muslim.uz
Муфтий ҳазратларининг Жиззах вилоятига сафарлари бошланди
Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Жиззах вилоятига сафарлари бошланди.
Муфтий ҳазратлари юртимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, муҳтарам Президентимиз ташрифлари чоғида берилган соҳага доир бир қатор топшириқлар ижроси, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишмоқдалар. Сафарлар мобайнида аҳоли вакиллари билан учрашувлар, турли хайрия ва саховат тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда. Бу галги сафарда ҳам мана шундай ишларга катта урғу бериш режалаштирилган.
Улуғ алломалар юрти бўлган Жиззах замини қадимдан шарқ ва ғарбни боғловчи Буюк ипак йўлининг муҳим қўналғаларидан бири бўлиб келган. Сўнгги йилларида ҳудуднинг мамлакатимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти янада ортди.
Президентимиз жойларда ўтказаётган учрашувларда кўп ва қайта-қайта таъкидлаб келаётган одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш масаласи ҳам вилоятда амалга оширлаётган бунёдкорликларнинг марказида турибди. Шу мақсадда “Обод қишлоқ” дастури асосида Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи намунали қишлоққа айлантирилиб, одамларга муносиб турмуш шароити яратилди.
Якунига етаётган йилда Жиззах вилоятида 2 та масжид тубдан қайта қурилди, 5 та таҳоратхона капитал таъмирдан чиқарилди. Айни кунларда яна 5 та жоме масжидни қайтадан қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Шунингдек, 40 дан зиёд масжид ва 50 та таҳоратхонада жорий таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жиззах сафари жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Самарқанд вилояти уламолари Метрополитен қурилишида вафот этганларнинг оилалари ҳолидан хабар олдилар
18 декабрь куни Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши оқибатида 6 нафар юртдошларимиз қурбон бўлган эдилар.
Уларнинг икки нафари Самарқанд вилоятидан бўлиб, улар Оқдарёлик Ихтиёр Раҳматов ва Пастдарғомлик Зариф Каримовлардир. Ушбу фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига дуолар қилиш, мағфират сўраш ва яқинларига тасалли бериш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов ва вилоятдаги бир гуруҳ уламолар мазкур хонадонларда бўлиб, марҳумларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Қуръон тиловати қилиниб, Яратган Парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўралди. Марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканликларини билдирган ҳолда уларга сабру жамил тилаб, ўтганларнинг ҳақларига доимо дуода бўлишларини билдирдилар.
ЎМИ - Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати
“Асрни ўқидингми?”
(эр-хотин ўртасидаги суҳбат)
- Асрни ўқидингми?
- Йўқ.
- Шомничи?
- Ўқимадим.
- Нима учун?
- Ишдан чарчаб келгандим. Шунга бироз ётиб, дам олдим.
- Тушунарли. Хуфтонга азон айтилмасидан туриб тезда аср ва шомни ўқиб ол.
Эртаси куни эр хизмат сафарига жўнади. Одатда манзилига етиб боргач, аёлига қўнғироқ қилиб қўярди. Аммо бугун қўнғироқ қилмади ёки “Етиб келдим” деб смс ёзмади. Аёл ўзи эрига қўнғироқ қилди. Эри эса телефонни кўтармади. Қайта-қайта қўнғироқ қилдию барибир тушолмади. Безовта бўла бошлади. Эрининг бундай одати йўқ эди. Бу сафар эса ўзи қўнғироқ қилмагани етмагандек, аёлининг қўнғироғига ҳам жавоб бермаяпти. Орадан бир неча соат ўтгач, эри телефон қилди. Аёл шошганча телефонни кўтариб, гапира кетди:
- Эсон-омон етиб бордингизми?
- Ҳа, етиб келдим. Алҳамдулиллаҳ.
- Қачон етиб бордингиз?
- Тўрт соатча бўлди.
Аёл ғазабланди, овози ўзгарган оҳангда деди:
- Тўрт соат бўлди? Нега хабар бермадингиз?
- Йўлдан чарчаб келгандим, ётиб бироз дам олдим.
- Мен билан бир неча дақиқа гаплашсангиз нима бўларди? Телефон овозини эшитмадингизми?
- Эшитдим.
- Эшитдингиз-у, аммо жавоб бермадингиз. Нега? Мени ўйламадингизми?
- Ўйладим. Лекин сен ҳам кеча намозга азон айтилганида Аллоҳнинг ибодатига шошилишни ўйламадинг. Бир неча дақиқада намозингни ўқиб олсанг нима бўларди?
Аёл бироз сукутдан сўнг “Ҳа, тўғри. Сиз ҳақсиз. Мен хато қилдим. Бу ишимдан пушаймонман” деб хўнграб йиғлаб юборди.
Эри аёлининг ўзидан узр сўрагандек бўлганини сезиб, бундай деди:
- Сен кечиримни мендан эмас, Аллоҳ таолодан сўра! Бошқа ҳеч қачон намозингни қазо қилма! Биласанми, менинг энг катта орзуларимдан бири – сен билан жаннатда ҳам бирга бўлишдир.
Эрининг бу насиҳатидан сўнг аёл намозларига янада эътиборлироқ бўлиб, уларни ўз вақтида адо этадиган бўлди.
Ҳа, азизлар, сизни чин қалбдан севадиган киши сизни Аллоҳ таолонинг розилиги сари ундовчи, гуноҳга қўл уришингиздан тўсувчи кишидир.
Зеро, оламлар Робби Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:
وَأْمُرْ أَهْلَكَ بِالصَّلَاةِ وَاصْطَبِرْ عَلَيْهَا لَا نَسْأَلُكَ رِزْقاً نَّحْنُ نَرْزُقُكَ وَالْعَاقِبَةُ لِلتَّقْوَى
“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир” (Тоҳа сураси, 132-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни намозини ўз вақтида адо этадиган бандаларидан қилсин!
Интернет маълумотлари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Тошкент шаҳридаги баъзи имом-хатиблар ўрни алмашди
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғи билан Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларга имом-хатиб вазифасига тайинловлар амалга оширилди:
- Тошкент шаҳар Бектемир тумани бош имом-хатиби, “Қорасоқол ота” жоме масжиди имом-хатиби Йўлдошали Каримов Яшнобод туманидаги “Ислом ота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига ўтказилди.
- Ўз навбатида, “Ислом ота” масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Жасурбек Раупов Чилонзор туманидаги “Носирхон” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига ўтказилди.
- “Носирхон” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида хизмат қилиб келган Худоёр Ўрозимбетов Бектемир туманидаги “Қорасоқол ота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасига ўтказилди.
Имом-хатибларни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов ва ЎМИ вакил ўринбосари Сахобиддин Сатимовлар жамоатга таништиришди. Ушбу ўзгаришлар масжидлар фаолиятини янада яхшилаш, имом-хатибларнинг ўз вазифаларини фаол ва сифатли адо этишлари учун етарли шарт-шароит яратиш мақсадида амалга оширилганини таъкидлаб, янги жойда дин хизматига киришаётган ходимларга Аллоҳ таолодан муваффақиятлар тиладилар.
ЎМИ Масжидлар бўлими
ТАЪЗИЯ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ва барча имом-хатиблар Данғара тумани бош имом-хатиби Нуриддинов Салоҳиддин домланинг отаси Бадриддин ҳожининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдирадилар.
Аллоҳ марҳумни мағфират қилсин, савоб амаллари билан қабрларини нурга тўлдирсин, ҳаётлик вақтида қилиб ўтган солиҳ амаллари ҳамда Яратган ўзининг марҳамати ила жойларини жаннатда қилсин! Марҳумнинг яқинларига Аллоҳ сабри жамил берсин!
Жаноза намози бугун, 24 декабрь куни соат 11:00 да марҳумнинг хонадонида ўқилди.
Манзил: Фарғона вилояти Данғара тумани «Пишқарон» маҳалласи. Мўжал: 3-мактаб ёнида.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун.