Қуръони карим

Хушовозлардан қироат эшитиш

Чиройли овозда қироат қиладиган инсонлардан тиловат эшитиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ва улуғ инсонлар, обидлар ва Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларининг одатидир. Бунинг мустаҳаб ишлардан эканлигига иттифоқ бўлган.

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан келган саҳиҳ ривоятда у киши шундай дейди: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Қуръон ўқиб бер”, дедилар. Мен: “Ё Росулаллоҳ, мен сизга қироат қилиб бераманми, ваҳоланки у сизга нозил бўлганку?”, дедим. Шунда У зот: “Мен Қуръонни ўзимдан бошқадан эшитишни яхши кўраман”, дедилар. Мен Нисо сурасини ўқиб,

 فَكَيْفَ إِذَا جِئْنَا مِنْ كُلِّ أُمَّةٍ بِشَهِيدٍ وَجِئْنَا بِكَ عَلَى هَؤُلَاءِ شَهِيدًا

 “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!”(Нисо сураси, 41-оят.)оятига келганимда у зот: “Ҳозир кифоя қилади”, дедилар. Ўгирилиб қарасам кўзлари ёшга тўлган эди”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

 Доримий ва бошқалар ўз санади билан ривоят қилади: Абу Мусо Ашъарийрозияллоҳу анҳуга Умар ибн Хаттоброзияллоҳу анҳу: “Бизга Роббимизни эслатгин”, дер эдилар. Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу у зотнинг ҳузурларида қироат қилиб берарди.

 Баъзи солиҳ инсонлар бошқаларнинг қироатлари сабаб оламдан кўз юмганликлари ривоят қилинади.

 Баъзи уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари айтиладиган ўринда аввалида ҳам, тамом бўлганида ҳам бир овози чиройли қорининг қироат қилишини мустаҳаб санаганлар.

 Қуръон тиловат қилувчи инсон мажлисга муносиб ва лойиқ жойдан қироат қилиши ва унинг қироати хавфу-ражо, панду-насиҳат, дунёда парҳезкор бўлиш, охиратга тарғиб қилувчи, унга таёргарлик кўриш, орзу ҳавасни камайтириш ва ҳусни хулққа далолат қилувчи оятларни тиловат қилиши мақсадга мувофиқ.

 

Жалолиддин Ҳамроқулов 

"Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби 

 Тошкент ислом институти кафедра мудири

Read 9597 times
Top