muslim.uz
Ҳукм олишга кимлар ҳақли
Ислом шариати асослари ва ҳукмлари Аҳли сунна вал жамоага мансуб тўртта мазҳабда ҳам Қуръони карим ҳамда ҳадиси набавийдан олинади. Агар ушбу иккита манбадан топилмаган тақдирда ижмоъ ва қиёсга мурожаат қилинади. Бунга тааллуқли алоҳида илм шаклланган. Шариатнинг асосий манбаъларидан шаръий хукмларини ишлаб чиқиш қоидаларини ўрганадиган фанга “Усулул фиқҳ” дейилади.
Энди Қуръони каримдан хукмларни кимлар олишга хақли, деган савол туғилади. Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра ҳукмни фақатгина мужтаҳидлар олишга ҳақли. Бу борада ислом тарихида илк даврларда шаклланган мазҳаблар ва уларнинг соҳиблари мужтаҳид эканлигига шу замон уламолари иттифоқ қилганлар ва уларнинг мазҳабларига эргашганлар. Замона уламоларидан шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 4 та фиқхий мазҳабларга эргашиш хақида шундай дейдилар: “Мужтаҳидлар Ислом аҳкомларини аниқловчи бўлганлар, пайдо қилувчи эмас. Шунингдек, ислом умматига нубувват сўзларини муҳаддислар, нубувват маъноларини эса фуқаҳолар етказганлар. Дунёдаги барча бузғунчиликлар ўзбошимча ақлнинг маҳсулидир”.
Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ “Ал-ашбоҳ ван-назоир” номли китобларида Ибнул Ҳумомнинг таҳрир китобидан келтириб: “Тўрт мазҳаб асосли ва уларнинг машҳурлиги ва унга эргашувчилар кўплиги учун тўрт мазҳабга хилоф бўлган бошқа мазҳабга амал қилиш дурустмас, деб ижмоъ қилингандир”, дейдилар.
Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари номли китобда ижтиҳод ва мужтаҳид тушунчаларига мукаммал тариф берилиб шундай дейилган. Шаръий истилоҳда “Ижтиҳод – фақиҳ мужтаҳиднинг диний ҳукмларни билишга, асл манбаълардан диний ҳукмларни чиқаришга бор куч салоҳиятини ишга солишидир”.
Мужтаҳиддан қуйидаги илмларни мукаммал билиши талаб этилади. Қуръони карим ва унга тааллуқли бўлган илмларни барчасини мукаммал эгаллаган бўлиши, ҳадиси шариф, умуман олганда ҳадис илмига оид барча илмларни мукаммал билиши, салаф уламоларнинг сўзлари, ижмоъларини билиши, Усулул фиқҳ илмидан хабардор бўлиши, араб тилини мукаммал эгаллаган бўлиши, қиёс илмидан хабардор бўлиши зарурлиги келтирилган[1]. Раддул Мухтор номли китобда мужтаҳид фуқаҳоларнинг табақалари тартиб билан келтирилган. Унда қайсилари мужтаҳид, яни ҳукм олишга хақли, қайсилари фақат фақиҳ мужтаҳид эмаслиги келтирилган. Ушбу манбалардан фойдаланган ҳолда мужтаҳидлар табақаларини қисқача келтириб ўтамиз:
Биринчи табақа, мутлақ ижтиҳод соҳиблари табақаси.
Улар Қуръон, Суннат ва бошқа шаръий далиллардан бевосита ҳукм чиқарадилар ижтиҳодларида бошқа бировнинг фикрига эргашмайдилар. Булар тўртта мазҳаб соҳиблари кабилар бўлиб, ҳар қайсилари ўз мазҳабидаги асосий қоидалар муассислари ҳукмларни Қуръон, суннат, саҳобалар сўзлари ҳамда ижмоъ ёрдамида бошқа бировга тақлид қилмасдан, эргашмасдан ўзлари истинбот (ҳукм чиқара оладиган) қила оладиган фақиҳлардир.
