muslim.uz
Саҳарликда барака бор!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор.[1]”- деган сўзларига кўра рўза тутгувчи нимадир танаввул қилиб саҳарлик қилиши мустаҳабдир. Саҳарлик вақтида таомланиш рўза ибодатини адо этиш учун рўзадорга ёрдам беради. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликдаги таомдан кундузги рўзаларингга ёрдам олинглар.[2]” - деганлар.
Саҳарлик қилиш рўза тутишни ҳоҳловчи учун ўзига муяссар бўлган таом ва ичимликдан бирон нарсани саҳарлик вақтида танаввул қилиш билан бўлади. Саҳарлик вақти кечанинг олтидан бирининг охирги қисмидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарликнинг ҳамма вақти баракадир. Сизлар унда бир қултум сув бўлса ҳам ичишни тарк қилманг. Чунки, Аллоҳ таоло ва фаришталар саҳарлик қилувчига саловот айтади.”- дедилар.[3] Яна бошқа бир ҳадисларида: “Хурмо мўминнинг қандай ҳам яхши саҳарлигидир.”-деганлар.[4]
Агар кеча ҳали чиқиб кетмаганига шубҳа қилмаса, саҳарликни субҳдан сал олдинроқ қилиш мустаҳабдир. Агар кеча чиқиб кетди, деб гумон қилинганда, овқатланиш макруҳ бўлади. Имом Муслим ўз саҳиҳларида Абу Атийядан келтирган ҳадисда саҳарликни субҳга яқин қилиш мустаҳаб эканлигига далил. Абу Атийя разияллоҳу анҳу айтдилар: “Мен ва Масруқ Оиша разияллоҳу анҳо онамиз олдиларига кириб, Ё, Уммул мўминийн, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан икки киши, бири ифторни ва намозни шошилтиради, бошқаси эса ифторни ва намозни кечиктиради.”- деб сўрадик. Оиша разияллоҳу анҳо: “ Улардан қайси бири ифторни ва намозни шошилтиради?”-деб сўрадилар. Биз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд”- дедик. Оиша разияллоҳу анҳу: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилар эдилар.”- деди[5].
Саҳарликдан кейин ухлаш яхши эмас. Чунки бу ҳолатда ошқозондаги таом хазм бўлиши қийин бўлади. Бу муборак вақтда ибодат ва истиғфор билан машғул бўлиб, субҳ намозини жамоат билан ўқиш учун масжидга бориш лозим. Бу вақт Аллоҳга тоат ибодат қилишнинг энг афзал вақтларидандир.
Ифторликни тезда қилиш.
Рўзадор қуёш ботиши билан ифторликни қилиши мустаҳабдир. Уни қуёш ботгандан кейин ҳам тахир қилиш макруҳдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонлар (кун ботиши билан) тезда ифторлик қилишса доим яхшиликда бўлади.”[6] - деганлар.
Лекин рўзадор ифторликда узоқ ўтириб, шом намозини мустаҳаб вақтидан кечиктирмасин. Шомнинг мустаҳаб вақти кун ботгандан кейин қоронғулик тушиб, юлдузлар кўрингунгачадир. Энг афзали, таҳорати йўқ киши ёки таҳорат олмоқчи бўлган киши ифторликдан аввал таҳорат олиб, кун ботиши билан ифторликни тезлатиб, овқат емоғидир. Ундан сўнг шом намозини жамоат билан адо этаверади. Бу ҳолат таом тайёр бўлганда, аммо таом ҳозирланмаган бўлса ёки масжид рўзадорнинг уйидан узоқроқ бўлса, афзали рўзадор кун ботиши билан ўзининг олдидаги егуликдан нимадир еб ва ичимликдан бир қултум бўлса ҳам ичиб сўнг шом намозини вақтида жамоат билан ўқиб, ундан сўнг яна таомланаверишидир.
Шу ҳолатларда ифторни шошилтириш ва шом намозини мустаҳаб вақтида ўқиш каби суннатлар ҳосил бўлади. Таом тайёр бўлганда намоз ўқиш каби кароҳият содир бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Таом ҳозирланганда ва икки хабис[7] нарса чақириб турганда намоз ўқиш йўқ.”[8]-дедилар. Яна бир бошқа ҳадисларида: “Кечки таом тайёрланганда намозга такбир айтилса, кечки таомдан бошланглар.”[9] -деганлар.
