www.muslimuz

www.muslimuz

МОВАРОУННАҲРДА ТАФСИР ИЛМИ

Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, тафсир китоблари жуда ҳам кўп. Ҳар замон, макон, халқ, миллат, элат, мазҳаб ва йўналишнинг ўз тафсири бор, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бутун дунёнинг, айниқса мусулмон оламининг Қуръони Каримга бўлган чексиз қизиқиши уламоларни доимо уни ўрганишга, унинг тафсирини ёзишга чорлаб келган. Қадимдаёқ тафсирлар ва муфассирлар ҳақида алоҳида катта-катта китоблар битилгани фикримизнинг далилидир.

Қўлингиздаги китоб Улуми Қуръон мавзусида ёзилган ўзбек тилидаги дастлабки китоб бўлгани учун Мовароуннаҳрдаги тафсир илми ва муфассирлар ҳақида ҳам икки оғиз сўз юритишни лозим топдик.

Қадимги Ислом манбаларида ҳозирги Урта Осиё Мовароуннаҳр ва Хуросон номлари ила зикр қилинган. Исломий тарих китобларида Бухоро, Самарқанд, Насаф, Термиз, Косон, Шош, Фарғона, Марв, Насаф, Урганч, Узган ва бошқа шаҳарларнинг номлари ҳам зикр қилинган. Мазкур шаҳарларнинг барчаси диёримиздадир, улардан кўплари ҳозирги вақтгача ўзининг қадимий номлари билан аталади.

Бутун Ислом оламига маълум ва машҳурки, бу ўлка барча илмларда, жумладан, Ислом илмларида ҳам жаҳонга донг таратган буюк алломаларни етиштирган. Мазкур илмлар ичида ҳадис, тавҳид, наҳв, фиқҳ ва бошқа кўпгина илмлар бор. Биз эса ҳозир фақат Мовароуннаҳрдаги тафсир ва муфассирлар ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Мусулмонлар келиб, фатҳ қилганларидан сўнг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу диёрларни ҳам Ислом нури билан мунаввар қилди. Ерлйк аҳоли Исломни қабул қилганларидан сўнг аввалги мусулмонлар янги мусулмонларга Ислом илмларини ўргата бошладилар. Ушбу илмлар ичида тафсир илми ҳам бор эди. Маълумки, бу диёрларнинг туб аҳолиси Исломдан аввал ҳам баъзи бир илм ва маданият турларидан хабардор эдилар.

Ушбу сабабга кўра, аллома Ибн Халдун таъкидлаганидек, уларда Ислом илмларини қабул қилиш ва ривожлантиришга лойиқ малака бор эди. Бир оз вақт ўтиши билан муҳаддислар мадрасаси пайдо бўлди ва улар Қуръон тафсири тўғрисидаги асарларни жамлаган биринчи кишилар деб эътироф қилиндилар. Уларнинг сардори имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий эди. «Кашфуз-зуннун» номли китобда зикр қилинишига кўра, у зот «Ат-Тафсирул-кабир» номли алоҳида бир тафсир китобини таълиф қилган экан. Лекин афсуски, мазкур китоб бизгача етиб келмаган,

Шунга қарамасдан, имом Бухорий тафсир илмида улкан асар қолдириб кетган, у зотнинг «Ал-Жамиъус-саҳиҳ» китобида Қуръони Карим тафсирига оид мингдан зиёд ҳадис мавжуд.

Иккинчи ҳижрий асрда тафсир илми ҳадисдан ажраб, алоҳида илм бўлгандан сўнг, Мовароуннаҳрдан улкан муфассирлар етишиб чиқдилар ва шуҳратлари бутун жаҳонга таралди. Улардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

  1. Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий. Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топган ва ҳижрий 333 йилда вафот этган. Ул зотнинг аксар асарлари тавҳид илмида, яъни илми каломда бўлган.

У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, имом Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирди бўлган. Яъни у кишининг устози имом Муҳаммаднинг шогирди бўлган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар чақирган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожаат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усули фиқҳ ва бошқа диний илмларни ўрганганлар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китабул-жадал»ни ва фиқхда «Маахизуш-шариъа»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳли ушлаган мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвилату аҳлис-сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна ва жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий, Фахрулислом Баздавий, Ибн Ҳумом ва бошқа уламолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Имом Мотуридий ўзининг «Таъвилату аҳлис-сунна» номли тафсирида илми калом уламолари йўлидан борган ва Қуръони Карим оятларини ақийдада Аҳли сунна ва жамоа мазҳабини қўллаб, тафсир қилган.

Имом Мотуридий ўз тафсирида асарларни нақл қилиш билан бирга, раъйни ҳам ишлатган, нақл билан бирга, ақлни ҳам ишлатган.

Имом Мотуридий муайян мазҳабга таассуб қилмаган, ҳақиқатни излаган. У киши масалага умумий тарзда назар солган.

Имом Мотуридий Қуръони Каримни Қуръон билан, Суннат билан, саҳобалар ва тобеъинларнинг сўзлари билан тафсир қилишга алоҳида аҳамият берган. Шу билан бирга, Ҳанафий бўлгани учун тафсирда раъй мактаби бўйича ақлни ҳам ўз ўрнида ишлатган. Бир оятнинг таъвилида бир неча қавл бўлса, уларни ҳам келтирган.

Имом Мотуридий ўз тафсирида сабаби нузуяни ҳам зикр қилган. Ўзидан аввал ўтган муфассирларнинг қавлларидан ҳам фойдаланган. Y кишининг тафсирида фиқҳ, луғат ва калом илми ҳам керагича ўрин олган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, имом Мотуридийнинг «Таъвилату аҳлис-сунна» номли тафсири қомусий асардир. Аммо минг афсуслар бўлсинким, бу тафсир яқингача нашр этилмаган эди. Фақатгина милодий 2005 йилга келиб, доктор Маждий Бослум бу улуғ тафсирни учта қўлёзмаси асосида нашрга тайёрлади ва чоп қилди. «Таъвилату аҳлис-сунна» тафсирини Байрутдаги «Дарул-кутубил-илмийя» нашриёти биринчи бор нашр этди. Китоб ўн жилддан ибо-рат бўлиб, 6230 бетдан иборатдир.

  1. Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий Ҳанафий. У зот «Имамул-ҳуда» – «Ҳидоят имоми» номи билан машҳур бўлган. Имом Абу Лайс Самарқандий ҳижрий 373 санада вафот этган.

Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълиф қилган. Жумладан, фиқҳ бўйича «Ан-Навазил» китоби ва «Хизанатул-фиқҳ» номли китоб, ваъз-насиҳат хусусидаги «Танбиҳул-ғофилин» китоби шу кишининг қаламига мансубдир.

Имом Абу Лайс Самарқандий тафсирга оид китобини «Баҳрул-улум» деб номлаган ва бу тафсир «Ат-тафсир бил-маъсур» тоифасидандир.

Имом Абу Лайс Самарқандий ўз тафсирида саҳоба ва тобеъинлардан кўплаб ривоятларни келтирган. Аммо санадларини зикр қилмаган.

Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандийнинг «Баҳрул-улум» тафсири қўлёзмаси Алий Муҳаммад, Одил Аҳмад ва Закариё Абдулмажид томонидан таҳқиқ қилинди ҳамда 1413 ҳижрий йилда Байрутдаги «Дарул-кутубил-илмийя» нашриёти томонидан биринчи бор нашр этилди.

  1. Имом Жоруллоҳ Абул-Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Замахшарий.

Бу улуғ имом Хоразмнинг Замахшар қишлоғида 467 ҳижрий санада таваллуд топган ва ҳижрий 538 санада вафот этган. У зот ўзи туғилган юртда дафн қилинган. Имом Замахшарий турли илмларга доир кўплаб китоблар тасниф қилган. Энг машҳур муаллафотларидан бири «Ал-Кашшаф ан ҳақоиқи ва уйунил-ақовил фи вужуҳит-таъвил» номли тафсир китоби бўлиб, у кўпчиликка «Кашшоф» номи билан машҳурдир.

Бу тафсир энг машҳур тафсирлардан биридир. У ўзидан кейинги кўплаб тафсирларга манба бўлган.

«Кашшоф» тафсири ҳақида уламолар жуда кўплаб яхши мақтовларни айтганлар. Баъзилар: «Агар «Кашшоф» бўлмаганида, Қуръони Каримнинг маънолари тўлиқ кашф бўлмай қолар эди», деган.

Уламолар «Кашшоф»нинг қуйидаги хусусиятларини алоҳида таъкидлайдилар:

  • Кераксиз ва ортиқча нарсалардан холи экани.
  • Қисса ва исроилиётдан саломатлиги.
  • Маъноларни баён қилишда араб тили ва унинг услубларига суяниши.
  • Маъоний ва баён илмларига ҳамда балоғатга алоҳида эътибор берганлиги.
  • Савол-жавоб услубини ишлатгани. Имом Замахшарий маълум масалаларни баён қилиш борасида «агар сен ундай десанг, мен бундай дейман» услубини ишлатган.

«Кашшоф»нинг мақтовида айтилган гаплар жуда ҳам кўп. Шу билан бирга, уни танқид қилганлар ҳам оз эмас. Танқидларнинг хулосаси икки нарсага бориб тақалади. Биринчиси – муаллифнинг мўътазилий фикрлари ва тафсир-да ҳадисларнинг заиф ҳамда тўқималарини ҳам келтиргани.

Кейинги уламолардан иккитаси «Кашшоф»даги ушбу икки нуқсонни ҳам тўлдирганлар. Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мунир «Ал-Инсоф» номли китоб ёзиб, «Кашшоф»даги мўътазилий фикрларни тўғрилашни йўлга қўйди.

Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф Зайлаъий «Кашшоф»даги заиф ва сохта ривоятларни аниқлаб чиқди. «Кашшоф» тафсири ушбу икки илова ила нашр қилинди. Бу жуда катта фойда берди.

  1. Имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар
    ибн Ҳусайн Розий 534 ҳижрий санада Рай шаҳрида таваллуд топган ва умрининг кўп қисмини Хоразмда ўтказган.

У кишининг «Мафатийҳул-ғойб» номли тафсир китоби илм ахди ўртасида оятлар орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни баён қилиш ва бошка бир қанча имтиёзлари билан машҳур бўлган. Имом Розий хижрий 606 санада вафот этган. («Мафатийҳул-ғойб» тўғрисидаги маълумотлар олдин ўтди.)

  1. Имом Абулбаракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд
    Насафий. Бу улуғ имом Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида
    таваллуд топган (бу шаҳар ҳозир Қарши деб номланади)
    Имом Насафий ҳижрий 701 санада вафот этган.

Насафийнинг тафсир китоби «Мадарикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» деб номланган. Бу китоб кўпчиликнинг таҳсинига сазовор бўлган ва бўлиб келмоқда. У ҳажми ўртача бўлишига қарамай, энг улуғ китоблардандир. Иборалари осон. Эъроб, қироат, бадиъ ва баён, балоғат ва фасоҳат илмларини ўз ичига олган. Ақийдада Ахли сунна ва жамоанинг қавлини келтирган. Бидъат ва залолатлардан холи. Узун ҳам, қисқа ҳам эмас.

Имом Насафий ўзининг «Мадарикут-танзил» номли тафсир китобини таълиф қилишда Имом Замахшарийнинг «Кашшоф» номли тафсиридан фойдаланган. Имом Насафийнинг «Мадарикут-танзил» номли бу китоби ҳозирги кунимизгача уламою толиби илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина Ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.

Бундан ташқари, Мовароуннаҳрда «Итқон», «Тафсири Нуъмоний», «Тафсири Тибён», «Тафсири Мавлоно Чархий» каби маҳаллий тилларда таълиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа тилларда ёзил ган. Эслатиб ўтмоқ лозимки, мазкур машҳур муфассирларнинг китоблари ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг кутубхона ва музейларида мавжуддир, жумладан, Мовароуннаҳр мусулмонлари диний идораси қошидаги кутубхонада ҳам бор. Бу китоблардан уламолар ва илм толиблари Ислом ва мусулмонлар хизмати учун бўлаётган илмий баҳсларида истифода қилмоқдалар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини Ўзи хуш кўрган ва рози бўлган хайрли ишларга муваффақ килсин! Омин!

 

ЯНГИ ТАФСИРЛАР

Замон ўзгариб, одамлар қадимги китобларнинг услуби ва тилидан узоқлашиб қолдилар. Ушбу сабаб туфайли катта уламолардан бошқалар эски тафсирлардан фойдаланишни ўйламай ҳам қўйдилар. Шунда баъзи тушунган уламолар тафсир илмида ҳам янгиланиш бўлиши лозимлигини ўйлай бошладилар. Ўй-фикрлар ва маслаҳатлар тафсир бўйича янги, замона руҳини акс эттирадиган, мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондирадиган тафсир ёзилиши замоннинг талаби эканига ишонч ҳосил қилиш билан якунланди.

Янги тафсир қилиш ва ёзиш Мисрдан бошланди. Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, биринчи бўлиб Мисрнинг ислоҳотчи олимларидан шайх Муҳаммад Абдух «Амма» порасига тафсир ёзди. Шунингдек, Ал-Азҳардаги дарсларида Қуръони Каримнинг биринчи беш порасини тафсир қилди.

  • Кейин у кишининг шогирди шайх Муҳаммад Рашид Ризо «Ал-Манар» деб номланган тафсирини ёзди. У киши Қуръони Каримнинг ўн икки порасини тафсир қилди.
  • Шайх Абдулқодир Мағрибий 1920 йилда «Таборак» порасини тафсир қилди.

- Ал-Азҳарнинг шайхи Маҳмуд Шалтут биринчи ўн поpaгa тафсир ёзди.

  • Шайх Абдулжалил Ийсо «Айсарут-тафасир» деб номланган тафсирини ёзди. ,
  • Шайх Муҳаммад Абу Заҳра Намл сурасигача тафсир ёзди ва у ўн жузда нашр этилди.
  • Шайх Тантовий Жавҳарий «Ал-Жаваҳир» тафсирини ёзди. Бу тафсир жуда катта бўлиб, унда турли маълумотлар бор. Муаллиф мусулмонларни ҳаётнинг барча соҳаларида тараққиётга интилишга чорлаган. Шу мақсадда Қуръони Каримда зикри келган ҳар бир нарса ҳақида илмий маълумотлар беришга катта эътибор қаратган. Оқибатда ran чўзилиб кетган. Ҳаттоки шайх Тантовий Жавҳарийнинг танқидчилари «Ал-Жаваҳир» тафсирида тафсирдан бошқа ҳамма нарса бор, дейишган.
  • Жазоирнинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлган шайх Абдулҳамид ибн Бадис Қуръони Каримнинг баъзи сура ва оятларини тафсир қилган ва у бир жилдда нашр этилган.

 

Баъзи янги тафсирлар ҳақида қисқача маълумотлар

  1. «Тафсирул-Мароғий» - Ахмад Мустафо Мароғий.

Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий ўзининг «Тафсирул-Мароғий» деб номланган китобини кичик ҳажмда ўттиз жуз қилиб ёзди. Бу тафсир катта ҳажмда ўн жилдда нашр этилган.

Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирида аввал оятни келтириб, кейин алоҳида сўзларнинг тафсирини қилган. Кейин умумий маънони баён қилиб, сўнгра изоҳ беришга ўтган. Жумлаларни осон тил билан, кўпчиликка тушунарли бўлишини эътиборга олиб, тузган.

У киши китобнинг аввалида иш услубини ҳам баён қилган.

-   Маълум оятлар мажмуасини аввал келтириб олиш.

  • Кейин ўша оятлардаги шарҳга эҳтиёжи бор сўзларни шарҳлаш.

Сўнгра мазкур оятларнинг умумий маъносини баён қилиш.

  • Сабаби нузул ҳақида саҳиҳ ривоят бўлса, ўшани келтириш.
  • Илмий ва мураккаб истилоҳларни четлаш.
  • Замон ва маконни эътиборга олиб, ушбу тафсирни ўқиши мумкин бўлган одамлар тушунадиган тил ва услубни қўллаш.

Муфассирлар келтирган ривоятларни саралаш.

Бу китобни чоп қилиш 1365 ҳижрий сананинг биринчи кунидан бошланган.

Муаллиф китобнинг аввалида уни ёзишда ўзи фойдаланган ўттизта манбанинг рўйхатини ҳам келтирган.

  1. «Ат-Таҳрир ват-Танвир» – Тохир ибн Ошур.

Туниснинг кўзга кўринган олимларидан бири бўлмиш шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи «Ат-Таҳрир ват-Танвир» номли катта ва мукаммал тафсир ёзган. Шайх Тоҳир ибн Ошурнинг шогирдлари ва мутахассисларнинг таъкидлашларича, у киши ўз тафсирини йигирма йилда ёзиб битирган. Бу тафсирнинг эгаси ҳар бир нарсани эринмай, мукаммал баён қилган. Айниқса, у кишининг луғат бўйича олиб борган тадқиқотлари, шунингдек, илмий тадқиқотлари ҳам таҳсинга сазовор. Шайх Тоҳир ибн Ошур фиқҳий масалаларни ҳам батафсил ёритган. Янги пайдо бўлган ҳаётий муаммолар ва маданий қарашларни ҳам ўз жойида ҳал қилган.

Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг ўзи муқаддимасида таъкидлашича, қуйидаги тафсирлар муҳим ҳисобланади:

«Ал-Кашшаф» – Замахшарий.

«Ал-Муҳаррар ал-Важийз» – Ибн Атийя.

«Мафатийҳул-ғойб» – Фахриддин Розий.

«Анварут-танзил ва асрорут-таъвил» имом Байзовий,

«Руҳул-маъаний» – имом Олусий.

Абу Саъуд тафсири.

Қуртубий тафсири.

Табарий тафсири.

Тийбий, Қазвийний, Қутб ва Тафтазоний тарафидан «Кашшоф»га ёзилган ҳошиялар.

Хафочининг Байзовий тафсирига ёзган ҳошияси.

Албатта, шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг тафсирида мазкур тафсирлардан фойдаланган. Аммо ўзининг айтишича, чўзилиб кетмаслиги учун қаердан олганини айтмаган.

Шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Карим эъжози турларига, балоғат нуқталарига, бадиий услубларга катта эътибор берган. Шунингдек, оятларнинг бир-бирига боғланиш муносабатларини ҳам баён қилган. Ҳар бир суранинг мақсадларини ҳам батафсил айтиб ўтган. Ҳар бир сўзнинг араб тилидаги маъноларини чуқур тушунтирган.

Шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг айтишича, китобнинг тўлиқ номи «Таҳриру маънас-садид ва танвиру ақлил-жадид мин тафсири китабил-мажид»дир.

Муаллиф ўз тафсирининг аввалида Қуръони Карим ва унинг тафсирига оид ўнта муқаддима ёзган, сўнгра Фотиҳа сурасини тафсир қилишни бошлаган.

Ҳар бир суранинг исми, унинг нозил бўлиш вақти ва шароити ҳамда унга боғлиқ бошқа маълумотларни батаф-сил келтирган. Маълумотларнинг хулосасини айтган.

Бақара сурасининг тафсири аввалида «Алиф лаам мим» ҳарфларини келтириб, шу ва шунга ўхшаш ҳижо ҳарфлари ҳақидаги кўплаб маълумотларни тақдим қилган. Шу тариқа китоб катта маълумотлар тўпламига айланган.

Мен турли сабабларга кўра, шайх Тоҳир ибн Ошур раҳматуллоҳи алайҳининг баъзи шогирдлари билан суҳбатларда бўлдим. Уларнинг айтишларича, устозлари жуда ҳам талабчан киши экан. Тафсирни ёзгандан кейин ҳам ҳар варақнинг қўлёзмасини қайта-қайта кўрар, таҳрир қилар ва тузатишлар киритар экан.

Мен бу тафсир билан чет элда ўқиб юрган кезларимда танишган эдим. Кейинроқ, айниқса Қуръони Карим маъноларини ва «Тафсири Ҳилол»ни рус тилига ўгириш жараёнида уни асосий манбалардан қилиб олдим. Шу тариқа ушбу китоб билан жуда яқиндан танишдим ва унинг ҳақиқатда ҳам мақтовга сазовор илмий иш эканига тўла ишонч хосил қилдим.

Аллоҳ бу тафсирнинг муаллифи Шайх Тоҳир ибн Ошурни Ўз раҳматига олган бўлсин.

  1. «Маҳасинут-таъвил» – Муҳаммад Жамолиддин Қосимий.

Бу тафсирнинг иккинчи номи «Тафсирул Қосимий»дир. Тафсирнинг муаллифи эса Шомнинг машҳур уламолари-дан бири Муҳаммад Жамолуддин Қосимийдир. У киши ўз тафсирини ёзишни ҳижрий 1316 йилда Шаввол ойининг биринчи ўн кунлигида бошлаган. Китобнинг биринчи жузи тафсир илми борасидаги қоидалардан иборат. Унда Қуръони Карим ва унинг тафсири бўйича жуда кўп маълумотлар жамланган.

  1. «Ат-Тафсирул-вадиҳ» - Муҳаммад Махмуд Ҳижозий.

Бу тафсирнинг муаллифи Ал-Азҳар университетининг олимларидан бўлиб, у киши аввал тафсирини бир жуздан тайёрлаб, ёзиб бўлинганини нашр этиб бораверган. Кейин эса алоҳида қилиб, катта ҳажмда уч жузда чоп эттирган.

Бу тафсирнинг тили осон ва равон бўлиб, кўпчиликка мўлжалланган. Унда аввал сўзларнинг луғатдаги маъноси берилган. Кейин эса оятнинг тўлиқ маъноси енгил услуб-да баён этилган. Оятларнинг маълум мажмуасига алоҳида сарлавҳалар ҳам қўйилган. Араб тилини биладиган ҳар бир киши ўқиса, тушунадиган даражада тафсир қилинган.

Мен ҳам талабалик пайтимда ушбу тафсирни аввалидан охиригача қизиқиш билан ўқиб чиққанман. Жуда кўп фойда олса бўладиган тафсир.

  1. «Ал-Асас фит-тафсир» - Саъид Ҳавво.

Иорданиялик ҳамаср олимлардан Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи уч қисмдан иборат асарлар силсиласини режалаштирган. Бу силсила қуйидаги асарлардан иборат бўлган;

  1. «Ал-Асас фит-тафсир» («Тафсир асоси»).
  2. «Ал-Асас фис-сунна ва фиқҳиҳа» («Суннат ва унинг фиқҳи асоси»).
  3. «Ал-Асас фи қоваъидил-маърифа ва довабитил-фаҳми лин-нусус». («Маърифат қоидалари ва матнларни фаҳм-лаш асослари»).

Муаллифнинг тафсир муқаддимасида ёзишича, шахсий сабабларга кўра, бу асарни ёзиш жараёнида асосан «Тафсиру Ибн Касир» ва «Тафсиру Насафий»дан фойдаланган.

Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони Каримнинг суралари ва оятлари орасидаги боғланишларга алоҳида эътибор берган. Бу мақсадни амалга ошириш ниятида оятларнинг бир-бирига боғланиши ҳам, сураларнинг бир-бирига боғланиши ҳам эринмасдан баён қилинган. Аммо аввалида катта аҳамият билан баён қилиб борилган суралар орасидаги боғланиш кейинроқ заифлашган ва тўхтаб ҳам қолган.

Тафсир ёзиш тўхтаб, янги тафсир ёзиш йўлга қўйилгунча ўтган даврда ер юзида жуда кўп илмлар, тушунчалар, назариялар пайдо бўлди, ҳодиса ва воқеалар бўлйб ўтди. Ушбу тафсирда ана ўша нарсаларга Қуръони Карим ва Исломнинг муносабати қандай, деган саволга жавоб беришга ҳаракат қилинган.

Бизнинг асримизда Қуръони Каримга нисбатан турли шубҳалар ва эътирозлар пайдо бўлди. Шунингдек, унга қарши тушунчалар ва йўналишлар ҳам юзага чиқди. «Ал-Асас фит-тафсир» китобида мусулмон инсон мазкурларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши кераклиги баён қилинган.

Утган давр ичида мусулмонлар Қуръони Каримдан ва Ислом таълимотларидан анча узоқлашиб кетган эдилар.

Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобида мусулмон ларнинг Қуръони Каримга ва Исломга қандай яқинлашишлари йўлларини баён қилишга ҳаракат қилган.

Ҳаёт тарзи ўзгариши туфайли мусулмонлар ҳар бир мавзу бўйича тайёр хулосани излайдиган бўлиб қолдилар. Узлари изланишни, таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришни ўйламай қўйдилар. Эски тафсирлардан эса тайёр хулосани топиш қийин. «Ал-Асас фит-тафсир» бу масалани ҳам ўрнига қўйиш ҳаракатида бўлган.

Ақийда ва дин масалалари бўйича мусулмонларнинг турли қарашлари пайдо бўлган эди. Ҳар ким ўз фикрини қўллаб, бошқаникини рад этар эди. Саъид Ҳавво раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу китобида бу масала бўйича ҳам таҳлиллар олиб борди.

«Ал-Асас фит-тафсир» асари ҳижрий 1397 йилда нашрга берилган. Унинг биринчи нашри «Дарус-Салам» наш-риёти томонидан ҳижрий 1405 – милодий 1985 йилда ўн бир жилд қилиб чоп этилган.

  1. «Ат-Тафсир ал-Мунир фил-ақидати ваш-шариъа-ти вал-манҳаж» - Ваҳба Мустафо Зуҳайлий.

Машҳур олим ва фақиҳ, доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари ўзининг биз ҳозир у ҳақда сўз юритмоқчи бўлган «Ат-Тафсир ал-Мунир» номли китобининг муқаддимасида айтишича, ушбу тафсирни ёзишга катта илмий ишларни амалга ошириб бўлганидан кейингина журъат қилган. Аввал усули фиқҳ бўйича икки жилдли катта китоб ёзган. Кейин ҳаммага машҳур бўлган «Ал-Фиқҳул-исламийю ва адиллатуҳу» деб номланган барча мазҳабларни ўз ичига олган саккиз жилдли қомусий асарини чиқарган. Олий ўқув юртларида ўттиз йил устозлик қилган. Имом Самарқандийнинг «Туҳфатул-фуқоҳа» китобидаги ҳадисларни таҳқиқ қилган. Бир минг тўрт юзга яқин ҳадисларни ўз ичига олган «Ал-Мустофа мин аҳадиси Мустофа» номли китобни ёзган. Яна бошқа ўттиздан ортиқ энциклопедик асарларни битган.

Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратлари «Ат-Тафсир ал-Мунир»нинг муқаддимасида қайд этишича, бу тафсирни ёзишдан мақсад мусулмонни ҳам, мусулмон эмасни ҳам ҳозирда бус-бутун турган ягона илоҳий ваҳий билан боғлашдир.

У киши ўз тафсирида нақл билан ақлни жамлаган. Янги ва эски мўътабар тафсирлардан фойдаланган. Шунингдек, Қуръони Карим, унинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги бошқа ёзувлардан ҳам истифода қилган.

Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий «Ат-Тафсир ал-Мунир»ни ёзишда қуйидаги режа асосида иш юритган:

  1. Қуръони Карим оятларини мавзуга қараб тақсимлаб, сарлавҳалар қўйиш.
  2. Ҳар бир суранинг умумий маъносини баён қилиш.
  3. Луғавий изоҳлар бериш.
  4. Оятларнинг нозил бўлиши ҳақидаги саҳиҳ ривоятларни келтириш. Заифларини тарк этиш.
  5. Набийлар қиссалари, Бадр ва Уҳуд жанглари каби катта Ислом ҳодисаларини энг ишончли сийрат китоблари асосида ёритиш.
  6. Тафсир ва баён қилиш.
  7. Оятлардан чиқарилган ҳукмлар ҳақида сўз юритиш.
  8. Балоғат ва эъробга оид маълумотларни келтириш.
    Тафсир осон ва равон тил билан ёзилган. Унда ҳамма нарса гўзал ва мукаммал тартиб билан келтирилгани учун, маълумотларни ўзлаштириб олиш осон.

Шайх Ваҳба Мустафо Зуҳайлий ҳазратларининг «Ат-Тафсир ал-Мунир» деб аталган ушбу тафсири ўттиз жуздан иборат бўлиб, ўн беш жилдда чоп этилган. Уттиз биринчи ва ўттиз иккинчи жузлар алоҳида ўн олтинчи жилдда бў-либ, тафсирнинг фиҳристидан (мундарижасидан) иборатдир. У орқали тафсирдаги истаган мавзуни осонлик билан топиб олиш имкони мавжуд.

  1. «Тайсирут-тафсир» - Иброҳим Қаттон.

Иордания давлатида қозилар раиси бўлиб ишлаган шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи «Тайсирут-Тафсир» деб номланган бир китоб ёзган. Китобнинг номи бизнинг тилимизга «Тафсирни осонлаштириш» деб таржима қилинади. Шунинг ўзидан муаллифнинг кўзлаган мақсади нима эканини билиб олиш қийин эмас.

Шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи ўз тафсирига ёзган муқаддимасида Қуръони Каримнинг мусулмонларга таъсири ҳақида анчагина маълумотлар келтирган. Кейин бу илоҳий Китоб нафақат мусулмонларга, балки мусулмон бўлмаган бошқа инсонларга ҳам таъсир кўрсатаётгани ҳақида сўз юритиб, Қуръони Каримдан таъсирланган ғайримусулмон кишиларнинг бу илоҳий Китоб ҳақидаги сўзларидан намуналар келтирган. Шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи бу китобида франциялик машҳур табиб Морис Букайнинг гапларига алоҳида эътибор қаратади.

Кейин доктор Мустафо Маҳмуднинг Қуръони Карим услуби ҳақидаги «Қуръон тирик мавжудотдир» деган ажойиб илмий баҳсини келтиради. Сўнг яна бир қанча қўшимча маълумотлар тақдим қилинганидан кейин бевосита тафсирни бошлайди.

Шайх Иброҳим Қаттон раҳматуллоҳи алайҳи аввал ҳар бир суранинг умумий маъносини келтиради. Кейин эса оятларни тафсир қилишга ўтади.

Бу тафсирнинг тили равон бўлиб, ўқувчининг малол олишига йўл қўймайди. Тафсир тўрт жилдда нашр қилинган.

  1. «Фи риҳабит-тафсир» - Абдулҳамид Кишк.

Шайх Абдулҳамид Кишк бу тафсирни ёзишни 1981 йилда бошлаган. Ёзиб битирилган жузларни нашрга бериб, қолганларини ёзишда давом этаверган.

Тафсирнинг муқаддимасида Қуръони Каримга оид кўпгина фойдали маълумотларни келтирган. Кейин сураларни тафсир қилишни бошлаган. Ҳар бир сурага унинг ҳақидаги алоҳида маълумотларни қўшиб, муқаддима қилган. Суралар орасидаги боғланишлар ҳақида ҳам баҳс юритган. Бир мавзудаги оятлар мажмуасига алоҳида сарлавҳа қўйган.

Шайх Абдулҳамид Кишк ўз тафсирида жуда кўп маълумотларни келтирган. Бу тафсир катта ҳажмда, саккиз жилдда чоп этилган. Биринчи жилднинг ўзи минг бетдан кўп бўлган.

  1. «Ҳидаятул-баян фи тафсирил-Қуръан» - Рошид Абдуллоҳ Фарҳон.

Муаллиф билан бўлган шахсий суҳбатда у киши бу китобни аввал девонияда одамларга тақдим қилганини, кейин эса китоб шаклида чоп этилганини айтиб ўтган эди. «Девония» Кувайтга хос сўз бўлиб, биздаги баъзи кишиларнинг улфат бўлиб, уйларида навбат билан ўтказадиган суҳбатла-рига ўхшаш мажлис у ерда шундай аталади. Фарқ шундаки, уларда бир киши уйида девония очилганини эълон қилади ва маълум кунларда кишилар мазкур девонияга келадилар. Рошид Абдуллоҳ Фарҳон жаноблари Қуръони Каримни ўз девониясига келган кишиларга тафсир қилиб берган.

Муаллиф муқаддимада ўз тафсирини ўртача қилишни, унинг олимга ҳам, илм толибига ҳам мос бўлишини ирода қилганини таъкидлаган.

Рошид Абдуллоҳ Фарҳон жаноблари ўз тафсирида изоҳга эҳтиёжи бор ҳар бир сўзни шарҳлашга ҳаракат қилган. Бунда араб тили луғат илми уламоларининг гапларидан кенг фойдаланган. Шунингдек, сўзларнинг балоғат ва фасоҳат, эъробга тегишли жойларини ҳам баён қилган.

Муаллиф ўз китобида қироатларга оид маълумотларни ҳам ўз ўрнида тушунтириб кетган. Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари ҳам баён қилинган. Шахслар ва маконларнинг номлари ҳам шарҳланган. Фиқҳий масалаларга ҳам керагича аҳамият берилган.

Рошид Абдуллоҳ Фарҳон жаноблари ўз тафсирларини ёзишда кўплаб мўътабар манбалардан фойдаланганлар.

Китоб 1993 йилда тўрт жилдда чоп этилган.

  1. «Ат-Тафсирул-Кашиф» - Мухаммад Жавод Мағния.

Бу тафсир шиа мазҳабидаги мўътадил замонавий тафсирнинг намунасидир. Тафсир муаллифи Муҳаммад Жавод Мағния бир неча китоблар нашр қилганидан сўнг ушбу тафсирни таълиф қилган. Тафсир осон, равон тил билан замонавий услубда ёзилган. Муаллиф ҳозирги замон ўқувчисига Ислом ва Қуръон ҳақиқатини англатишга ҳаракат қилган. Уларнинг ҳозирги замон талабларига қандай жавоб беришини ёрқин мисоллар билан кўрсатган.

Оят ёки оятлар мажмуасини келтиргандан кейин аввал луғатга оид баҳс юритган, кейин эъробни баён қилган, сўнгра умумий маънони айтган.

«Ат-Тафсирул-Кашиф» етти жилдда чоп этилган.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Қуръони Карим маъноларининг таржимаси

2021 йил 30 март куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари иштирокида Рамазон ойи ҳилолини кузатишга тайёргарлик кўриш бўйича онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ершат Онгаров, Қирғизистон мусулмонлари идораси аппарати бошлиғи Кадирбердиев Абибулла ва бир гуруҳ уламолар иштирок этди.

Давра суҳбатида уламолар Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда жорий йилда Шаъбон ойининг охири ва Рамазон ойининг ҳилолини кузатиш юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ершат Онгаров минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, шаръий эҳтиёжларини қондириш ва уламоларнинг ҳамфикрлилигини йўлга қўйишда машварат йўли билан иш тутишда ижобий натижаларга эришилаётганини билдирди.

Ҳомиджон Ишматбеков Рамазон ойи мўмин-мусулмонларни учун энг улуғ мавсум эканини билдирган ҳолда Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифлари асос қилиб олинганини изоҳлади. Ҳанафий мазҳабига кўра, дунёнинг қайси ерида янги ҳилол кўрингани маълум бўлса, шу ҳилол эътиборга олиниши мўътабар манбаларда баён этилганини қўшимча қилди.

Мулоқотда Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари идоралари уламолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси “Абу Ҳанифа” масжидини рўйхатдан ўтказиб, бу тўғридаги гувоҳномани жоме ходимларига топширди.

Янги масжид Бойсун тумани марказидан 60-65 км узоқликда жойлашган “Деҳибало” маҳалласида фаолият бошлади.
Жоменинг хонақоҳи 500 намозхонни сиғдиради. Кундалик беш вақт намозларда 60-70 нафаргача, жума намозларида 300 нафар намозхон ибодатларини адо этиш имконига эга бўлди. Масжид ҳовлисида имом-хатиб ва қоровулхона ўрин олган. Келгусида бошқа маъмурият хоналари ҳам қуриш режа қилинган.

Дастлаб жоме саҳоватпеша инсонлар кўмаги ва “Деҳибало” ва “Хўжайбод” маҳаллалари аҳли ҳашар йўли билан қурилган. Аммо кейинчалик таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Шу боис ҳудуд аҳли 2018-2020 йиллларда масжидни тўлиқ таъмирдан чиқарди.

Маълумот учун, шу билан Республикамиздаги масжидлар сони 2087 тага, Сурхондарё вилоятида эса 119 тага етди.

Аллоҳ таоло ушбу масжидларни қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини насиб қилсин, унинг қурилиши ва фаолиятини йўлга қўйишига ҳисса қўшганлардан Ўзи рози бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Намозни ўз вақтида адо этиш

Мусулмон киши икки намозни жамлаб, яъни бир намозни кечиктириб, иккинчисига яқин вақтда ўқишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки бу иш бора-бора гуноҳи кабирага айланиб қолади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сабабсиз икки намознинг вақтини жамлаб ўқиган киши гуноҳи кабиранинг эшигига келибди”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Ким бу ишни узрсиз кўп такрорласа, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлади. Ояти каримада:

﴿ٱلَّذِينَ هُمۡ عَن صَلَاتِهِمۡ سَاهُونَ٥

«Бас, шундай намозхонлар ҳолига войки, улар намозларини "унутиб" қўядилар» (Моъун, 5), дейилган.

Мўминлар намозларини ўз вақтида адо этишга шижоат билан ҳаракат қилишлари керак.

Оятда улар “намозхонлар” деб номланди. Бироқ намозга бепарволиклари ва ўз вақтидан кечиктирганлари сабабли уларга вайл билан таҳдид солинди. Вайл – шиддатли азобдир. “Вайл” жаҳаннамдаги водий бўлиб, агар унга дунёдаги тоғлар туширилса, ҳарорати юқорилигидан эриб кетади. У намозга бепарво бўлган ва уни вақтидан кечиктириб ўқиган кимсалар масканидир. Фақат Аллоҳга тавба қилиб, илгариги эътиборсизлигига надомат чекканлар бундан мустаснодир.

Ояти каримада:

﴿فَإِذَا قَضَيۡتُمُ ٱلصَّلَوٰةَ فَٱذۡكُرُواْ ٱللَّهَ قِيَٰمٗا وَقُعُودٗا وَعَلَىٰ جُنُوبِكُمۡۚ فَإِذَا ٱطۡمَأۡنَنتُمۡ فَأَقِيمُواْ ٱلصَّلَوٰةَۚ إِنَّ ٱلصَّلَوٰةَ كَانَتۡ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ كِتَٰبٗا مَّوۡقُوتٗا١٠٣

«Намозни адо этиб бўлганингиздан сўнг турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда (ҳам доимо) Аллоҳни ёд этинг! (Ёв хавфидан) хотиржам бўлсангиз, намозни (мукаммал) адо этинг. Зеро, намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз деб) битилгандир» (Нисо, 103), дейилган.

Ояти каримадаги “ёд этинг” лафзидан мурод “намоз ўқинг”дир, деган тафсир ҳам бор. Демак, намозни аввало тик туриб ўқиш, унга қодир бўлмаса, ўтириб, унга ҳам мажоли етмаса, ётган ҳолда имо-ишора билан ўқиш жоиздир (“Тафсири Қуртубий”, 3-жилд, 220-б.).

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Қайси амал Аллоҳга севимлидир?” деб сўраганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Вақтида ўқилган намоз!” дедилар. Ибн Масъуд яна: “Кейин-чи?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ота-онага яхшилик қилиш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Намозни зое қиладиганлар тўғрисида Аллоҳ таоло бундай хабар берди:

﴿۞فَخَلَفَ مِنۢ بَعۡدِهِمۡ خَلۡفٌ أَضَاعُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَٱتَّبَعُواْ ٱلشَّهَوَٰتِۖ فَسَوۡفَ يَلۡقَوۡنَ غَيًّا٥٩ إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يَدۡخُلُونَ ٱلۡجَنَّةَ وَلَا يُظۡلَمُونَ شَيۡ‍ٔٗا٦٠

“Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, тавба билан имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям, 59–60).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай деди: “Намозни зое қилган” дегани, уни бутунлай тарк этган дегани эмас, балки намозни вақтидан кечиктириб ўқиган, деганидир.

Тобеинлар имоми Саид ибн Мусайяб (розияллоҳу анҳу) оятдаги “намозни зое қилувчилар”дан мурод: “Аср бўлмагунча пешинни ўқимайдиган, асрни шомгача, шомни хуфтонгача, хуфтонни бомдодгача, бомдодни то қуёш чиққунча ўқимайдиган кишилар”, деган.

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан намозларини “унутиб” қўядиган кимсалар ҳақида сўрагашганида: “У – вақтни кечиктириш (яъни, намозни вақтидан кечиктириб ўқиш)”, дея жавоб берган.

Аллоҳ таоло яна бир оятда:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لَا تُلۡهِكُمۡ أَمۡوَٰلُكُمۡ وَلَآ أَوۡلَٰدُكُمۡ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِۚ وَمَن يَفۡعَلۡ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡخَٰسِرُونَ٩

“Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир”(Мунофиқун, 9), дейди.

Ойша (розияллоҳу анҳо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) то Аллоҳ жонларини олгунича намозни охир­ги вақтида ўқимадилар” (Имом Ҳоким ривояти).

Ривоят қилинишича, ким намозни вақтида ўқиган, таҳоратни мукаммал олган, қиём, хушу, руку ва саждаларини комил қилган бўлса, намоз оппоқ, нурафшон бўлиб чиқиб кетади ва “мени сақлаганингдек, Аллоҳ ҳам сени сақласин”, дейди. Ким уни вақтидан бошқа пайтда ўқиса, таҳоратни тўлиқ олмаса, хушу, руку ва саждаларини комил қилмаса, намоз қоп-қора, зулматли бўлиб чиқиб кетади ва “мени зое қилганингдек, Аллоҳ ҳам сени зое қилсин”, дейди. Ҳатто, Аллоҳ хоҳлаган жойга етгач, худди эски кийимга ўхшаб ўралади-да, унинг юзига урилади.

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа одамнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди: қавм уни ёқтирмаса-да, уларга имомлик қиладиган киши; намозга орқа томондан келадиган (яъни намозни вақти ўтганидан кейин ўқийдиган) киши; ўзи озод қилган одамни яна қул қилиб олган киши”, дедилар» (Абу Довуд ва Ибн Можа).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Агар қиёмат куни бўлса, Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига бир кишини олиб келишади. Шунда Аллоҳ уни дўзахга ташлашни буюради. “Ё Рабб, нима учун?” деб сўраганида, Аллоҳ таоло: “Намозни вақтидан кечиктирганинг ва Менинг номим билан ёлғон қасам ичганинг учун”, дейди».

Ривоят қилинишича, салафлардан бири ўлган синглисининг жанозасида ҳозир бўлди. Унинг пул солинган ҳамёни маййитнинг қабрига тушиб кетди ва буни ҳеч ким сезмади. У қабр олдидан кетгач, ҳамёнини эслади ва изига қайтди. Одамлар тарқаб кетганидан кейин қабрни кавлади, унда алангаланиб турган оловни кўриб, қабрни қайтадан кўмиб қўйди. Кейин онасининг олдига йиғлаб, маҳзун ҳолда қайтиб келди-да: “Эй онажон, синглим нима иш қилар эди, менга айтиб беринг”, деди. “Нимага сўраяпсан?”, деган онасига: “Унинг қабрида алангаланиб турган оловни кўрдим”, дея жавоб берди. Шунда онаси йиғлади ва: “Эй ўғлим, синглинг намозга бепарво эди ва уни вақтидан кечиктириб ўқирди”, деди.

Намозни вақтидан кечиктириб ўқиган кишининг ҳоли шу бўлса, умуман намоз ўқимайдиган кимсанинг аҳволи не кечар экан?!

Мўмин киши Аллоҳ таолодан намозларни вақтида ўқишга муваффақ қилишини сўрасин. Албатта, У сахий, мурувватли Зотдир.

 

Жамоат намози

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқдир”, дедилар» (Имом Бухорий, Молик, Муслим, Термизий ва Насоий).

Киши намоз ўқиса ва бу билан Аллоҳ розилигини талаб этса, унда нима учун жамоатга қўшилмай, ўзи (якка) уйида ўқийди?! Ақлли киши ҳеч қачон кам нарсани кўп нарсадан устун қўймайди. Айниқса, бу нарса Ислом дини арконларидан муҳими бўлганидан унга кўпроқ аҳамият беришимиз лозим.

Бизлар эса гоҳо арзимас нарса ёки манфаатга эга бўлиш учун қанчадан-қанча водийларни кесиб ўтиб, бир қанча жамиятлар сафига кирамиз. Аммо қўлимизга илиниши осон бўлган диний манфаатларга юзланмаймиз. Аллоҳнинг йигирма етти марта кўпаядиган савоби нафсларимизга оғир келади. Жамоатга ҳозир бўлиб, намозни вақтида адо этишдан моддий машғулот ҳамда тижоратларимиз тўсиб қўяди. Аммо Аллоҳ шиорларини улуғлаб, Унинг ваъдасига ишониб, Унинг савобидан умидвор бўлиб, ҳисоб-кито­бини пухта қилган кишиларни бу вожибни адо этишдан турли сабаблар, узрлар тўса олмайди.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:

﴿فِي بُيُوتٍ أَذِنَ ٱللَّهُ أَن تُرۡفَعَ وَيُذۡكَرَ فِيهَا ٱسۡمُهُۥ يُسَبِّحُ لَهُۥ فِيهَا بِٱلۡغُدُوِّ وَٱلۡأٓصَالِ٣٦ رِجَالٞ لَّا تُلۡهِيهِمۡ تِجَٰرَةٞ وَلَا بَيۡعٌ عَن ذِكۡرِ ٱللَّهِ وَإِقَامِ ٱلصَّلَوٰةِ وَإِيتَآءِ ٱلزَّكَوٰةِ يَخَافُونَ يَوۡمٗا تَتَقَلَّبُ فِيهِ ٱلۡقُلُوبُ وَٱلۡأَبۡصَٰرُ٣٧

«(У чироқ) кўтарилишига (қурилишига) ва уларда ўзининг номи зикр қилинишига Аллоҳ изн берган уйларда (масжидларда)дир. У (масжид)ларда эртаю кеч Унга тасбеҳ айтадиган кишилар бор, уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳнинг зикридан, намозни баркамол адо этишдан ва закот беришдан чалғита олар. Улар диллар ва кўзлар изтиробга тушиб қоладиган кун (қиёмат)дан қўрқурлар» (Нур, 36–37).