Иккинчи табақа. Мазҳаб ичидаги мужтаҳидлар табақаси. Улар Имом Абу Ҳанифа ишлаб чиққан қоидалар асосида далиллардан ҳукмлар чиқара олишга қодир фақиҳлар. Улар баъзи фаръий ҳукмларда Абу Ҳанифага мухолиф бўлсалар ҳам аслида асосий қоидаларда у зотга эргашадилар. Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний, имом Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд, Абдуллоҳ бин Муборак каби Абу Ҳанифанинг бевосита шогирдлари ва Абдурраҳмон ибн Абу Лайло бу табақага мансубдирлар.
Учинчи табақа. Мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалалар борасида мужтаҳидлар табақаси. Улар Абу Ҳанифа ва у зотнинг асҳобларидан далили келмаган масалаларда Ханафий мазҳабининг усулий қоидаларига асосланиб ҳукмлар истинбот қиладилар. Лекин улар бирон бир масалада усулда хам фуруъда хам мазҳаб сохиби ва унинг шогирдиларига қарши бора олмайдилар. Ушбу табақага мансуб фақиҳлар Ханафий мазҳабининг ривожланишига беқиёс хисса қўшдилар. Тахриж ва таржиҳ қоидаларини белгилаб бердилар. Фиқҳий қарашларни бир бирига қандай қиёслаш кераклигини кўрсатиб бердилар. Саҳиҳ ва заиф фикрларни ажратиш йўлларини белгилаб қўйдилар. Ушбу тоифага мансуб фақиҳлардан баъзилари қуйидагилар:
- Абу Бакр Хассоф Аҳмад ибн Амр Шайбоний
- Абу Жаъфар Ахмад ибн Муҳаммад ибн Салома Таҳовий
- Абул Ҳасан Убайдуллоҳ ибн Ҳусан Карҳий
- Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий
- Шамсул Аимма Ҳалавоний
- Шамсул Аимма Абу Бакр Мухаммад ибн Аҳмад Сарахсий
- Фахриддин Қозихон
Тўртинчи табақа. Тахриж соҳиблари табақаси.
Улар ижтиҳодга қодир эмаслар. Лекин илмларининг чуқурлиги, дунёқарашларининг кенглиги сабабли мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдларидан нақл қилинган кўп эҳтимолли ҳукмларни бир неча тармоқли мужмал раъйларни ажратишга қодир бўладилар. Булар мазҳаб сохиби ва унинг шогирдлари ишлаб чиққан усулий қоидалар ва фуруъий фикрларга қараб бир тўхтамга келадилар ва ўзларининг қатъий фикрларини айта оладилар. Ал- Хидоя асаридаги тахрижи Карҳий, тахрижи Розий, тахрижи Журжоний каби истилоҳлар шу маънога қаратилган.
Бешинчи табақа. Тақлид қилувчилардан иборат таржиҳ соҳиблари табақаси. Улар баъзи ривоятларни бошқаларидан афзал эканини бу авло, бу энг саҳиҳ ривоят, буниси равшанроқ, бу қиёсга мувофиқроқ, бу одамлар учун фойдалироқ деб айта оладиган фақиҳлар бўлиб, Абул Ҳусайн Қудурий, Бурҳониддин Марғиноний кабилардир.
Олтинчи табақа. Ривоятлардан зоҳири, нодири, заиф ёки саҳиҳи, кучли ёҳуд кучсизини ажратишга қодир муқаллидлар табақаси. Фиқҳий матн соҳиблари шулар жумласидан бўлиб улар ўз китобларида рад қилинган гапларни, заиф ривоятларни нақл қилмайдилар.