Ифтор вақтидаги дуо
Рўзадор ифторлик пайтида дуо қилиши мустаҳабдир. Чунки унинг дуоси ижобат бўлади, хоссатан мана шу пайтда. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди. Ифторлик қилаётган рўзадорнинг, одил имомнинг, мазлумнинг дуоси. Булутлар устидан кўтарилиб, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолимга қасамки, агар озгина замондан кейин бўлса ҳам сенга ёрдам бераман.”-дейди.”-дедилар.[10]
Ҳадисларда келгани каби дуо қилиш афзалдир. (Аллоҳумма лака сумту ва бика а’манту ва аълайка таваккалту ва аъла ризқийка афтарту. Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу) Маъноси: “Аллоҳим сен учун рўза тутдим, сенга иймон келтирдим, сенга таваккал қилдим ва сен берган ризқинг билан ифторлик қилдим. Чанқоқ кетди, томирлар намланди ва Аллоҳ хоҳласа ажрлар собит бўлди”.
Суннани Абу Довудда Абдуллоҳ ибн Умарнинг: “ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон ифторлик қилсалар: “Заҳабаз зомау ва ибталатил уъруқу ва сабатал ажру инша Аллоҳу” -дер эдилар.”-деган ҳадисларида келади. Яна Муоз ибн Заҳранинг: “Менга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлик қилаётганида:“Аллоҳумма лака сумту ва аъла ризқика афтарту.”-дейишлари хабари етди.”- деган ҳадислари ҳам келади.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, рўзадор учун қайтарилмайдиган дуоси бор.”-дедилар. Абдуллоҳ ифторлик қилаётганида: “Аллоҳумма инний ас’алука бироҳматикаллатий васиаът кулла шай’ин ан тағфиро лий. (Аллоҳим, мен сенинг ҳамма нарсани ўраб олгувчи раҳматинг билан гуноҳларимни кечиришингни сўрайман.)” – деганини эшитдим.”
Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш дуонинг одобларидандир.
Хурмо билан оғиз очиш мустаҳабдир
Рўзадор оғзини хурмо билан очиши мустаҳабдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ Ким бир дона хурмо топса, у билан оғзини очсин. Агар топа олмаса сув билан очсин. Чунки сув поклагувчидир.[11]”-деганлар. Ёки рўзадор олов ўзгартирмаган бирор бир мева билан оғзини очсин. Абу Яъло разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта хурмо билан ёки бирорта олов тегмаган нарса билан ифторлик қилишни яхши кўрардилар.”-дейилган.
Рўзадорга ифторлик қилиб бериш фазилати
Рўзадорни икром қилиб, рўза ибодатини тақдирлаб, ифторлик қилиб бериш мустаҳабдир. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир рўзадорни таомлантирса, унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ажр ёзилади.[12]”- деганлар.
Ҳадисда рўзадор умумий келгани учун фақир ёки бой рўзадорга ҳам ифторлик қилса бўлаверади. Лекин фақир рўзадорга ифторлик қилиб бериш садақа маъноси борлиги учун бой рўзадорга ифторлик қилиб беришдан афзал.
Ифторлик қилиб берувчи қилаётган зиёфатида ҳаддан ошиб кетмасин. Бундай ишларда ҳаддан ошиш динимизда қайтарилгандир. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Биз такаллуф (амалда ҳаддан ошиш)дан қайтарилганмиз.”[13]-деган. Ифторликда турли овқатларни кўп қўйишда риё ва сумъа[14]га ўхшаш амаллар билан бу ибодатга путур етиб қолиши мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазонда бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари кечирилиб, бўйни дўзахдан озод бўлади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмасдан ажр унга ҳам ёзилади”- деганларида саҳобийлар: “Ё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлардан ҳар биримиз рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз?”-дедилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агарча биргина хурмо ёки бир қултум сув ёки озгина сут билан бўлса ҳам, ифторлик қилиб берса, Аллоҳ таоло бу ажрни мислича унга ҳам бераверади.[15]”-дедилар.
Абдулҳамид Маҳмуд Теҳмазнинг “Ал-фиқҳул ҳанафий фий савбиҳил жадид” асари асосида тайёрланди.
Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси Б.Исақов
[1] Муттафақун алайҳ ривояти
[2] Ибн Можа ривояти
[3] Имом Аҳмад муснадда ривоят қилган. Аллоҳнинг саловат айтиши раҳматидир. Фаришталарнинг саловат айтиши истиғфордир.
[4] Абу Довуд ривояти
[5] Имом Насоий, Абу Довуд ва Термизийлар ҳам ривоят қилган.
