muslim.uz
Муносабат: Синовли кунларни сабр ва умид ила енгайлик!
Бугун биз барча синовлар ичида энг нозик синовни бошимиздан кечиряпмиз. У ҳам бўлса, танамизга қийинчилик олиб келиши мумкин бўлган, инсон ҳаётини машаққатга солиб турган коронавирус пандемияси аҳолимиздан чекланиш арафасида турибди.
Шундай экан, фуқароларимиз берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилиб келмоқдалар. Бу билан ҳар бир шахс аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши мумкин бўлган қийинчиликни ўзидан йироқ қилмоқда.
Республикамизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши эвазига зийраклик ва эҳтиётлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш билан инша Аллоҳ муаммодан чиқиб кетамиз.
Асри саодатдан бошлаб, ислом шариати ҳукмларининг таклифида инсон жони, ақли, моли, дини, насли, соғлиги ҳамда тинчлик-хотиржамлиги, иқтисодий равнақи-ю, ижтимоий ҳимоясига кенг кўламда аҳамият берилган.
Эътибор қилсангиз, яшашдан мақсад ҳам юқоридаги санаб ўтилган жиҳатлар билан ҳаёт тизими тартибга тушади. Жумҳур уламолар санаб ўтилган жиҳатларга шариат ва ақл нуқтаи назаридан амал қилиш вожиб бўлади дейишган.
Жорий йилги Рамазони шарифда юқоридаги тартиб-қоидага амал қилган ҳолатда уйда қолиб рўза тутдик, ўзимизни сақладик, ибодатларимизни адо этдик.
Ҳанафий мазҳабида икки ийдни адо этиш учун хутбадан ташқари жума намозини адо этиш учун вожиб бўлган шартлар вожиб дейилган. Хусусан, ижтимо яъни жамият Ҳанафий мазҳабининг наздида шарт. Зеро, жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд намозини фақат жамоат билан адо этдилар. Бу эса шариатда шу ҳайъат билан ийд ўқишни вожиб этди.
Куни кеча Телевидение орқали Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 2020 йил Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотини эълон қилиб, бу йилги Рамазон ҳайитини қай тартибда адо этшимиз лозимлигини маълум қилидлар.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилди.
Келинг азизлар! Бу Улуғ кунларда уйларимизда, тинчлик-хотиржамликда, осуда ҳаётда ўтириб, дуо ва ибодатларимизни оиламиз даврасида ўтказайлик. Муборак арафа ва ийд кунларида аждодларимизни хотирлаш, шириндан-шакар болаларимизни дуо қилиш, келаси ийдда жамиятимиз билан намоз адо этишни сўраб, оила аъзоларимиз билан биргаликда дуои-хайр этайлик.
Ўз-ўзидан жонимизни, динимизни, молу ақлларимизни ҳалокат хавфига қўймайлик. Бу шариат нуқтаи назаридан мутлақо ҳаром. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг” яна бир ояти каримада “Ўзларингизни ўлдирмангиз!” деб ҳалокатдан қайтаряпти.
Бунинг учун ҳар бир оила раҳбари бўлмиш падари бузрукворлар оилаларида қаттиқ тизим ўрнатишларини илтимос қиламиз. “Беморнинг қайталаниши, касаллигидан қаттиқ”, дейди, доно халқимиз.
Бугунги кунда чекинган касалликни чекиниши рост бўлсин. Бу касалликка қайтиб қўшилмасин. Аҳолимиз ақлли, доно ўзини асрашга албатта, ҳаракат қилади деб, умид қиламиз.
Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамларда, халқимизни ва жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан Ўзи сақлашини сўраб дуолар қилайлик.
Шу ўринда, юртдошларимизни Ватанимиз тинчлигини, хотиржамлигини асрашга чорлаймиз. Рамазон ҳайити билан бутун ватандошларимизни муборакбод этамиз.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Пандемия шароитида ҳайит байрамини нишонлаш
Кечиримлилик мўмин кишининг фазилати
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Фармонга мувофиқ, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 нафар фуқаро афв этилди.
Кечиримли ва сабр - тоқатли бўлиш ислом динининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 199 - оятида шундай марҳамат қилади: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар.
Афв гўзал ва мақталган ахлоқлардан бўлиб, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўмин-мусулмон бандаларига ушбу сифат билан зийнатланишликка буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ
Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг! (Аъроф сураси, 199 оят). Оятдаги “афв” сўзининг тафсири – бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш деганлар. Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: “Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!” – деган эканлар.
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман”-деганлар (Абу Довуд ривояти).
Аллоҳ таолодан алоҳида таъкидлаб, дуо қилиб сўраладиган фазилатлардан бири ҳам афвдир. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз жанобимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Эй, Аллоҳнинг Росули! Агар мен рамазон ойининг қадр кечасини топсам, Аллоҳдан нимани сўрай?-дедилар. Ул зот алайҳиссалом: “Аллоҳумма иннака Афввун Каримун туҳиббул афва фафуанний” (яъни, Парвардигоро, Сен Афв (шафқатли, раҳмли, кечиримли), Карим (илтифотли, олийжаноб, марҳаматли) Зотсан. Кечиришни яхши кўрасан. Мени гуноҳларимни кечиргин)-деб дуо қилгин дедилар (Бухорий ривояти).
Афв этилганларга тиконли сим орқасида ўтириш эмас, балки ўз ҳалол мехнати билан ўз номини оқлаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишга тарихий имконият берилди. Энди ушбу фуқаролар ушбу имкониятдан самарали фойдаланишлари, оиласига бош-қош бўлишлари, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳукуматимизнинг ишончига амалий шукрона билан жавоб қайтаришлари, шу юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишлари лозим.
Афв туфайли озодликка чиққан фуқароларимизнинг ижтимоий мослашувига, тўғри йўлга тушиб олишларига маҳалла-куй, қариндошлар, дўст-биродарлар, имомлар, умуман кенг жамоатчилик яқиндан ва самимий кўмак кўрсатишлари керак. Қуръони каримда айтилганидек: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ муомала билан даф этинг! (Шунда) бирдан сен билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур (Фуссилат сураси, 34-оят)”.
Афв этилганлар эса ушбу ишончни суистеъмол қилмасликлари, берган ваъдаларига ҳиёнат қилмасликлари нафақат фуқаровий бурчи, балки шариатимиз талаби ҳам ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бу воқеа юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик, халқимизга хос бағрикенглилик, йиқилганни суяш, адашганга тўғри йўл кўрсатиш, кечиримлилик сиёсатининг, олийжаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатларини муборак Рамазон ойида янада юксак намоён бўлишининг ёрқин ифодаси бўлди.
Б.Мамашикуров
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Мингта хонадонга Рамазон туҳфалари тарқатилди
Кечиримлилик – юксак фазилат
Инсон зоти шундай яралган – баъзан шайтоннинг қутқусига учади, баъзан тўғри йўлдан тояди. Беайб – фақат парвардигор. Аллоҳнинг бир исми – сифати Раҳмон, яна бири – Ғафур. Яъни раҳмли ва кечиримлидир. Инсонки, адашибди, йўлини бошқа томонга бурибди, аммо бир кун келиб унинг хато эканлигини англабдими, уни кечириш, тўғри йўлга қайтишига кўмак бериш бандаларига ҳам хос бўлмоғи лозим.
Бахт деган тушунчани ҳар ким ҳар хил тасаввур қилади. Кимдир уни тинчлик-хотиржамлик ёки сиҳат-саломатликда, бошқа биров оила, дўстлар, яхши даромадли ишда, деб билади. Умуман, бахт ҳақида гап борганда, ҳар ким уни ўз дунёқараши, тафаккури, қаричи билан ўлчайди. Маҳкумликдаги одам учун эса озодлик, оиласи бағрида бўлиш катта бахт.
Шу боис адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бирига айланди. Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир.
Муҳтарам Президентимиз Ш. М. Мирзиёев томонидан муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саховат каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Фармонга кўра 258 нафар жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва қатьий тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар авф этилди.
Фармонга мувофиқ афв этилганлар иш жойлари билан таъминланиб, жамиятда ўз ўринларини топишларига ёрдам берилади. Давлатимиз раҳбари томонидан Рамазон ҳайити арафасида кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик юртимиздаги барча инсонпарвар, меҳр-оқибатли кишиларни хурсанд қилди.
Зеро, кечиримли бўлиш ҳамма вақт инсонлар ва жамиятга кўпдан-кўп манфаат ва муваффаққиятлар келтирган. Ва шу билан бирга кечиримли бўлиш мўмин-мусулмонлар учун юксак фазилатлардандир.
Кечиримлилик инсоннинг улуғ сифатларидан биридир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай баён қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур”. (Фуссилат сураси 34-оят)
Яна бир ояти муборакда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ким авф этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳ зиммасидадир”. (Шўро сураси 40-оят).
Қуръони каримнинг яна бир ояти каримасида Аллоҳ таоло бандаларига қуйидагича хитоб қилади: “Ва агар авф этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳимдил зотдир”. (Тағобун сураси 14-оят).
Аллоҳ таоло бандаларини гуноҳини кечирувчи Зотдир. Кечиримлилик қанчалик буюклигини Аллоҳ таолонинг Одам алайҳиссаломнинг тавбасини қабул қилганидан билса бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини ҳам бир- бирларини айб нуқсонларини, хато-камчиликларини кечиришга буюрган.
Юксак хулқ соҳиби бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада энг катта ибрат бўлганлар. У зотниинг ниҳоятда кечиримлилик бўлганликлари, у кишини бошларига оғир кунларни солган мушриклар раҳнамоси бўлган бир қанча кишиларни кечириб юборганликлари кечиримлиликнинг олий намунасидир.
Аллоҳ таоло “Қуръони Карим”да шундай марҳамат қилади: “Афвни ( қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”. (Аъроф сураси, 199-оят).
Ушбу оятни тафсир қилган уламолар оятдаги “ Афвни ( қабул қилиб) олинг” деган муборак бирикмани “кечиримли бўлишга” далолат қилади, дейишади. “Тафсири ирфон”да бу оятнинг тафсири ҳақида шундай дейилади:“Оят каримадаги “урф” сўзи “яхши амаллар” маъносида, Аллоҳ таоло ушбу ояти карима орқали Ўз пайғамбарига афвни қабул қилиб олишни, яъни, ўта кечиримли бўлишни, одамларни яхшиликка чорлашни ҳамда ширк ва куфр йўлини тутган жоҳил, нодон кимсалардан юз ўгиришни буюрмоқда. Парвардигорнинг амрига бўйсунган Пайғамбаримиз кечиримлиликда ҳам, одамларни яхшиликка чақиришда ҳам бутун умматга ибрат бўлганлар”.
Улуғларимиз кечиримлилик дунёдаги амалларнинг энг хайрлиси ва фазилатлисидир, дейдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дейдилар: “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: “Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингиз ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир”
Кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик — ўзбек халқига хос азалий қадриятлар ҳисобланади. Ҳаётда адашган, билиб-билмай хато қилган, қилмишидан пушаймон бўлган юзлаб одамлар кечирилмоқда, афв этилмоқда, оиласи, яқинлари бағрига қайтарилмоқда.
Боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш муқаддас динимизнинг асосий арконларидан бири саналади. Кўплаб бунёдкорлик ва хайрли амаллари билан тарихда қолган улуғ бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур ҳам “Менга ёмонликлар қилиб, бошим узра шамшир кўтарганлар, ишимга кўп зиён етказганларни ҳам, агар улар илтижо билан тавба-тазарру қилиб келсалар, ҳурматлаб, ёмон қилмишларини хотирамдан ўчирдим”, дея бағрикенглик, кечиримлилик фазилатларини юксак даражада эъзозлаганини эсламоқ жоиз.
Мазкур бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояси билан йўғрилган фармон жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва эркинликлари энг олий қадрият эканлигини яна бир тасдиқлади. Хулоса қилиб айтганда, бу юртда инсон азиз, унинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун. Бугун афв этилганларни, кечирилганларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш замирида бир ҳақиқат мавжуд. У ҳам бўлса, ҳаётга келган ҳар бир инсон умрини мазмунли ўтказсин, ғанимат фурсатларни ҳуда-беҳудага сарфламасин, юртига, юртдошларига содиқ бўлиб, ўз ватанида бахтли ҳаёт кечирсин….
Р. УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби