Қуръони карим

Тунни бедор ўтказиш фазилати

 Намозни мўминлар учун роҳат, хавф қилувчилар учун қўрқинч, Ўзини соғинувчилар учун нур қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Тунни намоз ўқиб бедор ўтказувчи инсонларнинг имоми, рукуъ-сажда қилувчиларнинг саййиди Муҳаммад мустафога солот-у саломлар бўлсин.

Билингки, тунни бедор ўтказиш солиҳ инсонларнинг одати, мўминларнинг фойдали тижорати, нажотга топмоқчи бўлганларнинг амалидир. Мўминлар тунда Роббилари билан ёлғиз қоладилар, улар ўзларини йўқдан бор қилиб яратган Холиқларига юзланадилар, барча аҳволларини У зотга шикоят қиладилар, Унинг фазли ила ундан барча ҳожатларини сўрайдилар. Шу сабабли уларнинг қалблари Холиқлари хузурида қоим, уларни йўқдан бор қилган зотга илтижо ила машғул бўлади. Ана шу тортиқлардан нафас олади, яқинлик нурларини эгаллайди ва улуғ совға-саломларга интилади ва тазарруъ қилади.

Аллоҳ азза ва жалла тунни ибодат ила бедор ўтказувчилар ҳақида қуйидаги оятда марҳамат қилади:

 كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ  

 (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”. (Зарият сураси 17-18 оятлар)

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Улар тунни машаққат ила ўтказадилар, намозни тонг-саҳаргача чўзадилар, сўнг дуо, тоат ва тавбага шўнғийдилар.

Аллоҳ Роббул Оламин айтади:

 أَمْ مَنْ هُوَ قَانِتٌ آَنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآَخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

“Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”. (Зумар 9-оят)

Ва яна бошқа ояти каримада шундай дейди:

إِنَّ نَاشِئَةَ اللَّيْلِ هِيَ أَشَدُّ وَطْئًا وَأَقْوَمُ قِيلًا

“Албатта, кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш кўпроқ мувофиқ келувчироқ, (лекин) сўз (сўзлаш, қироат қилиш) жиҳатидан қулайроқдир”. (Муззаммил сураси, 6-оят)

Имом Табарий айтади: “Кечаси қилинган ибодат кўпроқ мувофиқ келади дегани қалб ва тил мувофиқ келишидир”.

Ушбу оят ва ҳадислардан маълум бўладики, Аллоҳга иймон келтирган инсон ҳаётида тунни ибодат билан бедор ўтказиши жуда ҳам муҳим ўринга эга экан.

Шу сабаб бўлса керак, сарвари олам Муҳаммад алайҳиссалом тунни ибодат билан бедор ўтказишга одатланиб, сўнгра уни тарк қилган инсоннинг ҳолатидан хавфсираганлар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абдуллоҳ, тунни ибодат билан бедор ўтказишга одатланиб, сўнгра тарк қилган фалончидек бўлмагин деганлар”, дедилар. (Бухорий ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳақларида: “Абдуллоҳ кечаси намоз ўқиганда қандай ҳам яхши инсон бўлар эди”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).  У зотнинг ўғиллари Солим оталари Абдуллоҳ Расулуллоҳнинг ана шу сўзларидан сўнг тунда бирозгина ухлашликларини ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Менинг ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб: “Эй Муҳаммад, хоҳлаганингиздек ҳаёт кечиринг, сўнг албатта вафот этасиз, хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, сўнг албатта ундан ажраласиз, хоҳлаган амалингизни қилинг, сўнг албатта у билан жазоланасиз. Билингки, мўминнинг шарафи тунни бедор ўтказиши ва унинг азизлиги инсонлардан тамаъ қилмаслигидир”. (Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз бу тунги намоздир”, деганлар. (Муслим ривояти)

Аллоҳ ўз пайғамбарига буюрган:

 

يَا أَيُّهَا الْمُزَّمِّلُ قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلًا نِصْفَهُ أَوِ انْقُصْ مِنْهُ قَلِيلًا أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآَنَ تَرْتِيلًا

Эй, (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад!) Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!) Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг! Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг! (Муззаммил сураси, 1-4 оятлар).

 

 Ва яна  қуйидаги оятда шундай марҳамат қилади:

وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَى أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا

Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса. (Исро сураси, 79-оят).

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари шишиб кетгунича тунда ибодат қилардилар. Мен У зотга: “Ё Расулаллоҳ! Нега бундай қиляпсиз? Аллоҳ сизни аввалги-ю охирги гуноҳларингизни кечирган-ку?, десам У зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайми”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Инсонлар тунни бедор ўтказишда етти табақага бўлинадилар.

Биринчи: Кечани ҳаммасини бедор ўтказишади ва хуфтон намозининг таҳорати билан бомдод намозини ўқийдилар.

Иккинчи: Тунни ярмини бедор ўтказишади.

Учинчи: Тунни учдан бирини бедор ўтказишади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: Аллоҳга энг суюкли намоз Довуднинг намозидир, у тунни ярмини ухларди, учдан бирида намоз ўқирди ва олтидан бирида ухларди.(Бухорий ва Муслим ривояти).

Тўртинчи: Кечанинг олтидан бири ёки бешдан бирида бедор бўлишади.

Бешинчи: Бирор ўлчам қўймасдилар. Улар уйқу ғалаба қилгунича бедор бўладилар, агар уйғониб қолсалар, давом эттирадилар.

Олтинчи: Тунда тўрт ёки икки ракат намоз ўқийдилар.

Еттинчи: Шом ва хуфтон орасини бедор ўтказадилар, саҳар чоғида қовоқлари уйқу сабаб юмиларди. Шу билан куннинг икки томонини жамлайдилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзига шукр қилувчи бандаларидан бўлишлигимизни насиб этсин.

Жалолиддин

Read 8606 times
Top