[6] Саҳл ибн Саъд р.а дан Муттафақун алайҳ ҳадис.
[7] Икки хабис нарса бавл билан ғоитдир. Бу ҳадис вақт кенг бўлган маҳалда бу ҳолатлар содир бўлиб туриб намоз ўқиш макруҳлигига далолат қилади.
[8] Абу Довуд ва Имом Муслим ривоят қилган.
[9] Имом Бухорий ривоят қилган.
[10] Имом Термизий, Аҳмад ва ибн Можа ривояти. Фақат Ибн Можадан ривоят қилинган ҳадис лафзи “рўзадор ифторлик қилгунча” кўринишида келган.
[11] Абу Давуд ва Имом Термизий Анас р.а дан ривоят қилганлар.
[12] Имом Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривояти.
[13] Имом Бухорий ривояти
[14] Эшитиб қўйсин деган маънода.
[15] Ибн Ҳузайма ўз саҳиҳида ривоят қилган. Бу ҳадисни Салмон р.а. ривоят қилган, Расулуллоҳ с.а.в.нинг шаъбон ойининг охиридаги хутбаларидан бир жуъздир.
Рўзани бузмайдиган амаллар
- Агар рўзадор киши рўзалигини унутган ҳолда таом еса, бирор нарса ичса ёки ўз аҳли билан ғуслни вожиб қилувчи ишга киришса – рўзаси бузилмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар (бир киши) унутиб бир нарса еса, ичса, рўзасини тугал қилсин. Албатта уни Аллоҳ таоло таомлантирибди, сероб қилибди”. (Бухорий ривояти)
- Уйқусида эҳтилом бўлса, рўзага зарар етказмайди. Чунки, бу ҳақиқий суратда оилавий алоқа ҳисобланмайди. Унутиб нарса еганнинг ҳолатидан ҳам кўра бу ҳолат тез-тез содир бўлади.
Абу Саид Худрийдан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Уч нарса рўзадорнинг оғзини очмайди: “Ҳижома, қусиш ва эҳтилом”. (Сунани Термизий)
- Агар бир аёлга назар солса ва эркаклик қуввати тўкилса ёки шу ҳақида ўйласа ва суюқлик тўкилса – рўза бузилмайди. Чунки, бу кўринишда суюқликнинг тўкилиши эҳтилом сингари бўлиб, ҳақиқий алоқа сабабидан эмасдир.
- Кундузи хушбўйланса, рўзани бузмайди. Хушбўйлик баданнинг сиртига сурилади, ичига эмас. Худди чўмилишга қиёс қилинади.
- Кундузи кўзига сурма қўйса ҳам рўза очилмайди.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб кўзи оғриётганидан шикоят қилиб: “Рўзадор ҳолатимда сурма қўйсам бўладими?” деди. У зот: “Ҳа”, дедилар. (Сунани Термизий)
Термизий айтадилар: “Аҳли илмлар рўзадор учун сурма қўйиш борасида ҳар хил фикр айтганлар. Баъзилар макруҳ деган – Суфён, Ибн Муборак ва Аҳмадлар, баъзилар эса рухсат беришган – Шофеъий, Анас, Ҳасан, Иброҳимлар”. (Саҳиҳ Бухорий)
- Агар рўзадор бировни ғийбат қилса, маъно ва сурат жиҳатидан ҳақиқий бузувчи бўлмаганлиги боис, рўзаси бузулмайди. Аммо ҳаром ишни қилгани учун учун гуноҳкор бўлади. Қуйидаги ҳадис кўпчиликни шундай гумон қилишига сабаб бўлади: “Ким ёлғон гапни ташламаса ва унга амал қилишдан тийилмаса, унинг еб-ичишни тарк қилганига Аллоҳ таолонинг ҳеч қандай ҳожати бўлмайди”. (Сунани Термизий) Ёлғон, ғийбат сўз айтиб, рўзам бузулди дея, оғзини очиб юборган киши уламоларнинг ижмосига кўра ҳам қазо, ҳам каффорат тутиб беради.
- Қусқи ғолиб келса, юқорида айтилганидек рўзани бузмайди.
- Рўзадор эркак ўз олд авратига дори қуйса, Абу Ҳанифа ва Муҳаммад наздиларида рўзани очмайди. Аёл кишининг аврати бу ҳукмга кирмайди.
- Рўзадорнинг ҳалқумига чанг, пашша каби нарсалар кирса, рўзага зиён бермайди. Чунки, бундан сақланишнинг иложи йўқ.
