www.muslimuz

www.muslimuz

Зайнаб розияллоҳу анҳо бинти Aли ибн Aбу Толиб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг олтинчи йили туғилганлар. Бу йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар билан Ҳудайбийя сулҳини туздилар. Оналари Фотима розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларидир. Aкалари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумолардан кейин туғилганлар. Зайнаб розияллоҳу анҳо саодат асрида яшадилар. Боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Aраб жаризасига Исломни ёйдилар. Оталари Aли розияллоҳу анҳу илм ва тақво соҳибидирлар. Зайнаб розияллоҳу анҳо  шундай улуғ, дунёда беназир ва мўтабар оилада яшадилар. Қуръонни тўла ёдлаб, боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан баъзи ҳадисларни ёдладилар. Aйрим илмларни, фиқҳни саҳобалардан ўргандилар. Пайғамбаримиз вафотларидан энг аввал хафа бўлган қизча ҳазрат Aли розияллоҳу анҳунинг қизлари Зайнаб розияллоҳу анҳодир!

Ёшликлари

Зайнаб розияллоҳу анҳо оналари – ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг, оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин қаттиқ куюниб йиғлаганларини кўрдилар. Олти ойдан кейин Фотима розияллоҳу анҳо ҳам вафот этдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналарининг вафотларидан кўп маҳзун бўлиб, оталари Aли розияллоҳу анҳуга суяниб қолдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналарининг қабрларига оталари билан бирга бордилар. Ҳазрати Aли розияллоҳу анҳу йиғлаб шундай дуо қилдилар: “Aссалому алайка, ё Расулуллоҳ. Ёнингизга қизингизни ҳам олиб келдик. Сиз билан учрашадиган кун яқин! Ё Расулуллоҳ, бу мусибатларга сабрим қолмади... Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”. Зайнаб розияллоҳу анҳо оналари Фотима розияллоҳу анҳонинг тўшакда акаларига қилаётган васиятларини эшитгандилар...

Зайнаб розияллоҳу анҳо акалари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумларнинг ғамхўрликлари сояси остида балоғат ёшига етдилар. Кун келиб, оталари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг амакиваччаси бўлмиш Қурайшлик Aбдуллоҳ ибн Жаъфарга турмушга чиқдилар. Ҳалим ва сахий зотлардан бўлганлари учун «сахийлар денгизи» деган ном олган Aбдуллоҳ ибн Жаъфар ҳазрати Aлининг энг яқинларидан эди. Ҳеч қачон талабларини қайтармасди.

Фитналарнинг гувоҳи

Зайнаб розияллоҳу анҳо олтин асрда яшадилар. Ҳазрати Aбу Бакр, Умар, Усмон ва оталари Aли розияллоҳу анҳуларнинг халифалик қилган даврларни кўрдилар. Мусулмонлар орасида фитна бошланганининг ҳам шоҳиди бўлдилар. Жамал куни оталари Aли, Зубайр, Талҳага розияллоҳу анҳуларга нисбатан бўлган фитналарни кўрдилар. Сиффин куни оталари ва Муовияга бўлган фитналарни кўрдилар. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу Сиффин фитнасидан қутилиб Қурбон ҳайитига етиб келдилар. Хаворижлар фитнасига йўлиқдилар. Фитналар мавжида Зайнаб розияллоҳу анҳо ҳам бор эдилар. Ҳижратнинг қирқинчи йили рамазон ойининг 19 куни жума кечаси эди. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу Куфанинг катта масжидига бомдод намозини ўқиш учун чиқдилар. Масжид йўлида ҳазрат Aли розияллоҳу анҳуга Ибн Мулжам ҳужум қилди. У қиличи билан бурнилари устига урди. Ҳазрат Aли розияллоҳу анҳу тўшакда икки кун ётиб қолдилар ва рамазоннинг 21-куни вафот этдилар.

