Рамазон-2018

Оғизни ёпиб кўнгил кўзини очувчи ибодат – рўза

Ҳақиқий мўъмин-мусулмон шариатимизнинг ҳар бир ҳукмига сабабини суриштирмасдан итоат қилган киши бўлса керак деб ўйлайман. Негаки, Хадича онамиз розияллоҳу анҳо, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва уларнинг ортидан бошқа саҳобийлар шундай қилганини тарихий манбалардан ўқиганман.  Тўғрисини Аллоҳ таоло, тўғрироғини ҳурматли олимларимиз билади, албатта.

Аммо инсон бандалигига бориб, Мусо алайҳиссалом айтганидек, қалбининг хотиржам тортиши учун уларнинг сабабларини, фойдали жиҳатларини қидиради. Аслида бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Чунки бандасига ота-онасидан ҳам меҳрибон бўлган Парвардигоримиз унга зарар етказадиган амални буюриши мумкинми? Асло ундай эмас. Раббимиз бизга нимани буюрган бўлса, ўша амрнинг замирида бизнинг жисмимиз, руҳиятимиз, дунёмиз, охиратимиз учун ҳисобсиз фойдалар бор. Бироқ буни ҳамма ҳам билавермайди. Атайлик, баъзилар соғлиги билан боғлиқ арзимаган нарсаларни баҳона қилиб ҳам рўза тутмасликнинг пайида бўлади...  

Рўзанинг асл моҳияти сўз бошлашдан олдин  кўзимиз ўнгида бўлган бир неча нозик нуқталарга  тўхталиб ўтишини жоиз топдик.

Рўзада кундузлари ейиш-ичишга эҳтиёжи бўла туриб улардан тийилишнинг нима ҳикмати бор? Ушбу кезларда совуқ бўлган шимол ўлкаларида инсонларнинг етарлича калория ва озуқа олишларига тўсиқ бўлувчи рўза ибодатининг соғликка зарари йўқми?

Биологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қор қалин ёққан чоқларда ваҳший ҳайвонлар, ҳатто ўтхўр ҳайвонлар ҳам  ейишга бирор нарса топа олмайдилар. Наиложликдан  қиш уйқусига кирадилар ёки вақтларини “рўза” тутиш билан ўтказиш мажбуриятида қоладилар. Бу ҳолат уларни баҳор яқинлашган паллада яшарган бир қиёфада ҳаракатга келтиради.

Дарахтлар ҳам худди шундай ҳолатни бошдан ўтказади. Дарахтлар қишда баргларидан айрилади ва уйқуга кетади. Бир неча ойлик “рўза”дан сўнгра кўкламда яшариб, бурунгисидан ҳам қувватланиб олиб, гулга киради ва япроқ ёзади.

Ҳатто маъданларнинг ҳам “рўза”га эҳтиёжи бор. Моторлар ва машиналар... уларнинг ҳаракатланувчи қисмлари ҳам орада тўхтаб оладилар. Бу тин олиш уларга янги куч бағишлайди.  

Жами аъзоларда бўлгани каби ҳазм қилиш органларининг ҳам дам олишга эҳтиёжи бор. Рўза ана шу эҳтиёжни қондиради. Лекин рўзанинг асл мақсади бундай тиббий фойдалар эмас. Улар йўл-йўлакай кўриладиган фойдалардир.

Инсон Аллоҳ таоло яратган энг ажойиб мавжудот. Унинг жисмида зидлар бирлашган: бадан ила руҳ, модда ва маъно бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган. Инсоннинг қанчалик бахтиёр бўлмоғи бир-бирига тамоман зид бўлган ана шу икки унсурни тенг тута билмоғига боғлиқ. Моддий тарафимиз ошкора кўриниб тургани учун  руҳий кучларимизга соя солиб ва унга босим ўтказишга мойил бўлади. Бу майл давомий ва таъсирли бўлса, инсоннинг руҳининг юксалишига тўсиқ бўлади. Шу жиҳатдан, тананинг руҳга тобе бўлиши учун тана кучини чегаралаб руҳини етилтирмоқ керак.  

Бу ғояга етишмоқ учун очлик, сувсизлик, шаҳватини чегараламоқ; тил, қалб, фикр ва бошқа аъзоларнинг  назорат остига олинмоғи энг таъсирчан йўлдир. Бу иш тажриба билан собит бўлган.

Инсоннинг мукаррам бўлишининг сабабларидан бири ҳайвоний табиатини ақлига ва руҳига буйсундирмоғидандир.  Инсон табиати саркаш. Баъзан  асовлик, баъзан ҳалимлик кўрсатади. Унинг асовлигини жиловламоқ учун рўза каби қатъий чора кўрилмоғига эҳтиёж бор. Гуноҳ ишлардан тавба этиши ва рўза билан латоиф йўлни танлаши унинг иродасини қувватлантиргани каби руҳини ҳам пишитиб тасалли беради. 

Емаслик ва ичмаслик фариштларга хусусиятларидан. Инсон бу ишга уринар экан, фаришталарга ўхшашга интилади. Энг асосийси, буни фақат Аллоҳ таоло буюргани учун қилса, Унга янада яқинлик ҳосил қилган бўлади.  Шунинг учун иймонли инсоннинг энг улуғ ғояси бўлган Аллоҳ таолонинг мамнунлиги қўлга киритилади.

