Қироат қилмоқчи киши истиоза, яъни– “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”ни айтади. Бу жумҳур уламоларнинг гапи. Салафи солиҳлардан бири ушбу оятга кўра, қироат қилиб бўлгандан кейин истиоза айтилади, деган:
“Қачонки, Қуръон ўқисангиз, албатта, қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрангиз!” (Наҳл сураси, 98-оят).
Жумҳур уламолар эса бу оятни: “Қироат қилмоқчи бўлсанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин”, деб таъвил қилганлар. Истиозанинг “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” кўриниши машҳур
Истиозани айтиш вожиб эмас, мустаҳабдир. Хоҳ намозда, хоҳ ташқарида бўлсин, Қуръон ўқимоқчи бўлган ҳар бир инсонга истиозани айтиш мустаҳабдир. Намознинг биринчи ракатида ҳам истиозани айтиш мустаҳаб саналади.
Уламоларимиз: «Қироатдан олдин бир бор “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим”ни ўқийди. Ҳар бир сура бошида “Аъузу” эмас, балки “Бисмиллоҳ” айтилади. “Аъузу”ни ўқигач, саломга алик олса ёки азонга жавоб қайтарса ёхуд зикру тасбеҳ айтса, “Аъузу”ни такрорлаш шарт эмас. Аммо ўртада овқатланса ёки кўпроқ иш қилиб қўйса, “Аъузу”ни қайта ўқийди. “Аъузу биллаҳи”ни фақат Қуръон қироат қилганда айтади. Бошқа китоб, дуо ёки дарс бошлашдан олдин “Аъузу” эмас, балки “Бисмиллоҳ” айтилади», дейишган.