Карбало кунлари Зайнаб розияллоҳу анҳо акалари Ҳусайн розияллоҳу анҳум билан Куфага кетдилар. У ерда Карбало воқеъаларининг шоҳиди бўлиб, оғир, аламли кунларни бошларидан кечирдилар. Ҳижратнинг 61 йили муҳаррам ойининг Aшуро куни акалари Ҳусайн розияллоҳу анҳум, Убайдуллоҳ ибн Зиёд билан Куфага бордилар. Кечаси акалари деди: «Эй Зайнаб, мен Расулуллоҳни тушимда кўрдим. «Сен биз томонга кел!» дедилар». Зайнаб розияллоҳу анҳо бу сўзларни эшитиб изтиробландилар, йиғладилар. Ҳусайн розияллоҳу анҳум дедилар: «Йиғлама, Aллоҳ сенга раҳм қилсин. Кўз ёшларингни артгин». «Қандай йиғламай?! Онам Фотима, отам Aли, акам Ҳасан вафот этишган бўлса!» Ҳусайн розияллоҳу анҳум раҳм-шафқат билан сингилларига қарадилар: «Эй синглим, шайтон васвасасига учмагин!» Зайнаб розияллоҳу анҳо дедилар: «Ота-онам, нафсим сизга фидо бўлсин, эй акажон!» Ҳусайн айтдилар: «Эй синглим, Aллоҳдан қўрқ! Билки, ер юзида ҳамма ўлади. Осмон аҳллари ҳам абадий қолмайдилар. Ҳар бир нарса ҳалок бўлади. Фақат ёлғиз Aллоҳ боқий қолади. У шундай Зотки, Ўз қудрати билан ерни яратди. Ўз қудрати билан халойиқни яна тирилтиради. У ягона Зотдир. Отам мендан яхши эдилар, онам мендан яхши эдилар, акам мендан яхши эдилар. Мен ва улар Расулуллоҳ билан бир оила эдик!» Шу сўзлардан бир соат кейин Ҳусайн розияллоҳу анҳум икки ўғиллари Муҳаммад ва Aвн билан бирга шаҳид бўлдилар. Улар Aҳли байтнинг охирлари эди. Зайнаб розияллоҳу анҳо розияллоҳу анҳо шаҳидларга қараб кўп йиғладилар, қалблари алам ва хафаликка тўлди. Аллоҳ улардан рози бўлсин!

                                                                            Саидаброр Умаров тайёрлади

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллохнинг дўстларидан бири Аҳмад Бассам, ўзларини жудаям ажаблантирган, Шайх Бутий билан боғлиқ воқеани ҳайрат билан шундай баён қилади:
“Лазикия университетининг ректори, университет ташкил қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан, университетнинг барча ўқитувчиларини ўз уйига кечки овқатга таклиф қилди. Бу даврда шайх Бутий, Дамашқ университетининг шариат факультетида декан эди. Жудаям банд эканлигига қарамасдан, доктор Бутий бизнинг университитемизнинг араб тили бўлимида Қуръони карим бўйича дарс бериш учун ҳар чоршанба куни келишга розилик берган эди. Чоршанба куни кечқурун у бу ерда қолар эди ва пайшанба куни тушликдан сўнг уйига кетарди. Биз шайх Бутий билан мени хонамда ўтирганимизда, ректор кириб келди ва биз иккимизни пайшанба куни кечкурун уйига кечки овқатга таклиф қилди. Мен дарҳол жавоб бериб таклифни қабул қилдим, лекин шайх Бутий аввал отасидан рухсат сўраши лозимлигини айтди. Билмайман, бундан ким кўпроқ ҳайратланди – менми ёки университет ректорими? Бошқа ҳеч бир сабаб бундай ғайриоддий кўринмаган бўларди. Лекин, қирқ ёшли университет профессори, фарзандлари хам университет талабаси бўлган киши, бир кечага ушланиб қолиши учун ўз отасидан рухсат сўраши кераклиги мен ва ректор учун момақалдироқ ва чақмоқ каби таъсир қилди. Юзидаги ажабланишни бекитишга ҳаракат қилиб, ректор менга Бутий телефонда отаси билан боғланиши учун унинг хонасига боришимни айтди. Биз ректорнинг хонасига бордик, Бутий гўшакни олди ва отасига қўнғироқ қилди, мен қўйидаги сўзларни эшитдим, уларни қандай эшитган бўлсам шундайлигича  келтираман:

- Ассалому алайкум ота.

-...
- Ректор мени бошқа ўқитувчилар билан бирга эртага кечкурун ўз уйига кечки овқатга таклиф қилди. Мен бу ерда қолсам ва уйга жума куни эрталаб қайтсам бўладими?

-...
- Раҳмат дада... ассалому алайкум...

