Қуръони карим

“Фотиҳа” сураси

الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ (1) الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ  (2) مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ (3) إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ(4)

اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ (5) صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ(6) غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ     (7)

Оятларнинг умумий маъноси:

“Ҳамд оламларнинг Рабби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлга  йўллагинки, у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!”

  Оятларнинг лафзий таҳлили:

  “الحمد لله - алҳамду” Ҳамд у мақташ ва улуғлаш каби чиройли сўзлар билан сано айтишликдир. Қуртубий айтади : Ҳамд араб тилида мукаммал мақтов деганидир. У шукрдан кўра умумийроқдир. Чунки шукр бир неъматни эвазига  айтилган мақтов бўлади. Ҳамд эса ундай эмас.

  “رب - Робб”Рабб луғатда тарбия маъносидаги сўзнинг ўзагидир.Араб тилида бир нарсани ислох билан қилиб, ниҳоясига етказиб амалга оширган кишига нисбатан فقد ربه дейилади.

Раб сўзи ( молик, муслих, маъбуд, саййид, мутоъ) каби  бир неча маъноларни ўз ичига олади. رب الدار     هذا رب الابل    Бу сўз Аллоҳдан бошқа кишига нисбатан қўлланганда фақат изофа билан айтилади.

  Оят лафзларининг нозик жиҳатлари:

1.     Аллоҳ таоло қироат вақтида “аъузу” айтишликни  ушбу оятда                                           

فاذا قرأت القرءان فاستعذ بالله من الشيطان الرجيم    буюрган.

Жаъфар Содиқ айтадилар: “Албатта қироат қилишдан олдин “аъузу”  айтиш лозим. Бошқа ибодатларда эса “аъузу”  айтилмайди. “аъузу” айтиш нинг ҳикмати инсон тилини ғийбат-чақимчилик ва ёлғон билан нопок қилиб қўяди, Аллоҳ таоло бандасига “аъузу”  айтиб тилини поклашни буюрди. Пок тил билан Аллоҳ таоло тарафидан нозил бўлган каломини ўқийди.

2.Биз بسم الله الرحمن الرحيم сўзини айтишимизда катта фойдалар бор. Булар сирасига Аллоҳ таолонинг исмини улуғлашлик ва Унга таъзим қилиш, шайтонни ҳайдашдир. Чунки Аллоҳ таоло зикр қилинса шайтон қочади. “Аъузу”ни айтиш мушрикларга тескариликни изҳор қилишдир. Чунки улар ҳар қандай қилаётган ишларини санамлар ва ўзлари ибодат қиладиган нарсалар номи билан бошлайди. Шунингдек,  ундан қўрқувчига омонлик, улуҳийятга иқрор бўлиш ва неъматларни эътироф қилиш, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраш бордир. Унда Аллоҳнинг исмларидан икки исм الله  ваرحمن исмлари мавжуд.

Оятлардан олинадиган шаръий ҳукмлар:

Биринчи ҳукм: Басмала Қуръон оятлариданми ?

Намл сурасида келган “басмала” ҳақида уламолар суранинг бир ояти деган фикрни айтишган.

1)                “Басмала” Фотиҳа ва бошқа суралардан бир оят. Бу фикр Шофеъий мазхабидаги олимларга тегишли.

2)                “Басмала”Фотиҳани ҳам ва бошқа суранинг ҳам бир ояти эмас. Бу фикр Моликий мазхабидадир.

3)                “Басмала”Қуръондан бир оят бўлиб, сураларнинг орасини ажратиш учун нозил қилинган.

“Басмала” Фотиҳа сурасининг ояти эмас. Бу фикр Абу Ҳанифанинг мазҳабидадир.

Ҳанафий уламоларимизнинг далиллари: “Басмала”нинг Мусҳафда ёзилиши унинг Қуръондан эканлигига далолат қилади. Лекин у ҳар бир суранинг ояти эканлигига далолат қилмайди. Намозда “басмала”ни овоз чиқариб қироат қилмаслигига далолат қиладиган ҳадислар, унинг Фотиҳа сурасидан эмаслигига ишора қилади. Демак, у Қуръондан тўлиқ бир оят бўлиб, Намл сурасидан бошқа сураларнинг орасини ажратиш учун нозил қилинган.

 

“Равоиъ ул-Баён” асаридан

Read 13706 times
Top