“Саҳобалар қиссаси” китобида зикр қилинганидек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари азон эшитишганида, уни улуғлаб, намозга муштоқ бўлишар эди. Солим Ҳаддод (розияллоҳу анҳу) тижоратчи эди. Ҳар гал азонни эшитганида ранги сарғайиб кетар эди. Шу заҳоти молларию дўконларини ташлаб, масжидга юрарди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ва бозорда ўқиган намозидан йигирма беш марта кўпроқдир. Агар ана шу киши таҳоратини чиройли қилиб, масжидга фақат намоз ўқишни ният қилиб чиқса, ҳар бир қадамига даражалари кўтарилиб, хатолари ўчирилади. Фаришталар у кишига салавот айтишда бардавом бўлади. Агар ўша киши намозхонасида таҳоратли ўтирса, намозхонлар намозга интизор бўлиб, бу ишда бардавом бўлса, фаришталар: “Аллоҳ, уларга салавот йўлла ва раҳм қил”, деб айтади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Ибн Можа).

Ҳадислардан билдик, жамоат билан ўқилган намоз якка ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир. Аммо у бу ҳадисда йигирма беш бараварга ишора қилиняпти. Уламолар наздида, бундай фарқнинг бир неча сабаблари бор. Улар ҳадислар шарҳида зикр қилинган. Бу фарқлар кишиларнинг турли ҳолати билан боғлиқ. Ихлосига қараб, йигирма етти даража ёзиладиган одамлар бор. Ва улардан йигирма беш даража ёзиладигани бор. Баъзиларнинг фикрича, бу намоздаги хилма-хилликка биноандир. Масалан, махфий намозларда йигирма беш даража бўлса, жаҳрий намозларда йигирма етти даражадир. Баъзилар эса, бомдод ва хуфтон намозларига йигирма етти даража, дейди. Одатда, бу икки намоз кишиларга машаққатлидир. Аммо қолган намозларга йигирма беш даража берилади.

Баъзи олимлар бунинг сабаби умматга хос илоҳий раҳмат бўлиб, бу уммат доимо яхшидан яхшироққа кўтарилади. Бас, шундай экан, йигирма бешдан йигирма етти даражага тараққий этиб юксалаверади, дейишади.

Демак, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ишора қилган нарсаларга фикрни йўналтириш лозим. Жамоат билан ўқилган намозда қай даражада катта савобларга эришиш мумкинлиги очиқ-равшандир. Қаранг, уйида таҳорат қилиб, сўнгра масжидга чиқса, ҳар бир қадами учун савоб ёзилиб, ёмонликлари ўчирилади.

Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Масжид ёнида бир жой бўшаб қолганида, Бани Салама қавми масжид ёнидаги (ҳовлига) кўчишни хоҳлади. Бу хабар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га етганида: “Менга хабар етишича, сизлар масжид яқинига кўчаётган экансизлар”, деганларида, улар: “Ҳа, биз шуни хоҳладик, ё Расулуллоҳ”, дейишди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Бани Салама, сизлар уйларингизда қолинглар, (масжид сари) қадамингизга (ҳасанот) ёзилади”, дедилар. Шунда улар: “Энди яқин жойга кўчиш бизни хурсанд қилмайди”, дейишди».

Имом Муслим ривояти ҳам худди шу маънода келган, фақат охирида “Ҳар бир қадамингиз учун даража бордир” калимаси зиёда қилинган.

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Кимни эртага мусулмон ҳолида Аллоҳга йўлиқиш хурсанд қилса, (азон) чақирилган пайтдаги намозларини сақласин. Чунки Аллоҳ таоло Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун ҳидоят йўлларини шариат қилди. Шу намозлар ўша ҳидоят йўлларидандир. Агар уйида қолиб ўқувчилар каби сизлар ҳам уйингизда ўқисангиз, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатини тарк қилсангиз, залолатга кетасиз”.

Бир киши чиройли таҳорат олиб, масжидлардан бирортасига борса, Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ҳасанот ёзиб, даражасини кўтаради ва ёмонликларини ўчиради. Намозни фақат қилмишлари ошкор бўлган мунофиқларгина кечга суради. Мўмин агар икки киши ёрдамида бўлса ҳам, уни қоим қилиб, сафда туради.

Бошқа ривоятларда: “Намозни фақат нифоқи билинган мунофиқ ёки касал кишигина кеч қолдиради. Мўмин киши икки одам ёрдамида юриб бўлса ҳам, намозни қоим қилсин”, деб айтилган.

“Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга ҳидоят йўлларини ўргатдилар. Ана ўша ҳидоят йўлларидан бири азон айтиладиган масжидда ўқилган намоздир” (Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Саҳобалар жамоатга жуда қаттиқ аҳамият беришарди. Ҳатто касал киши беморлигига қарамай, қодир бўлганича жамоатга интилар эди. Агар мажбур бўлиб қолса, икки кишининг ёрдамида бўлса ҳам, жамоатга келар эди. Ахир саҳобалар жамоат намозига нега аҳамият бермасин, нега жамоатга шошишмасин. Чунки саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто қаттиқ касал бўлганларида ҳам жамоатга ана шундай аҳамият берганлар-ку!

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтди: «Мен сизларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитган бир ҳадисни айтиб бераман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўриб тургандек Унга ибодат қилинглар. Агар Уни кўрмасангиз, У сизларни кўриб туради. Ўзингизни ўликлардан, деб ҳисобланг. Мазлумнинг дуосидан қўрқинг, чунки у ижобат қилинади. Сизлардан ким бўлмасин хуфтон ва бомдод намозига судралиб юриб борса ҳам, унда иштирок этсин”, дедилар» (“Ат-тарғиб ват­тарҳиб”, 295-б.).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиққа энг оғири хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар сизлар (у икковидаги савобни) билганларингизда, эмаклаб бўлса ҳам келар эдингиз”, дедилар» (“Ат-тарғиб ват-тарҳиб”, 297-б.).

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ учун олдин такбири таҳримага етиб, қирқ кун жамоат билан намоз ўқиса, унга икки четлатиш ёзилади. Биринчиси – дўзахдан четлатиш, иккин­чиси – нифоқдан четлатиш”, дедилар» (Имом Термизий).

Умар (розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: “Ким масжидда жамоат билан хуфтон намозини бирор ракатини қолдирмай ўқиса, Аллоҳ ўша намози ила дўзахдан озод, деб ёзади”, дейилган. (Ибн Можа).

Яъни, ким ихлос ва чиройли ният билан илк такбирни (такбири таҳрима) ўтказмасдан, намознинг бошидан имомга иқтидо қилиб қирқ кун намоз ўқиса, дўзахга кирмайди ҳамда мунофиқлардан саналмайди. Чунки мунофиқлар Исломни кўз-кўз қилиб, куфрни беркитади.

Йил давомида намозларини жамоат билан адо этиб, илк такбирни ўтказиб юбормайдиган бахтли кишиларнинг дунё ва охиратдаги насибалари қандай ҳам яхши!

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чиройли таҳорат олиб, сўнгра масжидга борса-ю, у ерда кишиларни намоз ўқиб бўлган ҳолларида топса, Аллоҳ таоло вақтида ўқиганларнинг ажридек савоб беради. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмас”, дедилар» (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким. Бу ҳадис Имом Муслимга бино­ан саҳиҳдир).

Саид ибн Мусайяб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ансорлардан бир кишига ўлим яқинлашганида, “Мен сизларга бир ҳадис айтиб бераман. Уни фақат савоб умидида айтаман. Уни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким чиройли таҳорат қилиб... (деб ҳадис давомида) масжидга келиб, жамоат билан намоз ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади. Ким масжидга келса-ю, баъзи ракатларини ўқиб бўлишганини кўрса, у киши қолганини ўқиб олса, унинг ҳам савоби ўшаларникидекдир. Агар ким масжидга келса-ю, улар ўқиб бўлган бўлса, (кеч қолган киши) намозини ўқиса, унинг савоби ҳам ўшаларникидекдир”, дедилар”, деди» (Абу Довуд).

Бир кишининг хоҳ намозга етишсин, хоҳ етишмасин, саъй-ҳаракат қилишининг ўзига ажр берилиши Аллоҳ таолонинг бандаларига улуғ неъмати ҳамда чиройли фазл-марҳаматидир. Модомики, у киши намозга ҳаракат қилиб етишар экан, ажр бўлиши учун шунинг ўзи кифоя.

