Қуръони карим

Қуръони карим – Ҳидоят манбаи

Аллоҳ таоло Қуръони каримни инсонлар учун ҳидоят манбаи сифатида нозил қилган экан, ундаги ҳар бир оят ва калималар олам-олам маънога эга. Инсонни ғафлатдан уйғотиш ҳамда унинг камчилик ва хатоларидан огоҳ қилиш мақсадида Аллоҳ таоло баъзи – баъзида ўртага савол ташлайди. Гоҳида саволга Ўзи жавоб берса, гоҳида эса уни инсоннинг ақлига ҳавола қилади. Жумладан:

قُلْ مَنْ يَرْزُقُكُمْ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ أَمَّنْ يَمْلِكُ السَّمْعَ وَالْأَبْصَارَ وَمَنْ يُخْرِجُ الْحَيَّ مِنَ الْمَيِّتِ وَيُخْرِجُ الْمَيِّتَ مِنَ الْحَيِّ وَمَنْ يُدَبِّرُ الْأَمْرَ فَسَيَقُولُونَ اللَّهُ فَقُلْ أَفَلَا تَتَّقُونَ

Яъни: Айтинг: «Сизларга осмон ва ердан ризқ бераётган ким ёки қулоқ ва кўзларингизга эгалик қилаётган ким?! Ўликдан тирикни чиқарадиган ва тирикдан ўликни чиқарадиган ва ишнинг тадбирини кўрадиган кимдир?!» Улар, албатта: «Аллоҳ», – дейдилар. Шунда айтинг: «Бас, (шундай экан) қўрқмайсизми?!» (Юнус сураси, 31-оят).

Ушбу оятда бир неча савол ўртага ташланмоқда. Аввало: “Сизларга осмон ва ердан ризқ бераётган ким?” Оддий, лекин инсонни тадаббурга чорловчи савол. Инсон ҳаёти давомида Аллоҳ берган ризқ билан тирик. У ризқнинг келиб-чиқишига, ризққа айланиш жараёнига бир разм солсин. Буларнинг ҳеч бирини ўзи ҳам, бошқа биров ҳам қила олмаслигига аниқ ишониб етади. Ҳақиқий ризқ берувчи зот Аллоҳдир. Шу боис шукр қилиб ўтиш лозим. Шукр эса Унга имон келтириш ва ибодат билан бўлади. Афсуски, баъзилар бу ҳақиқатни унутиб қўядилар.

Ундан кейинги оят эса:

“Қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким?” дейилмоқда.

Қулоқ ва кўз инсонга берилган буюк неъматлардандир. Уларнинг қадрини эслаб туриш учун Аллоҳ таоло баъзи бандаларини эшитиш неъматидан, баъзиларни кўриш неъматидан маҳрум қилиб қўяди. Ана ўшандай кимсаларга ҳеч ким на эшитиш ва на кўриш қобилятини бера олмайди-ку. Дунёдаги барча махлуқларга инъом этилган эшитиш ва кўриш неъматининг ҳақиқий эгаси кимлигини бир тафаккур қилиб кўрсалар, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким эмаслигини англаб етадилар.

Ўликдан тирикни ва тирикдан ўликни чиқарадиган ким?” “Тухумдан қушни, уруғдан ўсимликни, данакдан дарахтни чиқарадиган ким? Албатта, Аллоҳ!” “Ишнинг тадбирини ким қилади?” борлиқдаги барча мавжудот маълум бир қоида, тартиб асосида ҳаракатланади. Уларни бу ҳолда ким тадбирини қилиб турибди? Албатта, Аллоҳ! Бунга ҳамманинг ишончи комилдирки, уларга мазкур саволлар берилса “Улар, албатта: “Аллоҳ” дейдилар”.

Оятнинг охирида Аллоҳ таоло инсонларга қарата яна савол беради: “Аллоҳдан қўрқмайсизларми?” Яъни чиндан ҳам шундай бўлса, Аллоҳдан қўрқмайсизларми? Нима учун Унинг неъматларига шукр қилмайсизлар?

Яна Аллоҳ таоло инсонларни доимо ибрат назари билан яшашга ундаб:

 أَوَلَمْ يَنْظُرُوا فِي مَلَكُوتِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا خَلَقَ اللَّهُ مِنْ شَيْءٍ وَأَنْ عَسَى أَنْ يَكُونَ قَدِ اقْتَرَبَ أَجَلُهُمْ فَبِأَيِّ حَدِيثٍ بَعْدَهُ يُؤْمِنُونَ 

Яъни: “Осмонлар ва Ернинг мулку салтанатига, Аллоҳ яратган ҳар (бир) нарса ва ажал (муддат)лари яқинлашиб қолганига (бир) назар ташламадиларми?! Ундан (Қуръон инкоридан) кейин (яна) қайси гапга ишонар ҳам эдилар?!” деб, марҳамат қилган (Аъроф сураси, 185-оят).

Осмонлар ва ердаги каттаю кичик ҳар бир нарса шунга далолат қилади. Ҳолбуки, бутун борлиқни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Энг кичик зарралар ҳам, ҳужайралар ҳам шунга гувоҳлик беради. Фақат бу нарсаларга эътибор билан, инсоф назари билан, ўзининг инсон эканлигини тўла тушунган ҳолда қараш керак, холос. Энг муҳими, теран фикрли инсонлар бу дунёга устун бўла олмаслигини фикр қилиб қараши керак: “ажаб эмаски, ажаллари яқинлашиб қолган бўлишига назар солмайдиларми?” ажал кўзи билан қош орасида, ундан қочиб қутилиш мумкин эмаслиги ҳақиқат. “Бундан кейин яна қайси гапга ишонадилар” деб барчани огоҳликка даъват этмоқда.

  

 

ЎМИ кутубхонаси

Read 8087 times
Tagged under
Top