muslim.uz

muslim.uz

Араб тилидаги (https://arabicpost.net) интернет нашри тарқатган хабарга кўра, Миср Вақф ишлари вазирлиги 4 апрелда мамлакатда коронавирус тарқалишига кураш доирасида Рамазон ойида жамоат учун ифторликлар ўтказишни ман этишини маълум қилган. 
 
Вақф ишлари вазирлиги эҳсон қилиш ниятида бўлганларни Рўза ойи бошланишидан олдин атаганларини нақд пул ёки озиқ-овқат маҳсулотлари кўринишида фақир ва эҳтиёжмандларга тарқатишга чақирди. 
 
Коронавирус Миср ҳукуматининг қатор йирик лойиҳалари адо этилишига ҳам таъсир этмоқда. Жумладан, Миср музейини очиш маросими ва ҳукумат хизматчиларининг биринчи гуруҳини мамлакатнинг янги пойтахтига кўчириш ишлари 2021 йилга қадар кечиктирилди. 
 
Миср музейини очиш маросимини жорий йил давомида ўтказиш, ҳукумат хизматчиларининг биринчи гуруҳини мамлакатнинг янги пойтахтига кўчириш эса июнь ойига режалаштирилган эди. 
 
58 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган Мисрнинг янги пойтахти лойиҳасини амалга ошириш жиддий молиявий қийинчиликларга дуч келди, хусусан, айрим инвесторлар лойиҳадан чиқиб кетди.
 
Манба: http://uza.uz

Манба: O’zbekiston24 телеканали

Коронавирус касаллигига қарши курашиш республика махсус комиссиясининг жорий йил 4 апрель санасида ўтказилган Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.
 
Унга кўра, жорий йил 6 апрелдан эътиборан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади:
 
- шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно;
 
— ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади;
 
65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.
 
Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин.
 
Шунингдек, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.
 
Бунда ушбу мажмуаларга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, мазкур фуқаролар ушбу мажмуаларга киритишга йўл қўйилмайди.
 
Бунда ушбу фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.
 
Марказлашган ҳолда пирометрларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига икки кун муддатда етказиб берилади.
 
- Йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.
 
- Карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.
 
- Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06-00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.
 
Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
 
Манба: http://uza.uz

Ўзбекистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишлаб Покистонда виде мулоқот шаклида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Давра суҳбати Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонасида покистонлик экспертлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, журналистлар иштирокида ташкил қилинди.
“Дунё” АА мухбири тадбир иштирокчиларининг Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Тоҳир ФАРУК, «Daily Ittehad» газетаси бош муҳаррири:
– COVID-19 пандемияси 200 дан ортиқ давлатда қайд этилди ва тарқалишда давом этмоқда. Хусусан, ушбу касаллик Ўзбекистонга ҳам кириб борди. Аммо Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда коронавирусга қарши ўз вақтида ва самарали чоралар кўрилмоқда. Шаҳарларда ва вилоятлараро ҳаракатлар тўхтатилиб, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун савдо шохобчалари одатдаги тартибда, аммо карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатишда давом этмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакат раҳбарияти ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилган муваффақиятли ислоҳотлар натижасида республикада мазкур юқумли касалликнинг тез тарқалишига қарши муносиб курашилмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида ғамхўрлиги, малакали шифокор ва тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ушбу муаммони бартараф эта олади.
Шунингдек, эпидемияга қарши курашда ўзбек халқининг юксак маънавияти, уюшқоқлиги ҳам қўл келмоқда. Жумладан, ҳукумат томонидан қабул қилинаётган барча мажбурий ва самарали чоралар аҳоли томонидан ижобий қарши олинмоқда.
Ана шундай юксак маърифат эгаси бўлмиш дўст Ўзбекистон халқига тинчлик, омонлик тилаб қоламан!
Ансар Меҳмуд БХАТТИ, «The Islamabad Post» газетаси бош муҳаррири:
– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан COVID-19 эпидемиясининг Ўзбекистон фуқаролари орасида кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайман. Шундай оғир вазиятда Ўзбекистон раҳбарияти бошқа давлатлардан ўз фуқароларини олиб келиш, улар учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор бераётгани ибратли.
Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган махсус карантин муассасаларининг қисқа фурсатда қуриб, фойдаланишга топширилгани мени ҳайратда қолдирди. Боиси бугун бундай ташкилотчилик ва карантин билан боғлиқ чораларни ўз вақтида амалга оширишда ривожланган давлатларнинг ғафлатда қолаётганига гувоҳмиз.
Сўзим сўнгида айтишни истардимки, ҳаётнинг бу синовли кунлари яқин вақтларда ортда қолади, Покистон – Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик яна янги руҳда давом этади.
Сабаҳ АСЛАМ, Исломобод низоларни ҳал қилиш институти ижрочи директори:
– Дунёда фавқулодда вазият ҳукмрон. Барча давлатлар пандемия билан курашмоқда.
Ўзбекистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича ўз вақтида амалга оширилган ташаббуслар нафақат республикада, балки бутун минтақада минглаб одамларнинг ҳаётини хавфдан сақлаб қолди. Ушбу чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда.
Мамлакатда умуммиллий карантин эълон қилинди, барча ўқув муассасалар, шу жумладан мактаб ва университетлар ёпилди, эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун жамоат ва диний йиғинлар ўтказилиши тақиқланди.
Мамлакатда барча зарур товар ва дори-дармонлар учун солиқларнинг камайтирилганини муҳим қарорлардан бири дейиш мумкин. Бундан ташқари, ҳукумат кўрсатмаларига мувофиқ, аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ноёб тажрибаси – нархларни назорат қилиш, унинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик бўйича назорат тизими жорий этилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон раҳбарияти ўз халқи хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўраётган бир пайтда, фуқаролар ҳам карантин тартибларига қатъий риоя қилишлари керак.
Бугун дунё бўйлаб янграётган «Уйда қолинг ва хавфсиз бўлинг» чақириғига амал қилиб, вирусга қарши курашишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор.

Ҳамид МАҲМУД, Исломободдаги Ўзбекистон сайёҳлик маълумотлари маркази директори:
– COVID-19 коронавируси барчамизнинг ҳаётимиз учун бирдек хавф солмоқда. Давлатлар фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида юртингизда амалга оширилаётган ишларни ижтимоий тармоқлар, телевидение ва оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боряпман. Айтишим мумкинки, Покистон томони Ўзбекистоннинг инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.
Ҳукумат глобал пандемия динамикасини ўз вақтида ва холис баҳолаб, мамлакатда коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш учун махсус комиссия тузди. Ҳудудларда махсус мутахассислардан иборат тезкор гуруҳлар жойлаштирилди.
Ўзбекистоннинг ушбу қийин даврдан тез орада ўтиб олишига, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари эса ҳар қачонгидан-да, мустаҳкамланиб боришига шубҳа йўқ.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Top