10. Агар жунуб бўлиб тонг оттирса, рўзани бузмайди. Чунки, Оиша розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз жунуб бўлиб тонг оттирганлар, ғусл қилиб рўзаларини тутганлар. Рамазон кечасининг барчаси тонг отгунга қадар эр-хотин алоқаларига ҳалол қилингандир.
11. Кундузи тишлари орасидаги нўхатдан кичик таомни ютиб юборса, рўзага таъсир қилмайди. Чунки, озгина нарадан сақланишнинг иложи йўқ. Агар нўхатдан катта нарсани ютиб қўйса ёки ўша кичик нарсани оғзидан чиқариб туриб яна қайта оғзига солса – рўза бузилишига сабаб бўлади. Валлоҳу Аълам.
“Фиқҳул ҳанафий ва адиллату” китобидан
Н.Саидакбарова таржимаси
Эътикоф ва унинг фазилатлари
Маълумки, инсон ижтимоий мавжудот. У ҳаёти давомида муайян жамият аъзоси бўлиши ва ўзаро алаоқаларда фаол бўлиши унинг табиати ва фитратига мос. Лекин ушбу фаолияти унинг ўзлигини англаши ва Роббисини таниши ҳамда Унга нисбатан бандачилик қилишидан тўсиб қўймаслиги даркор. Шунинг учун ҳам мусулмон инсон вақти-вақти билан қилган ишларини сарҳисоб қилиши унинг руҳий тарбияси, қалб мусаффолиги ва имонининг мустаҳкамлиги учун зарур омил ҳисобланади. ана шу маънолар юзасидан Ислом шариатида “эътикоф” деб номланувчи улкан савобларга эга бўлган амал жорий қилинган.
“Эътикоф” луғатда бир нарсани ушлаб туриш ва бир жойда туриш маъноларини ифодалайди. Шаръий истилоҳда эса – рўзадор инсоннинг ният ила жамоат масжидида маълум муддат туриши тушунилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор ҳадиси шарифлар ривоят қилинган бўлиб, уларда эътикофнинг фазилати, фойдалари ва охиратда кўплаб ажр-савобларга сабаб бўлиши баён қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда пайғамбар алайҳиссалом:
هُوَ يَعْكِفُ الذُّنُوبَ وَيُجْرِى لَهُ مِنَ الْحَسَنَاتِ كَعَامِلِ الْحَسَنَاتِ كُلِّهَا
“У гуноҳлардан ушлайди ва эътикоф ўтирувчи учун барча яхшиликларни қилувчи каби яхшиликларни жорий қилади”, деганлар”[1].
Инсон масжидда ибодат билан машғул бўлиши орқали турли гуноҳлардан узоқ бўлиши, уларни амалга оширишдан сақланиши имконига эга бўлади. Шу билан бирга Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш ёки бошқа нафл ибодатлар билан машғул бўлиш орқали киши ўз нафсини солиҳ амаллар қилишга одатлантириши мумкин. Шунинг учун ҳам уламолар мазкур ҳадис шарҳида “ушбу ҳадисда эътикофнинг ижобий таъсири ўлароқ Аллоҳ таоло эътикоф ўтирган бандани кейинчалик ҳам гуноҳлардан сақлашига далолат бор”, дея таъкидлаганлари бежиз эмас.
Қолаверса, ушбу ҳадисдан эътикоф ўзида кўплаб яхши амалларнинг савобини жамлаганини, эътикоф ўтирган банда барча яхшиликларни амалга оширгандек ажрга эга бўлишини билиб олишимиз мумкин.
Бошқа бир ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрлари ёнида туриб қуйидагиларни айтганлари ривоят қилинади:
سَمِعْتُ صَاحِبَ هَذَا الْقَبْرِ يَقُولُ: مَنْ مَشَى فيِ حَاجَةِ أَخِيْهِ وَبَلَغَ فِيْهاَ كَانَ خَيْراً لَهُ مِنْ اِعْتِكافِ عَشْرِ سِنِيْنَ وَمَنِ اعْتَكَفَ يَوْماً اِبْتِغَاءَ وَجْهِ اللهِ تَعَالَى جَعَلَ الله بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّارِ ثَلاَثَ خَنَادِقَ أَبْعَدَ مِمَّا بَيْنَ الخَافِقَيْنِ
“Мен ушбу қабр соҳибини: “Ким ўз дўстининг ҳожати учун юриб, уни чиқарса, унга ўн йил эътикоф ўтиргандан яхши бўлур. Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасини осмон ва ер кенглигича бўлган уч хандақ масофада узоқ қилади”, деганларини эшитдим”[2].
Эътикоф аслида савобли амал. Унинг савоблар кўпайтириб бериладиган муборак ой – рамазон ойида бўлиши эса улкан ажрларга сабаб бўлади. Қолаверса, ушбу одат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Бу борада кўплаб ҳадислар ва саҳобаи киромларнинг асарлари ривоят қилинган. Машҳур саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейдилар:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ فِي كُلِّ رَمَضَانَ عَشْرَةَ أَيَّامٍ فَلَمَّا كَانَ الْعَامُ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ اعْتَكَفَ عِشْرِينَ يَوْمًا
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар”[3].
Бошқа ривоятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазоннинг айнан қайси кунларида эътикоф ўтирганлари очиқ баён қилинган. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Муслим ўз “саҳиҳ”ларида келтирган ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо у зотнинг ушбу одатларини қуйидагича ёдга олганлар:
كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ اْلأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгунларича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди”.
Фуқаҳолар ушбу ва бундан бошқа кўплаб ҳадислардан келиб чиқиб, рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш суннати муаккада – таъкидланган суннат эканига, бошқа кунлари эса мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган.
Таъкидлаш лозимки, бизнинг динимиз роҳиблик, тарки дунёчиликни асло тарғиб этмайди. Унинг кўрсатмаларида ҳар бир мусулмон ибодатга берилиб жамиятдаги моддий, маънавий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳтларни четга суриб қўйишига даъват этилмаган. аксинча, мусулмонлар доимо бир-бирлари билан умумий алоқада ва ҳамжиҳатликда бўлишлари баробарида, мазкур соҳаларда фаол бўлишларига тарғиб этилади. Шариътимизда жорий қилинган ҳар бир кўрсатма ва амалларда унинг ёрқин мисолини кўриш мумкин. Жумладан эътикофнинг ҳукми борасидаги уламоларнинг бир қатор фатволарида ҳам ана шу ҳолат ўз аксини топган. Унга кўра рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтириш таъкидланган суннат бўлиши кифоя йўлига кўра экани алоҳида таъкидлаган. Яъни мусулмонлардан бир неча киши ушбу фазилатли амални бажариши билан қолганларнинг зиммасидан соқит бўлади. Буни худди масжидларда азон айтишга қиёс қилиш мумкин. бир шаҳарда намоз вақти кириши билан бир неча масжидларда азон айтилса шаҳар аҳлидан бу соқит бўлади.
Эътикофнинг энг оз муддати тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аниқ кўрсатма келмаган. Шунинг учун ҳам уламолар бу борада турли қарашларни айтиб ўтишган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эътикофнинг энг ози бир кун, деган бўлсалар, Имом Абу Юсуф кундузнинг кўпроғида ўтирса, эътикоф бўлади, деганлар. Имом Муҳаммад эса бирор лаҳза бўлса ҳам ният қилиб масжидда ўтирса, эътикоф ўрнига ўтади ва эътикофга савоб олади, деганлар.
Мазҳабимиздаги кейинги муҳаққиқ уламолар кўпчилик инсонларнинг эҳтиёжларини инобатга олиб Имом Муҳаммаднинг қавлига фатво берганлар[4]. Қолаверса, буни машҳур саҳобалардан бири Яъло ибн Умайя разийаллоҳу анҳудан келтирилган ривоят ҳам қўллайди. Унда ушбу саҳоба ўз дўстига қарата: “Биз билан масжидга юр, у ерда бирор лаҳза эътикоф ўтирамиз”, деган экан[5].
Ҳанафия мазҳабига кўра аёллар эътикоф учун масжидларга бормайдилар. Балки, улар эрлари ёки ота-оналарининг рухсати билан уйларида эътикоф ўтиришлари мумкин. Бунда иложи борича ибодат учун қулай шароитга эга бўлган ўзларининг хос хоналарида эътикоф ўтирганлари афзал саналади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
صَلاَةُ الْمَرْأَةِ فِى بَيْتِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى حُجْرَتِهَا وَصَلاَتُهَا فِى مَخْدَعِهَا أَفْضَلُ مِنْ صَلاَتِهَا فِى بَيْتِهَا
“Аёл кишининг уйидаги намози айвонида ўқиган намозидан афзалдир. Унинг хос хонасида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалдир” деганлар[6].
