Рамазон-2018

Закотда нисобнинг аҳамияти

Закотнинг сабаби:

Ҳанафийлар: “Закотнинг сабаби – Шамсий (ой ҳисоби)да эмас, қамарий (ой ҳисоби)да бир йил айланишлик ва бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарз бўлмаслик шарти ила ўсиб турувчи, аслий ҳожатдан ортиқча, нисоб миқдорига (етган молга тўлиқ) эга бўлишликдир”, деганлар.

Бир нарсанинг вужудга келиши сабаб ва шартга боғлиқ бўлади. Илло, вожиб бўлишлиги эса, сабабга боғланади, шартга эмас. Масалан, нисобга эга бўлмаган кишига закот йўқдир. Вақф нарсаларида ҳам эгалик бўлмаганлиги учун закот йўқ. Чунки молнинг нисобга етиши ва молга тўлиқ эга бўлиш закот фарз бўлишининг сабабидир.

Қуйида закотнинг сабаблари борасида аҳли сунна вал жамоанинг барча мазҳабларида қандай таҳлиллар қилинганлигини билиб оламиз:

“Шамсий (ой ҳисоби)да эмас, қамарий (ой ҳисоби)да” деганнинг маъноси – қамарий ой ҳисобидаги йил, уч юз эллик тўрт кундир. Шамсий ой ҳисобидаги йил эса, уч юз олтмиш беш кундир. Ва шамсий йил йиллар ўзгариши билан гоҳида уч юз олтмиш беш кун бўлиб, гоҳида эса, ўша кунлардан ҳам зиёда бўлиб, ўзгариб туради.

Бир йил айланишлик деганда – закот берувчининг эга бўлган моли нисобга етган пайтидан бошлаб бир йил ўтган бўлса, унга закот фарз бўлади.

 

Бир йил айланиши ҳақида мазҳаблар турлича баён қилишган:

Ҳанафийлар: “Йилнинг икки тарафида (яъни, боши ва охирида) нисобга етган бўлиши шарт қилинади. Нисоб йил давомида тўлиқ турадими ёки йўқ бўладими фарқи йўқ. Сабаби, агар йилнинг аввалида  тўлиқ нисобга эга бўлиб, йил айлангунига қадар тўлиқлигича қолса, закот фарз бўлади. Агар йил давомида нисоб ноқис бўлиб, сўнг йил охирида нисоб тўлиқ бўлиб қолса, унга яна закот фарз бўлаверади. Аммо агар йил тугагунича ноқислигида давом этаверса, бас, унга закот вожиб бўлмайди. Кимки, йилнинг аввалида нисобга эга бўлиб, сўнг йил давомида молда фойда қилса, (фойда) молнинг аслига қўшилади. Агар фойда қилинган мол ўзидаги молнинг жинсидан бўлиб, жамланган мол нисобга етса, у(фойдаси)га ҳам закот фарз бўлади. Албатта, бир йил айланишлик зироат ва мевалардан бошқасида шарт қилингандир. Аммо улар, яъни зироат ва мевалар закотида ана шу (бир йил айланишлик) шарт қилинмайди”, деганлар.

Моликийлар: “Закот фарз бўлишлиги учун бир йил айланишлиги маъдан, олтин ёки кумуш рудаси(йўмбиси) ва экин, яъни полиз ва боғдорчилик маҳсулотларидан бошқа(мол)ларда шарт қилинган. Аммо бир йил айланмаган бўлса-да, уларга ҳам закот фарз бўлади. Агар йилнинг аввалида олтин ёки кумуш(мол)дан нисобга эга бўлса, сўнгра йил давомида камайиб, йил охирига бориб нисоби етадиган миқдорда фойда қилса, унга закот фарз бўлади. Чунки фойданинг айланиши ўша(нисоб)нинг асли бўлади. Гарчи йилнинг аввалида нисобдан озроғига эга бўлса-да, сўнг унда тижорат қилиб, йилнинг охирида нисобга етадиган миқдорда фойда қилди, уни ҳаммасини жамлаб, қилган фойдасига ҳам закот фарз бўлади”, деганлар.

Ҳанбалийлар: “Закот фарз бўлишлиги учун бир йил ўтишлиги шарт қилинади. Агар бир йил ўтишлигига ярим кун кам бўлса ҳам, закот фарз бўлаверади. Ушбу шарт пуллар,  чорва ва тижорат молларининг закотида эътиборга олингандир. Аммо булардан бошқа: мева, маъданлар ва олтин ёки кумуш рудаси кабиларда закот фарз бўлишлиги учун бир йил айланишлиги шарт қилинмайди. Бир йил айланишлиги нисобнинг тўлиқ бўлишлиги билан бўлади. Агар нисобга етишига яқин қолган бўлса, йилнинг аввалида нисобдан озроғига эга бўлиб, сўнг унда тижорат қилса, нисобга етадиган миқдорини фойда қилганда, нисобга етган пайтдан бир  йил тўлиқ бўлиши  эътибор қилинади. Закот фақатгина бир йилдан тўлиқ бир кун ўтганда (фарз) бўлади. Аммо йилнинг аввалида нисобга эга бўлиб, сўнгра йил давомида унда тижорат билан ўзининг жинсидан бўлган молни фойда қилса, фойда ўзидаги молга қўшилади. Асл йилда ҳаммасини жамлаб,  закот беради. Чунки фойда қилинган йили асл нисоб пайдо бўлган пайтдаги  у(нисоб)нинг асл йилидир”.

Шофеъийилар: “Закот фарз бўлиши учун бир йил айланишини тайин қилиш шарт қилинади. Агарчи йил бир лаҳза кам бўлса ҳам, закот йўқдир. Бир йил айланиши донлар, маъдан, олтин ёки кумуш рудаси ва тижорат фойдасининг закотидан бошқа(моллар)да шарт қилинади. Чунки тижорат фойдасининг асл йилига аслий нисоб етган бўлишлик шарти билан закот берилади. Агар мол нисобдан озроқ бўлиб, сўнг тижорат фойдаси билан нисобга етса, нисобга етган пайтидан бир йил ҳисобланади. Агар нисоб йилнинг аввалида тўлиқ бўлиб, сўнг йил давомида камайса, кейин яна нисобга етиб қолса,  фақатгина тўлиқ бир йил-у бир кун ўтса закот фарз бўлади”, деганлар.

 

“Ал-Фиқҳу алал-Мазоҳибил-арбаъа”

 китоби асосида

 Янгийўл тумани

 “Имоми Аъзам” жоме масжиди
имом ноиби

 Нуриддин АКРОМОВ

 тайёрлади

 

Read 47705 times
Tagged under
Top