Рамазон-2019

«Ажр ва савоблар» мусобақаси

Танловга!

Қуръон шундай мўъжизавий китобки, барча инсонларни ҳидоятга бошлаш билан бирга, уни тиловат қилувчи ва уни тинглагувчи учун ўқиган ҳар бир ҳарфига 10 та ҳасанот ёзилади. Ҳар бир ҳасанот эса 10 баробардан 70 баробаргача кўпайтириб берилади.

Энди, бундай савоблар Рамазон ойи келиши билан икки баробар қилиб кўпайтириб берилади. Чунки, бу ойда банда гуноҳлардан тийилиб, Роббиси рози бўладиган ишлар билан машғул бўлади. Бу ойда қилинадиган фазилатли ишлар жуда кўп бўлса, улар ичида энг афзалларидан бири Қуръон тиловати ҳисобланади. Шу сабабдан, барча мусулмонлар бу ойда кўпроқ вақтларини Қуръон билан ўтказишга ҳаракат қиладилар ва бу борада кўпроқ хатм қилиш учун ўзаро мусобақалшадилар.

Қуйида ушбу «Ажр ва савоблар» мусобақасида ўзиб кетишда сизга ёрдам берадиган баъзи бир йўлларни келтирамиз.

Қуръони Карим тақрийбан 600 саҳифа бўладиган бўлса, уни 30 кун Рамазон ойига бўлиб чиқсак, бир кеча кундузда 20 саҳифага тўғри келади. Энди, бу 20 саҳифани бир кунлик 5 вақт фарз намозларига бўлсак, ҳар бир намоздан олдин 4 саҳифадан тиловат қилиш лозим бўлади. Буни намоздан олдинми, кейинми фарқи йўқ. Ўзингиз учун қулай бўлганини танлашингиз мумкин.

Бу билан сиз бу ойда бир маротаба Қуръони Каримни тўлиқ хатм қилишингиз мумкин.

Лекин, сиз бу ойнинг ярми ўтиб кетдику дейишингиз  мумкин?  Аммо, қолган кунларда ҳам Қуръони Каримни хатм қилишингиз мумкин.

Мисол учун: Энди бугундан бошлаб, ҳар бир намоздан олдин ва кейин 4 саҳифадан тиловат қилишингиз керак бўлади.

Аллоҳ таоло бу ойда фазилатли амалларни бажаришга барчамизни муваффақ айласин.

 

Тошкент Ислом институти талабаси

Муҳаммад Али Муҳйиддин

Read 41671 times
Top