олишга хизмат қилади.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Мино водийсидаги кондиционерлар янгиланди
Жорий ҳаж мавсумида зиёратчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида Мино водийсидаги 30% дан кўпроқ кондиционерлар янгиланди. Янги ўрнатилган замонавий кондиционерлар – чодирлар ичидаги ҳароратни имкон қадар тез салқинлатишга мўлжалланган. Бу хайрли иш – Молия вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция фонди томонидан амалга оширилди.
Ҳаж мавсумида хизмат кўрсатувчи ширкатларнинг Мувофиқлаштирилган кенгаши бош котиби Жамол Шақдарнинг маълум қилишича, жорий мавсум давомида Мино водийсида ҳаво ҳароратини мўътадиллаштириш бўйича Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги билан музокаралар олиб борилган. Зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи ширкатларга эса Мино водийсида бу борада зарурий чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилган.
Илҳом МАЪРУПОВ
таржимаси
Ҳаж-2016 мавсумининг дастлабки зиёратчилари кутиб олинди
Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 4 август куни Саудия Арабистони дастлабки зиёратчиларни кутиб олишга тайёр эканлигини маълум қилган эди.
Дарҳақиқат, Ҳаж-2016 мавсумининг дастлабки зиёратчилари маҳаллий вақт билан 17.30 да Жидда ва Мадина шаҳридаги халқаро аэропортларга келиб қўнишди. Покистон, Бангладеш ва Жанубий Африкадан ташриф буюрган зиёратчиларга атир гул ва турли хил ширинликлар солинган махсус совғалар улашилди.
Ҳозиргача, умумий ҳисобда, Саудия Арабистонига Бангладешдан 401 нафар, Ҳиндистондан 340 нафар ва Жанубий Африкадан 85 нафар зиёратчи ташриф буюрди.
Илҳом МАЪРУПОВ
таржимаси