У гўшакни қўйганида, мен унга:

- “алхамдулиллах, энди сен хотиржам бу ерда қолсанг бўлади” дедим.
-“йуқ, қололмайман, отам рухсат бермадилар...”

-...
Сиз менинг юзимдаги кутилмаган ҳолатдан таъсирланиш ва телефонда нима бўлганлигини ректорга айтганимда, унинг юзидаги ҳолатни тасаввур қила олмайсиз. Ахир шундай бўлиши мумкинми?! Отаси йуқ деганда, хеч нарса демади, уни кўндиришга харакат қилмади, раҳмат айтиб гўшакни қўйди.Ҳозирги ёшлар бунга нима дейишар экан, уларда оталари билан бир марта бўлса хам шундай бўлганми? Бунданда ажабланарлиси, бир неча йил аввал Бутийни Оксфор академиясида лекция ўқиши учун тингловчиларга тақдим қилиш сўзларини айтаётганимда бўлган эди. Мен бу воқеани уларга айтиб бераётганимда, у менга шундай вазмин нигоҳ билан қарадики, худди охирида қизиқ якунни кутаётгандек. Унинг кўзлари менга “ҳа, нима бунда? нимаси ажабланарли буни?” дерди. 

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг фарзандига чиройли одоб бериши, ҳар куни мискинларга яримта нон садақа қилганидан афзалроқдир”.дедилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак ҳадисларидан шу маълум бўладики, ота-она фарзандига бера оладиган энг яхши туҳфаси бу гўзал одоб ахлоқ экан. Гўзал хулқ соҳиби бўлган отанинг фарзандлари ҳам ҳудди ўзи каби бўлади.

Саидаброр Умаров тайёрлади

vendredi, 03 janvier 2020 00:00

Одоб

1. Уйга кириш ва чиқиш одоби

Уйингизга кириш ва чиқишда хушмуомалалик ва чиройли тадбир ила ҳаракатланинг. Қачон уйга кирсангиз ёки чиқсангиз эшикни қаттиқ ёпманг ё бўлмаса куч ила ўзи ёпиладиган ҳолда қолдирманг! Чунки, бу ишлар обрў эътиборга сазовор бўлинадиган Ислом кўрсатмасига тўғри келмайди. Балким! Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Мулойимлик нимада бўлса зийнатлайди, мулойим бўлмаган эса маҳрум бўлади"-деган сўзларини эшитгандирсиз.

2. Хонадонингизга кириш ва чиқишда салом беринг!

Агар хонадонингизга кирсангиз ёки чиқсангиз уйда эркакми, аёлми, ким бўлса ҳам мусулмонлар саломи ила салом беринг! Яъни: "Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ". Ушбу саломни "хайрли тонг" ва шу кабиларга алмаштирманг! Чунки, бу Ислом шиорини нобуд этишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари ва феълларини мусулмонларга тасвирлаб, буюк ходимлари Анас розияллоҳу анҳуга қуйидагича таълим берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй болажоним! Уйингга кирсанг салом бер! Сенга ҳам, аҳли оилангга ҳам барака бўлади"-дедилар. (Термизий ривояти).
Тобеъинларнинг энг буюкларидан бири Қатода роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Уйингизга кирсангиз, аҳлингизга салом беринг! Чунки, улар сизнинг саломингизга энг ҳақли зотлардир". Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз мажлисга борса, салом берсин! У ердан турмоқчи бўлса, салом берсин! Биринчи салом иккинчисидан аъло эмас!(яъни: фазилат, савобда бирдек)"-дедилар.

"Мин одобул Ислом" китобидан

Мир Араб олий мадраса талабаси

Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо ўғли таржимаси

Юрт борки ўз тарихи бор. Миллат борки, ўз қадрияти, урф-одати, анъана ва маданияти бор. Бу урф одатлар, қадрият ва маданиятлар миллатнинг савиясини, заковат ва фаросатини, эътиқоди ва ишончини ўзида акс эттириб туради. Бу иборалар қисқа қилиб МИЛЛИЙЛИК деб аталади.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, биз яшаб турган юрт аҳлининг миллий урф одатлари, анъана ва қадриятларининг жудаям кўп қисми муқаддас Ислом динимиз таълимотлари билан, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат деб қолдирган амаллари билан чамчарчарс боғлиқ бўлиб кетган. Чунки, ота-боболаримиз Ислом динини маҳкам ушлаганликлари сабабли, суннатларга қаттиқ эътибор берганликлари сабабли оилада, жамиятда шаклланган гўзал ахлоқлар, одоб ва маданиятлар миллий урф одат номи билан сақланиб қолган. Мисол учун, ота-онани ва ёши катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззат қилиш, меҳмонга мулозамат қилиш, аёлларимиздаги ибо-ҳаё, эркаклардаги ғурур, ор-номус, ўзаро салом алик, қўни қўшничиликдаги олди-бердилар, ўзаро ҳашарлар, бемор кўргани бориш, хурсандчилик ва мусибат вақтида ҳассакашлик қилиб туриш ва ҳоказо.... каби амаллар бизга оддийгина ўзбекона урф-одат  бўлиб кўринсада, бу таълимотлар остида айнан Ислом динининг талаблари турибди.

Бугун кўпчиликка миллийлик ҳақида,  миллий ғоя ва миллий маданият, қадрият  ҳақида сўзласанг энсаси қотиб, суҳбатни бошқа томонга бургиси келади. Кўпчилик эса, миллийликнинг асл моҳиятини англаб етмайди. Аслида, биз келажак ҳақида гапирар эканмиз, порлоқ келажакни орзу қилар эканмиз, миллийлигимиздан айро тарзда бу орзуни амалга оширишдан қўрқишимиз керак. Чунки, миллийликдан айро тушишимиз, Исломдан айро тушишимиз деганидир. Миллий қадриятларга бепарволик, Исломий таълимотларга бепарволик деганидир. Битта миллий қадриятни тарк этиш, битта суннат амални тарк этиш деганидир. Қисқа қилиб айтганда миллийлигимизга бепарво бўлиш, ҳалокатга юз тутиш ва Ислом динидан узоқлашиш деганидир. Агар ҳаётимиздан битта миллий урф одат, қадрият чиқиб кетадиган бўлса, унинг ўрнига бир ғайридиннинг урф одати, Ислом таълимотига, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига зид бўлган бир одат  кириб келади.  Бу эса, келажагимиз учун ниҳоятда хатарлидир. Чунки, келажак бу бизнинг зурриётларимиз билан, жондан азиз фарзандларимиз, набираларимиз билан қурилади. Ўз пушти камаримиздан бўлган бу авлодни Исломий таълимотлардан узоқлаштирган ҳолда, “Оммавий маданият” дея аталиб, Аллоҳнинг  ғазаби сари чорлаётган тубан ва қоронғу йўл устида ташлаб кетишга наҳот рози бўлсак? Наҳот авлодларимиздан бир жинсли никоҳга рози бўладиган, ҳайвонлар ила оила қуришни маданият деб номлайдиган, никоҳни, одоб ва ахлоқни, қуда – андачиликни, меҳр оқибатни “эскилик сарқити” дея номлайдиган бадбахтлар чиқишига жим қараб турсак?

Ўйлайманки, хеч ким бунга рози бўлмайди. Ҳеч қайси ота она ўз жигарбандини жаҳаннам азобида куйишини ҳохламайди.  Бунинг учун эса хозирдан ҳаракат қилишимиз керак. Фарзандларимизга миллийлик деган тушунчани сингдиришимиз шарт.  Агар бу ишни биз қилмасак, ўрнимизга бу ишни бошқалар бажаради. Кейин кеч бўлади.  Биз нафақат ўз урф одатларимизни, балки динимизни ҳам йўқотамиз. Келажагимизни йўқотамиз. Ҳаловатимизни йўқотамиз. Йўқотган нарсаларимизни қайта тиклаш учун эса умримиз етмайди. Тўғри, бу иш осон бўлмайди. Чунки, ғарб ва европа давлатларидан кириб келган қанча-қанча урф одатлар, “оммавий маданият” ниқоби остидаги бир қанча ҳаракатлар ўз кучини кўрсатиб, анчагина кишиларни ўз таъсирига тортишга улгуриб бўлди. Бироқ, бу бизни таслим бўлишга, “Энди кеч бўлди, нимаям қила олардик”, деган баҳонани рўкач қилишга сабаб бўлмайди. Ҳаким зотлардан бири шунда деган эди: “Агар ҳаво қаттиқ исиб ёки совиб кетса мен ҳароратни мўтадил қилишлик учун яшаб турган юртимдаги бир катта тоғ устига ҳаво иситгич ёки ҳаво совутгич қўя олмайман. Чунки, бунга маблағим ҳам, шароитим ҳам тўғри келмайди. Бироқ, фарзандларим ва яқинларимнинг, ўзимнинг ушбу ҳаводан азият чекишимизга ҳам жим қараб туролмайман. Мен қўлимдан келадиган ишни қиламан. Яъни, ўз уйимга, кичкинагина хонадонимга ҳавони мўътадил қиладиган бир  воситани ўрнатаман. Ташқаридаги иссиқ ёки совуқ менга ва оиламга таъсир қилмайди”.