Еттинчи табақа. Юқоридагиларнинг биронтасига қодир бўлмаган муқаллидлар (тақлид қилувчилар) табақаси. Улар ориқдан семизни ажрата олмайдилар, балки кечаси ўтин тергандек топганини йиғаверадилар. Ушбу табақа фақиҳларига эргашганларнинг холига вой, дейилган.
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳукмга олишда нималарга мурожат қилишлари хақида: “Биринчидан Қуръонга мурожат қиламан. Керакли хукмни ундан топа оламсам, Пайғамбар суннатларига ва ул Зотдан ишонарли ровийлар орқали ривоят қилинган саҳиҳ асарларга (ҳадисларга) мурожат этаман. Улардан ҳам тополмасам, саҳобалар сўзларини назардан ўтказиб истаганимни оламан, истамаганимни тарк этаман. Сўнгра саҳобалар сўзларидан бошқаларнинг сўзларига ўтаман. Иброҳим Наҳаъий, Шаъбий, Ҳасан Басрий ва ибн Сирин каби мужтаҳидларга келганда, мен ҳам улар каби ижтиҳод қиламан”, деганлар. Аммо бундан 250 йил олдин юзага келган мазҳабсизликни иддао қилиб мусулмонларни кофирга чиқариб уларни қони, молини ҳалол билган турли номдаги тоифалар мазҳабларни инкор қилишиб ўзларини Қуръони ва Ҳадисга амал қилувчилармиз деб кўрсатиб, Қуръон ва ҳадис турганда мазҳабга эргашилмайди деган баҳона билан ўзларига оғдириб олишга, мазҳабсизларнинг бузғунчи ғояларига эргаштиришга интилишди. Уларнинг иддаоларича ҳар бир мусулмон Қуръон ва ҳадисдан тўғридан тўғри хукм олишга ҳақли, дейдилар. Улар мазҳабларга ва уларнинг соҳибларига турли нолойиқ гапларни айтиб уларга таъна тошларини ёғдиришган. Ҳатто уларнинг манфур бошлиқларидан бири мазҳабларни ботил ва имомларини адашган деб таъна қилган. Мазҳаблар ислом умматини тафриқага солган. Биз фақат Қуръон ва ҳадисга амал қилиб, ҳамма умматни бир қиламиз, деган иддаони қилишган. Аммо ушбу мазҳабсизлар ўтган 250 йил мобайнида ўзларини ораларида бир қанча фирқаларга бўлиниб кетдилар. Уларда муайян маслакни йўқлиги боис ўзаро, келиша олмасдан турли ихтилофларга бордилар. Жазоирлик олим Шамсуддин Бурубий мазҳабсизлар битта Жазоир мамлакатини ўзида 280 фирқага айланганини таъкидлаган.
Суриялик бутун ислом олами эътироф этган буюк уламолардан доктор Мухаммад Саъид Ромазон Бутий “Мазҳабсизлик – авом ёки мужтаҳидлик мартабасига етмаган инсоннинг қандай шаклда бўлмасин, ҳеч бир мужтаҳид имомга тақлид қилмаслигидир” дейдилар. Шунингдек у киши мазҳабсизликни ниҳоятда ёмон оқибатларга олиб боришини такидлаб: “Зеро, аниқ билдимки, мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир” деганлар.
