muslimuz

muslimuz

mardi, 05 mars 2024 00:00

Дўстлик кўприги

Кўприклар қуриш, кўприксозлик қадим-қадимдан диёримизда амалга оширилиб келинаётган хайрли амаллар саналади. Биргина Қарши шаҳридаги “Қарши” кўпригини олайлик. Унинг қурилганига 700 йилдан ошган. Кўприк қадимда Қашқадарё дарёсининг икки қирғоғини ўзаро боғлаб, халқаро ижтимоий-иқтисодий алоқаларга восита бўлган. Ўрта асрларда Насаф орқали Эрон ва Ҳиндистонни Европа билан боғлаган муҳим карвон йўллари ўтган. Шу боис бу воҳа асрлар давомида гуллаб-яшнаган.

Дарҳақиқат, кўприклар нафақат, узоқни яқин, машаққатни енгил қилади, балки, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга стратегик иншоот ҳисобланади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил янгиликлар қаторида шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш, халқаро  автойўлларда кўприклар барпо этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил декабрь ойида Хоразм вилоятига қилган ташрифи давомида Амударё устида Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши бўйича топшириқ берган эди. Ўтган давр мобайнида лойиҳа ишлаб чиқилиб, шу асосда ушбу иншоот тўла қуриб битказилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 29 феврал куни Хоразм вилоятига ташриф буюриб, дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманига борди ва янги кўприкнинг очилиш маросимида иштирок этиб:

“Бу кўприк аввало ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ўртасидаги мустаҳкам ишонч ва дўстлик, оғзибирлик ва ҳамкорлик кўпригидир. Бу йўл жаҳонга очилаётган Янги Ўзбекистон, Янги Қорақалпоғистоннинг тараққиёт ва фаровонлик йўлларидир. Мана шу азим дарёнинг икки соҳилида, шундай ёруғ кунларни орзу қилиб яшаб келаётган минг-минглаб юртдошларимизнинг умидлари рўёбга чиққан тарихий кун барчамизга муборак бўлсин”, – дея, бу иншоотнинг аҳамияти нечоғлик буюк эканлигини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур кўприк том маънода дўстлик кўпригидир.

Шу пайтгача ҳудуд аҳолиси ўтган асрнинг эллигинчи йилларида олиб келинган эски понтон кўприкдан фойдаланарди. Ҳар баҳорда муз эриб, дарёда сув кўпайиши билан у жиддий шикастланарди. Бу эса йўл қатновига сезиларли таъсир қилар, дарёнинг икки томонидаги аҳолига жуда кўп қийинчиликлар туғдирарди. Масалан, Амударё тумани аҳолиси автомобилда Нукусга бориш учун Урганч ва Беруний орқали юришга мажбур эди. Бунинг учун қўшимча 180 километр йўл юришга тўғри келарди. Поездда эса Хоразмнинг шарқ томонидаги Хазорасп кўпригидан ўтиб келинарди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмондан машаққатни кетказса, Аллоҳ унга бутун оламни мунаввар қиладиган икки нур беради. Унинг қандайлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди”, – дедилар». Табароний ривояти.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, бу кўприк орқали, минглаб мусулмонларнинг бир неча асрлар давомида машаққати арийди. Иншааллоҳ, шунга яраша иш эгаларининг номаъи амаллари ҳам ушбу савоблардан зийнатланиб туражак.

Энди янги кўприк туфайли бу қийинчиликлар барҳам топади, халқнинг узоғи яқин бўлади. У орқали Қорақалпоғистон билан Хоразмни боғлайдиган энг яқин автомобиль ва темир йўл қатнови йўлга қўйилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, айланма йўллар орқали сарф этилаётган ортиқча харжатлар қисқаради.  Ушбу темир йўл орқали Қозоғистон ва Россияга ҳам янги йўналишлар очилиши, ҳамда воҳага тезюрар поездларининг қатнови ҳам йўлга қўйилиши амалга оширилади.

Биргина кўприкнинг бино қилиниши мана шунча қулайликлар, моддий манфаат келтирмоқда. Шу сабабдан ҳам, динимизда йўл, кўприк қуриш каби ишлар фазилатли амал эканлиги, савоби улуғ эканлиги таъкидланади.

Оғир иқлим шароитида фидокорона меҳнат қилган моҳир қурувчиларга, кўприкни барпо этишга муносиб ҳисса қўшган барча инсонларга Аллоҳ таолонинг мадади ва раҳмати бўлсин. Юртимиз бундан-да обод ва фаровон бўлишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло насиб айласин! 

 ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилоят бош имом хатиби

 

Улар: “Нега бир масала бўйича бир имом ҳалол деб ҳукм қилган бўлса, бошқаси ҳаром деган. Қандай қилиб ҳалол нарса бир вақтнинг ўзида ҳам ҳалол, ҳам ҳаром бўлиши мумкин?” деб сўрашди.

Мен: “Аввалги пайғамбарларнинг шариатида ҳам турли фарқлар бўлган. Масалан, Одам алайҳиссалом даврларида ўз синглисига уйланиш ҳаром эдими ёки ҳалолми?”.

Улар: “Ҳалол эди”, дедилар.

Мен: “Бугунчи?” деб сўрадим.

Улар: “Ҳаром”, дейишди.

Мен: “Ҳар бир пайғамбарнинг шариати ўша давр учун тўғри ҳисобланган. Одам алайҳиссаломга иймон келтириш билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам иймон келтирамиз ва ҳар икки пайғамбарни ҳақ деб биламиз”.

Улар: “Пайғамбарларнинг пайғамбар этиб юборилган вақтлари турлича бўлган” деди.

Мен: “Тўғри пайғамбарлар даври бир-биридан фарқ қилади. Мазҳаблар эса географик жойлашиши бўйича фарқланади. Масалан, шофеъийлар Шри-Ланкада истиқомат қилса, ҳанафийлар Покистонда. Шу сабабли, баъзан вақтнинг, баъзан жойлашувнинг ҳар хиллиги туфайли ҳалол ва ҳаром ўртасида турфа хиллик вужудга келган”.

Келинг янада тушунарлироқ бўлиши учун бир мисол келтирсам. Узоқ йиллардан бери рамазон ойининг биринчи куни ва ҳайит кунини белгилаш бўйича турли хиллик бўлиб келади. Саудия Арабистонида ҳайит куни бўлса, Покистонда рамазон ҳали тугамаган бўлади. Шундан келиб чиқиб сизларга савол: “Ҳайит куни рўза тутиш ҳаромми ёки ҳалолми?”

Улар: “Ҳаром”, дейишди.

Мен: “Рамазон ойида ҳайит намозини адо этиш-чи, ҳаромми? Лекин Саудия Арабистонида мусулмонлар ҳайит кунини нишонлашлари, Покистондагилар эса рўза тутишлари тўғрими?” деб сўрадим.

Улар: “Ҳа, тўғри”, дедилар.

Мен: “Ҳа, тўғри. Чунки рамазонни бошланиши ҳам, тугаши ҳам ойга қараб белгиланади. Саудияда ой кўрингани учун улар ҳайит намозини адо этишади, Покистонда эса ой ҳали кўринмади.

Шунинг учун, Саудияда ҳайит намози ўқилади. Покистонда эса рўза тутилади. Ҳар иккиси ҳам тўғри. Агар тўртта киши қўлига таёқ олиб Саудияда ҳайит намозининг ўқилишига қаршилик қилиб, “ҳайит намозини ўқиманг, чунки Покистонда ҳали рамазон ойи тугагани йўқ” деб жар солса фитна бўлмайдими?” Огоҳ бўлингки фитна оғир гуноҳдир”, дедим.

Давоми бор...

Даврон НУРМУҲАММАД

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиб жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида устоз ва талабалар ўртасида араб тили илмий муҳитини жонлантириш, талабаларнинг дарсга бўлган қизиқиши ҳамда рағбатини кучайтириш, институтнинг салоҳиятини ошириш мақсадида Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг “Ат-Танал ал-арабий” – التّنال العربيّ “Араб тилини билиш халқаро сертификати”ни берувчи таълим ва тест ташкилоти билан институт ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур ташкилот дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида тан олинган бўлиб, араб тилидаги билимларини баҳолаш, даражаларга ажратиш ҳамда уларга халқаро тоифадаги сертификатлар тақдим этувчи ташкилот ҳисобланади.

“Ат-Танал ал-арабий” التّنال العربيّ – “Араб тилини билиш халқаро сертификати” тест тизими араб тили она тили бўлган мамлакатда ишлаш, ўқиш, саёҳат қилишга ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Тест давомида араб тилида тинглаш, гапириш, ўқиш, ёзиш, гапириш ва грамматикани билиш қобилияти баҳоланади. Араб тилини билиш бир неча стандартлар бўйича, жумладан, араб тилини она тилида сўзлашувчиларга ўргатиш стандартлари ва тиллар учун умумий Европа маълумотномаси (CEFR) стандартлари билан таснифланган.

Эндиликда Тошкент ислом институтида араб тили бўйича халқаро даражадаги тил билиш сертификатларини тақдим этади.

2024 йил 13 март, чоршанба куни Тошкент ислом институтида “Ат-Танал ал-арабий” халқаро тил сертификати учун илк имтиҳонлар бўлиб ўтади.
B1, B2, C1, C2 халқаро араб тили сертификатини олиш учун имтиҳонда қатнашмоқчи бўлганлар талабгорлар паспорт билан институтга келиб рўйхатдан ўтишлари керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуси билан Рамазон ойидаги Хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни суҳбатдан ўтказиш анъанаси йўлга қўйилди.

Ушбу анъанани давом эттириш мақсадида 2024 / 1445 йил Рамазон ойида Республикамиздаги Хатми Қуръон тадбирларида иштирок этадиган қориларни саралаш учун суҳбатлар ташкил қилинди.

Жумладан, бугун 2024 йил 4 март куни Тошкент вилоятидаги масжидларда хатмга ўтадиган қорилар суҳбатдан ўтказилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлими мудири Шайх Алижон қори бошчилигидаги устозлар мазкур қориларнинг тайёргарлигини текшириб, уларга муҳим тавсияларни бердилар. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

lundi, 04 mars 2024 00:00

Дўстимга очиқ хат

 

Дўстим, сенга хат ёзишга бир неча марта чоғландим. Лекин журъат қилолмадим. Сени охирги марта кўрганимдан сўнг хат ёзиш қарорим қатъийлашди ва қўлимга қалам олдим.

Азиз дўстим, ёшлик давримизни унутмагандирсан. Эсингда бўлса, дўстлар бир дас­турхон атрофида ўтириб гурунг қилардик. Бугун эса ҳамма ўртоқлар бор-у, сен камномасан. Охирги пайтларда дўстлар билан сени тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қиляпмиз. Аммо сен дину диёнат ҳақида сўз борса, гапни бошқа ёққа бурасан. Ёки солиҳ кишиларга тош отиш, масхаралаш пайидан бўласан. Наҳот, ўртоқларимизнинг қанчаси ҳидоят топганини кўриб туриб ҳам тан олгинг келмайди?!

Ёшлигимизни бир эсла. Ҳаммамиз бир дастурхон атрофида жамланиб, не-не шўхлиги, тўполонларни қилардик. Бугун-чи? Ўша йигитларнинг аксари тўғри йўлда. Фақат сенгина улардан ажралиб қоляпсан.

Эр киши қирққа кирса, ақли комил бўлади дейишади. Сен эса ёшинг қирқдан ошиб ҳам фарзандларинг улғайиб бўйлари сенга тенглашса-да, кайфу сафодан тийилмаяпсан. Бу ҳолда уларнинг олдида қандай ота бўлдинг?! Ота болаларига намуна, рўзғорига бош бўлмайдими?! Сенинг наздингда улар учун фақат пул керак. Аммо ундай эмаслигини англаганингда кеч бўлмасайди! Ахир уларга сенинг меҳринг, ширин сўзларинг керак эмасми?!

Сен билан дўстлашганимга 15–20 йил бўлибдики, ҳануз бойлик ортидан қувасан. Мана мол-дунё, ҳашаматли уй-жойларга ҳам эришдинг. Лекин қалбинг таскин топдими?! Бу бойлигинг охиратда, умрингнинг сўнгги дақиқаларида ёрдам бера олармикин? Унга қул бўлиш ёмон. Чунки бойликка қул бўлган киши ўзлигини унутади. Ўзликни, аслини унутиш кишини туғёнга бошлайди. Қорун қиссасини билсанг керак.

Сенинг: “Нафақага чиқиб ўқиймиз-да, ўша намозни” дейишинг гоҳ жаҳлимни чиқаради, гоҳ раҳмимни келтиради. Нафақа ёшига етишингга бирор кафолат борми? Эртага нима бўлишини билмаймизку, бундай дейишинг тўғримикин?! Билсанг, биз инсонлар бандамиз, бизни Яратган Зотга “қул”миз. “Қул”нинг вазифаси хожасига бўйсуниш, унга итоат қилишдир. Биласанми, “қул” хожасига “фалон ёшга кирсам, Сенга итоат қиламан”, демайди. У умрининг сўнгига қадар хожасига итоат қилади.

Дўстим, гапнинг индаллосини айтганда, бу юриш энди сенга ярашмайди. Ёшинг улғайди. Ҳадемай қиз чиқариб, ўғил уйлайсан. Аммо ҳали ҳам бир оғиз дуо қилишни билмайсан. Наҳот Аллоҳдан шунчалар беҳожат бўлсанг. Ҳеч бўлмаса, фарзандларинг камоли, охиратинг учун дуо қил. Билмасанг ўрган. Ўша чойхонага кетадиган вақтингни, яхшиликларга, илмга, ибодатга сарфла.

Шу ёшга кириб қўлингга бирор марта китоб олдингми? Эртага Аллоҳ сендан: “Қуръондан бир оят ўқидингми? Умрингни нимага сарф этдинг? Беш маҳал намозни ўз вақтида адо этдингми?” дея сўроққа тутса, нима дейсан?! Шундай экан, умринг қанча қолганини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. У тугаб қолмасидан тезроқ ўзингни ислоҳ қил. Тавба эшикларини оч. Гуноҳларингга истиғфор айт. Зора, тўғри йўлни топсанг. Буни ортга сурма. Вақт – ғанимат, ҳар сония бизни сўнгги манзил сари етакламоқда. Шулар ҳақида бир мушоҳада қил.

Дўстим, сенга бу сатрларни дўстлик бур­чидан келиб чиқиб ёзяпман. Истасанг, қулоғингга ол, истасанг малоллан. Ниятим сени солиҳлар қаторида кўриш, бошқа нарса эмас.

Сўзим сўнгида бир оятни келтирдим. Уни қайта-қайта ўқиб, тафаккур қил. «Аллоҳ Ўзининг розилигини истаганларни у (Қуръон) билан салом йўлларига бошлар ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нур­га чиқарур. Ҳамда сироти мустақимга ҳи­доят қилур» (Моида сураси, 16-оят).

Сенда маърифат йўлига иштиёқ уйғонган бўлса, бу йўлда сен билан биргаман, дўст! 

Мўмин ҚОБИЛ

Top