Қуръони карим

Қуръон забт этган қалблар: Али ибн Фузайлнинг Қуръондан таъсирлангани

Суҳайл ибн Абу Осим айтади: “Салам ал-Хаввосдан “Сизга Али ибн Фузайлнинг қандай вафот этгани ҳақидаги хабар келганми?” деб сўрасам, у киши: “Ҳа, келган. Бир куни Али касал бўлиб қолди. Кейин бироз вақт ўтиб тузалди.

Шу кунларда Басра шаҳридан бир киши меҳмон бўлиб келган эди. У одамнинг қироати чиройли эди. Ўша қори Фузайл ибн Иёз етиб келишидан олдин Алини зиёрат қилиш учун унинг уйига борди. Бу воқеадан Фузайл хабар топди. У дарҳол бир кишини ёнига чорлаб, “Тезда бориб қорига айт, ўғлимнинг олдида тиловат қилмасин” деб тайинлади. Элчи етиб боргунича, басралик меҳмон Алига мана бу оятни тиловат қилиб бераётган эди:

 

وَلَوْ تَرَى إِذْ وُقِفُواْ عَلَى رَبِّهِمْ قَالَ أَلَيْسَ هَذَا بِالْحَقِّ قَالُواْ بَلَى وَرَبِّنَا قَالَ فَذُوقُواْ العَذَابَ بِمَا كُنتُمْ تَكْفُرُونَ

 

“Аллоҳнинг ҳузурида тўхтатилганларида, У: “Мана шу ҳақ эмасми?!” деганида, “Роббимизга қасамки ҳақдир”, деганларини, У: “Бас, куфр келтирганингиз учун азобини чекинг”, дейишини кўрсанг эди” (Анъом сураси, 30-оят).

Али оятни эшитибоқ қаттиқ бақириб, оҳ тортди ва беҳуш бўлиб йиқилди”.

Бу воқеа “Ал-вофий бил вафоёт” асарида зикр қилинган.

 

Яъқуб ибн Юсуф Фузайлнинг қадрдони эди. У шундай ҳикоя қилади:

“Фузайл ибн Иёз, агар ортида Али йўқ бўлса, Қуръон тиловатига берилиб кетарди. Маҳзун бўладиган оятларни ўқиётганда, ёнидагиларни маҳзун кайфиятга тушириб, қўрқув оятларини ўқиётганда, ёнидагиларни қўрқитиб ўтар эди. Агар ортида ўғли Али ўтирганини билса, ўша оятларда тўхтамай ўтиб кетарди.

Бир куни Қуръон ўқир экан, “Ёнимда ўғлим йўқ”, деган гумон билан берилиб Қуръон ўқиди.

قَالُوا رَبَّنَا غَلَبَتْ عَلَيْنَا شِقْوَتُنَا وَكُنَّا قَوْماً ضَالِّينَ

 

“Улар: “Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз” (Муъминун сураси, 106-оят) оятига етганида, Али ҳушидан кетиб йиқилди. Фузайл ўғли шу ердалигини, ҳушидан кетганини билгач, қироатни тезлаштирди. Ўша ердагилар Алининг онасининг олдига бориб, “Биз билан бориб, Алини ҳушига келтир!” дейишди. Онаси келди ва ўғлининг юзига сув сепиб ҳушига келтирди. Али ҳушига келгач, эрига юзланиб, “Сиз бу боланинг қотилисиз” деди. Орадан Аллоҳ хоҳлаганича муддат ўтгач, Фузайл яна орқасида Али турганидан бехабар Қуръонни тиловат қила бошлади.

 

وَبَدَا لَهُم مِّنَ اللَّهِ مَا لَمْ يَكُونُوا يَحْتَسِبُونَ

 

“Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур” (Зумар тсураси, 47-оят) оятига етганида, Али омонатни топшириб, ерга йиқилди. Алининг йиқилганини билган отаси қироатни тезлаштириб, якунлади. Ўша ердагилар Алининг вафот этганини билишмади. Яна ҳушидан кетди деб ўйлашди. Онасининг олдига бориб, “Ўғлингни ҳушига келтир!” дейишди. Онаси келиб, ўғлининг юзига сув сепа бошлади. Қараса, у Охират диёрига кўчиб бўлган экан”.

Бу воқеани Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ “Таввобийн” (“Тавба қилувчилар”) номли асарда ривоят қилган.

 

 

Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” номли

асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 7525 times
Top