Мазҳабсизликнинг ёмон жиҳатлари сабаб ибодатларда ҳам тутуруқсизликлар юзага келди. Мисол учун мазҳабсизлар пешин ва аср намозини қўшиб, бир вақтда ўқийдилар (ваҳоланки, ҳанафий мазҳабида ҳаждан бошқа пайтда намозларни қўшиб ўқиш йўқ). Пайпоққа масҳ тортиб кетавериш, ухлаб туриб таҳорат қилмасдан намоз ўқиб кетавериш каби бир қанча ихтилофларга сабаб бўлувчи нарсалар юзага келди. Шунингдек ислом шариатида ҳаром қилинган баъзи нарсаларга ҳам, жумладан ўзгаларни ўлдириш мақсадида ўзини портлатиб юборишни шаҳидлик, деб фатво беришган. Улар етиб борган жойда ҳали ҳануз фиқҳий масалаларда фитналар ва ихтилофлар келиб чиқмоқда. Мазҳабларга қарши ўлароқ мазҳабсизлар атайин кундалик ибодатларни бажаришда ҳанафийлар ушлаган ҳадисларни ушламасдан шозз ва ғариб ёки мансух (амали тўхтатилган) ҳадисларни ушлаб ибодатлардаги ҳайъатини бошқа бир услубда амалга оширишади. Бу қайсарликдан бошқа нарса эмас. Улар ақидавий масалаларда ҳам фиқҳий масалаларда ҳам аҳли суннанинг шаръий манбаълардан ҳукм олиш манҳажидан (йўлидан) ташқарига чиқиб кетганлари боис бугунги кун уламоларининг кўпчилиги уларни Аҳли сунна вал жамоадан эмас, дейдилар.
Бугунги кунда юзага келган асосий муаммоларга мазҳабсизлик сабаб экани юқоридаги мисоллар кифоя қилади. Ундан ҳам ёмони ўзларига қўшилмаган мусулмонларни куфрда айблаш, уларга суиқасд уюштириб қатл қилиш, борган жойларида мавжуд ҳукуматга қарши фитна қўзғаб боғийлик қилиш, талончилик қилиш, одам ўлдириш, экинзорларни куйдириш, шаҳарларни, турар жойларни, саноат корхоналарни вайрон қилиш, ишлаб чиқаришни издан чиқариш каби ислом шариати қайтарган ишлар мазҳабсизларнинг асосий кўринишига айланди. Хўш ушбу ишларни қайси бири Қуръон ва хадисга мувофиқ?! Бу иддаолар мусулмонларни чалғитишдан бошқа нарса эмас.
Эътиборли одамга мазҳаб нимадан хукм олишини тушунтириш оддий. Исломнинг беш устуни бўлган барча амалларни ҳанафий мазҳабида асосида амалга оширилса, мисол учун кундалик ибодатларда таҳорат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, хаж зиёратини каби амалларнинг барчаси мазҳаб уламолари томонидан Қуръон ва ҳадисдан тўғри амал қилиб кетаверадиган қилиб ҳукм олинган. Ҳеч қайси бири Қуръон ва ҳадисдан ташқаридан олинган эмас. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарида ҳар бир ханафий мазҳаби асосида амалга ошириладиган амалларга Қуръони карим ҳамда ҳадиси набавиялардан далиллар келтирилган. Демак ҳанафий мазҳабида ибодатларини амалга ошириб келаётганлар барча амалларида Қуръон ва ҳадисга мувофиқ амал қилаётганларини ишончи комил бўлишсин. Шуни яхши англаш керакки, ибодатларни мазҳаб асосида амалга оширганда барча амаллар Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан хукм олинган ва шунга уламолар томонидан иттифоқ қилинган. Шу сабаб қанча асрлар ўтсада ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқмаган. Тўрттала мазҳабда кичик масалаларда фарқ бўлсада аслий масалаларда бир фикрдалар. Энг эътиборли нарса уларнинг бир бирларига бўлган ҳурматлари, бир бирларини инкор қилмасликлари эҳтиромга лойиқ. Фиқҳий китобларни қайси бирини қарасангиз ҳам бир мазҳаб олими бошқа бир мазҳаб олимини фатвосини келтиришдан олдин албатта ўша олимни ҳурматлаб, ўтиб кетган бўлса Аллоҳ раҳмат қилсин деб, унинг фикрини келтирганлар.
Юқорида келтирилган фуқаҳоларнинг табақаларида олдинги учта табақа мужтаҳид ҳисобланиб, уларгина Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ҳақли эканлиги келтирилган. Бешинчи табақага мансуб саналган Қудурий ва Бурҳониддин Марғинонийларнинг асарларини бутун ислом олами ўқийди. Айниқса, “Ал Ҳидоя” ни бугунги кунда хам дунёдаги кўзга кўринган ал-Азҳар каби университетларда дарслик сифатида ўқитилмоқда. Ушбу мўътабар китоб инглиз, рус тилларига ва бошқа тилларга хам таржима қилинган. Энг эътиборлиси, Бурҳониддин Марғиноний хазратлари бирон масалада ўзларича Қуръон ва ҳадисдан хукм олмаганлар. Фақатгина мазҳаб соҳиблари, мужтаҳидларнинг олган ҳукмларини келтирганлар. Улар баъзи ривоятларни бошқаларидан афзал эканини бу авло, бу энг саҳиҳ ривоят, буниси равшанроқ, бу қиёсга мувофиқроқ, бу одамлар учун фойдалироқ деб айта олганлар холос. Шундай улуғ зотлар хам тўғридан тўғри ҳукм олишга журъат этмадилар. Улар динимизни соф ҳолатда бизгача етиб келишига холис хизмат қилган зотлардан эдилар. Уларнинг барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин. Бизни хақ йўлга эргашувчилардан қилиб, турли тафриқаларга бўлиниб кетишдан, турли низо ихтилофлардан яратганни ўзи асрасин!
Д.Абдуқадиров
“Имом Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мудири
[1]Тўлиқ маълумот олиш учун юқорида номи келтирилган китобга мурожат қилинг)
Обод этилаётган масжидлар: беш бурчак услубидаги биринчи масжид
Юртимиздаги масжидлар асосан тўрт ёки саккиз бурчак шаклида қурилади. Шу қаторда дунё масжидларининг бошқа замонавий услублари ҳам шарт-шароитлар ҳисобга олинган ҳолда киритилмоқда. Бу эса масжидлар қуриш борасида катта тажрибага эга бўлиб бораётган ўзбек уста-меъморларининг маҳорати ва бунёдкорликнинг ҳилма-хиллигини ифода этади.
Тошкент вилоятининг сўлим Заркент қишлоғида “Одил ота” масжиди хонақоҳи биринчи бор беш бурчак шаклида қурилмоқда. “Хонақоҳнинг беш бурчаги ва ундаги беш устун динимизнинг беш рукнига менгзатилган”, дейди имом-хатиб Маъмуржон Абдураҳмонов.
Катта йўл лабида жойлашган ушбу жоменинг энг узун бурчаги яхлит бир кўринишда йўловчилар эътиборини ўзига жалб этади. Кирмаган кишининг киргиси, бир кўргиси келади. Ҳозирда қурилиш ишлари ниҳоясига яқинлашиб, ташқи фасад қисми бўёқдан чиқарилмоқда.
“Эски бино ўрнига янги масжидни қуриш ишлари аслида 2017 йилда бошланган эди. Орада маблағ етишмовчилиги сабаб ишлар бир муддат тўхтаб қолган эди. Мана бугун Алҳамдулиллаҳ, якунига етказиш арафасидамиз. Ташқи айвон билан ҳисобланганда 1200 намозхонни янги масжидимиз ўз бағрига сиғдиради”, дея қўшимча қилди Маъмуржон Абдураҳмонов.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Тошкент вилоятидаги жоме масжид қайта бунёд этилди
Бугун, 2020 йил 4 ноябрь куни Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани Жамбул қишлоғидаги “Миям қангли” жоме масжиди янгидан барпо этилиб, юртимиз мўмин-мусулмонларига тортиқ қилинди.
Жоме масжид янги биносининг очилиш маросимида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар билан очилди ва Ўзбекистон муслмонлари идораси раиси муфтий ҳазратларининг табриклари етказилди.
Мазкур туманда яна бир масжид, яъни “Омилхон эшон” жомеси ҳам янгидан барпо этилмоқда. Ушбу жоме масжид 2021 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
“Миям қангли” жоме масжиди замонавий барча талабларга риоя қилган ҳолда барпо этилгани таҳсинга сазовор бўлди, ундан ташқари таҳоратхона ва маъмурий бинолар ҳам мажмуа шаклда барпо этилган.
Мазкур ҳудуд аҳолиси Яратган Парвардигорга ўз шукроналарини билдириб, элимиз ва юртимиз ҳаққига дуои хайрлар қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини қандай тушунамиз?
Савол: Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: "Ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир", деган сўзларини шарҳлаб беринг. Сохта салафийлар шу гапларни далил қилиб қаерда саҳиҳ ҳадис бўлса, ўшанга амал қилиш керак, деб гапириб юришибди.
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Кўпчилик олимлар бу жумлани: "Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ва унга зид келувчи ҳадисдан холи бўлса, у менинг мазҳабимдир", деб тушунилади дейдилар. Яна бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларни қиёсдан устун қўйганига далилдир. Лекин бу сўз ижтиҳодга лаёқати йўқ киши қаерда саҳиҳ ҳадис кўрса, ундан ҳукм олиши жоиз дегани эмас.
Энг муҳими, мужтаҳид даражасига етмаган шахс оят ва ҳадислардан ўзича ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Битта саҳиҳ ҳадисни ўқиб у билан ҳукм чиқарилмайди, чунки баъзи ҳадислар саҳиҳ бўлсада кейинчалик мансух (бекор) бўлган бўлиши мумкин ёки унга маънода зид келувчи ҳадис ҳам бўлиши мумкин. Саҳиҳ ҳадис китобларига илмий омонат сифатида мансух ҳадислар ҳам киритилган. Ҳукм олинадиган ҳадисларни мужтаҳид уламолар саралаб олганлар.
Мужтаҳид олимлар ҳадислардан қандай ҳукм чиқарганларини Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи маонил осор” номли китобларида кўрсатиб берганлар. Яъни, бир мавзудаги барча ҳадисларни бир жойга тўплаб, уларни саралаб, таққослаб, таҳлил қилиб охирида мужтаҳид уламоларимизнинг улардан чиқарган ҳукмларини келтирганлар.
САЛАФИЙЛАРНИНГ ДАЪВОСИ НИМА?
Ҳозирда мазҳабсизликка тарғиб қиладиган кишилар: “Келинглар, мазҳабларни қўяйлик, Қуръон ва суннатга бирлашайлик”, дейдилар. “Қуръон ва ҳадисга қандай бирлашамиз”, дейилса, “Ижтиҳод қиламиз”, дейишади. Воқеликда ҳам шундай бўлди, уларнинг кўзга кўринган олимлари ижтиҳод қилиб бошлади, натижада битта ягона уммат пайдо бўлмади, аксинча бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи мазҳабни келтириб чиқаришди. Пайдо бўлганига эндигина 200 йилдан ортиқроқ вақт ўтган салафийлик ҳозирнинг ўзида 4 та катта мазҳабга бўлинган:
- Ас-салафиятул-илмия (1920 й.да ташкил этилган)
- Ас-салафиятул-жиҳодия (1979 й.)
- Ас-салафиятус-сурурия (1984 й.)
- Ас-салафиятул-жомия (1990 й.)