Рўзадан кутилган мақсаднинг амалга ошиши учун диққат этиш лозим бўлган масалалар бор. Рўза – саҳарлик қилиш ва рўзани бузадиган ҳаракатлардан узоқ бўлмоқдир. Комил иймон-ла тутилган рўза бутун тана аъзоларининг истакларидан бир  текисда тийилмоғидир: ошқозон емак-ичмоқдан тийилгани каби тил ҳам ёлғондан, ёмон сўзлардан, беҳуда вайсашлардан тийилмоғи; кўз ҳаромга, ноўрин жойларга қарашдан, бировларнинг айбини кўришдан тийилмоғи; қулоқ ғийбат, миш-мишлар ва шармсиз сўзларни тинглашдан тийилмоғи керак.

Энг муҳими, кўнгил ва ақл ёруғ нарсаларни ўйламоғи керак. Улуғларимиз ёлғон сўзлаш ва қўполлик қилиш рўзани бузишини айтади. Танасининг барча аъзоларини рўза тутишга жалб эта олмаган киши гўёки рўза тутганга ўхшаб кўринса-да, аслида рўзадор эмасдир. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Неча рўзадорлар борки, рўзалари фақат очлик ва ташналикдан иборатдир”, дея уларнинг ҳолини маълум қилганлар. 

Жами аъзолар рўзасига диққатли бўлганлар эса ҳатто жаҳлини чиқарган кишиларга ҳам “Мен рўзадорман”, дея қаттиқ гапирмайди. Бундай қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тавсиясидир. Рамазон ойида осойишталик бўлишида ана шундай инсонларнинг роли катта бўлади. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, рамазон ойида мусулмон мамлакатларида автоҳалокатлар бошқа ойлардагига нисбатан камроқ кузатилар экан.

Аёнки, ибодатда энг муҳим ҳодиса ихлосдир. Ихлос – ҳар бир ишни фақат Аллоҳ ризоси учун бажармоқ демакдир. Рўза тутдим деган кишининг рўзадор ёки рўзадор эмаслигини ҳеч ким аниқ билмайди, буни фақат Аллоҳ таоло билади.

Аллоҳ таоло бир ҳадиси қудсийда: “Рўза Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилган. Шундай экан, рўзадор киши уни қанчалик ихлос билан қилаётганини Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Агар рўзасида нуқсони бўлса, ҳадиси шарифда айтилганидек, фақат оч ва чанқаб юргани қолади.

Хосларнинг рўзаси авомнинг рўзасидан фарқ қилади. Улар “зикри доимий”дан чалғиб қолиш рўзага зарар беради деб ҳисоблайдилар. Яъни уларнинг наздида, қудсий ҳадисда айтилган “Рўза Мен учундир...” иборасининг маъноси “Самадият Менга оиддир” демакдир. Аллоҳ таоло гўёки: “Ким Менинг ахлоқим ила ахлоқланса, Мен уни ҳеч ким тасаввур эта олмайдиган шаклда мукофотлайман” демоқдадир.

Ушбу қудсий ҳадиснинг яна бир изоҳи бундай: рўзанинг зоҳир ила алоқаси бўлмаслиги ва у бошқалардан сирли ибодат бўлиши ҳамда унда бошқаларнинг улуши бўлмаслиги назарда тутилган. Чунки Аллоҳ таоло унинг давомида “Унинг мукофотини Ўзим бераман”, демоқда.

Уч хил рўза бор: руҳнинг рўзаси – эҳтирослардан узоқ бўлмоқ ва қаноат соҳиби бўлмоқ; ақлнинг рўзаси – ҳою ҳавасларга зид ҳаракат этмоқ; нафснинг рўзаси – емоқ-ичмоқ ва ҳаромга қарши парҳезкор бўлмоқдир.

Жалолиддин Румий ҳазратлари бундай дейди: “Рўза оғизни ёпиб, кўнгил кўзини очади”. Жон кўзининг очилиши тана қувватини таъсирсиз ҳолга келтириши мумкин бўлади. Кўнгил кўзи кўр бўлганларнинг ибодати ҳеч нарсага ярамайди. 

Ҳазрати Румийга кўра, рўза ибодатларнинг энг буюгидир. Инсонни меърожга кўтарадиган Буроқдир, Қуръони каримнинг сирларидир, Инсонларнинг орзулари ва нафсларига қарши курашидир. Уларни поклаб мавқеини юксалтирувчидир.

Сўзлаб ўтганларимиздан хулоса қилсак, рўзанинг уч даражаси бор экани кўзга ташланади. Авомнинг ишқи – саҳардан оқшомга қадар емоқдан, ичмоқдан ва шаҳватдан тийилмоқ; хослар ишқи – улар танасининг барча аъзоларини назорат остига олган рўзадорлар; сиддиқлар рўзаси – кўнглини Аллоҳ таолодан бошқалардан узоқ тутувчи ошиқу орифлар. Авомлар рўзадор вақтида ошқозонига ҳеч нарса туширмайди; хослар гуноҳ ва ёмон нарсаларни танасига яқинлаштирмайди; сиддиқлар, ошиқлар ва комиллар мосувони (Аллоҳдан бошқа нарсаларни) қалбига яқинлаштирмайди. Рўзадан кутилган мақсад асли шу ўзи.

Раббимиз барчамизга рамазон рўзасини ана шу зотлардек тутишни насиб айласин!

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 47728 times
Top