Агар биз бу ажрларга етишишда ва савоб ҳосил қилишда ўша неъмат ва марҳаматдан (дангасалик билан) узилиб қолар эканмиз, ўзимизга катта зарар қилган бўламиз. Бу ҳадисдан равшан бўлди, намоз тугади, деб масжидга бормаслик яхши эмас. Балки у ерга (кечикиб бўлса ҳам) бориб, ажрга етишиш керак. Аммо ишонч билан (вақт ўтганини билсак), унда (бормасликнинг) зарари йўқ.

Қуддус ибн Ашийм Лайсийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки кишининг бири имомликка ўтиб ўқиган намозлари Аллоҳ ҳузурида кетма-кет ўқилган тўртта намоздан яхшироқдир. Ва тўрт кишининг бири имомга эргашиб ўқиган намозлари Аллоҳ ҳузурида кетма-кет ўқилган саккизта намоздан яхшироқдир. Ва саккиз кишининг бири имомга ўтгандаги ўқиган намозлари юзта кетма-кет ўқилган намоздан яхшироқдир”, дедилар» (Имом Табароний).

Баъзилар масжидга бормай, бир неча киши жамланиб, дўконми ёки бошқа бир жойдами, жамоат бўлиб ўқиса, бўлаверади, деб гумон қилади. Бундай қилиш хатонинг ўзгинасидир. Биринчидан, улар масжид ва жамоатнинг катта савобларидан маҳрум бўлади. Чунки кўп жамоат Аллоҳга оз жамоатдан севимлидир. Бошқа томондан, биз Аллоҳнинг розилигини талаб қилар эканмиз, Унинг ҳузурида мақбул йўлни танлашимиз керак.

Юртимизда мўмин-мусулмонлар учун қурилган кўплаб масжидлар ҳам кишиларнинг ибодатларни эмин-эркин адо этишлари учун улкан имкониятдир. Шундай чиройли ва ажойиб масжидлар бўлатуриб, ҳар ким хоҳлаган жойида тўпланиб, намоз ўқиши ярамайди. Зеро, намоз учун таҳорат қилиш лозим. Шу билан бирга, таҳоратнинг ўзига яраша фарзлари, вожиблари, суннатлари бор. Масжидларимизда мана шу аҳкомларга тўлиқ риоя қилиш учун имкониятлар етарли.

Саҳл ибн Саъд Саъидий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қоронғида масжидга борувчиларга қиёмат куни мукаммал нур бўлиши хабарини хурсандлик ила билдирдилар” (Ибн Можа, Ибн Ҳузайма, Ҳоким. Бу ҳадис икки шайх шартига биноан саҳиҳдир).

Шунингдек, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир кўзи ожиз киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Аллоҳнинг Расули! Мени масжидга олиб борадиган ёрдамчи йўқ”, деди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уйида намоз ўқишга рухсат сўради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга рухсат бердилар. Ёрдамчига эга бўлганидан кейин уни чақиртириб: “Уйингга азон эшитилади­ми?” деб сўрадилар. У: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, жамоат намозига чиқ!”, дедилар» (Имом Муслим).

Абу Умомадан қилинган ривоятда: “Қоронғида масжидга борувчиларга қиёмат куни нурдан минбар бўлишининг хабарини хурсандлик ила етказ. Кишилар қўрққанида улар қўрқишмайди”, дейилган (Имом Табароний).

Қоронғида масжидга боришга қийналамиз-у, лекин унинг фойда ва самараларини, иншааллоҳ, қиёмат даҳшатлари пайтида кўрамиз. Кечаси масжидга бориб орттирган баъзи қийинчилик ва машаққатларимиз нурдан бўлган гумбаз ва нур сочувчи қуёшга айланиб қолади. Қиёмат зулумотида қаерга борсак, у нур ҳам биз билан бирга юради.

Албатта, динимиз таълимотлари ва кўрсатмаларига мувофиқ доимо масжидга қатнаш ва жамоатни топиш ажрни янада кўпайтиради. Айни пайтда бу иш бандаларга улкан савоблар ва фойдалар келтиради. Шак-шубҳа йўқ, бу манфаатлар моҳиятини англаш қийин. Бирор киши бу раббоний сирлар ва нозик илоҳий савобларни кўриши мумкинми? Лекин биз шулардан имкониятимиз доирасида насиба олдик. Уламолар жамоатда иштирок этиш фойдаларини қандай билган бўлишса, ўшандай қилиб бизга етказишди.

Ўз оти билан “саждагоҳ” деб ном олган масжидларимиз ҳақига риоя қилайлик. Намозларни тўғри келган жойда эмас, балки масжидларда, саждагоҳларда жамоат билан адо этишга интилайлик!

 

Истиқоматда бўлиш

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқманг ва ғамгин ҳам бўлманг! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинг! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингизмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон Зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир”. Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонларданман”, деган кишидан кўра ким чиройлироқ сўзловчидир?!» (Фуссилат, 30–33)

“Тўғри бўлган зотлар” қандай кишилар экани тўғрисида турли фикрлар айтилган. Масалан, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Сўзи билан иши бир бўлган одамлар”, деса, Умар (розияллоҳу анҳу): “Мунофиқлик қилмайдиганлар”, деган. Усмон (розияллоҳу анҳу): “Амални ихлос билан адо этувчилар”, деса, Али (розияллоҳу анҳу): “Фарз амалларни бажариб юрувчилар”, деган. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айрим саҳобалардан ушбу “тўғри бўлиш” (арабчаси “истиқомат”) нима?” деб сўраганида улар: “Гуноҳ қилмаслик”, деб жавоб берган. Шунда у: “Жуда қийин ишга айлантириб юбордингиз. Ундай эмас, балки имон келтирганидан кейин қайта бут ва санамларга ибодат қилиб, ширкка қайтмаслик”, деб жавоб берган экан, (“Мадорикуттанзил ва ҳақоиқуттаъвил”, 288-б.).

Фуссилат сураси 31-оятни мисрлик муфассир шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий (ваф. 1997 й.) бундай тафсир қилган: “Замонавий фан ютуқлари энг авжига чиққанда ҳам кўнгил тусаган нарсани махсус тугмачани топиб босмагунча муҳайё қила олмаслар. Жаннатда эса, кўнгилга келтирилса бас, у муҳайёдир. Жиҳозга ҳожат йўқ”.

Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига кирдим ва у кишини жуда хурсанд ҳолда кўрдим, сўнг бунинг сабабини сўрадим. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нега хурсанд бўлмайин, Жаброил (алайҳиссалом) ҳозиргина ҳузуримдан чиқиб кетди. У: “Аллоҳ мени сизга хушхабар бериш учун юборди. Агар умматингиздан бирор киши сизга битта салавот айтса, Аллоҳ ва фаришталар унга ўнта салавот айтади”, деди”, дедилар».

Юқорида келтирилган оятларнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: «Бу оят Абу Бакр Сиддиқ ҳақида нозил бўлган. Мушриклар: “Парвардигоримиз Аллоҳдир ва фаришталар Аллоҳнинг қизларидир”, деди. Яҳудийлар эса: “Парвардигоримиз Аллоҳдир, Узайр Аллоҳнинг ўғлидир ва Муҳаммад пайғамбар эмасдир”, деди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) эса: “Парвардигоримиз Аллоҳдир ва У ягона бўлиб, Унинг шериги йўқдир ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир”, деди-да, ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда бардавом бўлди. Оятнинг маъноси: “Улар Аллоҳнинг ягоналигига иқрор бўлади ва Унга шериклар, хотин ва болаларни нисбат бермайдилар. Сўнгра Аллоҳга тоат-ибодатда қоим бўладилар ва фарзларни адо этадилар. То вафот этгунларича динда холис бўладилар”, деганидир».

Баъзилар: “Истиқомат – тўғри бўлиш зоҳирда ва ботинда бўлади. Зоҳирдагиси Аллоҳ буюрган амрларга бўйсуниш, қайтарганларидан четланиш, ботиндагиси имон келтириб, тасдиқлашдир”, деган.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан истиқомат ҳақида сўрашганида: “Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмаслигинг”, деб жавоб берган. Умар (розияллоҳу анҳу): “Истиқомат – амру наҳийларда тўғри туришинг, тулкилар ҳийласи каби ҳийла қилмаслигинг”, деган. Усмон (розияллоҳу анҳу) истиқомат тоат-ибодатни ихлос билан қилиш, деб изоҳлаган. Али (розияллоҳу анҳу) эса: “Истиқомат – фарзларни адо этишинг”, деган.

Аҳли ҳақларнинг баъзилари айтишича, “истиқомат, яъни тўғри туриш уч хилдир: тил билан тўғри туриш; қалб билан тўғри туриш, яъни шаҳодат калимасида бардавом бўлиш: ихлос билан тўғри туриш, яъни, тоат-ибодатда давомли бўлиш”. Баъзилар айтади: “Истиқомат тўрт нарса билан бўлади. Амрнинг муқобилида тоат-ибодат билан, наҳийнинг муқобилида тақво билан, неъматнинг муқобилида шукр билан, жаннатнинг муқобилида сабр билан. Бу тўрт нарса бошқа тўрттаси билан комил бўлади: тоат ихлос билан, тақво тавба билан, шукр ожизлигини билиш билан, сабр Аллоҳ йўлида нафсни ўлдириш билан”.

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: «Истиқоматнинг аломати ўнта нарсада кўрилади. Биринчиси, тилни ғийбатдан сақлаш, зеро, Қуръонда ғийбат ҳаром экани баён қилинган. Иккинчиси, ёмон гумондан сақланиш, зеро, Қуръонда гумондан четланиш буюрилган, гумонларнинг баъзиси гуноҳ экани таъкидланган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёмон гумондан сақланинглар, чунки у сўзларнинг энг ёлғонидир”, деганлар. Учинчиси, масхара қилишдан четланиш. Қуръони каримда бир қавм бошқа бир қавмни масхара қилмаслиги буюрилган, масхара қилинаётган қавм масхара қилаётган қавмдан яхшироқ бўлиши мумкинлиги таъкидланган. Тўртинчиси, кўзларни номаҳрам аёлларга қарашдан тийиш. Аллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30). Бешинчиси, рост сўзлаш, олтинчиси, Аллоҳ йўлида садақа қилиш, зеро, Аллоҳ таоло: “Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз!” (Бақара, 267), деган. Еттинчиси, исроф қилмаслик, саккизинчиси, кибрланмаслик, тўққизинчиси, беш вақт намозни вақтида адо қилиш ва ўнинчиси, аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам тутиш».

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Мўминнинг қалбидаги имон етти шохли дарахтга ўхшайди. Шохларининг биттаси қалбда бўлиб, унинг меваси тўғри ниятли бўлиш. Иккинчиси, тилда бўлади, унинг меваси тўғрисўзликдир. Учинчиси, икки оёқда бўлиб, меваси жамоат намозига боришдир. Кейингиси икки қўлда бўлиб, унинг меваси садақа қилишда кўринади. Бешинчиси, кўздадир, унинг меваси ибратли нарсаларга қараш билан бўлади. Олтинчиси, қоринда бўлади, унинг меваси ҳалолдан еб, шубҳали нарсаларни тарк этишдир. Еттинчиси, нафсда бўлиб, меваси шаҳватлардан тийилишдир”.

Хабарларда келишича, қиёмат куни барча махлуқотлар қабрларидан туради. Фаришталар мўминлар олдига келиб, улар устидаги тупроқни қоқади. Уларнинг пешонасидан бошқа жойининг тупроғи тушиб кетади. Фаришталар бу ўринни ҳам артади, аммо тупроқ кетмайди. Шунда уларга нидо қилинади: “Эй фаришталар! Бу тупроқлар қабрдаги тупроқ эмас, балки уларнинг меҳробларидаги тупроқдир. Уларни Сирот кўпригидан ўтиб жаннатга киргунларича шу ҳолатда қолдиринглар, токи уларга қараганлар Менинг хос бандаларим эканини билишсин”.

Башорат-хушхабар берувчилар учтадир. Бу дунёда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат берганлар. Қуръони каримда: “...сабр қилувчиларга хушхабар беринг” (Бақара, 155), дейилган. Жон олиш вақтида фаришталар башорат беради. Зеро, Қуръони каримда келишича, фаришталар мўминларга ўлимлари вақтида: “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!” (Фуссилат, 30), дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур” (Тавба, 21), деган.

Хушхабар бериш беш хил бўлади. Биринчиси, мўминлар оммаси учун. Уларга: “Сизлар азобда абадий қолишдан қўрқманглар, сизларни пайғамбарлар ва солиҳ кимсалар шафоат қилади, савобларни бой бериб қўйганингиздан ғамгин бўлманглар, борадиган жойингиз жаннат бўлиши хушхабари билан шодланинглар”, дейилади. Иккинчиси, ихлос билан амал қилгувчилар учун бўлиб, уларга: “Амалларингиз рад қилинишидан хавфсираманглар. Чунки амалларингиз мақбулдир. Савобларни қўлдан бой берганингизга ғамгин бўлманглар, сизларнинг савобларингиз бир неча бор зиёда қилинади”, дейилади. Учинчиси, тавба қилувчилар учун, уларга: “Гуноҳларингиздан хавфсираманглар, чунки сизларнинг гуноҳларингиз мағфират қилингандир. Савобларингиз камлигидан ғамгин бўлманглар, чунки гуноҳларингиз савобларга айлантирилгандир”, дейилади. Тўртинчи хушхабар зоҳидлар учун аталган. Уларга: “Ҳашр ва ҳисоб-китобдан хавфсираманглар ва ҳисобсиз, азобсиз жаннатга кириш хушхабари билан шодланинглар”, дейилади. Бешинчиси, одамларга яхшиликларни таълим берган ва илмига амал қилган олимлар учун. Уларга: “Қиёмат даҳшатларидан хавфсираманглар. Чунки сизлар амал қилганингиз эвазига мукофотланасиз. Сизлар ва сизларга эргашганларга аталган жаннатлар хушхабари билан шодланинглар”, дейилади.

Умри охири башорат-хушхабар билан якунланган кимсалар нақадар бахтлидир. Башорат фақатгина амалида ихлосли ва бардавом бўлган мўминларга берилади. Улар олдига фаришталар келади. Шунда мўминлар: “Сизлар кимсизлар, биз сизлардан гўзалроқ ва хушбўйроқ кимсаларни кўрмаганмиз”, дейишади. Фаришталар: “Биз сизларнинг дўстларингизмиз, яъни бу дунёда амалларингизни ёзиб, сизларни ҳимоя қилиб турдик”, дейди.

Оқил кимса ғафлатдан уйғониши керак. Уйғонишнинг аломати тўрт хил бўлади: биринчиси – дунё ишларини қаноат билан тадбир қилиш; иккинчиси – охират ишларига ҳарислик билан ёндашиш; учинчиси – дин ишларини илм ва ижтиҳод билан бажариш; тўртинчиси – халқнинг ишларида насиҳат, муҳаббат ва юмшоқлик билан тадбир қилиш.

Қуйидаги беш хислатга эга бўлганлар одамларнинг яхшиси ҳисобланади: ибодатда қоим бўлганлар; зоҳирда ҳам, ботинда ҳам ихлосли бўлганлар; одамларга ёмонлик қилмайдиганлар; одамларнинг қўлидаги нарсадан умидвор бўлмаганлар ва ўлимга тайёргарлик кўрган кишилар.

Яҳё ибн Муоз айтади: “Мустақим тургувчининг бир қанча аломатлари бор: Аллоҳга тоат-ибодат қилишга саъй-ҳаракат этиш, оммага таъмасиз насиҳат қилиш, қўрқув билан ибодат қилиш, дунёда кўраётган нарсаларидан шаҳватсиз ибрат олиш, охират ҳақида ғафлатсиз тафаккур қилиш. Кимда ушбу сифатлар бўлса, ўлим олдидан унга бахт-саодат ва жаннат хушхабари берилади”.

Мусулмон киши Аллоҳга итоат қилиб, Расулига “Лаббай” деб ва раҳбарларга итоат қилиши билан истиқоматда барқарор бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ҳақиқий истиқоматда бардавом айласин, омин!

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

БЕШИНЧИ ВАСИЯТ:

Яширин ва ошкора ҳолатларда ҳам Аллоҳдан қўрқиш;

Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш;

Шайтонга осий бўлиш – мўминнинг сифати;

Шаётоннинг адовати;

Ҳар йили Рамазони шариф кириб келиши билан юртимиз масжидлари хатми Қуръон садолари ила бурканади. Намозхонлар жомелардаги таровеҳ намозларида ўқиладиган Қуръон тиловатига бутун вужуди билан соме бўлиб, улкан ажру савобга эга бўлади ва руҳий-маънавий озуқа олади.

Бу йилги таровеҳ намози ва Қуръон хатми лаззатини мўмин-мусулмон халқимиз ўзгача соғинч, интизорлик ва шавқ билан кутмоқда. Боиси, ўтган йили коронавирус пандемияси сабаби бу улуғ неъматдан бахраманд бўлолмадилар.

Инша Аллоҳ, бу йил юртимиз масжидларида таровеҳ намози ўқилади. Қувонарлиси, 1370 дан зиёд масжидда хатми Қуръон ўтказилади.

Маълумки, 2020 йил коронавирус пандемияси сабаб юртимиздаги масжидлар фаолияти тўхтаб, халқимиз кундалик беш вақт намоз, жума, ҳайит ва таровеҳ намозларини жамоат ила адо этолмаган эди. Алҳамдулиллаҳ, бу йил таровеҳдаги хатми Қуръон файзидан баҳраманд бўламиз.

Таъкидлаш жоизки, йилдан-йилга масжидларимизда хатми Қуръонлар зиёда бўлиб, тартиб ва ўзгача тароватда ўтмоқда. Мисол учун, 2019 йил 1220 масжидда, 2018 йил 1149 масжидда хатми Қуръон ўтказилган эди.

Қуръон ўқиладиган юртда фаровонлик бўлади. Бу жойга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади, бало-офатлар арийди. Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “омин”, деса, албатта, Аллоҳ таоло уларни ижобат қилади», деганлар (Имом Табароний ривояти).

Рамазон ойида масжидлардаги таровеҳ намозлари ва хатми Қуръонларда мўмин-мусулмон халқимиз жамоат бўлиб қилинадиган дуолар Ҳақ таоло даргоҳида мустажоб бўлиб, ўлкамизга осудалик, барака, келади, беморларга шифои комил топиб, коронавирус касаллиги арийди, иншa Аллоҳ.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда юртимиз масжидларида Рамазон ойи ва таровеҳ намозларига тайёргарлик бошлангани ҳақида хабар бергандик.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати


Top