Муборак рамазон ойи ибодат мавсуми. ушбу фазилатли ойни ғанимат билиб, имкон қадар ҳар бир дақиқани тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан ўтказиш, Аллоҳ таолонинг авфи ва мағфиратини сўраш, Унинг буюк фазли, раҳматидан умид қилиш улкан бахт ва саодатдир. Шундай экан ҳар биримиз бу каби фазилатлардан ғафлатда қолмаслигимиз ва буюк Роббимизнинг қуйидаги олий чақириғини унутмаслигимиз лозим: “Эй, имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!”[7].
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулатиф Турсунов
[1] Ибн Можа “Сунан”да ривоят қилган. Баъзи муҳаддислар ушбу ҳадисни заиф дейишган. Чунки иснодида Фарқад ибн Яқуб ас-Сабахий исмли ровий бўлиб, Имом Яҳё ибн Маийн уни ишончли, деган бўлса, Имом Аҳмад ва Имом Дорақутний заиф, дейишган. Аллома ибн Ҳажар Асқалоний эса “Ушбу ровий ишончли, ростгўй ва ибодатгўй инсон бўлиб, баъзан ёддан ҳадис айтишда адашиб турган”, деган. Жумҳур уламолар ҳукмий ва ақидавий бўлмаган, балки фазилатли амалларга тааллуқли бўлган масалаларда бу каби заиф ҳадисларга суяниш мумкинлигига иттифоқ қилишган.
[2] Табароний “Муъжам ал-авсат”да, Байҳақий “Шуабул имон”да ривоят қилган. Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг “Мажмаъ аз-завоид” асарида “Ушбу ҳадиснинг исноди яхши”, деган бўлса, Имом Ҳоким ушбу ҳадисни саҳиҳ, дея баҳолаган.
[3] Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
[4] Қаранг: Мулла Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори ал-ҳанафий. Фатҳу боб ал-иноя шарҳ китоб ан-ниқоя. 2-жуз. 243-бет.
[5] Ибн Аби Шайба “Мусаннаф”да ривоят қилган.
[6] Абу Довуд “Сунан”да, Байҳақий “Маърифтус сунан вал осор”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган. Имом Ҳоким “Ушбу ҳадис икки шайх (Бухорий ва Муслим) шартига кўра саҳиҳдир” деган.
[7] Ҳаж сураси, 77-оят.
Рамазонга мактуб
Моҳи султон!
Сен ойларга султонсан. Ташрифингдан покланган руҳиятимиз бошқа ойлар учун мадор йиғади. Эзгуликка ўнгланган одатларимиз йил давомида сақланиб, анъана тусини оладики, яхшиликларимиз сен сабаб буюк ажрларга нойил бўлади. Сендан ўрганган фазилатларимизни бошқа ойлар учун ҳам асраб қўямиз.
Моҳи марғуб
Ҳурматинг боис бизга берилажак имкониятларни санаб адоғига етишимиз мумкинми? Атрофимизни ўраб турган яхшиликлар, биз эришажак савоблар янада зиёда бўлишига гувоҳ бўламиз. Ҳадисларнинг бирида: “У ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади. Ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда 70 фарз адо этган каби бўлади” дея марҳамат қилинади. Ҳа, сенда амалга оширилган савобли амаллар эвазига савобу ажрлар орттириб берилади. Қолаверса, ҳар неки ниятларимиз бўлса, Яратганга ёлворамиз, сенинг шарофатингга умид боғлаймиз. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Рўзадорнинг дуоси мақбулдир” дея марҳамат қилган эканлар.
Моҳи ғуфрон
Сен сабаб гуноҳлардан покланамиз. Салмон Форсий (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир” дейилган экан. Расулуллоҳ (с.а.в) яна бир ҳадисларида: «Ким Рамазон рўзасини имон-ишонч билан ва савобидан умид қилиб тутса, олдинги гуноҳлари мағфират қилинади», дея марҳамат қилган эканлар. Демак, сенинг ҳурматинг сабаб солиҳ амалларимиз, хайру эҳсонларимиз учун гуноҳларимиз кечирилар экан.
Сабр ойи
Ҳаётимиз давомида ҳар хил синовларга дучор бўламиз. Гоҳида бесабрлик иллатидан азият чекамиз. Арзимас етишмовчилик тоғдек муаммога айланади гўё. Рамазон рўзаси кишини сабр билан тарбиялайди. Дастлаб рўза тутган инсон жисмида, руҳиятида нафсга қарши кураш бошланади. Тоқат билан енгилган хоҳишлар эвазига рўзадорнинг нафақат зиммасидаги фарзи адо этилади, балки иродаси мустаҳкамланиб ўз руҳиятига ҳокимлик ғалабасига эришади.
Шифо ойи
Пайғамбаримиз (с.а.в.) сенинг ҳилолингни кўришлари билан қиблага юзланиб: «Аллоҳим, ушбу ойни биз учун осойишталик, саломатлик, фаровонлик даври этгин, дардларга шифо, қалбларга зиё бергин!..», дея муборак қўлларини дуога очар эдилар.
Замонавий тиббиёт сўнгги йилларда очлик билан даволаниш усулини кенг йўлга қўйди. Шунга асосан рўза тутиш орқали кўплаб касалликлар даво топгани исботланди. Қолаверса, рўза айрим дардлар юзага келишига тўсқинлик қилиши таъкидланди. Энг муҳим жиҳати, киши онгининг сокинликка эришганидир. Турли ғаразлар, кин ва ҳасадлардан покланган руҳият барча касалликлардан ҳоли турмуш тарзига йўл очиши шубҳасиз.
Қуръон ойи
Қуръони каримнинг нозил бўлиши сенда бошланди. Бу ҳақида Аллоҳнинг муборак каломида: “Рамазон ойи - ... Қуръон нозил қилинган ойдир” дейилади. Қолаверса, Пайғамбаримиз (с.а.в.) сен келганингда Қуръони каримнинг барчасини тўлалигича Жаброил (а.с.)га ўқиб берар эканлар. Ушбу гўзал анъананинг давоми ўлароқ, айни кунларда обод масжидларимизда Қуръони карим ўқилиши ва жамоатнинг уни тинглаши ажиб фазилат.
Оқибат фасли
Муборак ташрифинг инсонлар ўртасида ўзаро мурувват ва оқибат туйғуларини уйғотади. Ҳурмат ва эътибордан қариндошлар ўртасида ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади. Кексаю бемор қариндошлар ҳолидан хабар олиниб, узоқ яқинда яшоқчи қондошлар ифторлик дастурхони атрофига чорланади. Гина кудуратли инсонлар бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Шукуҳинг кириб борган ҳар бир хонадон ана шундай аҳиллик билан, яқинларга яхшиликлар қилиб фазилатли кунларни ўтказадилар.
Маърифат ойи
Қалблар сокин ва хотиржам, онгу шуурда пок ниятлар ўрин олган бир пайт маърифатли бўлиш учун айни муддаодир. Шу боис сенинг беқиёс лаҳзаларингни билим олишга сарф этиш янада фазилатлидир. Чунки, баракотинг ҳар нарсада бўлгани каби ўрганилаётган илмга ҳам тааллуқлидир. Зотан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) муборак ҳадисларида: “Агар умматларим Рамазон ойининг улар учун қанчалик шарофатли ва барокатли эканини яхши билганларида эди, фақатгина шу бир ой эмас, балки йилнинг қолган ҳамма ойларида ҳам рўза бўлишини орзу қилар эдилар”, деб марҳамат қилганлар.
Ростгўйлик пайти
Ростгўйлик – эзгуликлар дебочасидир. Бу борада Набий (с.а.в.) “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди” дея марҳамат қилган эканлар. Эзгуликлар ойи бўлмиш сенда рост сўзлаш кишини хайрли амаллар сари етаклайди. Бундан ташқари, рўзанинг мукаммал бўлиши учун рўзадор ёлғон сўзлаш, иғво ва бўҳтон қилиш, нолойиқ сўзлар билан инсонлар дилини оғритиш каби иллатлардан ўзини сақлаши муҳим саналанади. Бу борада бир ҳадиси шарифда: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилмоғига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дейилади.
Тинчлик ойи
Ҳа, сен тинчлик ойисан. Ислом тарихидан маълумки, сенда жангу жадаллар тўхтатилган, шарофатинг билан давлатлар тинчлик сулҳини тузганлар. Яна бир муҳим жиҳат, инсон қалбидаги сокинликдир. Сенда турли иллатлар, ғаразу ҳасад, аразу гиналардан покланган, соҳиби томонидан эзгуликка йўналтирилган диллар осойишталикка йўғрилади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бежиз “Рўза қалқондир” демаганлар. Зеро, қалқон камон ўқининг офатидан жангчини тўсиб қолганидек, рўза хатоларнинг юзага келиши ортидан келувчи беҳаловатликдан қутқаради. Натижада тинчлик ойида руҳият ҳам, қалблар ҳам ҳотиржамликка чўмади.