Хулоса шуки, ҳар ким ўз оиласини ташқаридаги зарарли об-ҳаводан сақлаш учун ўз шароитидан келиб чиқиб ҳаракат қилса, ўз оиласи учун муносиб шароит яратиб берса олам гулистон бўлади. Чунки, жамият оилалардан, кимларнидир жондан азиз фарзандларидан ташкил топгандир. Қолаверса, биз энг аввало ўз аҳлимиздан, фарзандларимиздан сўраламиз. Қилаётган тўйларимиз, кўраётган концертларимиз, қарсак чалаётган томошаларимиз ҳақида ўйлаб кўрайлик. Биз маблағимизни нимага сарфлаяпмиз? Хузур қилиб кимни олқишлаяпмиз? Қилаётган ушбу амалимиз орқали ниманинг ривожига ҳисса қўшяпмиз ёки ниманинг келажагига болта уряпмиз? Энг аосийси, ким тарафдамиз? Кимга исён қиляпмиз ёки кимни рози қиляпмиз? Дин учун, миллат учун, ватан ва халқ манфаати учун ўз ҳиссамизни қўшмаяпмизми, лоақал зарар келтирмайлик.

Алҳамдулиллаҳ, бугун юртимиз тинч. Халқимиз форовон ва хотиржам. Чегараларимиз мустаҳкам. Ташқи душман ёмонлигидан омондамиз. Бироқ, бизга қарши бўлаётган маънавий хуружлар, миллийлигимизга бўлаётган ҳар хил таҳдидлар нафақат бизга, балки, келажагимизга қарши, ўзбек деган миллатга, Ислом деган муборак диннинг таълимотларига қарши очилган пинҳона уруш эканлигини унутмайлик. Ушбу йўлда бўлаётган таҳдидларга қарши матонат билан, ақл ва тафаккур билан, илм ва маърифат билан биргаликда курашайлик.

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек      

 Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, – дея  белгилаб қўйилган. Шу маънода мамлакатимизда миллатлар ва динлараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилган. Бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари тўғрисида”ги Декларация қабул қилинди. Мазкур декларацияда: “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”, дейилган.  Ўшандан буён 16 ноябрь санаси Халқаро бағрикенглик куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонланади.
Республикамизда истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансублигидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда,  юртимиз равнақи учун хизмат қилишмоқда. Юртимизда виждон эркинлигига доир қонун асослари янада такомиллаштирилиб, турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Тарихдан шу нарса маълумки, қайси жамият ҳаётида диний бағрикенглик тамойиллари ўз ифодасини топса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва самимият қарор топади. Инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Тинчликсиз тараққиёт ва фаровонлик бўлмагани каби, диний бағрикенгликсиз тинчлик барқарор бўлмайди.
Ўзбекистон заминида қадим замондан Ислом дини билан бир қаторда бошқа дин вакиллари ҳам ёнма-ён яшаб келишган. Диний бағрикенглик намуналарини юртимизда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаётида ҳам намоёндир. Буюк саркарда Амир Темур ҳазратларининг қўшини таркибида ғайридин аскарларнинг ҳам хизмат қилиши ёки Соҳибқироннинг ўғилларидан Мироншоҳ ўша пайтдаги Франция, Испания ва Англия каби давлатлар билан дипломатик алоқалар учун масъул этиб тайинлангани фикримизнинг тасдиғидир. Ҳиндистон халқи бугунги кунгача Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодларини ҳурмат билан ёдга олади. Динлараро бағрикенглик ғояси нафақат диндорларнинг, балки, бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини назарда тутади ҳамда тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Азал-азалдан юртимизнинг йирик шаҳарларида масжид, черков ва синагогалар ўз ибодатчиларига эмин-эркин хизмат кўрсатиб келгани, тарихимизнинг оғир синовли дамларида ҳам диний можароларнинг чиқмаганлиги халқимизнинг динлараро бағрикенглик борасида улкан тажрибага эга эканлигидан далолатдир.
Шу боисдан ҳам Ўзбекистонда том маънода диний бағрикенгликнинг юксак анъаналарига амал қилинаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р.Бенеман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилганини таъкидлаб:  “Ўрта асрларда Европа ва Византия империясидан қувғин қилинган яҳудийлик, Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”, – деб ёзади. Мамлакатимиздаги рус Православ черкови расмий вакили Сергей Стаценко: “Ўзбекистон учун бугунги кун шунчаки сана эмас, балки байрам дейиш мумкин. Чунки турли динга, эътиқодга мансуб, бироқ Ватани бир, инсонлар фикрлашамиз, дўстона мулоқот қиламиз. Шукрки, бугун бизнинг юртимиз тинч, мақсад-ниятларимиз ўхшаш. Ана шу тотувлик ва осойишталик бардавом бўлишини Яратгандан сўрайман”, дейди. Ўзбекистонга келиб, мамлакатингиз ҳақидаги тасаввурим янада бойиди, - деди Шанхай ижтимоий фанлар академиясининг Динлар институти директори Ян Кэцзя. Шунингдек хорижий давларларнинг корпус вакиллари Ўзбекистондаги миллатлар ва диний конфессиялараро аҳиллик, дўстлик ва бағрикенглик муҳити инсон омилига устувор эътибор қаратиш, ёш авлодни соғлом ва баркамол, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаши бизни жуда манун этди, дейди.
Ўзбекистонда ўн йилдан буён фаолият юритаман, - деди Ўзбекистондаги Рим католик черкови епископи Ежи Мацулевич. Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ, тинч ва осуда ҳаёт кечираётгани, жамиятда қарор топган бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик бизни қувонтиради. Одамлар тинч-хотиржам яшамоқда, ўз орзулари, интилишларини эмин-эркин амалга оширмоқда. Ўзбекистонда қарортопган тинчлик, барқарор ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий муҳит дунё ҳамжамияти ҳавасини тортаётгани таъкидланади. Бугунги мураккаб даврда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун динлар, конфессиялар, миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Турли динга эътиқод қилувчилар учун зарур шароитлар яратилгани, уларнинг ўз анъаналари ва удумлари, маросимларини бемалол адо этиб келаётгани эътиборга моликдир. Яқинда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари юртимиздаги диний бағрикенглик муҳитига юқори баҳо бериб, Ўзбекистондаги динлараро ҳамжиҳатликни барча давлатларга намуна бўлишини эътироф этди.
Бундай иноқликнинг яна бир сабаби мамлакатимизда турли дин вакиллари ягона мақсад – Ватанимиз Ўзбекистоннинг янада ободлиги йўлида бирлашиб ҳаракат қилишларидир. Бу борада турли тадбирлар, анжуманлар ўтказилиб, муштарак вазифаларни адо этиб борилади. Бир-бирларимизни диний байрамларимиз билан қутлаймиз. Бу шубҳасиз, мамлакатимизда қарор топган тинчлик-осойишталикда ўз ифодасини топмоқда.
Инсоннинг дини, тили, миллати, ирқидан қатъий назар, аввало, уни инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром қилиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, ўзаро тотувлик, динлараро ҳамжиҳатлик тамойиллари асосида ҳаёт кечириш ҳам диний, ҳам миллий қадриятларимизга ҳамоҳангдир.
Ҳозирги вақтда юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари мавжуд.  16та диний конфессиялар ўзаро аҳил-иноқ бўлиб фаолият юритмоқда. Бу эса юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.
Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ёдгорлигига боқар эканмиз, ўзбек аёлининг меҳрибон қучоғи барча миллат болаларини ҳаттоки Немис боласини ҳам бағрига олганлиги Ўзбек халқининг нақадар бағрикенглиги ифодасидир.
 
Бухоро шаҳар “Халифа Худойдод” масжиди 
имом хатиби  О.О.Садиллаев
Top