muslim.uz
Ҳазрат Навоий рўза ҳақида нима деганлар?
Ҳазрат Мир Алишер Навоий ислом арконларидан, диний билимлардан етарлича хабардор бўлганларини яхши биламиз. Ҳазратнинг «Сирожул-муслимин» номли асари айнан ислом рукнларига бағишланган.
Китобнинг битилиш сабабида келтирилишича, кунларнинг бирида бир самарқандлик ростгўй, билимдон зот Ҳазрат Навоийнинг ҳузурига келиб, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг илтимосини етказади. Хожа Аҳрор Ҳазрат Навоийдан ислом динидаги рукнлар, фарз, суннат ва вожиб амаллар хусусида содда, ҳаммага тушунарли тилда назмий рисола битишни илтимос қилган эканлар.
Навоийнинг ўзлари ҳам анча пайтдан бери худди шу мавзуда асар битишни режалаштирган эканлар. Шу боис тез кун асар ёзиб битказилади.
Биз қутлуғ Рамазон ойида ушбу асардан олинган, рўза ҳақидаги парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз:
Эрур тўртунчи (рукни) исломнинг савм,
Ки, ўтган кимсага тақво била явм.
Чу рўза бўлди йилда бир ой,
Анинг ижросида бўл нафсфармой.
Ани бил субҳдин то шом чоғлиқ,
Таому шурбу шаҳватдин йироғлиқ
Тақво билан кун ўтказувчи кимса учун Исломнинг тўртинчи рукни рўзадир. Рўза бир йилда бир ойдир. Уни бажариш учун инсон ўз нафсини қўлга олиши керак бўлади. Шуни билки, тонг отганидан то шом киргунича, ейиш, ичиш ва жинсий яқинликдан узоқ бўлиш керак.
Эрур бу рўзада ният санга фарз,
Валекин неча авло айладим арз.
Навофилда валс ниятни қилмоқ,
Санга жоииздурур туштин бурунроқ.
Рўзадан аввал ният қилиш фарздир. Лекин имкон даражасида тушдан аввлроқ ният қилиш маъқул саналади.
Чибин ё пашшадек ҳар жинси ҳосил,
Эмас бўғзунгға кирса рўза ботил.
Агар чивин ёки пашшадек нарсалар томоққа кирса рўза бузилмайди.
Тузу сирка тоторға аҳли идрок,
Тенгурса тил учун эмас анга пок.
Ақли комил кишилар туз ёки сиркани тил учи биан татиб кўрсалар бунинг зиёни йўқ.
Яна улким, ҳижомат қилсаю қасд,
Ғам эрмас, рўзаға чун қилмамиш қасд.
Яна ҳижома қилдирса, яъни қон олдирса бу ҳам рўзага зиён етказмайди.
Гар ўтмак тифл учун чайнар аноси,
Раводур гар яна йўқтур ғизоси.
Вале билмак керактур ани макруҳ,
Керак макруҳдин хотирда андуҳ.
Шунингдек она ўз боласига нон чайнаб берса, ўзи ютиб юбормаса, бу ҳам рўзани синдирмайди. Лекин бу макруҳ саналади. Имкон қадар макруҳ амалларга йўл бермаган яхшироқдир.
Унутиб гар есанг, ичсанг эмас ғам,
Эрур ул рўза боқий, эй мукаррам.
Билмасдан еб-ичиб қўйса, кейин рўзани давом эттириб кетаверса, бунда ҳам рўзага зарар етмайди.
Шунингдек ҳазрат Навоий бу бобда рўзанинг каффортига ҳам алоҳида тўхталиб ўтганлар:
Агар бебоклик ойини туздук,
Ғизонинг ғайри бирла рўза буздук.
Ғизо еб рўза улким, қилса зойил,
Ва ё нафси бўлиб шаҳватға мойил.
Каффорат олтмиш мискинга итъом,
Эрур ё олтмиш кун савми ноком.
Агар ҳеч нарсадан андиша қилмасдан, овқат ё бошқа нарса билан қасдан рўзани синдириб қўйсак, яна кимдир таомланиб, шаҳватини қондириб, рўзани бузса, (бир кун учун) олтмиш нафар мискинни тўйдириши ёки олтмиш кун рўза тутиши керак бўлади.
Ким, ул кунларнинг ўлғай иттисоли,
Йўқ эрса солим эрмас рўза ҳоли.
Ва ё бир банданинг кўнглин қилиб шод,
Анга Тенгри йўлинда қилмоқ озод.
Шу тариқа рўза тутилмай қолган кунларнинг ўрнини тўлдириш мумкин. Акс ҳолда рўза мукаммал бўлмайди. Ё бўлмаса бир банданинг кўнглини шод қилиб, уни қулликдан қутқариш керак бўлади. Валлоҳу аълам!
Манба: Xabar.uz
Нега Рамазонда гуноҳ қиламиз?
Бандаларига икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таборака ва таолога ҳамду санолар бўлсин!
Умматларига меҳр кўрсатиб, рўза тутишни барча сир-асрорлари ила таълим берган ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га абадул абад саловоту саломлар бўлсин!
Диндош биродарларига рўза ҳақидаги билимларни етказиб, ўргатган динимиз йўлчи юлдузлари – саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмати ва розилиги бўлсин!
Азиз диндошлар мана, яна бир бора Рамазони шариф бошимизга соябон бўлиб ташриф буюрди. Бизга маълумки, қадимдан мусулмонлар муборак Рамазонда доимгидан-да кўпроқ Қуръон тиловат қилишга, доимгиданда кўпроқ ҳар бир хатти-ҳаракатларида ахлоқлироқ ва карамлироқ бўлишга ҳаракат қиладилар. Чунки суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ўзлари ана шундай қилганлар ва барча Ислом амаллари қатори бу масалада ҳам умматларига ўрнак бўлиб, алоҳида таълим берганлар.
Инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амаллари ўзи учун бўлади. Фақат тутган рўзасигина Аллоҳ таоло учун бўлади. Яъни, рўзадан бошқа амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинга қилиш, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътиборини қозониш ҳисси пайдо бўлади. Мисол учун, намоз ўқиган одамнинг таҳорат қилганини, намозга жой танлаганини ва ниҳоят, намоз ўқиётганини бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлидан ўтиб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди. Шу каби закот берганини қанча яширса ҳам, ҳеч бўлмаганда закот олган киши билиб, ҳаққига дуо қилади. Ҳажга боргани эса умуман шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг қанчадан-қанча инсонлар унинг зиёратига келишади. Ҳамма уни “Ҳожи ота” ёки “Ҳожи она” деб чақира бошлайди. Рўзада эса бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида рўза тутган инсон Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ушбуларнинг барчаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгиларидир. Шу боис ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришини ваъда қилган. Рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди.
Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Қачонки Рамазон келса, жаннат эшиклари очилур, дўзах эшиклари ёпилур ва шайтонлар кишанланур”, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Азиз диндошлар! Эътиборингизни ушбу ҳадиси шарифдаги “…ва шайтонлар кишанланур” жумласига қаратмоқчиман. Бизга маълумки, шайтон доимо инсонларни Аллоҳ таолонинг ибодатидан, тоатидан четланишга ундайди, васваса қилади ва одам боласининг қон томирида сузиб юради. Мўмин-мусулмонларга раҳмат бўлиб Рамазони шариф ташриф буюрса, исёнкор шайтонлар ўзлари учун севимли бўлган бу ишларидан тўсилиб, кишанларга маҳкум этиладилар. Шу ўринда савол пайдо бўлади: Шундай бўлса нега барибир билиб-билмай маъсиятлар содир этаверамиз? Ҳаттоки, баъзи инсонларнинг гуноҳ ишларда бардавом бўлаётганларига гувоҳ бўламиз? Ушбу саволларнинг жавоби эса қуйидагича: Рамазони муборак ҳурматидан шайтонлар кишанланган пайтда маъсиятга бошловчи, тутган рўзанинг, Аллоҳ асрасин, мукаммаллиги кетиб, нуқсонли бўлишига сабабчи бўлувчи нарса – НАФСдир. Демак, Рамазони шарифнинг муборак кунлари давомида бирор-бир гуноҳ содир этгудек бўлсак, “Ҳа, шайтон ўлгур йўлдан урди-да”, дейишимиз ноўриндир. Бежизга ҳикматларда: “Ақл мудроқ, нафс эса уйғоқдир”, дейилмаган. Шайтонлар кишанланган Рамазон ойида ким биландир тортишиб қолишимиз, кимнидир ғийбат қилишимиз, дилозор ишларга йўл қўйишимиз-нафсимизнинг уйғоқлиги, ҳали ҳам кишанланмаганидандир. Ушбу ой нафсларимизни поклаш, руҳимизни сайқаллаш учун қулай фурсатдир. Рўзадаги чанқоқ, очлик, тунгги бедорлик, таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлар, хайру эҳсонлар-нафсимизга қарши курашдир.
Шундай экан, Аллоҳ Ўз фазлу марҳаматидан баҳраманд айлаб, Рамазони шарифни фақат гўзал амаллар, савобли ишлар билан ўтказиш бахтини барчамизга насиб этсин! Бу ойда нафсимиз “Хотиржам нафслар” сафига қўшилсин.
Муҳсина Исоқжонова тайёрлади.
Рамазон рукнидан: саҳарликда барака бор
Пайғамбар алайҳиссалом: “Саҳарлик қилинглар, албатта саҳарликда барака бордир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадиси шариф орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорларни саҳарлик қилишга буюрмоқдалар ва бунинг ҳикматини баён қилиб “албатта саҳарликда барака бордир”, дея таъкидламоқдалар.
Барака бирор бир нарсада илоҳий яхшиликнинг зиёда ва бардавом бўлмоғидир.
Айрим рўзадорларда саҳарликка эътиборсизлик қилиш ҳолатлари учраб туради. Айримлар таровеҳ намозларидан сўнг ёки ухлашдан аввал бир йўла таомланиб олади. Бу ҳолат Расулуллоҳ кўрсатмаларига номувофиқдир. Баъзилар уйқуни афзал кўриб шундай қилишса, айримлар саҳарликнинг хайр ва баракасидан бехабар эканликлари боис бепарво бўлишади.
Қуйида саҳарликнинг ҳикматлари ва баракотларидан айримларини зикр қиламиз:
- Саҳарликка турган инсон энг аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига итоат қилган, суннатларига эргашган бўлади. Расулуллоҳга итоат қилмоқ эса барча муваффақиятларнинг калитидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:”Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди”. (Аҳзоб сураси 71-оят)
- Саҳарлик қилмоқ мусулмонларнинг шиорларидан бўлиб, бу билан бошқа динларнинг рўзаларидан ажралиб туради.
- Саҳарлик қилмоқ кун бўйи намоз, Қуръон тиловати, Аллоҳни зикр қилиш, илм олиш, ҳалол касб қилиш каби бошқа шаръий амалларни иштиёқ ва тетиклик билан амалга оширишда ёрдам беради. Саҳарлик қилмаган инсон қуввати камайиб, заифлашиб қолиши сабабли юқоридаги каби амалларни эриниб, малолланиб амалга оширади. Натижада ибодатлари ва бошқа амаллари нуқсонли бўлиб қолади.
- Саҳарлик қилган инсонга Аллоҳ ва унинг фаришталари салавот айтадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтадилар” (Имом Табароний ва ибн Ҳиббонлар ривояти). Аллоҳнинг мўминларга салавоти уларга раҳматини нозил қилиши, фаришталарнинг мўминларга салавоти эса гуноҳларини кечишини сўраб Аллоҳга истиғфор айтишларидир.
- Саҳарлик қилган инсон саҳарлик қилмаган инсонда ўта очлик ва ҳолсизлик сабабидан пайдо бўладиган тоқатсизлик ва баджаҳллик каби ёмон феъллардан омонда бўлади.
- Саҳарлик қилишга турган инсон дуолар ижобат бўладиган, сўралган нарсалар ато этиладиган, гуноҳлар кечириладиган фурсатга ноил бўлади. Зеро, Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом марҳамат қиладилар: ”Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг учдан бири қолганида дунё осмонига нозил бўлиб, “Ким Менга дуо қиладики, қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, уни мағфират қилсам”, дейди”. (Муттафақун алайҳ). Шубҳасиз, саҳарлик вақти ана шу фазилатли фурсатнинг бир қисмидир.
- Саҳар чоғи гуноҳларга истиғфор айтиш учун энг афзал вақтлардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай бандаларини Ўз Каломида “Саҳарларда истиғфор айтувчилар”, дея мақтаган. Саҳарликка турган инсон истиғфор айтиб, Қуръонда мақталган бандалар сифатига эга бўлади.
- Саҳарлик қилган инсон уйқуси қочиб, тетик ҳолатга келгани учун жамоат намозига чиқиши ҳам осон бўлади. Рамазон ойида бомдод намозида масжидларда жамоатнинг кўпайиб қолиши ҳам бунга далилдир.
- Шариат кўрсатмаси, Расулуллоҳнинг амрлари деган ният билан саҳарлик қилинса, саҳарликнинг ўзи ҳам ибодат бўлади. Яъни, кун бўйи емоқ-ичмоқдан тийилмоқ шариатнинг кўрсатмаси бўлганидек, саҳарликда емоқ-ичмоқ ҳам шариатнинг кўрсатмасидир.
- Саҳарлик қилган инсон рўзадан малолланмайди, балки эртанги кун рўзасини интиқлик билан кутади. Аксинча, саҳарлик қилмаган инсон машққатга учраб, қийналиб қолгани учун кейинги кун рўзасидан малолланиш пайдо бўлади. Ҳар қандай ибодатни малолланмасдан, тетиклик ва хушҳоллик ила адо этмоқ матлубдир.
- Кунни саҳарлик қилиш билан бошлаган инсоннинг кун давомида қиладиган ишларига баракотлар ато этилади.
Демак, ҳар бир мусулмон Рамазон ойининг улуғ туҳфаларидан бўлган саҳарликка жиддий эътибор қилиб, ундаги илоҳий раҳмат ва баракотларга мушарраф бўлмоққа интилмоғи лозим экан.
Шавкатжон АЛИБОЕВ
Чирчиқ шаҳар “Ўрта маҳалла”
жоме масжиди имом-хатиби
Рамазон - Қуръон ойи
Ойларнинг султони Рамазон хонадонимиз меҳмонидир. Рамазон — раҳмат ва мағфират ойи эканлиги барчамизга маълум. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида кўп эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат биладилар. Рамазон ойи бир қанча номлар билан номланади. Мисол тариқасида: “раҳмат ойи”, “тақво ойи”, “барака ойи”, меҳр-муҳаббат ойи”, “садақа ойи”, “савобларни қўлга киритиш ойи”, “мағфират ойи” ва албатта “Қуръон ойи” деган номларни келтиришимиз мумкин. Бу ойда кўплаб инсонлар Қуръон тиловати билан машғул бўладилар. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят)
Рамазон ойида мамлакатимизнинг мингдан ортиқ масжидларда хатми Қуръон қилинади. Қуръони Карим қорилар томонидан бир карра тўлиқ ўқилиб, эшиттирилади. Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш суннат амаллардан биридир. Уни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир. Ҳадиси шарифда;
“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир” дейилади. (Бухорий ривояти).
Муҳтарам юртбошимиз ҳам "Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади" деб бежизга таъкидламадилар.
Шу ўринда ўтган уламоларимизнинг Рамазон ойида Қуръони карим тиловатига катта эътибор қаратганликларини кўришимиз мумкин. Хусусан, Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида: “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” деганлар.
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ан-Насавий: мен Абу Бакр ибн Ҳадоднинг шундай деган гапини эшитдим деди: “Мен имом Шофеъийдан устози Робиъ Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилар эди деган гапини ўзимга олдим. Мени энг қодир бўлганим 59 та хатм бўлди, Рамазондан бошқа вақтларда эса, 30 маротаба хатм қилар эдим”.
“Сияру аъламун-Нубала” китобида шундай хабар келади: Салом ибн Абу Мутиъ: “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса, уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди” деди.
“Тарихи Боғдод” китобида келишича Халифа Маъмун Рамазонда ўттиз уч маротаба Қуръонни хатм қилган экан.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича Ибн Сирин Рамазонда тунлари ҳеч ухламас экан.
Тариху Бағдодда келишича Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий) ҳар куни кундузда бир маротаба хатм қилар эди. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эди.
Насж ибн Саиддан ривоят қилинади: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг дўстлари жамланар эди. Имом Бухорий уларга намоз ўқиб берар, Қуръонни хатм қилгунча ҳар ракатда йигирма оятдан ўқир эди. Саҳарда эса, Қуръонни ярми ёки учдан бирини ўқир эди. Ҳар уч кечани саҳарида бир хатм тугар эди. Кундузлари бўлса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди. У зот кундузги хатмларини ифтор вақтида тугатар ва “Ҳар бир хатм тугашида битта ижобат бўлгувчи дуо бор” дер эди.
Шу ўринда, мустақилликннинг илк йилларини эсга олайлик. Масжидларимизда хатми Қуръон қилиш учун қорилар етишмас, Рамазон ойида Миср, Туркия каби давлатлардан қорилар келар эди. Қисқа вақт ичида истиқлол шарафи ила, ўзимиздан қорилар етишиб чиқди. Нафақат ўзимизда балки қўшни Россия, Украина, Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари каби давлатларга бориб хатми Қуръон қилиш учун қориларимиз таклиф этилмоқда. Қориларимиз у жойдаги мусулмонларга Қуръони Каримни тиловат қилиб, юртимиз шаънини кўкларга кўтармоқдалар. Бу йил мингдан ортиқ жоме масжидларимизда хатми Қуръон қилинаётган бўлса, уларнинг ҳаммасида ўзимиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз қатнашмоқдалар.
Азизлар Рамазон ойини ғанимат билиб ва улуғларимиздан Рамазон ойини қандай ўтказганлари ва ушбу ойда Қуръонга бўлган эътиборлари ва эҳтимомлари нақадар юксак бўлгани ҳақида ибрат олишимиз ва бизлар ҳам Муборак Рамазон ойини Қуръон ойи эканини ҳис қилган ҳолда Қуръон ўқишга қаттиқ бел боғламоғимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни улуғ ажру савобларга эриштирсин.
Абдулазиз Бобамирзаев,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжидига имом-хатиб тайинланди
Хабарингиз бор, куни кеча Тошкент шаҳрида нафақат юртимиз, балки ислом оламида машҳур бўлган, улуғ аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ номларидаги муҳташам жоме масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан бунёд этилган ушбу муаззам мажмуа Рамазон ойида халқимизга катта туҳфа бўлди.
Бугун ушбу жоме масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғиллари, бошлаган хайрли ишларининг давомчиси, бир неча исломий ташкилотларнинг аъзоси ва мўмин-мусулмонларга жуда катта хизмат қилаётган “Ҳилол нашр” мажмуаси раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф имом-хатиб этиб тайинланди. Шунингдек, Шайх ҳазратларининг суюкли шогирдлари, ҳофизи Каломуллоҳ Баҳодир қори Раҳматуллев эса мазкур масжид имом ноиби вазифасига тайинланди.
Шу ўрнида айтиш керакки, Исмоил Муҳаммад Содиқ кучли илмий салоҳият, ҳаётий тажриба ва ноёб истеъдод соҳиби ҳисобланади. 1976 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1994 йил «Исломий даъват куллияси»га ўқишга кирди. Тўрт йил бакалавр босқичида, сўнг икки йил магистратурада ўқиб, 2001 йили ушбу куллияни тамомлади. Шундан сўнг, элчихоналарда, диний таълим муассасаларида, нашр ишларида, сайт хизматларида ва таълим марказларида фаолият олиб борди.
Ҳозирда Исмоил Муҳаммад Содиқ «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти раҳбари ҳисобланади.
Бугун 11 май куни ушбу масжидда таровеҳ намози адо этилиб, хатми Қуръон бошланади. Таровеҳ намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, уламолар, марҳум ва мағфур Шайх ҳазратларининг яқинлари, шогирдлари иштирок этиши кутилмоқда.
Аллоҳ таборака ва таоло Исмоил Муҳаммад Содиқни улуғ Устознинг вориси сифатида отасининг ишларини давом эттириб боришини насиб этсин ва янги шарафли мартабани Ҳақ таоло муборак айласин.
Хатми Қуръонга марҳабо!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати