muslim.uz
360 та зиёратгоҳда қурбонлик маросимлари, барча масжидларда Қуръон хатми — «Вақф» фонди 6 кун хайрия тадбирлари ўтказади
Аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан хайрия тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Хайрия тадбирлари 2020 йил 25-30 декабрда (6 кун) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман/шаҳарларида ўтказилади.
Республиканинг 360 та мўътабар зиёратгоҳ ва қадамжоларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, туман/шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида қурбонлик маросимлари ташкил этилади. Қурбонлик сўнггида Қуръони карим тиловат қилинади ҳамда юртимизнинг тинчлилиги, осойишталиги ва тараққиёти, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинади.
Республикамизнинг барча — 2 079 та масжидида 6 кун давомида ҳуфтон намозидан кейин жами 12 480 та Қуръони карим хатми амалга оширилади.
Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги зиёратгоҳларда ҳам Қуръони каримнинг хатми адо этилиб, офатдан зарар кўрган ватандошларимиз ҳақига эзгу дуолар қилинади.
Шунингдек, хайрия тадбирлари якунида юртимиздаги қадимий анъанага мувофиқ Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» китоби иқтидорли имомлар томонидан хатм қилинади. Ушбу маросимнинг якуни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов томонидан Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилади.
Уламолар, имом-хатиблар Қуръони карим ва «Саҳиҳи Бухорий» китобларининг хатми якунида юртимизга тинчлик, хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, янги йилда мамлакатимизнинг янада тараққий этишини сўраб дуо ва илтижолар қиладилар.
«Вақф» фонди томонидан ҳар бир маҳаллада муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами тарқатилади. Имом-хатиблар «Вақф» фондининг ҳудудий вакиллари билан ҳамкорликда муҳтож хонадонларга кириб бориб, хайрияни тарқатади.
Жойлардаги «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида ош дастурхонлари ташкил этилиб, маиший техника воситалари тарқатилади. Хайрия тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.
Эски масжидни бузиб, унинг еридан фойдаланиш
Миср “Дорул-ифто” фатво уюшмаси фатвоси
Савол: Урайш шаҳрида бир эски масжид бор. У шўр ерга хом ғиштдан қурилган. Бу ҳудудда жамоатчилик учун маданий дам олиш учун сайлгоҳ йўқлиги учун икки йил олдин шу майдонга сайилгоҳ қуришга қарор қилинди. Чунки бу ер майдони шаҳарга кираверишда бўлганлиги учун шу мақсадга энг муносиб жой сифатида кўрилди. Бунинг учун эса масжид бузилишига тўғри келарди. Лекин диний ибодатларни ўз йўлида давом этиб туриши учун, бузишни тўхтатиб турдик ва мазкур ҳудудда унинг ўрнига иккита масжид қурдик. Улардан бири аввалги масжиддан 200 метр шарқ томонда, бошқаси ҳам шунча масофада денгиз тарафда жойлашди. Ҳар икки масжид ҳам аввалги масжиддан катта ва пишиқ қилиб семент ишлатиб қурилди. Масжидларнинг бири қурилиш ва кенглиги жиҳатидан намунавий шаклда бунёд этилган.
Эски масжидни бузишни бошлаганимизда маҳаллий аҳолининг баъзилари масжидни бузмасдан қолдиришни сўраб чиқишди. Бунинг сабаби сўралганда масжидни савдо дўконларига яқинлигини айтишди. Биз эски масжиддан уч-тўрт қадам нарида “Таҳфизул-Қуръон” қошида масжид қуриб беришга тайёрлигимизни билдирдик ва қурилиш ҳам бошлаб юборилди. Бироқ бизга маълум бўлишича эътирозларининг асосий сабаби бу эмас, балки улар эски масжиднинг бузилишидан ноқулайлик сезишаётган экан.
Ушбу масалага фикр билдиришларингизни сўраб қоламиз.
Жавоб: Агар ўрнига иккита-учта масжид қуриб берилган бўлса, мазкур масжидни бузиб, унинг еридан кўпчилик мусулмонларнинг манфаатлари йўлида фойдаланиш мумкин.
Таржимон: Ўзбекистон мусулмонлари
идораси Фатво бўлими етакчи мутахассиси
Саиджамол Масайитов
Ўтаётган йил сарҳисоб қилинди, келгуси вазифалар белгилаб олинди
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида йил якунига бағишланган сарҳисоб йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Масжидлар бўлимини бошлиғи Муҳаммадназар Қаюмов иштирок этди.
Сарҳисоб йиғилишида вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфиддинов имом-хатиб ва ноиблар, отинойиларнинг жорий 2020 йилда қилган ишлари бўйича ҳисобот тақдим қилди, келгуси йилги режаларни маълум қилди.
Сўнг Иброҳимжон домла Иномов йиғилиш қатнашчиларига диний соҳа раҳбарларининг саломини етказиб, ўтаётган йилда вилоятда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, ютуқларни эътироф этди, камчиликни танқид қилди. Ушбу йиғилиш якуни бўйича келгуси режаларни янада пухталаб олишни қайд этди.
Тадбир давомида шаҳар ва туман имом-хатиблари ҳам қилинган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар, уларни келгусида бартараф этиш бўйича чиқиш қилди. Шунингдек, динимизнинг юртимиз тинчлиги ва аҳоли турмуш тарзини яхшилашдаги ўрни ҳақида айтиб ўтилди.
***
Қашқадарё вилоятида ўтказилган йиғилишда ҳам жорий йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Йиғилишда дастлаб вилояти бош имом хатиби Раҳматилло Усмонов сўзга чиқиб, 2020 йилда ҳудудда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмовлар ҳам қатнашиб, имомларга жуда таъсирчан маърузалар қилдилар.
Шунингдек, жойлардаги бош имом-хатибларнинг ҳисоботи тингланди ва галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Замонасининг тенгсиз олими
Нуриддин Абулҳасан Али ибн Султонмуҳаммад ҳанафий қироат илмида моҳир, зукко ва замонасининг етук олими бўлган. У киши Ислом оламида Мулла Алийюл Қори номи билан танилган. Алломанинг туғилган йили тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Баъзи манбаларда темурийлар ҳукмронлиги даврида милодий XV асрда яшаб ижод қилгани қайд этилган[1].
Ҳанафий мазҳабининг забардаст олими Мулла Али қори Ҳиротда илм таҳсилини бошлаб, Қуръони каримни тўла ёд олади. Шайх Муҳиддин ибн Ҳофиз Зайниддин у кишининг илк устози. Алломанинг талабалик йиллари темурийлар салтанати гуллаб-яшнаган даврга тўғри келган. У замонасининг таниқли олимларидан илм ўрганиб, фақиҳ бўлиб етишади. Сафавийлардан Шоҳ Исмоил ибн Ҳайдар ҳукмронлиги пайтида кўпчилик уламолар каби Мулла Али Қори ҳам чорасизликдан мамлакатни тарк этади. Ҳижрий 952 йили Макка шаҳридан қўним топади. Бу эмин шаҳарда аллома яна илмга шўнғийди.
Шайх Шаҳобиддин Абул Аббос Маккий (ҳижрий 973 йили туғилган), Шайх Алоуддин ибн Ҳисомиддин Абдулмалик шофиъий Мисрий, Муҳаммад Саид ибн Мавлоно Хўжа ҳанафий Мисрий (ҳижрий 981 йили туғилган) ва Шайх Абу Исо Қутбиддин Муҳаммад ибн Алоуддин Аҳмад ҳанафий Маккий каби олимлар унга устозлик қилишган.
Тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларида ном қозонган Сулаймон ибн Сайфиддин Жоний, Шайх Муҳйиддин Абдулқодир ибн Муҳаммад шофиъий Маккий, қози Абдурраҳмон ибн Исо ҳанафий Маккий, Шайх Муҳаммад Абу Абдуллоҳ Муқаллиб (вафоти 1061 ҳижрийда) Саййид Муҳаммад Ҳусайний Балхий каби алломалар у зотнинг шогирдларидир.
Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий “Ироқ аҳлининг фақиҳлари ва уларнинг сўзлари” номли рисоласида: “Имом Абу Ҳанифанинг издошларидан Мулла Алийюл Қори ҳофиз, беназир муҳаддис олим эди”, деб ёзади. Шайх Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий эса “ат-Таъликус Сабиҳ” асарида уни: "Улуғ муҳаддис, ақли ўткир, фозил, замонасида тенгсиз, асрининг танҳо олими", дея таърифлайди. Замондош ва маслакдошлари у зотни "Хақиқатлар султони, нодир фиқхий масалалар билимдони, фақиҳ, муфассир, қорию мутакаллим, муҳаддис ҳамда балоғат ва фасоҳат, наҳв илмларининг муаллими" деб тан олишган.
Аллома саксондан ортиқ китоб ёзган. Баъзи асарлари неча асрлардан бери ўқув юртларида муҳим дарслик ва кўлланма бўлиб келмокда. Олимнинг «Анварул Қуръон фи асрорул Фурқон (Фурқон сирларида Қуръон нурлари)», «Ан-насиҳу вал-мансуҳу минал ҳадис (Ҳадисларнинг насх ва мансухлари)», «Адиллату мўътақади Аби Ҳанифа фи абавайи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-оналарига доир ақидада Абу Ҳанифанинг далили)», «ал-Асмарул жанийяту фи асмаил ҳанафия (Ҳанафий олимларнинг исмлари ҳақида йиғилган мевалар)», «ал-Аҳадисуд қудсияту арбаъиния (Қирқ қудсий ҳадис)», «ал-Адаб фи ражаб (Ражаб ойи одоблари)» ва «Манакибу ал-Имоми Аъзам ва асҳобиҳи (Имоми Аъзам ва асҳобларининг маноқиблари)» каби китоблари машҳурдир.
Аллома мазҳабимиз фиқҳий масалаларига доир кўплаб рисолалар ҳам ёзган. «Рисала-ту фи ҳимаяти мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ҳимоя қилиш туғрисида рисола)», «Рисалату фир радди ала мин замми мазҳабил Имоми Аби ҳанифа (Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ёмонловчиларга раддия рисоласи)» шулар жумласидан.
Аллома ўндан ортиқ китобларга шарҳ ёзган. «Шарҳи Саҳиҳи Муслим (Имом Муслим "Саҳиҳ"ининг шарҳи)», «Шарҳу Айнил илми ва зайнил ҳилми («Ҳилмнинг зийнати ва илмнинг булоғи» китобига шарҳ)», «Шарҳу ал-Фиқҳил акбар ("Фиқҳул акбар"нинг шарҳи)», «Шарҳу «Муснад ал-Имоми Аби Ҳанифа (Имом Абу Ҳанифанинг "Муснад"ига шарҳ)», «Шарҳу ал-Ҳидоя лил Марғиноний (Марғинонийнинг "Ҳидоя"сига шарҳ)», «Шарҳу ал-Виқоя фи масаилил Хидоя ("Ҳидоя" масалаларидаги "Викоя"га шарҳ)» ва «Мирқотил мафотиҳ шарҳи Мишкатил Масобиҳ («Миш-катул Масобиҳ»ни шарҳлашда очилган нозик ўринлар)» каби шарҳлари бутун Ислом оламида эътиборлидир.
Мазҳабимизнинг буюк алломаси Мулла Али Қори Имом Абу Ҳанифа, Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёз каби алломаларнинг йўлидан бориб, ҳаётда дуч келган масалаларга асосли жавоблар берган. Олим илм ва ибодатда собитқадам ва мўътадил бўлган.
Манбаларда у зотнинг моҳир ҳаттот бўлганлиги ҳам айтилади. Аллома мискин ва муҳтожларга кўп ёрдам берган, ҳалол ризқ истаб, таржима ишлари билан шуғулланган[2]. Аллома асарларини таржима қилган кишилар айтишича, у зот ҳар йили бир марта чиройли хат билан Мусҳафни тўлиғича кўчириб, тушган пулни рўзғорга ишлатар экан. Шайх Абдулҳалим Нўъмоний «ал-Имоми Алиюл Қори ва асариҳи фи илмил ҳадис» асарида: "Аллома Қуръони каримни ҳар олти ойда (бир йилда икки бор) тўла кўчирар, бирининг пулини Ҳарамдаги фақир-мискинларга садақа қилар, иккинчисиникини эҳтиёжларига сарфлар эди", деб ёзади.
Ҳазрат Мулла Али Қори ҳанафий ҳижрий 1014 йили шаввол ойининг 14 куни Макка шаҳрида вафот этади. Баъзи ривоятларда алломанинг Макка ҳудудидаги «Муаллат» деган жойга дафн килингани айтилади.
Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] “Хуласатул асар”. 3-ж., 185-б.; “Саматун нужум”. 4-ж.,393-б.
[2] “Мирқотул Мафотиҳ”. Байрут, 1971. 1-ж., 27-б.
Мусулмон одам Байден маъмуриятида ишлайдиган бўлди
АҚШда келиб чиқиши покистонлик бўлган мусулмон Али Зайдий Байден-Харрис бошқарувидаги Оқ уйнинг миллий иқлим бўйича маслаҳатчиси муовини этиб сайланди.
Islam.ru маълумотларга кўра, Biden-Harris Transition веб-сайтида эълон қилинган баёнотда айтилишича, Зайдий "иқлим инқирозига қарши курашга дунёни олиб борувчи сайланган президентнинг кун тартиби"ни илгари сурадиган жамоанинг бир қисми бўлади.
Зайдий ота-онаси билан 1993 йилда Покистондан Эдинборога кўчиб ўтганида у беш ёшда эди. У Гарвард Университети бакалавр даражасини олган.
"Сайланган президент Жо Байден қўнғироқ қилганида ҳайратга тушдим. Мен учун бу катта шараф ва ишга киришиш мен тайёрман! "- унинг сўзларидан иқтибос келтиради CNN телеканали .
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати