muslim.uz

muslim.uz

 

– «Вақф» фонди ташкил этилганига 1,5 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида унинг кенг кўламли фаолиятига қарамай ижтимоий тармоқларда турли танқидий қарашлар ҳам билдирилди.

Шу сабабли Фонднинг амалга оширган ишлари ва ижтимоий тармоқлардаги хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида, Фонд раҳбари Искандар Халиловга саволлар билан юзландик.

Ҳурматли раис, аввало фонднинг бир ярим йиллик қисқа давр оралиғидаги фаолияти ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.

 Маълумки, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Фонднинг асосий мақсадлари одамларимиздаги саховатлилик туйғуларини янада оширишга кўмаклашиш, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжид, мадраса ва зиёратгоҳларимизни обод қилиш, уларда хизмат кўрсатаётган ходимлар, имом-хатиб, ноиблар, мударрислар ва талабаларга моддий-маънавий кўмак беришдан иборат этиб белгиланди.

Халқимиз орасидаги кам таъминланган кишилар, моддий кўмакка эҳтиёжи бор оилалар ва имконияти чекланган фуқароларга ёрдам бериш Фонд олдига қўйган энг савобли ишларидандир. Шу мақсадда Фонд томонидан юқоридаги мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилди.

–  Кўпчиликни Фонд маблағларининг айланиши ва сарф-харажатларининг шаффофлиги қандай ташкил этилгани қизиқтиради. Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида фондга тушган маблағлар ҳар куни сайтимиз ва телеграм каналимизда эълон қилиб борилади. Бу борада Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва Инновацион ривожланиш вазирлиги бизга яқиндан кўмак бермоқда. Барча пул айланмалари энг замонавий биллинг тизимига уланган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, мўмин-мусулмонлар томонидан Аллоҳ розилиги йўлида закот, фидя, ушр ва фитрга ажратилаётган маблағлар ҳақдорларга тўлалигича етиб бориши учун мутасадди ташкилотлар жуда кенг имконият яратиб беришмоқда. Масалан, банк ўз хизмати учун ҳақ олмайди ва бу билан ажратилган маблағ ҳақдорга юз фоиз ҳолатда тўлиқ етиб бориши таъминланади.

Шу билан бирга пластик карталар орқали, ҳисоб-рақамдан ҳисоб-рақамга ва мобил телефонлар орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш имконияти ҳам бор. Бундан ташқари, республика бўйлаб 190 дона инфокиоск ҳам ўрнатилган.

Бугунги кунда, Фонднинг www.vaqf.uz веб-сайти фаолият юритмоқда. Мазкур сайт орқали Фонд фаолияти, амалга оширилган тадбирлар ҳамда хайр-саховат лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Шу билан бирга, алоҳида пул ўтказмалари бўйича ҳисобот ҳам веб-сайтда жадвал шаклида тақдим этиб борилади.

– Ҳозиргача Фондга қанча маблағ келиб тушди ва қандай сарфланди?

Жорий йил 30 октябрь санасига қадар, Фондининг махсус ҳисоб рақамларига жами 164 миллиард сўм миқдорида маблағ келиб тушган. Масалан, Хайрия ҳисоб рақамига 1 млрд 201 млн сўм, закот ҳисоб рақамига 5,6 млрд сўм, Вақф ҳисоб рақамига 758 млн сўм, Масжидлар ҳисоб рақамига 122,3 млрд сўм ва Зиёратгоҳлар ҳисоб рақамига 25 млрд 464 млнсўм тушган.

Фонднинг махсус ҳисоб рақамларидаги маблағлар “Вақф хайрия жамоат фондининг даромадларини шакллантириш ва маблағларини, товар моддий бойликларини тақсимлаш Йўриқномаси”га асосан сарфланади.

Фонд ҳисоб рақамларига келиб тушган маблағлар ҳисобидан қуйидаги харажатлар амалга оширилди:

Хайрия ҳисоб рақамидан:

·       25 та ижтимоий ҳимояга муҳтож ташкилотга 130 млн сўм;

·       4 766 та кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилаларга закот ва хайрия пуллари ҳисобидан 5 млрд 043 млн сўм.

Масжидлар ҳисоб рақамидан:

·       масжидлар ва вакилликларнинг талабномаларига асосан 110,7 млрд сўм.

Таъкидлаш жоизки, Фонд маблағларининг асосий қисми масжидлардаги эҳсон қутилари орқали шакллансада, маблағларнинг аксар қисми яна масжидлар харажатларига йўналтирилади. Хусусан, масжидлардан тушган маблағларнинг 75 фоизи уларга қайта юборилади. 10 фоизи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудуддий вакилларига, 10 фоизи идора фаолиятини ташкил этишга берилиб, фақат 5 фоизи Фондда қолади. Мазкур 5 фоиз ҳисобига 700 дан зиёд даромади кам масжидларнинг имом-хатибларига ойлик маошберилади.

Зиёратгоҳлар ҳисоб рақамидан:

·       зиёратгоҳлар ва филиалларнинг талабномаларига асосан 19,8 млрд сўм.

Акциялар ҳисоб рақамларидан:

·       акциялар мақсади бўйича 3,1 млрд сўм.

Асосий ҳисоб рақамдан 3 млрд 800 млн сўм миқдорида маблағ сарфланди.

Шу ўринда, 2019 йил 20 сентябрь ҳолатига кўра, Фонднинг махсус ҳисоб рақамларида жами 21 млрд 465 млн сўм миқдорида қолдиқ маблағ мавжуд эканини илова қилиб ўтмоқчимиз.

–    Фуқаролар ёки жисмоний шахслар фондга пул маблағларини қандай ўтказади?

– Бу борада юртдошларимиз учун барча қулайликлар яратилмоқда. Улар ҳеч қандай қийинчиликсиз, ортиқча оворагарчиликсиз пластик карта орқали “Click”, “Payme”, “Mbank”, “Viza”, “Oson” каби электрон тўлов тизимларидан фойдаланиб, ўз хайрия маблағларини Фондга ўтказишлари мумкин.

Шунингдек, истаган инсон Фондга ўзига яқин жойда жойлашган “Paynet” шаҳобчасига мурожаат қилиб, маблағини вақф қилиши, закотини тўлаши ҳамда турли хайрия акцияларига маблағ ўтказиши мумкин.

–    Фонднинг ишлаб чиқариш корхоналари ва уларнинг истиқболлари ҳақида гапирсангиз?

– Шу ўринда муҳим бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш керак, яъни “Вақф” фонди Устав фаолиятига асосан вақф мулкларини шакллантириш учун ишлаб чиқариш корхоналари, савдо дўконлари ва хизмат кўрсатиш шаҳобчалари очиш мумкин. Тушган даромаднинг тегишли қисми хайрия ишларига йўналтирилади.

Эътиборли жиҳати, Вақф мулкини ривожлантириш учун фуқароларнинг хайрия, закот, ушр, фитр ва фидя учун берган маблағлари мутлақо ишлатилмайди. Улар ўзларининг аниқ, шариат белгилаб берган манзилларига йўналтирилади. Вақф мулки учун эса зиёратгоҳлардан тушган маблағлар ёки Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кўрсатилган беғараз ёрдам пуллари ишлатилади. Айрим лойиҳаларга саховатпеша тадбикорларимиз ташаббус кўрсатиб, ёрдам бермоқда.

Жумладан, 2019 йил март ойида Тошкент вилояти Қибрай туманидан 16 гектар ер майдон ва бинолар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Вақф” фондига беғараз берилганди.Ушбу ҳудудда қисқа муддат ичида нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи барпо этилди. Мазкур цех жорий йил 15 апрель куни ўз фаолиятини бошлади, айни пайтда 5 хил турдаги нон ва нон махсулотлари ишлаб чиқарилиб, халқимизга тортиқ қилинмоқда.

Мазкур цехда тўққиз турдаги нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, дўконлар орқали сотилади ҳамда тушган фойда ҳисобидан меҳрибонлик, қариялар ва ногиронлар уйларига хайрия тариқасида ҳам улашилади. Нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқаришдан кўрилган фойда масжид-мадрасаларни обод этиш, ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Қайд этиш зарурки, цех жойлашган ҳудудда ичимлик суви тармоғига уланиш ва муттасил фойдаланиш борасида муайян муаммолар сабабли маҳсулот ишлаб чиқаришда узилиш юзага келди. Мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Сув тараққиёт” оилавий корхонаси билан 65 млн. сўм маблағ эвазига ер остидан сув чиқариш тўғрисида шартнома тузилиб, 120 метр чуқурликдан сув қазиб чиқарилди. Бу эса, ўз навбатида, цех фаолиятининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда, Фонд томонидан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” маҳалласи ҳудудида “Вақфмед” дорихонаси ташкил этилганини ҳам айтиб ўтиш керак. Фонд томонидан дорихона ишини ривожлантириш учун 67 млн. сўм кўмак берилди. Ўтган даврда дори-дармон етказиб берувчи айрим хўжалик юритувчи субъектлар буюртма қилинган маҳсулотларни ўз вақтида етказиб беролмагани сабабли дорихона баъзи кунларда тўлиқ фаолият кўрсатмади. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган, тиббий дори-дармонлар савдоси билан шуғулланувчи 3 та улгуржи савдо субъектлари билан, шунингдек, тиббий дори-дармон ишлаб чиқарувчи 1 та фармацевтика заводи билан дори-дармон етказиб бериш тўғрисида шартномалар тузилган. Дорихона савдо растасида 250 турдан зиёд дори-дармонлар мавжуд. Шу йилнинг 30 октябрь ҳолатига кўра, дорихонадан 7 млн. сўм соф фойда олинган.

Келажакда “Вақфмед” дорихоналар тармоғини Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ушбу тармоқлардаги савдо-сотиқдан тушган маблағ вақф мулкини тасарруф этиш ва хайрия ишларига йўналтирилади.

Ҳозирда Фондга ажратилган ер майдонидан, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш истагида бўлган фуқаролар билан 15 млн. сўмга шартнома асосида ижарага берилган. У ерда ижарачилар сабзи, кунгабоқар ўсимлиги ва шунга ўхшаш полиз маҳсулотлари етиштириб, бугунги кунда йиғим-терим ишлари амалга оширишмоқда.

Бундан ташқари, мазкур ер майдонида етиштирилган 3 тонна картошка масжидлар қурилишида ишлаётганлар ва кам таъминланган оилаларга хайрия қилинди.

Айни дамда ер майдонларида саримсоқ ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Яна бир катта хайрли иш, Сурхондарё вилоятида Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида вақф мулкчилигини ривожлантириш мақсадида янги меҳмонхонанинг очилиш маросими ўтказилди. Янги меҳмонхонада зиёратчилар учун барча қулайликларга эга шарт-шароитлар яратилган бўлиб, замонавий услубда жиҳозланган. Мазкур меҳмонхона 70 ўринга эга бўлиб юқори хизмат кўрсатувчи қулайликларга эга люкс ҳамда ярим люкс хоналарни ўз ичига олади. Меҳмонхона ҳудудида 1 та чойхона ва 1 та ресторан мавжуд. Бу эса ҳам дам олувчилар, ҳам йўловчилар учун хоҳлаган вақтда келиб тановул қилиш имкониятини яратади.

Меҳмонхонанинг яна бир қулайлиги Тошкент-Термиз халқаро магистрал йўлининг ёнида эканлигидир. Бу эса Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа ҳамда Ҳаким Термизий зиёратгоҳ ва тарихий ёдгорликларига тез фурсатда етиб олиш имконини беради.

Меҳмонхонада мусулмон сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хонага Қуръони карим, жойнамоз қўйилган ва Қибла кўрсатгичи ўрнатилган.

Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилади.

Кўпчиликка маълумки, Фонд томонидан жорий йил давомида жуда катта ишлар амалга оширилди. Шулар ҳақида тўхталсангиз?

Албатта, ўтган қисқа давр, хусусан жорий йилда фонд томонидан кўплаб эзгу ишлар амалга оширилди. Жумладан,

§  2190 нафар кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга 2 миллиард 584 миллион 587 минг сўмлик моддий ёрдам ҳамда 80 миллион сўмлик 40 дона ногиронлик аравачалари тарқатилди.

§  Ёрдамга муҳтож 3 нафар фуқаронинг уйлари 8,9 млн. сўмлик Фонд маблағлари ва ҳомийларни жалб этган ҳолда қайта таъмирланди.

§  “Вақф” фонди томонидан жойлардаги 700 дан зиёд олис ҳудудда жойлашган ва кам даромадли масжидлар имом-хатибларига ойлик маошлари учун ҳар ой 370 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилмоқда.

§  Тошкент ислом институтида янги ташкил этилган “Модул” таълим тизимида жойлардаги масжидларда меҳнат қилаётган ўрта махсус маълумотга эга бўлган имомларни олий таълимга жалб қилиш бошланди. Шу муносабат билан 60 ўринга мўлжалланган дарсхоналар, ўқув предметлари, таълим дастгоҳлари, ошхона ва ётоқхона учун 190 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу ерда таҳсил олаётган тушуми паст бўлган масжидларда хизмат кўрсатувчи 59 нафар имом-хатибларга 190 млн 777 минг сўм миқдорида тўлов-контракт маблағи ўтказиб берилди.

§  Шу йил февраль ойида Сурхондарё вилоятидаги “Боғи Обод”, “Себзор” ва “Эҳтиром” маҳаллаларида истиқомат қилаётган 8 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бу ишларга жами 70 миллион сўм сарфланди.

§  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга Рамазон ойида 157 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

§  Рамазон ойида 2 миллиард сўм закот ва хайрия маблағлари ҳақдорларга етказди.

§  Фонд ва ҳудудий филиаллар томонидан “Қурбонлик – 2019” хайрия тадбирлари ташкил этилиб, улар доирасида 70 га яқин йирик ва 260 га яқин кичик қорамол қурбонлик қилинди. Йигирма мингга яқин кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқароларга қурбонлик гўштлари тақсимлаб берилди.

§  “Мурувват карвони” хайрия тадбирида 200 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлиги бор шахсларга ногиронлик аравачалари тақдим қилинди. Тадбирлар доирасида жами 190 миллион сўм маблағ сарфланди.

§  “Ҳилол-нашр” нашриётида чоп этилган 93 миллион сўмлик 3000 дона Қуръони карим китоблари барча вилоятлардаги жоме масжидларга ҳадя қилинди.

§  14 миллион сўмлик диний китоблар Навоий вилоятидаги 15 та масжидга етказилди. Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” масжиди кутубхонаси учун 3,7 миллион сўмлик диний китоблар тақдим этилди.

§  Тошкентдаги Хадичаи Кубро ўрта махсус аёл-қизлар ислом билим юртининг 14 нафар талаба қизларига 43 млн. сўм ўқув шартнома пули тўлаб берилди.

§  “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртининг 14 нафар эҳтиёжманд талабасига 51,3 млн. сўмлик ўқув-шартнома пули тўлаб берилди.

§  Шунингдек октябр ойида олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 130 млн сўм миқдорида тўлов-контракт пуллари тўлаб берилди.

§  Бухоро вилоятидаги “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртига 30 миллион сўмлик 10 дона компьютер жамланмаси берилди.

§  Республика гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида даволанаётган оқ қон (лейкоз) касаллиги билан касалланган беморларнинг 85 нафарига 137 миллион сўм ёрдам пуллари берилди.

§  Эшитиш ва гапиришда нуқсони бор фуқаролар учун барча вилоятларда жума маърузаларини сурдо таржималарини намойиш қилиш лойиҳаси бўйича 70 миллион сўм маблағ ажратилди.

§  Навоий шаҳрида ҳомийлар ёрдамида 7 та никоҳ ва 35 нафар боланинг суннат тўйи ўтказиб берилди. Ёш оилаларга хайрия тариқасида 3 500 000 сўмлик электр-техника жиҳозлари, суннат тўйи ўтказилаётган болаларга эса велосипед ва кийим-кечаклар етказиб берилди.

§  2018 – 2019 йиллар давомида зиёратгоҳларни қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш, коммунал тўловларни тўлаш ва 750 нафарга яқин зиёратгоҳларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақлари ва бошқа харажатларга жами 19,8 млрд. сўм маблағ сарфланган.

§  Қашқадарё, Самарқанд, Бухоро, Жиззах ва Наманган вилоятларининг энг олис ва чекка ҳудудларида жойлашган бир неча масжидларнинг бунёд этиш ишларига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ миқдоридаги қурилиш материаллари етказилган.

§  «Вақф» хайрия жамоат фонди апрель ойида республиканинг турли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчиликлар натижасида юзага келган талофат оқибатларини бартараф этиш мақсадида аҳолига ёрдам кўрсатди. Фонд томонидан талофат оқибатларини бартараф этиш мақсадида турли ташкилотларнинг кўмаги билан жабрланувчиларга қисқа муддат ичида янги тураржойлар қуриб берилган.

§  16 май куни Фонд томонидан тайёрланган қарийб 251 миллион сўмлик Рамазон совғалари юртимизнинг 14 та ҳудудларига юборилди. Ушбу мурувват карвони ўн тўрт ҳудудий бирликлар томон йўлга чиқиб, унда бир ярим минг муҳтож оилалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва 3000 дона Қуръони карим жой олган.

Шунингдек, 2018-2019-ўқув йилида «Вақф» фонди томонидан амалга оширилаётган муҳим тадбирлардан бири республикадаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож талаба ёшларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида, 145 нафар талабага 1,2 млрд. сўм миқдорида тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилганини алоҳида қайд этиш керак.

–    Шу ўринда кўпчиликни қизиқтирган яна бир савол – фондга келиб тушган закот маблағлари шариатда белгиланган ҳақдорларга етказиляптими?

– «Вақф» фонди Рамазон ойида 1,8 млрд сўмлик закот ва хайрия маблағларини ҳақдорларга етказди. Шундан, закот маблағлари ҳисобидан 263 нафар муҳтож инсонларга 405 миллион 730минг сўм улашилди. Хайрия маблағлари ҳисобидан 173 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга тарқатилди.

Диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-шартномалари, масжид, мадраса ва зиёратгоҳлар, руҳий касалликлар шифохонаси учун 440 миллион сўм атрофидаги маблағлар сарфланди.

Фонднинг 14 та ҳудудий филиаллари томонидан Рамазон ойи давомида қарийб 700 миллионсўмлик закот ва хайриялар 6 мингга яқин ҳақдор инсонга етказилди.

–    Ижтимоий тармоқлардаги Фонд фаолияти борасидаги турли гап-сўзларга муносабатингиз қандай?

– Иш бор жойда камчилик, хато бўлиши табиий. Маълумки, қайта ташкил этилган вақф мулкчилиги юртимиз учун мутлақо янги тизим. Бу борадаги ишларимизни тизимли ва тартибли ташкил этиш бўйича доимий изланиш ва ҳаракатдамиз. Албатта, камчиликлар секин-аста изига тушиб кетади. Муҳими, бу жараёнда ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Афсуски, сўнгги пайтларда айрим ижтимоий тармоқларда “Вақф” фонди томонидан рўёбга чиқарилаётган хайрли ишлар қолиб, асоссиз хабарлар, пашшадан фил ясаш қабилидаги иддаолар кенг тарқалмоқда.

Масалан, масжидлар томонидан аҳоли берган хайр-эҳсон пуллари “Вақф” фондига тўлалигича ўтказилиб, масжид харажатларига, бу ердаги ҳовли супурувчи-ю қоровулларга хизмат ҳақи берилмаётган экан, деган асоссиз гаплар ҳам тарқалган эди. Ваҳоланки, барча ходимларнинг иш ҳақлари тўланмоқда. Масжидларнинг бошқа харажатлари учун ажратилаётган маблағлар ҳам худди шу йўсинда – очиқ-ошкора йўналтирилаётир.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Дин ишлари бўйича қўмита, Адлия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Масжидлар, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларга тушадиган закот, фитр ва бошқа хайрия маблағларни “Вақф” хайрия жамоат фондига тўлиқ ўтказилишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарорлари қабул қилинган.

Ушбу қарор асосида тузилган ишчи гуруҳи масжидлардаги муҳрланган хайр-эҳсон қутиларини ҳафтанинг ҳар жума куни далолатнома тузган ҳолда очади ва тўпланган маблағларни саноқдан ўтказиб, инкассация халталари (қоплари)га солинишини таъминлайди.

Масжиднинг имом-хатиби пул солинган махсус қопларни инкассация хизмати ходимларига топширади. Тижорат банклари маблағни қабул қилиб олгач, кейинги банк иш кунидан кечиктирмаган ҳолда нақд пулсиз шаклда (пул ўтказиш йўли билан) “Вақф” хайрия жамоат фондининг “Масжидлар” ёки “Зиёратгоҳлар” ҳисоб рақамларига ўтказиб беради.

Масжидлардан тушаётган тушумлардан ходимларга маош, мукофот ёки моддий ёрдам ҳамда бошқа харажатлар (дейлик, коммунал тўловлар) учун имом-хатиб томонидан ҳар ой талабнома асосида чиқилса, Фонд томонидан ҳеч бир эътирозсиз, тегишли ҳужжатлар асосида, қонун доирасида эҳтиёжи қондирилади. Дунёга жар солаётганлар масаланинг бу жиҳатлари хусусида негадир оғиз очмайди ёки билиб билмасликка олади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, масжидга аҳолидан келаётган маблағлар хайр-эҳсон сифатида берилади. Бу эса, ўз навбатида, масжидларнинг эҳтиёжи учун, ёрдамга муҳтож ҳамюртларимиз учун йўналтирилмоқда. Бир қисми эса ўзини ўзи қоплай олмаётган масжидлар ходимларига ойлик маош сифатида ажратилмоқда. Бундай тоифадаги масжидлар эса мамлакат бўйлаб 700 дан ортиқ. Юртимизнинг чекка туман ва қишлоқларида фаолият кўрсатаётган, даромади йўқ масжидларда ишлаётган аҳли илм имом-хатибларни ҳам ўйлаш керакми ахир?

Масжиддан тушаётган тушумлар Фондга ўтказилаётган бўлса, юқорида айтганимиздек, бунинг ортидан қанчадан-қанча ночор оилаларнинг қозони қайнамоқда. Айни пайтда, олис ҳудудларда фаолият кўрсатаётган ноиб-имомларни ҳам ойлик маош билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

–    Қадамжо ва зиёратгоҳлар тушумлари жамланиши қандай ва сарфланиши ҳақида ҳам тўхталсангиз?

– Шу йил 30 октябрь ҳолатига кўра, Фонднинг “Зиёратгоҳлар” ҳисоб рақамига жами 25 млрд. сўм маблағ келиб тушган. 2019 йилда “Зиёратгоҳлар” ҳисоб рақамидан филиал ва зиёратгоҳларнинг сарф-харажатлари учун 18,3 млрд. сўм маблағ сарфланган. Ушбу маблағлар асосан зиёратгоҳларни таъмирлаш, ободонлаштириш, коммунал тўловларни тўлаш ва 750нафарга яқин зиёратгоҳларда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақлари ва бошқа харажатларга ишлатилган.

Умуман, фонд фаолияти шариат белгилаб берган талаблар асосида олиб борилаётганини кўпчилик кўриб, билиб турибди. Бироқ бу ҳолат бировларнинг ноғорасига ўйнаётган айрим кимсаларга ёқмаётганлиги ажабланарли ҳол.

Фонд фаолияти шаффоф бўлиб, маблағлар айланиши ва сарф-ҳаражатларини www.vaqf.uzлинки орқали онлайн кузатиш мумкин .

Такрор таъкидлайманки, фаолиятимизда ҳали камчиликлар кўп. Иқтисодий соҳада дарҳол ижобий натижаларга эришиш қийин эканини барчамиз яхши биламиз. Айниқса, бир вақтнинг ўзида қатор йирик лойиҳаларни амалга ошираётганимиз ҳам вақф мулкини кўпайтириш йўлидаги ишларимизда самарадорликни тўлақонли кўрсата олмаётганимизнинг сабабларидан биридир. Шундай экан, юртдошларимизнинг Фондни ривожлантириш борасида берадиган ҳар бир таклиф ва мулоҳазаларини самимий қабул қилишимизни айтиб ўтмоқчиман.

Кези келганда ҳозир “2019-2022 йилларда “Вақф” хайрия жамоат фондини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳаси тайёрланаётганини маълум қиламан. Мазкур ҳужжат лойиҳаси Фонд сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Умид қиламизки, юртдошларимиз “йўл харитаси”ни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини берадилар.

Ишонамизки, софдил, кўзи ва қалби очиқ мўмин-мусулмонларимиз ижтимоий тармоқлардаги чалғитувчи хабарларга эътибор бермайдилар. Ва шу ўринда алоҳида қайд этамизки, бундан буён ижтимоий тармоқлардаги нохолис, кўр-кўрона иғвога тўла чиқишларга раддия бериб овора ҳам бўлмаймиз. Балки, Фонд фаолиятига доир маълумотларни йил мобайнида учрашув ва тадбирларда батафсил ёритиб, юртимиз мусулмонлари эътиборига ҳавола этиб борамиз. Зеро, Фондга тушаётган маблағнинг асосий қисми юртдошларимиздан келаётган экан, ҳисоботни ҳам ватандошларимизга берамиз.

Садриддин Салим Бухорийга тегишли қуйидаги сатрларини ёд олайлик:

Иллат излаганга – иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга – ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё,

 

–   Самимий суҳбат учун ташаккур!

 

“Ислом нури” газетаси мухбири суҳбатлашди

Буни телефонингизга сақлаб қўйинг. Ҳар гал манманлик қилмоқчи бўлганингизда унга назар солинг!

“Кибр”, “такаббур”, “кибрё” сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Кибр гуноҳи кабирадир.

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. Шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас», деган (22–23-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни: «Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ҳақир санашдир», деб таъриф-лаганлар.

Пулингиз 100 миллиард доллар, кийган кийимингиз энг сўнгги ва қимматидан, минган машинангиз Bugatti chiron, уйингиз шаҳар марказидаги энг катта вилла бўлгани учун манманлик қилиб, кеккайиб, турли оғир вазиятлардан пул билан қутулиб чиқиб кетаётган бўлсангиз, айбларингиз, жиноятларингиз одамларга сезилмаётган бўлса ҳам, ишонинг, сиз бу чуқурликка чап бериб қочиб кетолмайсиз!

Биз бандамиз, демак, бандалик мақомида туриб, бандаларга хос тарзда ҳаёт кечиришимиз керак. Яъни Аллоҳ таоло бизга буюрган барча ибодатларни ўз вақтида адо этиб, У Зот бизни қайтарган ишлардан қайтишимиз керак. Зеро, Умавийларнинг энг адолатли, тақволи халифалардан бўлган Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:

“Албатта, ибодатнинг энг афзали фарзларни адо этиш ва ҳаром қилинган нарсалардан четланишдир”.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Islom.uz сайти ва бошқа интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Бугунги кунда юртимиз фуқаролари хориж мамлакатларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқдалар. Улар орасида аёллар ва ёшлар ҳам бор. Ким қаерда меҳнат қилиши - бу унинг истаги. Хорижга, ўқиш ва ёки бошқа мақсадларда кетаётган фуқароларимиз муносиб шарт-шароитларда меҳнат қилишлари, саломатлигини асраш ва адашиб турли террористик ва экстремистик ташкилотлар ҳамда ислом динини ниқоб қилиб олган гуруҳлар ва секталар таъсирига тушиб қолмасликлари, ўзлигини йўқотмаслик, ўз Ватани ва оиласига садоқатли бўлиб қолишлари муҳим саналади.

Каттақўрғон шаҳрида фаолият олиб бораётган имом-хатиблар хорижга кетаётган фуқаролар билан сафар олдидан суҳбатлашиб ана шу жиҳатлар ҳақида уларга керакли тушунча ва насиҳатлар бермоқда. “Қориравот” жоме масжиди имом-хатиби Сайдилло Рўзиев узоқ муддатга Санкт-Петербург шаҳрига ишлаш учун кетаётган Янгиқишлоқ маҳалласида яшовчи фуқаро Боймуродов Шаҳзод билан суҳбат ўтказди. Шунингдек, “Машраб” жоме масжиди имом-хатиби Абдуҳамид Норбеков ҳам Ислом шоир маҳалласида яшовчи ишлаш учун Челябинск шаҳрига кетаётган Эшдавлатов Маьруф билан суҳбатлашди.

 

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

Уламоларимизнинг таъкидлашларича, имомга иқтидо қилган инсон қироат қилмайди. Хусусан, «ад-Дуррул мухтор» асарида «Танвир»нинг «Имомга  иқтидо қилган шахс мутлақо қироат қилмайди», деган ибораси қуйидагича шарҳланади: «яъни фотиҳани ҳам, бошқа сурани ҳам гарчи, у махфий намоз бўлса ҳам. Бунга учала катта имомларизнинг иттифоқи бор». Шунингдек, мазкур китобда «Бу саҳобаларнинг бир нечтасидан ривоят қилинган», дейилади. Ибн Обидийн ушбу иборани шарҳлаб қуйидагиларни айтади: «Муқтадийни қироатдан қайтариш саксон нафар катта саҳобалардан, жумладан Али Муртазо, Абодила (Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос, Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Зубайрлар) дан ривоят қилинган. Ҳадис олимлари уларнинг барчасини исмлари билан келтиришган».

«Ҳидоя» китобида «Муқтадий имомнинг ортида қироат қилмайди». Бунга имом Шофеъий хилоф қилади. «Фотиҳани қироат қилиш рукнлардан бир рукн  эканлиги у зотнинг далилидир. (Яъни  шофеъийларга кўра, бошқа рукнларда имом ва муқтадий шерик бўлганидек, ушбу рукнда ҳам улар шерикдирлар. Шу боис ҳар иккисига ҳам «Фотиҳа» ўқиш фарздир). Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ ва салламнинг «Кимнинг имоми бўлса, имомнинг қироати унга қироатдур», деган сўзлари далилдир ва бунга саҳобаларнинг ижмоси бор. (Тўғри шофеъийлар айтганидек) қироат у иккови (имом ва муқтадий) ўртасида муштарак рукн. Лекин, бу ўринда муқтадийнинг улуши жим туришдир. Шунингдек, Набий  алайҳиссалом «Имом қироат қилса, тек туринглар» деганлар», дейилади.

Аллома Анваршоҳ Кашмирий ушбу масала борасида «Фаслул хитоб фи масъалати Уммил китоб» асарини ёзган. Унда бу хусусда келган оят ва ҳадисларни чуқур таҳлил қилган ва муқтадийнинг имом ортида қироат қилмаслиги оят ва ҳадисларга мувофиқ эканини исботлаган. Шу ўринда уламоларимизнинг юксак заковатига далолат қилувчи бир нарсани айтиб ўтамиз Аллома. Кашмирий китобда ажойиб тарзда сўз ўйини ишлатган. У китоб якунида  «Мен ушбу сатрларни шофеъийларга раддия сифатида ёзмадим, балки ҳанафийларнинг қироатни тарк этиш сабабларини маълум қилиш учун ёздим. Шу боис мен жим турувчилардан бўлдим, тортишувчилардан эмас», дейди. Аллома бу сўзлари билан «Қачон сизларга Қуръон ўқилса жим туринглар» ояти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортиларидаги иқтидо қилувчилар қироатини эшитиб норози оҳангда «Нега қироатда мен билан тортишиляпти?» деган сўзларига ишора қилмоқда. Ушбу асарда «Жамоатга келиб рукуъга улгирган инсондан қироат соқит бўлиши баъзилар айтганидек зарурат учун эмас, балки муқтадийга қироат шарт эмаслигини ифодаси учун», деган фиқҳга оид фойдали маълумотни ҳам учратишингиз мумкин.

Энди бу масала хусусида келтирилган далиллар билан танишамиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз! Шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангиз» (Аъроф сураси, 204 ояти)

Аллоҳ таоло Қуръони карим инсонларга ҳидоят ва раҳмат эканини эслатгач, бандалар ундан фойда олишлари ва ҳидоятга юришлари учун, қолаверса, Қуръонга ҳурмат юзасидан мўминларни унинг тиловатига қулоқ солишга амр қилмоқда.

Муовия ибн Қурра ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бўлган баъзи устозларимдан сўрадим (менимча, у Абдуллоҳ ибн Муғаффал эди): «Қуръонни эшитган ҳар бир кишига унга қулоқ тутиш ва жим туриш вожиб бўладими?», шунда у: «Албатта, «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!» ояти имом ортидан қироат қилиш ҳақида нозил бўлган. Агар имом қироат қилса, унга қулоқ сол ва жим тур», деди». (Ибн Абу Шайба, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ “Тафсир”да ривоят қилган)

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Ушбу оят намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида туриб овоз чиқариш ҳақида нозил бўлган». (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир ривояти)

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиганларида бир гуруҳ одамлар у зотнинг орқаларида туриб қироат қилди. Шунда «Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!» ояти нозил бўлди». (Ибн Мардвайҳ ривояти)

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овоз чиқариб қироат қилган намоздан фориғ бўлиб: «Ҳозир сизлардан биронтаси мен билан бирга қироат қилдими?» деб сўрадилар. Шунда бир киши: «Ҳа, мен (қироат қилдим), эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Айтдим-а, нима сабабдан Қуръон (қироати)да жазб қиляпман, деб», дедилар. Бас, одамлар буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитгач, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овоз чиқариб қироат қиладиган намозларда у зот билан бирга қироат қилишдан тўхтадилар». (Сунан соҳиблари, Аҳмад, Молик, Табароний, Дароқутний ва Ибн Ҳиббон ривояти)

Абу Исо: «Бу ҳадис ҳасандир», деган.

Жобир розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Кимнинг имоми бўлса, бас, ўша (имом)нинг қироати унинг учун ҳам қироатдир». (Аҳмад, Дароқутний ва Ибн  Ибн Абу Шайба ривояти)

Ушбу ҳадиснинг айтилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар. Ортларида бир киши қўшилиб қироат қилди. Саҳобалардан бири уни имом орқасидан қироат қилишдан қайтарган эди, у: «Мени Аллоҳнинг Пайғамбари ортидан қироат қилишдан қайтарасан-ми?» деди. Улар жанжаллашиб қолиб, охири Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришган эди, у зот: «Ким имомнинг орқасида (туриб) намоз ўқиса, бас, имомнинг қироати унинг учун ҳам қироатдир», дедилар (Ибн Адий ривояти)

Мана шу ҳадис ҳанафийларнинг энг кучли далилларидан бири саналади. Унга кўра, жамоат намозларида имомнинг қироати иқтидо қилувчиларга ҳам етарли. Улар ўзлари учун алоҳида қироат қилишлари шарт эмас.

Бу ерда жаҳрий намозларда имом қироати муқтадийларга ҳам кифоя қилади, махфий қироат қилинадиган намозларда намозхонлар қироат қилсинлар, деган гап йўқ. Демак, бу ҳадисни мутлоқ, умумий маънода тушуниш керак.

Абу Нуъайм Ваҳб ибн Кайсон Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитган экан: «Кимки бир ракъат намоз ўқиб, унда Уммул Қуръон (Фотиҳа сураси)ни қироат қилмаса, бас, у намоз ўқимабди. Фақат имомнинг орқасида бўлсагина (Фотиҳани қироат қилмайди)». (Термизий ривоят қилган ва: «Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳдир», деган).

Фотиҳа сураси қироатисиз намоз дуруст бўлмайди. Албатта уни ўқиш керак. Лекин жамоат намозларида муқтадийлар Фотиҳа ва зам сурани тиловат қилишлари шарт эмас. Чунки имомнинг қироати уларга кифоя қилади.

Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имом унга эргашишлик учун қўйилгандир. Бас, агар у такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Агар қироат қилса, сизлар жим туринглар!», дедилар». (Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Ибн Абу Шайба ривояти)

Жамоат намозларида иқтидо қилувчилар имомга тўлиқ эргашишлари, у нима қилса, шуни қилишлари керак. Фақатгина қироатни имомнинг ўзига қолдирадилар. Сабаби у қироати энг чиройли ва тажвидли бўлгани учун имомликка ўтади.

Баъзилар ушбу ҳадис жаҳрий қироат қилинадиган намозлар ҳақида айтилган, дейишади. Бу фикрга қуйидаги ҳадис раддия бўлади.

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: «Имом хоҳ махфий, хоҳ жаҳрий ўқисин, унинг қироати сенга кифоя қилади». (Дароқутний «Сунан»да ривоят қилган)

Демак, намоз хоҳ жаҳрий – овоз чиқариб ўқилсин (шом, хуфтон, бомдод), хоҳ махфий – ичда ўқилсин (пешин, аср), имомнинг қироати иқтидо қилувчилар учун етарли бўлади.

Қуйидаги ривоят ҳам бу фиркни қувватлайди. Убайдуллоҳ ибн Миқсам ривоят қилади: «Мен Жобир ибн Абдуллоҳдан: «Пешин ва аср намозларида имом орқасида туриб қироат қиласанми?» деб сўрадим. У: «Йўқ», деб жавоб берди». (Абдураззоқ «Мусоннаф»да ривоят қилган)

Шаъбий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Имомнинг ортида қироат (қилиш) йўқ», деганлар». (Дароқутний мурсал тарзда ривоят қилган)

Абдураҳмон ибн Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом орқасида қироат қилишдан қайтарганлар».

Мусо ибн Уқба ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар, Усмон розийаллоҳу анҳумлар имом орқасидан қироат қилишдан қайтарар эдилар.

Зайд ибн Аслам ривоят қилади: “Ибн Умар розийаллоҳу анҳу имом ортидан қироат қилишдан қайтарар эди”.

Абу Исҳоқ айтади: «Абдуллоҳ ибн Масъуднинг биродарлари имом ортидан қироат қилмас эдилар».

Ибн Заквон айтади: «Зайд ибн Собит ва Ибн Умарлар имом ортидан қироат қилмас эдилар». (Мазкур асарларни барчаси Абдураззоқ ривоятида келган)

Шаъбий айтади: «Мен Бадрда қатнашганларнинг етмиштаси билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтаришар эди».

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан ўнгга яқини имом орқасида туриб қироат қилишдан қаттиқ қайтаришарди. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббослардан ушбу амалдан қайтарганлар».

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, имомга иқтидо қилган инсон учун имомнинг қироати кифоя қилар экан. Муқтадий имом ортида туриб умуман қироат қилмас экан. Ушбу ҳукм оят ва ҳадислар, ҳамда саҳобаи киромларнинг аксарларлари тутган йўлга мувофиқ экан.

Жўрабоев Ҳабибуллоҳ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти,
Тошкент ислом институти
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Сўнгги 12 йил ичида Истанбулнинг энг муҳим ёдгорликлари ва маданий меросларидан бири бўлган тарихий Ая-София масжидини 31 миллиондан ортиқ сайёҳ зиёрат қилди.

Dailysabah нашри хабар беришича, 1935 йилдан бери Истанбулда музей сифатида фойдаланиб келинаётган Ая-София тарихий масжиди жорий йилнинг биринчи ярмида 1,8 миллион сайёҳни жалб қилди ва шу йил охирига келиб бу сон уч миллион кишига етиши кутилмоқда.

Тарихий масжид 2007 йилдан 2018 йилгача 31 миллионга яқин сайёҳларни жалб қилди, уларнинг энг кўп сони 2014 йилга тўғри келади (2014 йилда 3,5 миллион сайёҳ).
Эрамизнинг 6-асрида Византия империяси (Шарқий Рим империяси) томонидан қурилган Ая-София ибодатхонаси юнон православ черкови сифатида ишлатилган, 1453 йилда Усмонли империяси томонидан Истанбул фатҳ этилгандан кейин масжидга айлантирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top