muslim.uz

muslim.uz

Қозоғистон мусулмонлари идорасига қарашли "Ҳазрати Султон" республика масжидида жорий йилнинг 19 октябрь куни анъанавий хайрия кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу тадбир масжид қошидаги "Инобат" аёллар клуби томонидан ташкил этилгани ҳақида muslim.kz сайти хабар берди.

Ушбу кўргазмада аёллар ва эркаклар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, турли буюмлар, кийимлар, ҳунармандлар ясаган санъат асарлари ва китоблар намойиш этилди.

Ушбу кўргазмадан келиб тушган маблағ Болалар ва қариялар уйлари, Она ва бола маркази, шаҳар онкология шифохонасига хайрия қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакили Шерзод Султоновнинг маълум қилишича, “Mastercard” молия ташкилоти ва “CrescentRating” агентлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон мусулмон аёл сайёҳлар учун энг қулай мамлакатлар қаторидан ўрин олди. Унга кўра, мусулмон аёллар саёҳати жаҳон туризм бозорида энг тезкор ривожланаётган сегментлардан ҳисобланади.

Мусулмон ўлкалардаги хотин-қизларнинг даромадлари ошиб бораётгани ва уларнинг таълим даражаси юқорилаётганлиги саёҳатга бўлган қизиқишини оширмоқда.

Экспертларга кўра, хавфсизлик ва диний ибодатлар, жумладан, исломий либосларга бўлган бағрикенглик мусулмон аёл сайёҳлар учун энг муҳим аҳамиятга эга икки ўлчов ҳисобланади.

ЎзА нашрининг хабар беришича, 2019 йилнинг 17 октябрь куни Сингапурда ўтказилган “Halal in Travel Asia” саммити доирасида эълон қилинган ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо мамлакатлар орасида хавфсизлик ва диний бағрикенглик бўйича юқори ўринни эгаллаган мамлакатлар ўнталигидан жой олган.

Қатар, Уммон, Бруней, Туркия, БАА, Кувайт ва Малдив давлатлари навбат билан рўйхатнинг юқори ўринларини забт этган. Ўзбекистон ушбу рўйхатнинг саккизинчи ўрнидан жой олган бўлса, Индонезия ва Малайзия ундан кейинги ўринларда келган.

“Muslim Women in Travel 2019” ҳисоботи мусулмон аёллар саёҳатига оид жаҳон миқёсидаги илк тадқиқот бўлиб, унда асосан Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларидан 3300 нафар мусулмон аёл иштирок этган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳозирги даврда республикамизда диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, жамиятдаги ижтимоий иллатларга барҳам бериш вазифалари диний соҳада малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Шу муносабат билан Тошкент ислом институтида 2019–2020 ўқув йилидан Модуль таълим тизими жорий этилди. Ушбу таълим тизими орқали имом-хатиблар асосий иш жойидан ажралмаган ҳолда ўқишга қабул қилинмоқда. 2019–2020 ўқув йилида Модуль таълим тизимига 120 нафар ўрта махсус маълумотли имом-хатиб саралаб олинди. Шулардан 60 нафари 1-даврани тамомладилар.

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Тошкент ислом институтида Модуль таълим тизимида 2-давра ўқишлари бошланиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов ва Диний идора раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов иштирок этди.

Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди ва Абдуҳаким қори Матқулов томонидан 2-давра ўқишлари муваффақиятли ўтишини сўраб дуолар қилинди. Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров сўзга чиқиб, диний таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Тошкент ислом институтида жорий этилган Модуль таълим шакли тўғрисида маълумот бериб, 2-давра талабаларини муборакбод этиш учун сўзни Иброҳим домла Иномовга берди.

Иброҳим домла Иномов барчани янги ўқув давраси билан қутлаб, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг табрикларини етказди. Шунингдек, мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов ва "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз томонларидан диний-маърифий соҳа фаолиятини ривожлантириш учун кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, ҳозирги даврда барча бирдай огоҳ бўлиши, хусусан, имом-хатиблар ўз устида тинмай ишлаши лозимлиги, доимий равишда билим ва кўникмани ошириб бориш бугунги куннинг талаби эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Тадбир сўнгида "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ҳар бир талабага Қуръони карим китоби совға қилинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 22 ялпи мажлиси ўтказилди ҳамда мазкур йиғилишда аҳоли ўртасида кўпгина муҳокамаларга сабаб бўлган «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорини тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.
Kun.uz шу ва бошқа масалалар бўйича фикрлашиш ва ҳамон очиқ қолаётган айрим саволларга жавоб топиш мақсадида Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Регламент ва одоб комиссияси раиси Иқболжон Мирзаалиев (Иқбол Мирзо) билан суҳбат ўтказди.
— Иқболжон ака, шу пайтга қадар бизда тўйлар бўйича турли қарор ва фармонлар қабул қилинган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳам ички қоидалар киритилган, лекин буларнинг бирортаси амалий натижа берган эмас. Хўш, яқиндаги қўшма қарор нега қабул қилинди. Ва қандай натижалар кутилмоқда?
Ўзи умуман, халқимизда тўйлар юзасидан баҳслар юз йил олдин ҳам бўлган, юз йил кейин ҳам бўлса керак. Бу қўшма қарор бирор иш беришига ишонасизми?
— Ишонаман. Хабарингиз бор, 1917 йил Тошкенда уламо ва олимларимиз йиғилиб, «Шўройи исломия»нинг съездини чақиришади. Мазкур йиғилишда айнан тўйлар масаласи муҳокама қилинади.
Тасаввур қилинг, ўша пайтда биринчи жаҳон уруши давом этаётганди, ҳамма томонда очарчилик ва бизнинг уламолар томонидан тўйлар масаласи кун тартибига қўйилиб, муҳокама қилинган, унинг норма ва меъёрларини белгилашган. Мазкур съездга Мунаввар қори Абдурашидхонов бошчилик қилган.
Бу йиғин якунида тўйлардаги исрофгарчиликларни жиловлаш бўйича қарор қабул қилиниб барча ҳудудларга юборилади. Бу қарорда бир қанча нормалар белгиланган эди. Масалан, никоҳ тўйларида куёвнавкарлар сони қирқтадан ошмаслиги, тўйлардан кейин «қирқ», «йигирма», «етти» деган хурофий маросим ва маъракалар ўтказилмаслиги, ортиқча мато, кўрпаликлар бериш тўхтатилиши кераклиги кўрсатилганди.
Бу съезд қарорининг менга таъсир қилган жиҳатларидан бири шуки, унда жамиятдаги бадавлат, давлатманд кишиларга мурожаат қилиниб, хайр-эҳсонни очдан ўлаётганлар ва касалларга бериш сўралади.
Қарор якунида эса кўрсатилган меъёрларни бузган кишиларга нисбатан баённома тузилиб, унинг ижроси жойлардаги қозилар, миршабларга юклатилади ва «Нажот» газетасининг 1917 йил 27 апрель сонида босилиб чиқади. Қарор: «Тежамкор бўлинглар, Аллоҳ тежамкор кишиларни севади», дея якунланган.
Бу демак ўша пайтда урушдан ҳам жиддийроқ ёки уруш даражасидаги масала бўлиб кўринган. Негаки, бу ерда халқнинг тақдири, нонкўрлик, исрофгарчилик, миллат бирлигига рахна соладиган иллатлар масаласи турибди. Орадан 102 йил вақт ўтди, хўш, бугун шу масалалар бизга керакми?
Ҳозирда сайтлар ва ижтимоий тармоқларда қарорга нисбатан турли муносабатларни кузатяпмиз. Мен аввало, бу масалага нисбатан танқидий муносабат билдираётганларга ҳам, ижобий муносабат билдираётганларга ҳам миннатдорчилигимни айтмоқчиман, чунки улар бефарқ бўлишмаяпти.
Виктор Гюгонинг шундай гапи бор, «Мен сизнинг эркин фикр айтиш ҳуқуқингиз учун жонимни беришга ҳам тайёрман, лекин сенинг фикрингга қўшилиш-қўшилмаслик бу менинг ҳуқуқим» (Вольтер - таҳр.). Шу маънода айтилаётган баъзи бир фикрлар, масалан, «Сенатнинг бошқа иши йўқми?», «Жамиятда бошқа каттароқ муаммо йўқми?», каби саволларга мен айтиб берган вазият ҳам жавоб бўлади.
Шукрки, юртимиз тинч, лекин тўйларимиздаги бугунги ҳолатлар бизни қонун қабул қилиш даражасигача олиб келди.
Тўғри, биз аввалроқ бу борада жойларда учрашув, турли тадбирлар ўтказиб бошлаганимизда баъзи бир ташаббускорлар буни бизнинг ўзимизга қўйиб беринг, жамоатчилик ўзимиз тартибга сола оламиз дейишганди ва шу асос билан Сенат қарорлари тавсия кучида қолдирилганди. Яъни, биз айтгандик бу ҳолатни жойларда маҳаллий раҳбарлар, фаоллар ўзларингиз келишган ҳолда ҳал қилинглар деб.
Лекин кейинги ҳолатларни ўзингиз ҳам кўряпсиз, пул сочишлар, пулдан кўйлак тикишлар, тўйхонага от етаклаб киришлар, умуман одамни гапиришга тили бормайдиган, беҳаёлик, бешармликлар кўпайиб кетдики, бунга чидаб бўлмайди.

Биз шу сабабдан ҳам тўйларни қонун билан тартибга солишга мажбур бўлдик.
— Хўш, бу қўшма қарорни амалга ошириш механизми қандай бўлади, чунки қарор қабул қилинди, лекин унинг механизми бўйича ҳамон тушунмовчиликлар сақланиб қолмоқда.
— Агар қарор билан танишиб чиққан бўлсангиз, очиқ саволлар қолмаган деб ҳисоблайман. Фақат уни бузганларга нисбатан чоралар кўриш масаласида маҳаллий ҳокимликлар, Ички ишлар, Солиқ идорасига ва маҳаллий органларга катта ваколатлар бериляпти. Қарор ижросини айнан мана шу органлар назорат қилади. Қоидалар бузилган тақдирда Адлия вазирлиги томонидан шу йилнинг биринчи ноябрига қадар ишлаб чиқиладиган маъмурий жазо чоралари билан ҳаётга татбиқ қилинади.
Бунинг ричаглари бор.
Агар буни баландпарвоз гапга йўймасангиз, асосий ричаг халқимизнинг ўзининг қўлида турибди деб ўйлайман. Чунки, бизга билдирилаётган фикрларнинг 90-95 фоизи ижобий фикрлар ҳисобланади.
Яъни, бу қарор халқимизга маъқул, халқимиз шуни кутиб турибди.
Шахсан ўзимга ҳам қўнғироқ қилиб айтаётганлар, ёки уйимга келиб раҳмат айтиб кетаётганлар, мана шу масалани кўтарган қонун ташаббускорларига раҳмат айтаётганлар минглаб.
Яқинда Ўзбекистон телеканалида эфирга узатилувчи «Муносабат» кўрсатувида ҳам бу масала ўртага ташланди ва аксарият овоз берганларнинг 90 фоизи ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб овоз беришди.
Менимча, қарорга қарши бўлаётган 5-10 фоиз кишилар ҳам ҳали бу масаланинг таг-замирига кириб бора олишгани йўқ. Чунки бу ерда мақсад баъзи бировлар айтаётганидек, одамлар эркини чегаралаш, кимнингдир ҳуқуқини поймол қилиш эмас, аксинча, бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қилиняпти.
Яъни, сен тўй қилиб, пул сочиб, атрофдагиларни ижирғантириб, уларнинг нафсониятига тегиб, бошқаларда турлича тасаввур уйғотаётганингда уларнинг ҳуқуқлари ҳақида ўйламаяпсан-ку? Сен агар тўй менинг шахсий ишим, дейдиган бўлсанг ва тўйнинг ижтимоий воқелик эканлигини тан олмайдиган бўлсанг, уни фақат ўзинг ўтказгин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистонда "Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими" монография-албомини яратиш бўйича илмий дастур устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳада Халқаро ислом тадқиқотлари маркази раҳбари Ефим Резван ва “Қуръон ва Исломдан олдинги шеърият” йўналиши раҳбари Анна Кудрявцева иштирок этмоқдалар.
«Ўзбекистоннинг маданий мероси дунё коллекцияларида» лойиҳаси амалга оширилиши натижасида уч йил давомида дунёнинг етакчи шарқшунослари, археологлари, коллекционерлари ва этнографлари билан биргаликда 20 жилдлик китоб албомлари нашр этилди ва Ўзбекистон маданий мероси хазиналари тўғрисидаги 20 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар яратилди.

Ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган "Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими" нашрининг концепцияси бутун дунё бўйлаб Қуръон қўлёзмаларининг Ўзбекистон ҳудудига оид тўпламларини қидириш, 114 та шундай қўлёзмани танлаб олиш, синчковлик билан ўрганиш ва тавсифлашни ўз ичига олади. Режага кўра, ҳар бир сура альбомда ушбу рўйхатлардан бирининг саҳифалари билан кўрсатилади.
Ўзбекистонда Ефим Резваннинг тадқиқоти асосида "Катталангар Қуръонининг ҳақиқатлари ва афсоналари" туркум ҳужжатли фильм намойиш этилди, унинг натижасида "Усмон Қуръони" монографияси нашр этилди. Ушбу асар "Humanitas" номинациясида "Йил китоби" миллий мукофоти лауреати бўлди; МДҲга аъзо давлатларнинг "Китоб санъати" иккинчи халқаро танлови "Маданиятлар мулоқоти" номинациясида лауреат; ЮНЕСКОнинг "Маданиятлараро мулоқотга салмоқли ҳисса қўшадиган энг яхши нашр" номинацияси дипломини олди.

islamisemya.com сайтининг хабар беришича, «Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият» ҳафталиги доирасида тақдимоти бўлиб ўтган бир қатор фильмларнинг намойиши ҳам ўзбек ва рус оммавий ахборот воситаларининг "Ўзбекистоннинг 114 Қуръони Карими" лойиҳасига қизиқишини кучайтирди.

Лойиҳа устида иш давом этмоқда. Бир неча асрлар давомида бугунги Ўзбекистон замини ислом дунёсининг муҳим маънавий ва интеллектуал марказларидан бири бўлиб келган. Мамлакатнинг энг қизиқарли тарихи нафақат тарихий хроникаларда ва улуғвор меъморий обидаларда, балки бу ерда яратилган, сақланадиган ёки ўрганилган Қуръон қўлёзмаларида ҳам акс эттирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top