muslim.uz
Вазир Афғонистон президентига Шавкат Мирзиёевнинг ҳайит табригини етказди
2018 йилнинг 27 август куни Қобул шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев номидан Афғонистон раҳбариятини дунё мусулмонларининг муҳим байрами — Қурбон ҳайити муносабати билан яна бир бор самимий табриклади ҳамда бутун биродар афғон халқига тинчлик ва фаровонлик тилакларини етказиб қўйди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида 2018 йил 27 март куни Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларациясининг асосий қоидалари амалга оширилишининг бориши эътибор марказида бўлди. Жумладан, Афғонистонда тинч сиёсий жараёнга кўмаклашиш бўйича ўзаро келишилган чоралар муҳокама қилинди.
Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, аввало олий даражадаги мунтазам Ўзбекистон—Афғонистон музокаралари доирасида эришилган келишувларнинг бажарилиши ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, томонларнинг темир йўл ва энергетика соҳалари бўйича мутахассислари «Мозори-Шариф—Ҳирот» темир йўл линияси ҳамда «Сурхон—Пули-Хумри» электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ баъзи муҳим масалаларни муҳокама қилди.
Томонлар халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа мавзуларини ҳам кўриб чиқди.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси Кобул шаҳрида Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳамдулла Муҳиб, Ижроия ҳокимияти раҳбари Абдулла Абдулла ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Носир Андиша билан музокаралар ўтказди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ховос туманида жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилди
Бугунги кунда юртимизда мусулмонлар талабидан келиб чиққан ҳолда масжидлар барпо этилмоқда ва эски бинолар ўрнига янги замонавийлари қурилмоқда.
Шу кунларда замонавий усулда қад ростлаган Сирдарё вилояти Ховос туманида “Ховос” жоме масжидининг очилиш маросими бўлиб ўтди. “Ховос” жоме масжидининг эски биноси 1956 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди.
Сўнги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган хайрли ишлар самараси ўлароқ Қурбон ҳайити байрами арафасида Ховос тумани «Бунёдкор» маҳалласида замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган 1000 нафардан зиёд намозхонларга мўлжалланган «Ховос» жоме масжидининг янги биноси қуриб битказилди.
Янгидан бунёд этилган масжиднинг очилиш маросимида Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят Адлия бошқармаси, Ховос тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг вилоят вакиллиги рахбарлари иштирок этиб, туман аҳолисини масжид очилиши билан табрикладилар ва янги масжиднинг гувоҳномаси масжид имом-хатибига тантанали равишда топширилди.
Масжидни бунёд этилишида ўз ҳиссасини қўшганлар ва хусусан бундай хайрли ишларнинг бошида турган юртбошимиз Ш.Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуолар қилинди. Бу ўз навбатида вилоят аҳолисига байрамона тухфа бўлди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон Искандария кутубхонасига Фарғоний ҳайкалини тортиқ қилади
Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳирага хизмат сафарини амалга ошираётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳайъати кеча, 26 август куни Қоҳира ислом санъати музейида бўлди. Музейнинг бош директори доктор Мамдуҳ Усмон билан учрашув ўтказилди. Музей раҳбарияти ва учрашувда иштирок этган илмий тадқиқотчиларга Ўзбекистонда тарихий-маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш соҳасида республика раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ташаббусларнинг моҳияти ва мақсадлари тақдимоти амалга оширилди.
Ислом санъати музейи бош директори Марказий Осиё цивилизацияси умумисломий тамаддун занжиридаги муҳим ҳалқа эканини, Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш Ислом санъати музейи учун шараф ва айни муддао бўлишини баён қилди. Томонлар ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолаш ва унга кўра маълумот, тажриба алмашиш, ходимларнинг ўзаро малакаларини ошириш ҳамда Қоҳира ислом санъати музейи ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ўртасида экспозициялар алмашиб туришга келишиб олдилар.
Шу куни Ўзбекистон делегацияси Искандария кутубхонаси бош директори доктор Мустафо Эл Фэки билан ҳам учрашди. Суҳбат давомида доктор Эль Фэки Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайрли ишлардан хабардор эканини, мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан аждодлар меросини сақлаш ва ўрганиш бўйича амалга ошираётган ишларни кузатиб турганини мамнуният билан қайд қилди.
«Алоқаларимиз тарихи мамлуклар ва ҳатто улардан олдинги замонларга тақалади, деди кутубхона директори. Албатта биз ҳамкорлик қилишимиз, оталар анъаналарини давом эттиришимиз керак. Биз Ўзбекистон томонининг кутубхонамиздаги машҳур кишилар тимсоллари қаторида кўриш учун Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкалчасини тортиқ қилиш ниятидан хабардор бўлдик. Ушбу улуғ олим мамлакатларимиз ва халқларимиз, тарихимиз ва маданиятларимиз ўртасида мисоли бир кўприкдир. Албатта бундай ҳадяни мамнуният билан, шараф деб билиб қабул қиламиз».
Учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Искандария кутубхонаси ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ҳамкорлик битими имзолашга келишиб олинди. Учрашув самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Индонезия Мьянмадаги мусулмонлар учун шифохона қуради
Индонезия Ташқи ишлар вазири Ренто Марсудининг айтишича Индонезия ҳукумати Мьянманинг Ракхайн штатида шифохона қуриш учун маҳаллий аҳолини жалб қилмоқда.
Маҳаллий аҳоли ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлаш мақсадида Индонезия шифохона қурилишини молиялаштирмоқда. Бу ҳақда islam-today.ru нашри хабар берди.
Шифохонанинг қурилиш ишлари 2018 йилнинг охирига қадар якунланиши кўзда тутилган бўлиб, мьянмаликлар орасида биродарлик туйғусини янада кучайтиришга ёрдам беради. Қочоқлар билан боғлиқ муаммони ҳал этишда фаол иштирок этишни мақсад қилган Индонезия гуманитар ёрдамни амалга оширишда БМТ, Халқаро миграция ташкилотларини чақирган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Таҳорат олиб ётишнинг 6 фазилати
- Таҳоратли ҳолда ётган банданинг ҳақига фаришталар дуо қилади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким пок ҳолида ухласа, унинг ҳақига бир фаришта: “Аллоҳим, бу бандангни мағфират қил. Чунки у пок ҳолида ухлади”, дейди” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
- Таҳоратда ётган банданинг дуоси мақбул бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мўмин банда Аллоҳни зикр қилиб, пок ҳолида ухласа ва кечаси туриб, Аллоҳдан дунёю охират яхшилигини сўраса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини, албатта беради”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
- Қиёмат кунида ҳам таҳоратли ҳолида тирилади. Уламолар: “Уйқуга ётишдан олдин олинган таҳоратни ўлимга тайёргарликнинг дастлабки қадами” дейдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Таҳорат олиб ётган ҳолида вафот этган кишининг руҳи таҳоратли ҳолда қайта тирилади” (Фатҳул Борий, Умдатул Қорий)
- Таҳоратда ётиш ёмон тушлар кўришдан сақлайди. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким таҳорат олиб ўрнига ётса, яхши туш кўради” (Фатҳул Борий).
Муҳаммад Закариё Кандеҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейди: “Таҳорат олган ҳолда ухлашга ётиш, ёмон туш кўришдан сақлайди” (Тақрир Буҳорий).
- Таҳоратда ётиш тунни ибодат билан ўтказганнинг савобига ноил этади. Ал-Ижлий айтади: “Ким таҳорат олган ҳолида Аллоҳ таолони зикр қилиб ўрнига ётса, то уйғонгунига қадар Аллоҳ таолонинг ибодатида қоим бўлганлар савобига мушарраф бўлади” (Фатҳул Борий).
- Таҳоратда ётган банданинг руҳи Аллоҳ таолонинг Арши олдида сажда қилади. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон мўмин банда ухласа, унинг руҳи Аршга кўтарилади. Агар банда таҳоратли ҳолида ётган бўлса, унинг руҳига Аршда Аллоҳ таолога сажда қилишига ижозат берилади” (Ибн Муборак Китабуз-Зуҳд, Фатҳул Борий).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорат устига таҳорат қилса, Аллоҳ унга ўнта (савоб) яхшилик ёзади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирортангиз таҳорат олса-ю, таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра: “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деб айтса, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилади ва у хоҳлаганидан киради”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади