Фотиҳа сурасининг фазилатлари баён қилинган тафсир манбаларида унинг Қуръони карим маъноларини ўзида мужассам қилган ва улуғ фазилатларга эга сура сифатида ёритилган. Фотиҳа сураси етти оятдан иборат бўлсада, унда Ислом шариати буюрган барча амалларнинг мазмун-моҳияти муфассал равишда баён қилинган. Шу боис, “Уммул Қуръон”, “Уммул Китоб” ва “Асос” каби номлар билан аталган.
Ҳасан Басрий бу сура ҳақида: “Аллоҳ таоло аввалги китоблардаги барча илмларни Қуръонга жамлади. Сўнгра, Қуръонни ҳам муфассал ҳолда жамлаб, уни Фотиҳа сурасига киритди. Ким Фотиҳа сурасининг тафсирини билса, Қуръоннинг нозил қилинган барча маъноларини тушунибди”, деган.
Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” асарида қуйидагиларни келтиради: “Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри-маъруф ва наҳий-мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди”.
Фахриддин Розий “Мафотиҳ ал-ғайб” асарининг Фотиҳа сураси тафсирида: “Фотиҳа сураси илоҳиёт, охират, нубувват, қазо ва қадар масалаларини ўзида жамлагандир. Хусусан, сурадаги «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким», (Фотиҳа сураси, 1-оят) ояти илоҳиётга далолат қилади. «...ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир», (Фотиҳа сураси, 3-оят) ёмонлик қилишдан қайтарилгани ва барча ишлар Аллоҳнинг қазои ва қадари билан бўлишига, «Бизни шундай тўғри йўлга йўллагинки у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 5-7-оятлар) оятлари Аллоҳнинг қазоси ва нубувват масалаларига тегишлидир”, дейилади.
Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф” асарига ҳошия битган табризлик аллома имом Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Тийбий “Шарҳ ал-Кашшоф” асарида олим Фотиҳа сурасини қуйидагича шарҳлаган: “Фотиҳа сураси диннинг устуни бўлган тўрт илмни ўз ичига олган. Биринчиси, шариатнинг асоси бўлган ва Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини ўрганишга бағишланган илм. Ушбу маънолар «Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир» (Фотиҳа сураси, 1-3-оятлар) оятларида жамланган.
Иккинчиси, ибодат масалаларига тааллуқли бўлган илм. Бу илмнинг барчаси «Сенгагина ибодат қиламиз…» (Фотиҳа сураси, 4-оят) оятида жам бўлган.
Учинчиси, камолотга етказувчи одоб-ахлоқ масалалари. Суранинг «…Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлга йўллагинки…» (Фотиҳа сураси, 4-5-оятлар) оятлари барча ахлоқий масалаларнинг мазмунини қамраб олади.
Тўртинчиси, ўтган солиҳ зотлар ва золим кимсалар тўғрисида хабар қилинган қиссалардир. Уларнинг етказилишидан мурод – яхшиларга берилган неъматлар ва ёмонларга кўрсатилган жазолардан ибратдир. Хусусан, сурадаги «у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 6-7-оятлар) ояти Қуръонда зикри келган барча қиссаларнинг мазмунини ифодалайди.
Имом Ғаззолийнинг “Ховосс ал-Қуръон ал-карим” асарида Фотиҳа сураси ҳақида бундай дейилган: “Сурада жамики итоат қилувчи солиҳ бандаларнинг сифати аниқ ва равон баён этилган. Шунингдек, Ҳақни инкор этувчи кимсаларнинг аҳволидан огоҳ қилинган. Аллоҳ таоло юборган оят ва мўъжизаларни инкор қилувчи кимсалар «…ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 7-оят) сўзлари билан ифодаланган. Бу эса Қуръонда зикри келган кофир ва золим қавм ҳамда шахсларга берилган мукаммал таърифдир. Оятдаги «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа сураси, 7-оят) жумласи ибодатлар ёлғиз Аллоҳгагина қилиниши, фақат Ундангина ёрдам сўраш лозимлигини англатади.
Шерзод УМАРАЛИЕВ,
Тошкент ислом университети магистранти