Қуръони карим

Аллоҳ таолонинг розилигини исташ

1. Ихлос – Аллоҳ таоло тарафидан бўлган ички тавфиқ ва қалбни очиш. Қуръонни ёдлашда Аллоҳ таолонинг розилигидан бошқа ҳеч нарса қасд қилинмайди. Мана шу ҳақиқий ниятнинг баракоти билан Қуръон ёдлашнинг ажри, гарчи ёдлаш асносида вафот қилиб қолса ҳам, мукаммал қилиб берилади. Фақат битта шарти борки, жон бераётган вақтда ёдлаш узилмасдан, мунтазам равишда давом этаётган бўлиши лозим.

2. Солиҳ бир инсон ҳақида ғаройиб ҳикоя: У зот шандай деди: «Бир куни тунда саҳар вақтига яқин йўл бўйидаги хонамда «Тоҳа» сурасини ўқир эдим. Тугатиб бўлгач, енгил мудроқ босди. Шунда осмондан бир инсон тушди, қўлида бир саҳифа. У кўзимнинг олдида саҳифани очган эди, қарасам, «Тоҳа» сураси. Ундаги битта калимадан бошқа ҳамма калиманинг остига ўнта ҳасанот битиб қўйилган. Мен ўша битта калиманинг ости ўчирилган ҳолда, унинг остида ҳеч нарса йўқлигини кўриб: «Аллоҳга қасамки, бу калимани ҳам ўқидим, нега савобини кўрмаяпман?» дедим. Шунда у инсон: «Тўғри, сен ўқидинг, биз савоб ёзган эдик. Бироқ Арш томонидан бир нидо қилувчининг «Унинг савобини ўчиринглар!» деган нидосини эшитиб, уни ўчирдик», деди. Мен уйқумда йиғлаб: «Нега бундай қилдингиз?» деб сўрадим. У: «Бир киши ўтиб кетаётган эди, у сабабли шу калимада овозингни кўтардинг, натижада савоби кетди», деди».

3. «Қуръонни уч тоифа инсон ўрганади: а) У билан олқиш оладиган; б) У билан тирикчилик қиладиган; в) Уни Аллоҳнинг розилиги учун ўқийдиган»[1].

4. «Қуръонни уч тоифа ўқийди: мўмин, мунофиқ , фожир». Ривоят қилаётган Башир деди: «Валидга: «Бу уч тоифани қандай тушунамиз?» деб сўрадим. Шунда Валид: «Мунофиқ Қуръонга ишонмайди; фожир у билан тирикчилик қилади; мўмин унга иймон келтиради», деди».[2]

5. «Айюб ас-Сахтиёний қачон ҳадис айтса, қалби эриб, кўзидан ёш оқар ва бурнини тортиб: «Бунча қаттиқ шамоллабман», дер эди. Билсак, у йиғини беркитиш учун «шамоллаш» дер экан».

6. Довуд ибн Абу Ҳинд қирқ йил рўза тутган, лекин оиласи билмаган. У косиб бўлиб, нонуштасини ўзи билан бирга олиб кетиб, йўлда садақа қилиб юборар ва Шомда уйга қайтиб, ифтор қилар эди.

7. Ҳасан Басрий Ҳарамда катта бир ҳалқага ҳадис ёздираётган Товуснинг ёнидан ўта туриб, унинг қулоғига: «Агар нафсингда фахрни ҳис қилаётган бўлсанг, бу мажлисдан тур!» деган эди, у дарҳол туриб кетди.

8. Аллоҳ таоло: «Бас, кимки Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Робби ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин», деган («Қаҳф» сураси, 110-оят). Бу амал қабул бўлишининг икки шартидир. Шу икки шарт тўла топилмагунча, амал қабул қилинмайди. Биринчиси: «солиҳ амал қилсин». Амал Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш ва динга бидъат аралаштирмаслик билангина солиҳ бўлади. Иккинчиси: «Робби ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин», яъни амални фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилиш. Мана шу ихлосдир.

9. «Ким охират ишини дунё учун қилса, охиратда унга насиба йўқ».[3]

10. Фузайл ибн Иёз айтади: «Одамлар сабабли бир ишни тарк қилиш риёдир. Одамлар сабабли бир ишни қилиш ширкдир. Ихлос эса Аллоҳ таоло сени бу икковидан сақлашидир. Агар инсон ўзига одамларнинг мулоҳазалари, уларнинг гумонлари йўлидан эҳтиёт бўлиш эшигини очса, унга бу дунё яхшилиги эшиклари ёпилмайди. Бироқ ўзининг дини учун муҳим бўлган катта нарсани йўқотган бўлади. Бу солиҳлар дини эмас, уларнинг йўли ҳам эмас.

11. Ихлос Аллоҳ тарафидан бўлган қалбни очиш ва ички тавфиқдир. Қачон у бир амал билан аралашса, у Аллоҳ наздида ҳам, одамлар наздида ҳам мақбул бўлади.

12. Имом Шофеъий айтади: «Қанийди, одамлар бу илм(яъни у кишининг илми)ни олсалар-у, ундан бирорта ҳарфни ҳам менга нисбат бермасалар».

13. Суфён ибн Уяйна: «Ҳар қандай олимнинг дарс ҳалқаси кенгайиб кетса, ўзида фахр ҳис қилади», дер эди. У ҳалқани уч томонга бўлиб қўяр эди. Бир куни бўлишни унутиб қўйди, қараса, ҳалқа катта бўлиб кетибди. Шунда қўрқиб кетиб, ўрнидан даст туриб: «Ўзимиз сезмаган ҳолда Аллоҳ бизни олибди (жазолабди)», деди.

14. Иброҳим ибн Адҳам Бишр ал-Ҳофийнинг ҳалқаси олдидан ўта туриб, унга: «Агар бу ҳалқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирортасининг ҳалқаси бўлганда ҳам, фахрдан омонда бўлмас эди», дея танбеҳ берди.

15. Юсуф ибн Асбот айтади: «Аллоҳ таоло пайғамбарларидан бирига ваҳий қилиб: «Қавмингга айт, ўз амалларини инсонлардан яширсинлар, Мен уларнинг ҳолларини ошкор қилиб қўяман », деди».

16. Иброҳим ат-Таймий айтади: «Мухлис киши ўз яхшиликларини худди ёмонликларини яширгандек яширади».

17. Бишр ал-Хофий айтади: «Биз кабиларга солиҳ амалларимизни ошкор қилиш тўғри бўлмайди. Риё аралашган амал қандай амал бўлиши мумкин?! Биз кабилар амалларимизни яширганимиз яхшироқдир».

18. Бишр ал-Хофий айтади: «Ийсо алайҳиссаломдан бизга етиб келишича, у киши ҳаворийларига: «Агар сизлардан бирортаси рўза тутган бўлса, боши ва соқолига ёғ суртсин ва лабига ҳам суртиб олсин, кўрганлар рўзадор деб ўйламасинлар», дер эди».

19. Абу Умома саждада йиғлаётган бир кишининг олдидан ўтаётиб, унга: «Мана шу ишинг уйда, инсонлар кўрмайдиган тарзда бўлганида, қандай ҳам яхши бўлар эди!» деди.

Аллоҳнинг солиҳ, илмига амал қилувчи бандаларининг холи шундай экан, шаҳват денгизига ботган, амалларини дунё овлаш учун тўр қилганларнинг ҳоли нима кечади?..

 

 



[1]Абу Саъид ал-Худрий(р.а.)дан,марфуъ

[2]Аҳмад, «Муснад», Саҳл ибн Саъд(р.а.)дан

[3]Аҳмад ва Ҳоким Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан  ривоят қилган.

Read 8878 times
Top