Энди бу салафийларнинг устидан минг йиллар ўтса, қанча мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетаркин?! Бунинг устига мазҳабга эргашувчи мусулмонларга турли “тамғалар”ни ёпиштирадиганлар мана шундай бўлинишлардан кейин “тамға”ни ўзларига ёпиштиришлари айни адолат ва мардлик бўлади. Шу ўринда кичик маълумот, Саудиялик доктор Саъд ибн Абдуллоҳ Барик “Ал-ийжаз фи баъзи махталафа фийҳил Албоний ва Ибн Усаймин ва Ибн Боз” (яъни, “Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Боз ихтилоф қилган баъзи масалалар ҳақида мўжаз (қисқа) китоб”) номли икки жилдли китоб ёзган. Унда мавзудан маълум бўлгани каби салафийларнинг кейинги йилларда энг машҳур намояндалари ўрталаридаги ихтилофларнинг бир қисми келтирилган. Энг қизиғи китобда улар ўртасидаги ақидавий масалалардаги ихтилофлар ҳам келтирилган ва улар анчагина (ажабки, ақидада бир нуқтага кела олмаётган салафийлар бошқаларни қандай бирлаштирар экан?!). Демак, уларнинг ҳар бирининг мазҳаби бор. Энди салафийлар уларнинг қайси бирига эргашади ва улардан бирини танлаганлар бошқалари ҳақида қандай ҳукм беради?! Яна бир ҳақли савол, охир оқибат Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари ҳам, салафийлар ҳам (ўз) мазҳабларига эргашар экан, қайси жамоанинг мазҳаббошилари ижтиҳод мақомига лойиқ?! Тобеъинлар ва таба тобеъинлар билан бир замонда яшаб, уларнинг илмини ўзлаштирган Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмадларми (раҳматуллоҳи алайҳим) ёки бизга замондош бўлган Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Бозларми (ҳозирги кунда бу салафий олимларнинг ҳар бирининг мазҳаби шаклланган)?! Инсоф билан айтганда қайси жамоа ҳаққа яқинроқ?! Салафийларнинг пуч даъволарига маҳлиё бўлган мусулмон биродарларимизни мана шу масалада оқилона фикр юритишга чақирамиз. Чунки Аҳли сунна вал жамоа мужтаҳидларининг мазҳабларини 14 асрдан бери бутун ислом уммати бир овоздан ҳақ, деб қабул қилганлар. Кейинги саналган олимларнинг мазҳаблари бошлангандан ҳозиргача аксар олимларнинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Уларнинг мазҳабини ўзлари ва ҳиссиётга берилган юзаки илм билан машғул бўлганлар қабул қилишди холос. Қиёмат куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом башорат қилган саводул аъзам (кўпчиликни ташкил қилган ҳақ жамоа) билан турган маъқулми ёки жамоатга хилоф қилган ихтилофчилар биланми?!
САЛАФИЙЛИК ҲАҚИДА МАШҲУР ОЛИМНИНГ ФИКРИ
Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида шундай дейдилар: “Ислом динининг ўтган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир (яъни, чунки улар яқинда пайдо бўлган “янгилик”дир)” (231-232-бетлар).
ТУЯ ГЎШТИ ҲАҚИДАГИ ҲАДИС
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳадисларни тушиниш ҳақида шундай мисол келтирганлар: “Аллоҳ таоло каминага ҳам чет эл исломий илм даргоҳларида таҳсил олишни насиб этди. Ўша ердаги муҳтарам устозларимиздан бирлари, ҳадислардан фойдаланишда кўп илмлардан хабардор бўлиш зарурлиги, баъзи бир ҳадисларнинг айтилиш сабаблари ва тарихи борлиги, агар шулар эътиборга олинмаса, тамоман бошқача маъно ва тушунча чиқиб қолишини тушунтирдилар. Бунга мисол келтиришга ўтдилар:
«Ичингизда «Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиган ёки эшитганлар борми?» деб сўрадилар устоз. Талабалар:
«Бор», дейишди.
«Хўш, нимани тушундингиз бу ҳадисдан?» деб сўрадилар устоз.
«Туянинг гўштини еган одам таҳоратини янгилаши зарурлигини».
«Демак, сизлардан ким туя гўштини еса, таҳоратини янгидан қилади. Шундайми? Аммо биз Моликий мазҳабидагилар бундай қилмаймиз».
«Биз ҳам бундай қилмаймиз».
«Нима учун?»
«Чунки мазҳабимизнинг уламолари буни айтишмаган».
«Мазҳабингиз уламолари нима учун буни айтишмаганини биласизларми?»
«Билмаймиз. Энди сиздан билишни умид қиламиз», дедик.
«Бўлмаса, эшитинглар. Бу ҳадисни кўриб, туя гўшти еган одам таҳоратини янгилаши лозим, деганлар бўлса, улар аҳли зоҳир дейилади. Яъни булар – ҳадисни зоҳиридан ҳукм чиқариб, гапираверадиганлар, дегани. Аммо ҳақийқий фақиҳ олимлар, шаръий далилларни нозик нуқталаригача англаб етадиганлар бундай қилмайдилар. Ҳар бир далил билан атрофлича текшириб кўрадилар. Уламоларимиз бу биз мисол қилиб келтираётган ҳадисни ҳам текшириб кўрганлар. Аниқласалар, бу ҳадис маълум бир муносабат билан айтилган экан. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар билан жамоат намозини ўқиб бўлиб, зиёфатга ўтирибдилар. Ҳамма таҳорати билан келиб, зиёфатга ўтирибди. Зиёфатда туя гўшти тортилибди. Ҳамма ундан маза қилиб ебди. Шу орада бировдан ноқулай ҳид чиқибди. Буни ҳамма ўзича мулоҳаза қилибди. Зиёфатдан яна жамоат намозига туриш керак бўлибди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», дебдилар-да, ўзлари бошлаб, таҳорат қилибдилар. Аллоҳ Расулининг юксак одобларини, кишиларни хижолатчиликдан чиқариш учун йўл топганларини қаранг. Агар шундай қилмасалар, ҳамма намозга кирганида, ҳалиги ҳид чиқарган одам ёлғиз ўзи таҳорат қилиши керак эди. Чунки ҳид чиқарганидан кейин таҳорати кетади, таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмайди. Ўтирганларнинг ҳаммаси таҳорат қилганида эса, ҳид чиқарган одам хижолатчиликдан қутулади», дея устоз сўзларини тугатдилар.
Мана шу дарс кўпларимизга ўрнак бўлди. Шариат аҳкомларини, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишда кўп ҳаракат лозим эканлигини яна бир бор англаб етдик. Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати етакчи мутахассиси
Тоштемиров Ҳикматуллоҳ
Нишонга урилган гаплар: Кўпчилик кўп нарсани билади, аммо ҳеч ким ҳамма нарсани билмайди.
Ўз ҳолингдан розилигинг – энг катта бойлигинг.
Мутафаккирлар ҳикмати
Ўз устингдан ҳукмронлигинг – энг олий ҳукмронлик.
Арасту
Ҳеч қачон йўқолмайдиган бойлик – умид.
Тарих муҳрлаган сўзлар
Азоб айбсизларни ҳам айблиман дейишга мажбурлайди.
Қадимги Рим ҳикмати
Ташқи қиёфа – алдамчи бўлади.
Тарих муҳрлаган сўзлар
Тентак сирдан воқиф бўлса, у буни бошқаларга дарров етказади қўяди, чунки у тентакдир. Унинг ўрнида бирор разил бўлса, сирдан ўзининг қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланади. Аёллар ва ашёлар бўлса уларга кимдир ишониб сир айтганини кўз-кўз қилиш учунгина келса-келмас валақлайверишади эшитганларини. Уларга ортиқ ишонмаслик керак.
Филип Честерфилд
Пашшаларга гулзор ахлатхонадан яхши эканини тушунтириш қийин.
Кўпчилик кўп нарсани билади, аммо ҳеч ким ҳамма нарсани билмайди.
Тарих муҳрлаган сўзлар
Ҳамма нарсангдан айрилсанг ҳам, инсонийлигингни сақлаб қол. Уни йўқотар бўлсанг, сен – ҳеч кимсан.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади