muslim.uz
Қадр кечасининг фазилати
Қадр кечасини ўз уйларимизда ўтказайлик!
Қадр кечасида уйингизда қолиб ибодат қилинг!
Юртдошларимиз ҳар йили Рамазон ойини хурсандчилик билан кутиб олганлари каби бу ойнинг охирги ўн кунлигини ҳам орзиқиб кутадилар. Чунки охирги ўн кунликда минг ойдан ҳам яхши, дуолар ижобат бўладиган барокатли Қадр кечаси бор. Бу кеча ҳақида Қуръони каримда бутун бошли “Қадр” сураси нозил бўлган:
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
(سورة القدر/1-5)
яъни: "Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир" (Қадр сураси, 1-5 оятлар).
Пайғамбар алайҳиссалом ушбу кечани ибодат билан ўтказишга тарғиб қилар эдилар. Лекин бу кечада ўқиладиган махсус намозни белгилаб бермаганлар, одатдагидек таровиҳ ва таҳажжуд намозлари ўқилади.
Ҳадиси шарифлардан бирида Набий алайҳиссалом шундай деганлар:
"مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ"
رَوَاهُ الامَامُ البُخَارِيُّ وَالامَامُ مُسْلِمٌ
яъни: “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
Демак, ушбу фазилатли кечани кўпроқ ибодат, намоз, зикр, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ дуолар билан ўтказишимиз керак. Инсон ўзининг ота-онаси ва яқинларининг ҳаққига офият ва саодат, юрт тинчлиги ва турли балоларни даф бўлишини сўраб, дуо қилиши айни муддаодир. Айниқса, ушбу кечада Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек:
"اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنَّا"
яъни: “Эй Аллоҳ, албатта, Сен гуноҳларни афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, бизларни афв эт!” – дуосини кўп айтиш мустаҳабдир.
Ўрни келганда шуни тавсия сифатида айтамизки, Қадр кечасини ҳар ким ўз уйида ўтказгани суннатга мувофиқ бўлади. Чунки бирорта ҳадисда бу кечада тўпланиш, зиёфат қилишга тарғиб йўқ. Мужтаҳид уламолар ва улардан кейинги олимларнинг сўзларида ҳам Қадр кечаси учун жамланишни фазилатли амал эканини топа олмаймиз. Аслида тунги ибодат ва зикрлар ёлғиз ҳолда, одамларнинг кўз ўнгидан йироқда, риё ва сумъадан холи тарзда адо этилиши билан фазилатлидир.
Қолаверса, ҳозирги карантин қоидалари давом этиб турган вақтда бир жойга жамоат бўлиб йиғилиш ўз жонини таҳликага қўйишдир. Шунинг учун ҳар биримиз уйимизда қолиб, оила даврасида ибодат қилайлик ва Қадр кечасини имкон қадар файзли ўтказайлик.
Аллоҳ таоло бу кечадаги дуо ва ибодатларимизнинг баракотидан тез кунларда юртимизни ҳар хил касалликлардан халос қилиб, турли бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин! Юртимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффалиги доимий бўлсин! Омин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
Биз машаққатни биргаликда енгамиз
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 13-май куни ўтказилган видеоселектор жараёнида пандемия шароитида амалга оширишимиз зарур бўлган аниқ вазифалар юзасидан топшириқлар берилди. Ушбу видеоселекторни тинглар экансиз, беихтиёр “биз машаққатни биргаликда енгамиз” деган тушунча хаёлингизга келади. Ваҳоланки, аслида ҳам шундай эканлигини вазиятнинг ўзи исботлаб турибди.
Кузатган бўлсангиз, ушбу видеоселекторда ҳурматли Президентимиз, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев халқимиз учун жони ачиб, куйиниб, ёниб сўзлади. Тан олишимиз керакки, дунё бўйлаб ёйилган коронавирус балоси бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Унинг нафақат таъсирини балки, асоратларини ҳам барчамиз сезиб ва билиб турибмиз.
Юзага келган эпидемологик вазият жуда жиддий. Барчамиз ушбу жараёнга панжа орасидан қарашга ҳаққимиз йўқлигини астойдил ҳис этмоғимиз керак. Шу йилнинг 13-майидаги видеоселекторда Давлатимиз раҳбари барчамизни ўйлантириб турган жамики масалалар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш билан бирга келгусида амалга оширишимиз зарур бўлган вазифаларни ҳам белгилаб берди.
Президент мазкур йиғинда ватанимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири эканлигини алоҳида қайд этар экан, уларга пандемия шароитида имтиёз ва имкониятлар берилганлигини алоҳида эътироф этди. Уларга нисбатан солиқ ва бошқа молиявий юклар енгиллаштирилиб, келгусида элу юртнинг дардига малҳам бўлишларига умид билдирди. Юрт раҳбарининг бу каби ибратли ишларни амалга ошираётганини меҳнаткаш халқимиз томонидан илиқ кутиб олинмоқда. Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассалам марҳамат қилиб айтганлар: “Барчаларингиз бамисоли чўпонсиз ва қўл остидагиларингиздан сўралурсизлар”, деганлар.
Селектордаги вазифалардан бири, фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга ўз йўналишидаги ишларини яна қайта тиклашда санитария қоидаларига риоя этган ҳолда, белгиланган тартиб асосида ишни йўлга қўйишларига кўрсатмалар берилди.
Сир эмас, тадбиркорлик субъектлари катта куч ва уларнинг салмоғи иқтисодиётимиз учун муҳим аҳамият касб этишини англаган ҳолда айтиш мумкинки, улар аҳоли бандлигига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Хабарингиз бор, юртимизда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг саксон фоиздан кўпроғи кичик бизнес томонидан амалга оширилади.
Президент ушбу видеоселекторда жойлардаги тўртала сектор раҳбарлари олдига жуда катта вазифалар қўйди. Ва уларни бирма бир белгилаб ҳам берди. Энди жойларда вазият эса айнан мана шу тўртта сектор раҳбарларининг ишни қандай ташкил этганларига қараб белгиланадиган бўлди. Ва шу билан бирга тўрттала сектор раҳбарлари фаолиятига бериладиган баҳо ҳам ғалвирни сувдан кўтарадиган даражада билинадиган бўлди.
Азизлар! Хабарингиз бор, ишбилармонликни қўллаб-қувватлаш ва соғлом бизнес муҳитини яратиш бўйича Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботида 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади. Шунингдек, Ўзбекистон дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди. Мана шундай марраларни қўлдан бермай, бундан-да улкан чўққиларни забт этишимиз учун барчамиз юртбошимизнинг ёнида бақамти турмоғимиз шарт.
Киши юрт бошига иш тушганда билинади, дейилади. Мана юрт бошига иш тушди. Кўриб, билиб турибмиз. Биз бу каби бало ва офатлардан қачонки, якдил бўлсаккина енгиб чиқамиз. Бунинг учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, Президентимизнинг ёнида туришимиз керак. Бундай ютуқлар шубҳасиз тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш борасида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатни ҳамда Сиз каби ватаннинг фидойи ва меҳнаткаш тадбиркорларининг саъйи ҳаракатларининг самарасидир.
Зеро, Оллоҳ Таоло ўз каломида: “... Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!...” деб марҳамат қилди.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, аслида тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин. Тадбиркор бўлиш истагида юрганларга бир қатор имконият ва имтиёзлар яратилди. Жумладан, ер ажратиш ва кредит бериш тизими ҳамда бошқа йўналишлар ҳам соддалаштирилиб, қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилди.
Оллоҳ Таоло Қуръони Каримнинг “Қасос” сурасининг 77-оятида: “...ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Оллоҳ бузғунчиларни суймас”.
Президент белгилаб берган вазифаларни оғишмай амалга оширишимиз зарур бўлади. Давлатимиз раҳбари энди сайланиб, ишни бошлаган пайтларини ёдга олинг, у киши ўша пайтдаёқ икки кишига иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимга кўтариб юраман, деган эдилар. Ва бу сўзнинг уддасидан чиқди ҳам.
Энди эса Сиз азиз ишбилармонлар! Мана шундай синовли кунларда аввало элнинг, халқнинг кейин эса мана шу эл-халқнинг йўлбошчиси-Президентимизнинг ишончини оқлаш борасида астойдил харакат қилинг. Бу йўлда биз сизга улкан зафарлар тилаймиз.
Сабрда ҳикмат бор. Бежизга дон халқимиз, “сабрнинг таги сариқ олтин” дейишмаган. Уламолар ҳам “вабо чиққан жойдан қўзғалманг, ва у ерга борманг”, дея бекорга қайд этишмаган. Пандемия туфайли яратган сизу бизга синов жўнатди. Бундан барчамиз ўзимизга тегишли хулоса чиқариб олмоғимиз зарур бўлади.
Оллоҳу таоло каломи шарифида марҳамат қилиб айтадики: “ Сабр қилинг!
Бас, албатта, Оллоҳ эзгу иш қилгувчилар мукофотини зое қилмагай.” (“Ҳуд” сураси 115.)
Азизлар! Бу коронавирус балосини Оллоҳнинг синови дея қабул қилмоғимиз керак. Зеро, ул зот билгучи ва кўргувчидир.
Биз бу жамиятда яшар эканмиз, ундан истеъмолчи сифатида эмас балки, шу азиз юрт ва халқ учун жонфидо бўладиган ҳақиқий ватанпарвар бўлмоғимиз керак. Негаки, ҳозир даврда сохта ва кўксига муштлаб, оғзидан тупук сочиб, ватану халқ ҳақида сўзлашнинг мавриди эмас. Қисқаси мардумкўрсинликка берилмаслигимиз керак.
Нўъмон ибн Башир разиаллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулаллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр- муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик иситма ила безовта бўлишади” дедилар.
Жамият ҳам инсон тани кабидир. Танингиздаги бирор бир аъзонгиз оғриса, бутун олам кўзингизга қоронғу бўлади. Жамиятимиз, юртимизга келган бу бало-ю офатдан бирор бир ҳамюртимиз оғриса-чи? Унинг ҳолидан хабар олиш, унга ёрдам қўлини чўзиш марднинг ишидир. Вазият биздан истеъмолчилик кайфиятидан воз кечишимизни ва барчамиз бир тану бир жон бўлиб, азиз ВАТАНИМИЗ учун жонфидоликни зарурлиги англашимиз шарт.
Турли ҳою-ҳаваслардан ўзимизни тийишимиз кераклигини вазият билан бирга замоннинг айнан ўзи талаб қилмоқда. Давр билан ҳамқадаму ҳамнафас бўлар эканмиз, ҳушёрликни унутмасдан Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган барча вазифаларни оғишмай бажариш зарурдир.
Шундай экан, мавжуд вазиятни чуқур англаган ҳолда, барчамиз инсон сифатида, атрофимиздагиларга қўлимиздан келганича ёрдамимизни аямайлик. Барчамиз жипс бўлиб, инсонийлик бурчимизни бекаму кўст амалга оширишни ўз вазифам ва бурчим деб билмоғимиз шарт.
Жонажон юртимиз дунё афкор оммаси ҳавас қиладиган макондир. Етти иқлимни ўзига мафтун этган диёримиз яна асл ҳолига қайтади. Сиз азизлар! Ўз куч-қудратингиз ва салоҳиятингиз билан юртимизни янада гуллаб-яшнашига юксак ҳисса қўшишингизга ишонаман.
Одил Холмуродов
Миробод тумани бош имом хатиби
Гўзал ахлоқ ва меҳр-мурувват ойи (танловга)
Мўмин-мусулмонларнинг ўзаро меҳрибончиликларини зиёда қилиб, топган неъматларини ифторликлар, фитр садақалари, закотлар каби василалар-ла баҳам кўришга даъват этувчи муборак рамазон ойи ҳам бир пасда ниҳоясига етай деб қолди.
Аллоҳ таолонинг Ўзига аён бўлган ҳикмати ила дунё бўйлаб кенг ёйилиб кетган коронавирус сабаб бўлиб, бу йилги Рамазон бошқа йиллардагидан бошқачароқ ўтяпти.
Маълумингизки, Рамазон – инсонларни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан озиқлантирадиган ой. Шунинг учун ҳам ҳар йили Рамазон кириб келганидан то охиригача мусулмонлар диёрида байрам нафаси уфуриб туради. Чунки бу ойда Қуръони карим нозил бўлган. Каломи шариф шарофати билан Рамазон кунлари файзли, тунлари тароватли, одамларнинг қалби меҳр-мурувватли бўлади.
Рамазоннинг муҳим фазилатларидан яна бири у – юксак маънавият ва покиза ахлоқ ойи эканидадир. Зотан, “Мен гўзал хулқларни камолга етказиш учун пайғамбар бўлиб келдим”, деб марҳамат қилган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳ алайҳи ва салламнинг хулқларини Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Пайғамбаримизнинг ахлоқлари Қуръон эди”, деб таърифлаганлар. Қуръони карим эса айнан шу ойда нозил бўлган.
Ана шу жиҳатига кўра, Рамазон инсонларнинг иродасини тоблайди, саховатини, жўмардлигини янада зиёда қилади, ибодатини кўпайтиради.
Наврўз арафасида юртимизга бостириб кирган коронавирус, унинг ортидан Қоракўл ва Сардобада юз берган табиий офатлар халқимизнинг меҳр-оқибатини, тотувлигини, бирдамлигини ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ кучайтирди, элу улусни жипслаштирди, халқимизни юртбошимиз атрофида бирлаштирди.
Улуғларимиз: “Мўъминнинг ҳар бир ҳолати ҳайратли. Чунки унинг барча ишлари ўзи учун хайрлидир. Бу – ер юзида фақат мусулмонларга хос бўлган фазилатдир. Зеро, у севинса, шукр этади, савоб олади. Бу унинг учун хайрлидир. Бошига бало келса сабр қилади. Бу ҳам унинг учун хайрлидир”, деганлар.
Яратганга шукрки, мўминлар шундай мураккаб вазиятда ҳам тушкунликка тушмасдан ибодатларда, хайр-саховатларда бардавом бўлдилар. Хонадонларда таровеҳлар ўқиляпти, бу фазилатли намозлардан аёл-қизлар, кичик ёшдаги болалар ҳам баҳраманд бўлмоқдалар; ифтор қилишни истаган юртдошларимиз масаллиқларни хонадонларга тарқатиб бермоқдалар; фитр садақаси эса савоби кўпроқ бўлсин, дея ортиғи билан деярли тарқатиб бўлинди; закотлар муҳтожларга етказилмоқда.
Бинобарин, бугунги синовли кунларда халқимиз шукр ва сабр ичида ҳаёт кечирмоқдаки, бу Аллоҳ таолони бандаларидан мамнун қиладиган фазилатли амаллардандир.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА