Қуръони карим

Қуръон ўқувчининг одоблари

Ушбу одобларни ички ва ташқи одобларга ажратиш мумкин.

Ташқи одоблар:

1.           Таҳоратли бўлиш.

2.           Пок жойда тиловат қилиш. Афзали масжид ҳисобланади.

3.           Қиблага юзланиб, виқор ва салобат билан, бошини эгган ҳолда хушуъ хузуъ билан ўтиришлик.

4.           Мисвок ишлатиш.

5.           Қироатдан олдин тааввуз айтиш. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Қачонки, Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрангиз!”.

6.           Тавба сурасидан бошқа ҳар бир суранинг аввалида басмалани айтиш.

7.           Тартил билан (дона-дона қилиб) тиловат қилиш. Аллоҳ таоло Муззаммил сурасида шундай марҳамат қилади: “Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!(Муззаммил cyраси,4 оят.)

8.           Бир сурани бошласа уни охирига етказиш.

9.           Бошқалар билан сўзлашиш учун қироатни тўхтатмаслик. Лекин агар унга салом беришса қироатни тўхтатиб, саломга алик олади, сўнг қироатни давом эттиради.

10.      Сажда оятини ўқиган вақтдаёқ сажда қилиш.

11.      Мусҳафга қараб ўқиш. Бу ёддан ўқишдан кўра афзалдир. Чунки, Қуръонга назар қилиш ҳам ибодатдир.

12.      Имкони борича қироат овозини чиройли қилиш ва уни зийнатлаш.

13.      Йўғон овоз билан тиловат қилиш ва аёллар каби овозини ингичка қилиб ўқимаслик.

14.      Тиловат вақтида йиғлашлик ёки йиғлашга қодир бўлмаса йиғламсирашлик, маҳзунлик ва хушуъ билан ўқиш.

Ички (қалбий) одоблар

1.           Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш. Чунки, тиловатдан асосий мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир”.( Сод сураси, 38 оят.) Аллоҳ таолонинг қудратини баён қилувчи оятларда унинг қудратини идрок қилиш, кофирларнинг ҳолати баёни келганда Аллоҳдан паноҳ сўрашлик лозим.

2.           Ўқиётган китоби инсонни сўзи эмаслигини ҳис қилиши лозим.

3.           Тадаббур, тафаккур қилишдан тўсадиган нарсаларни тарк қилиш. Масалан, ҳарфларни ҳаққини адо қилмаслик, уни ўз махражидан чиқармаслик каби ишлар билан шайтон васваса қилади. Шу сабаб тиловатдан асосий мақсад бўлган тадаббурдан чалғимаслик керак.

Гуноҳга муккасидан кетиш, мутакаббир бўлиш, нафси ҳавога берилиб кетиш ҳам Қуръонни тафаккур, тадаббур қилишдан тўсади. Чунки бу ишлар қалбни қорайиши унинг занглашига сабаб бўлади.

4.           Қуръон тиловат қилувчи инсон шуни билиши лозимки, ундаги қилинган хитоблар, ваъидлар ўз навбатида ана шу инсонга ҳам тааллуқлидир. Ундаги қиссалар шунчаки гап-каштак учун эмас, балки ибрат учун уларни нозил қилингандир. Уларни тааммул қилиб, ўзига хулоса чиқариш керак.

5.           Тиловат қилувчи инсон ўз куч-қудратига суянмаслиги, ўзига поклик ва розилик кўзи билан қарамаслик даркор. Чунки, кимки ўз нафсига нуқсон кўзи билан боқсагина ўзида қурбат ҳосил қилади.

 

 

Read 9583 times
Tagged under
Top