Шукрлар мавсуми
Алҳамдулиллаҳ, муборак ой ичрамиз. Қалбимиз шукронага тўла. Яна бир Рамазонда яшаб, унинг фазилатларини ҳис қила оляпмиз, имкон борича эзгуликлар адо этяпмиз! Кўнглимиз хотиржам, осойишта тонгларни қарши оляпмиз. Дунё кишиларининг сезиларли қисмини ўйга солган “қаерда тунасам экан”, “нима ейман?”, “очликдан болаларимнинг ҳоли не кечаркин”, “қаерга беркиниб яшасам экан”... деган оғриқли саволларнинг бизга кераги йўқ. Рўза сабаб ана шундай инсонлар кечмишини бошимиздан кечирамиз. Очлик, ташналикдан азият чекаётган заминдошларимиз ҳолатини ўз танамизда синаб кўрамиз. Ҳис қиламизки, биз учун тонгдан шом қоронғусигача чекланган имкониятларимиз айрим кишиларда давомли бўлиши мумкин. Тун нима, тонг нима сезмай фақат қорин тўйдириш ёки жон сақлаш умидида яшаётган ердошларимиз кам деб ўйлайсизми? Бу ҳақда тафаккур қилиб, юрак юракдан буюк Мавлога шукр ҳиссини туямиз. Алҳамдулиллаҳ, дастурхонларимиз тўкин, серқуёш заминимиз ўз саховатини бизга тақдим этмоқда. Юртимизда инсон номи улуғ, кексалар қадрланади, ёшларга ҳолис йўл кўрсатилади, она бола саломатлиги давлат сиёсати даражасида... Демак, Сен шукрлар мавсумисан.
Рамазон! Сени таърифлаб ниҳоялаш мумкинми?
Биз бугун сенга аталган тавсифларнинг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ рўйхатимизни ҳали узоқ давом этишимиз мумкин. Муҳими сен моҳи маҳбубсан! Ойлар ичра севиклисисан. Аразлашган кўнгиллар ҳурматинг боис ярашади, яқинлар муносабати мустаҳкамланади, диллар диллардан сув ичади, ҳамжиҳатлик, аҳил иноқлик ортади. Ҳар бир кунингдан имконларга бой лаҳзалар ўрин олган. Тиллар дилларни ширин сўзлар билан алқайди. Сенинг маҳбуб бўлишинг боисини-да таърифларга сиғдирмоқ маҳол... Биз сени яхши кўрамиз.
Шарифахон Ғаниева
Рўзадорнинг қалқони
Шундай бир фурсат борки унда мўмин бандага дунёда уни гуноҳу маъсиятлардан, охиратда эса дўзахдан тўсадиган “қалқон” берилади. Бу ҳақида пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ. رَوَاهُ اَبُو دَاودَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган.
Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
- Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади;
- Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак, рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариат ман қилган нотўғри сўзларни гапирмасин ва нотўғри ишларни қилмасин. Шунга кўра рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади.
Эътибор бериладиган бўлса аслида рўза бўлмаган пайтларда ҳам уни қилиш мумкин бўлмаган ишлардан рўзада таъкидлаб қайтарилган. Бунинг ҳикмати ҳақида уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”.
Шу маънода ҳозирги кунимизда ҳам айрим муҳим хавфсизликларни инсонларнинг одатларига айлантириш мақсадида баъзи ойларни “ҳаракат хавфсизлиги ойлиги”, ёки “ёнғин хавфсизлиги ойлиги” каби номлар билан аталаётгани барчага маълум бўлган оддий ҳақиқатдир.
Зеро рўзадан кўзланган асосий мақсад бошқа пайт истемол қилиш мумкин бўлган ейиш-ичиш каби нарсалардан сақланишдангина иборат эмас, балки нафсни жиловлаш малакасини ҳосил қилишдир.
Демак Рамазон ойида мазкур қайтариқларнинг таъкидланиши фақатгина унинг бошқа ойлардан афзал эканини билдириб қўйиш учун эмас, балки бу ойда одатга айланган ишлар бошқа барча ойларда ҳам бардавом бўлиши учундир. Шунга кўра Рамазонда ўзлаштирилган сифатларни одатларига айлантириб олганларнинг оилаларида ва бундай оилалардан ташкил топган жамиятда тинчлик, тотувлик ва хайру барака бутун йил бўйи давом этади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёда гуноҳлардан, охиратда дўзахдан қалқон бўладиган даржадаги рўза тутиш бахтига муваффақ қилсин.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим