muslim.uz

muslim.uz

Имом-хатиб мулоҳазалари

Йўл – жамият аъзоларининг бир-бирлари билан боғлаш, муносабат ўрнатиш, мунтазам алоқаларни жорий этиш воситаси ҳисобланади. Кишилар йўллар орқали уйдан уйга, маҳалладан маҳаллага, бир юртдан иккинчисига бориб-келишади. Инсонлар йўллар воситасида юкларини ташийдилар. Ибтидоий даврдан бошлаб ҳозиргача йўллар ижтимоий-иқтисодий ҳаётда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.

Ҳаётнинг барча соҳасида тараққиёт, осонлик, қулайлик учун йўллар ўта зарур омилга айланиб қолган. Шунинг учун ҳам Исломда йўллар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Йўлга ва йўл хизматларига оид ўзига хос қонун-қоидалар, одоб-ахлоқлар жорий қилинган.

Йўл қоидаларига қатъий риоя қилишни назоратга олиш муҳим вазифага айланди. Мамлакатимизда ҳатто мактабгача таълим муассасаларида ҳам йўл хавфсизлиги қоидалари ўргатилмоқда.

Ислом дини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам низом ва тавсиялар берган. Минишдан олдин уловнинг йўлга тайёр эканини текшириш, носоз жойларини тузатиш лозим. Уловга белгилаб қўйилганидан ортиқ юк ортилмайди. Хавфсизлик чораларига тўлиқ амал қилиш, яъни от-улов бўлса, эгарининг айилини ҳайвонга озор бермаган ҳолда маҳкам боғлаш ва жиловини яхши тортиш; автоуловда эса хавфсизлик камарини тақиш керак. Уловга маълум масофадан кейин дам берилади. Ҳайдовчи ҳам дам олиши мақсадга мувофиқ, чунки толиқиб йўлда ухлаб қолиши ёки улови ишдан чиқиши мумкин.

Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг учун ҳам йўл алоҳида эътиборга сазовор тармоқ ҳисобланади. Демак, бу тармоққа оид қоида ва одобларни ўрганиб, уларга амал қилиш юксак маданият, катта одоб ҳисобланади. Қуйидаги сатрларда мазкур йўл ва автоулов бошқариш одобларини эътиборингизга тақдим этамиз.

- Йўлга яхши ният билан, керакли дуоларни ўқиб чиқиш.

“Яхши ният – ярим мол”. Мусулмон киши доимо яхши ниятли бўлади. Бинобарин, йўлга чиққанда ҳам яхши ният билан чиқади. Ривоятларда келган йўлга чиқиш олдидан ўқиладиган дуоларда ҳам айнан яхши ният ифода қилинган;

- Йўлнинг ўнг тарафида юриб, ўнг тарафида тўхташ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча нарсаларни ўнг тарафдан бошлашлари кўп ривоятларда келган. Уламоларимиз: “Йўлнинг ўнг тарафидан юриш мустаҳабдир (яхши)”, деганлар;

- Йўлга уни ифлос қилувчи чиқиндилар, пўчоқлар, папирос қолдиқлари, турли қоғозлар ва шунга ўхшаш нарсаларни ташламаслик.

Бир сўз билан айтганда, йўлни ифлос қилмаслик. Зотан, бизнинг динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган;

- Йўл одобларидан бири – ёрдамга муҳтож йўловчиларга ёрдам беришдир.

Йўл тасодифларга тўла, баъзи йўловчилар бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қолади. Ана шундай вазиятларнинг устидан чиқиб қолган кишилар, агар эҳтиёжи бор одамнинг ўзи ёрдам сўрамаса ҳам, ёрдам беришга шошилиши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишига уловига минишига ёрдам беришинг ёки унинг устига анжомини олиб беришинг ҳам садақадир”, дедилар”;

- Йўл одобларининг энг муҳимларидан бири йўл қоидаларига риоя қилишдир.

Ҳар бир жамиятда кишиларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга солиш, инсонларни турли зарар ва кўнгилсизликлардан сақлаш мақсадида йўл қоидалари жорий қилинади. Ҳозирги пайтда булар халқаро қоидалар даражасига етган. Ушбу қоидаларга амал қилиш ҳамма учун зарур ва мажбурийдир. Мазкур қоидалар шариатимиз таълимотларига ҳам тўғри келади. Демак, мусулмонлар бу қоидаларга ҳаммадан кўра яхшироқ амал қилишлари керак.

Агар барчамиз ушбу йўл одобларига ва қоидаларига оғишмай амал қилсак, жуда катта ва савобли ишни амалга оширган бўламиз. Ҳаммамиз йўлларнинг моддий ва маънавий ободлиги, покизалиги, гўзаллиги учун ҳаракат қилайлик!

- Ҳар томонга алангламай, тўғрига қараб юриш.
Улуғларимиз йўлда ҳар томонга аланглаб қарашни беодобликнинг катталаридан деб билишган;

- Йўл ҳақларидан бири йўловчилар билан саломлашишдир. Хусусан, салом берганларга алик олишдир. Зотан, Исломда таниган ва танимаган ҳар бир киши билан саломлашишга катта эътибор берилгани ҳаммага маълум;

- Йўл ҳақларидан яна бири – адашган йўловчига йўл кўрсатиш.

Йўлда борадиган жойини топа олмай, ёрдамга муҳтож бўлиб юрган кишилар тез-тез учраб туради. Уларга йўл кўрсатиб қўйиш бошқаларнинг бурчидир;

- Автоулов воситасида ҳайдовчи белгиланган тезликка риоя қилиши лозим.

Зотан, ноўрин шошилиш шайтондандир. Бундай ҳолатларда шошилиб, тезликни оширса кўпчиликка зарар етказиши, одамларнинг асабини бузиши, Аллоҳ кўрсатмасин, ҳатто бахтсиз ҳодисаларга, йўл фалокатларига сабаб бўлиши ҳам мумкин;

- Автоулов воситаси ҳайдовчиси ўзидан бошқаларга халал бермаслиги одобдандир.
Баъзи ҳайдовчилар ўз ҳамкасбларига халал берадиган ишларни ўйламай-нетмай килаверишади, бу ғирт беодобликдир. Бошқаларнинг йўлини тўсиш, қизил чирокда ўтиб кетиш, автоуловни бепарволик ва қўполлик билан бошқариш, ўзга ҳайдовчиларнинг юришига халал берувчи бошқа ҳаракатларни қилишдан сақланиш лозим;

- Автоулов ҳайдовчиси огоҳлантирувчи овоз чиқарувчи мосламани иложи борича чалмасликка ҳаракат қилиши зарур.

Баланд ва кутилмаган овоз кўпчиликка озор бериши, асабини бузиши, йўлдан чалғитишини унутмаслик керак. Бундай овоз воситалари билан автоуловларни жиҳозлашдан мақсад, зарурат юзасидан ишлатиш учундир. Бировларни безовта қилиш, чўчитиш ва норозилик уйғотиш учун эмас;

- Автоулов воситасини тақикланган жойларда тўхтатмаслик ҳам юксак одобдир.

Бу иш жамоатчилик одобларининг кўзга кўринганларидан биридир. Зотан, тўхташ тақиқланган жойга автоуловни тўхтатиш катта беодоблик, бошқаларга ҳурматсизликдир. Бу иш билан ҳайдовчи кўпчиликни беҳурмат қилган ва уларга ноқулайлик туғдирган бўлади.

Шариатимиз буюрган одобларга риоя қилиш ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Шунинг учун йўлда ДАН ходими биздан ҳайдовчилик гувоҳномасини, уловнинг техник кўрикдан ўтгани ҳақидаги ҳужжатни, дори қутичаси бор-йўқлигини, хавфсизлик камарини тақишни талаб қилса ёки уловга кўп юк ортилгани ҳақида огоҳлантирса, буни тўғри қабул қилишимиз лозим. Бу одоб ва мажбуриятларни бажариш ўзимизнинг ва ёнимиздаги ҳамроҳларимизнинг кўзланган манзилга соғу омон етиб олишимизни таъминлайди. 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгйўл туманидаги “Жомеъ” жоме масжиди имом-хатиби

“Истихора” сўзи луғатда “яхшилик сўраш” маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Аллоҳ наздида яхши саналган ишга йўллашини сўраши истихорадир. Уламолар истихора суннатлигига иттифоқ қилишган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳар бир ишда, худди Қуръондан сура ўргатгандек истихора қилишни таълим берардилар”, дейилган. Унга кўра, истихора қилмоқчи бўлган одам икки ракат нафл намоздан кейин дуо қилади.

Қуйида истихора дуосини келтирамиз.

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ وَأَسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ وَأَسْأَلُكَ مِنْ فَضْلِكَ الْعَظِيمِ فَإِنَّكَ تَقْدِرُ وَلاَ أَقْدِرُ وَتَعْلَمُ وَلاَ أَعْلَمُ وَأَنْتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ اللَّهُمَّ إِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ خَيْرٌ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاقْدُرْهُ لِي وَإِنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أَنَّ هَذَا الأَمْرَ شَرٌّ لِي فِي دِينِي وَمَعَاشِي وَعَاقِبَةِ أَمْرِي أَوْ قَالَ فِي عَاجِلِ أَمْرِي وَآجِلِهِ فَاصْرِفْهُ عَنِّي وَاصْرِفْنِي عَنْهُ وَاقْدُرْ لِي الْخَيْرَ حَيْثُ كَانَ ثُمَّ رَضِّنِي بِهِ.

Ўқилиши: “Аллоҳумма инний астахийрука биъилмик, ва астақдирука биқудротик, ва асъалука мин фазликал ъазийм, фаиннака тақдиру ва лаа ақдир, ва таъламу ва лаа аълам, ва анта ъаллаамул ғуйувб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий вақдурҳу лий, ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий фасрифҳу ъанний васрифний ъанҳ, вақдур лиял хойро ҳайсу каана сумма роззиний биҳ”.

Маъноси: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман. Сен билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози қил”.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Парвардигори олам Ўзини танитиш учун еру осмонни барпо қилиб, унда барча махлуқот ва мавжудотларни яратди. Шуларнинг ичида инсонни бошқаларидан афзал эканини ва яратганнинг олдида ҳурматли эканини билдириб қўйди. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Дарҳақиқат, (Биз) одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ҳамда денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни (ўзимиз) яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро, 70). 

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудодларни бир-биридан афзал қилиб яратган, шуларнинг ичида одам боласини барчасидан мукаррам этганини маълум қилмоқда. Одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши, ҳаракати ва унга берилган ақл неъмати азизу мукаррамликдан далолатдир.

Инсоннинг яралиши ва бу дунёга келиши буюк мўъжиза бўлиб, барчаси Яратганнниг хоҳиш-иродаси биландир. Бу оламда тақдир қилганича яшаб ўтиши ҳам бир мўъжиза. Демак, инсоннинг яралиши, бу дунёда яшаши ва дунёни тарк қилиши Яратганнинг иродаси билан боғлиқ экан, энди инсонлар Унинг бандалари учун  ирода қилган қонунлари ҳам бор эканини билишлари шарт бўлиб қолади. Зеро, Аллоҳ таоло меҳрибон ва раҳимли зотки, бандаларига зулм қилмас. Бу қонун – диндир! Унга амал қилган бандаларни мусулмон дейилади.  Шу билан инсон бахтли ҳаёт кечиради. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деди:

«Бас, (эй Муҳаммад!) Юзингиз (ўзингиз)ни тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Инсонларни ўша асосда яратган Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!) Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир, лекин кўп одамлар (буни) билмаслар.  Унга ўзингизни топширган ҳолларингизда  (динни маҳкам тутингиз) ва Ундан қўрқингиз ҳамда намозни баркамол адо этингиз,  мушриклардан бўлмангиз» (Рум сураси, 30-31-оятлар).

Аллоҳ таолонинг таълимотида инсонлар ер юзини обод қилиши, эзгу амаллар билан машғул бўлиши, жамиятга манфаатли бўлиши ва берилган неъматларга шукрона қилиб яшашга буюрилган.

Инсонга етадиган баъзи дард, қийинчилик ва мусибатлар бандага синов ёки унинг гуноҳларига каффорот эканини суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтиб ўтганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мусулмон кишига етадиган ҳар бир дард, қийинчилик, мусибат, қайғу-алам, озор ёки ғам ва ҳатто унга кирган тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг хатоларини каффорот қилади”.  

Ҳаётнинг қадрига етмаган, унга берилган неъматнинг шукронасини қилмаган, яшашни истамаган, атрофдагилардан норози кишиларнинг хатти-ҳаракатлари натижаси  ўз жониган қасд қилиш билан ниҳоя топади. Бу борада динимизда бир қанча ваъидлар баён этилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тоғдан ташлаб ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадулабад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса, у заҳарни қўлида тутган ҳолида жаҳаннам оташида абадулабад заҳар ичиб туради. Ким ўзини ўзи темир (тиғ) билан ўлдирса, у темирни қўлида тутган ҳолда жаҳаннам оташида абадулабад ўша темирни қорнига санчиб туради”, дедилар. (Муттафақун алайҳи)

Инсон ўз жонига қасд қилиши Аллоҳнинг қазои қадарига қарши чиқиши, қолаверса, такрор берилмайдиган неъмат ҳисобланган умр неъматига ношукрлик, осийлик, иродасизлик ва мусулмонган хос бўлмаган қўрқоқликдир. Бунга мусулмонлар жиддий эътибор бермоғи лозим. Чунки ҳаётда йўқотилган неъматларнинг барчаси, банданинг тавбаси ва истиғфори билан яна қайтарилиши мумкин, аммо умр неъмати кўтарилса, бошқа қайтиб келмайди. Агар фикр юритиб, ибрат назари билан кузатадиган бўлсак, инсон умрининг ўтиши, кеча ва кундузнинг кетма-кет алмашиши каби жуда ҳам тезлик билан ҳаракатланади. Шунинг учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига насиҳат қилиб: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексайишдан олдин ёшликни, касал бўлишдан олдин соғликни, фақир бўлишдан олдин бойликни, банд бўлишдан олдин бўшликни ва ўлимдан олдин ҳаётни”, дедилар. 

Дарҳақиқат, инсон бутун умр давомида Аллоҳнинг розилигини топай, мукофоти жаннатига етай деб яшайди, гарчи гуноҳкор ва хато қилувчи бўлса ҳам. Аллоҳ таоло ҳам бандаси қилган гуноҳларини чин дилдан пушаймон бўлиб тавба қилса, кечиришини ваъда қилган. Аммо, динимиз хатолар ичида бесабрлик сабабли ўз жонига қасд қилишни улкан гуноҳ эканини ва бундай кишилар учун жаннат ҳаром қилинганининг ҳам хабарини берган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда: “Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқни олди-да, қўлини (томири) кесди ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: “Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим” деди”, дедиларҲа азизлар, умр – бебаҳо неъмат. Зеро, унинг қадрига етишда ва атрофимиздаги кишиларга бу борада насиҳатчи бўлишимизда биздан шижоат ва жидду жаҳд талаб қилинади.

 

Хайруллоҳ САТТОРОВ,

 Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

Йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисобини юритиш тизими арабчада тақвим (тўғрилаш, тўхтатиш, баҳолаш сўзларидан олинган), лотинчада календарь (аслида “қарз дафтари”дан келиб чиққан) деб аталади. У қуёш, ой ва сайёраларнинг ҳаракатига, кун билан тун алмашинувига, ой ўзгариши ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланишига асосланади.

Ўтмишда муҳим воқеа-ҳодисаларни бир ипга кетма-кет тизиб чиқишда асқатадиган тақвимлар ва тақвимбошилар кўп бўлган. Ҳар қайси миллат ўз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги энг жиддий тарихий эврилишлар даврини ўзи учун бошланғич деб билган. Масалан, қадимги турклар ва ибронийлар хилқатни, яъни дунёнинг яратилишини, мисрликлар самода Сириус юлдузининг кўриниши ёки Нил дарёси тоша бошлашини, юнонлар олимпиада ўйинларини, римликлар Рим шаҳри қурилишини, насронийлар милодни, қадимги араблар Фил санасини, мусулмонлар ҳижратни тақвимбоши сифатида танлашган. Лекин бу манбалар барча миллатлар учун муштарак бўлмагани туфайли вақт ўтиши билан аксарияти унутилиб, фақат милод ва ҳижрат бошланғичлари қолган.

Тақвимнинг асосий бирлиги йил бўлиб, у ойларга, ойлар эса кунларга ажратилади. Йил Ернинг Қуёш атрофида, ой Ойнинг Ер атрофида, кун Ернинг ўз ўқи атрофида айланишига қараб аниқланади. Табиийки, бу астрономик жараёнлар анча мураккаб кечади. Шу боис йилни ойларга, ойларни кунларга тақсимлаш масаласи азалдан турли халқларда ҳар хил йўсинда ҳал этилган ҳамда шамсий, қамарий ва шамсий-қамарий тақвимлар яратилган.

Шамсий йил ҳисоби

Шамсий (арабча – “қуёшга оид”) йил ҳисоби дастлаб қадимги мисрликлар томонидан жорий қилинган. Унга тропик йил асос қилиб олинган. Тропик йил эса Қуёш ясси доираси марказининг 21 мартда рўй берадиган баҳорги тенг кунлик нуқтасидан кетма-кет икки марта ўтиши оралиғидаги вақт бўлиб, 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияга тенгдир.

Илк шамсий тақвимда йил ҳар бири 30 кунлик 12 та ойга бўлинган ва охирида уларнинг йиғиндисига 5 кун қўшилган. Шу тариқа бир йил 365 кундан иборат бўлган.  

Шамсий йил ўн икки бурждан – Қуёшнинг осмон гумбазидаги йиллик кўринма ҳаракат йўлидаги шунча нуқта ёки ўша доирада жойлашган ўн икки юлдуз туркуми ва улардан ҳар бирининг ҳайвонларга нисбат берилган ҳолда арабча номланган ва навбатма-навбат келадиган қуйидаги ойлардан иборат:

Ҳамал (Қўзичоқ) – 22 мартдан 21 апрелгача; 

Савр (Ҳўкиз) – 22 апрелдан 21 майгача; 

Жавзо (Эгизаклар) – 22 майдан  21 июнгача; 

Саратон (Қисқичбақа) – 22 июндан 21 июлгача; 

Асад (Арслон) – 22 июлдан 21 августгача; 

Сунбула (Бошоқ) – 22 августдан  21 сентябргача; 

Мезон (Тарози) – 22 сентябрдан 21 октябргача; 

Ақраб (Чаён) – 22 октябрдан 21 ноябргача; 

Қавс (Ўқ-ёй) – 22 ноябрдан  21 декабрдан; 

Жадий (Тоғтака) – 22 декабрдан 21 январгача;

Далв (Сувчи) – 22 январдан 21 февралгача; 

Ҳут (Балиқ, Наҳанг) – 22 февралдан 21 мартгача.

Яна бир гап. Қадим туркий халқларда ҳам ойлар 12 бурж номи билан юритилган. Шунингдек, ҳамал, савр, жавзо ойларидан иборат баҳор фасли; буржи обий, саратон, асад, сунбула ойларини қамраб олган ёз фасли; буржи норий, мезон, ақраб, қавс ойлари кирувчи куз фасли; буржи бодий, жадий, далв, ҳут ойларидан иборат қиш фасли буржи ҳокий деб аталган.

Ҳижрий тақвим

Унинг қисқача тарихи қуйидагича: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 632 йил 27 майда  вафот этади. Ўша куниёқ Мадинада ислом халифалиги тузилади. Кейинчалик турли номларда то 1923 йил 3 мартгача қарийб ўн уч аср ҳукм сурган бу салтанатнинг Хулафои Рошидин аталмиш дастлабки босқичида ҳазрати Умар ўн йил иккинчи халифа вазифасини ўтайди. Бир куни мулозимлари унга шаъбон ойида тўланиши зарур қарзлар дафтарини кўрсатади. Халифа: “Бу қайси шаъбон ойи – бултургими ёки бу йилгими?” деб сўрайди, бироқ жўяли жавоб ололмайди. Негаки, ўша кезлар мусулмон дунёсида ҳужжатларга сана қўйилмасди. Орадан кўп ўтмай, Жазира волийси Абу Мусо иккита ёзма буйруқ олади. Олади-ю, боши қотади. Сабаби, улар ўзаро мувофиқ келмасди. Устига- устак, санаси йўқлиги туфайли қай бири олдин, қай бири кейин битилганини ажратиш мушкул эди. Абу Мусо бу мавҳумликни бартараф этиш илинжида халифага мурожаат қилади.

Бундай ҳолатлар бот-бот такрорланавергач, масала пишиб етилади. Ва ниҳоят, муҳаррам ойининг дастлабки куни – милодий 638 йил 23 январда ушбу муаммо муҳокамасига бағишланган машварат чақирилади. Пировардида 17 йил бурунги сана, аниқроғи, пайғамбаримиз Маккадан Мадинага кўчган кун (милодий 622 йил 23 сентябрь) йил боши сифатида қабул қилинади ва янги тақвим ҳижрий йил ҳисоби номини олади.

Ўз навбатида, ҳижрий ҳисоб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий йилга бўлинади. “Қамарий” (“қамария”) арабча сўз бўлиб, ўзбекчада “ойга тааллуқли” деган маънони англатади. Қадимги миллатлар тақвимда қамарий йилни кўпроқ қўллашган. Унга Ойнинг Қуёш атрофидаги ҳаракатида кетма-кет келган иккита бир хил фазаси, соддароқ қилиб айтганда, муайян ой пайдо бўлган кундан янги ой туғилгунга қадар ўтган вақт – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 3 сония асос қилиб олинган. Демак, 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,36702 кунга тенгдир. Шу боис оддий қамарий йилнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфтлари 29 кундан, жами эса бутун ҳолда 354 кундан иборат бўлади. Айни чоқда, 354 кундан ортган қолдиқ (0,36702) уч йилда бир кеча-кундуздан ошгани сабабли ўртача уч йилда бир марта қамарий йил узунлиги 355 кун қилиб белгиланади ва арабчада кабиса йил (тўлиқ йил) деб аталади.

Ҳозир араб мамлакатларида фойдаланиладиган қамарий тақвим ХХ асргача асосий аҳолиси мусулмон бўлган бошқа мамлакатлар қатори бизнинг ўлкамизда ҳам қўлланган. Ундаги ойлар ҳар йили шамсий ойлардан 11 кун эрта келади. Инчунун, фақат 33 йилда бир бор эски ўрнига қайтиб, ўзига хос давра қуради. Ислом дунёси рўза, ҳайит, ҳаж каби диний ибодатлар важидан ҳижратга оид шамсий йил ҳисобини эмас, балки қадимги арабларнинг қамарий йил ҳисобини ишлатишган ва уни ҳижрий-қамарий дейишган.

Энди ҳар иккала тақвимда арабча номланган ойларнинг тартиби, ўзбекча маъноси ва неча кундан иборатлиги билан танишайлик.

Муҳаррам (тақиқланган, муқаддас) – биринчи ой, 30 кун. Исломдан аввал ҳам арабларда табаррук саналган бу ойда қабилалараро уруш-жанжаллар ва қон тўкишлар манъ қилинган.

Сафар  иккинчи ой, 29 кун. Унинг хусусияти бошқа ойларники билан бир хил. Исломга кўра, бу вақтда ҳам турли диний маросимларни ва тўйларни ўтказиш, сафарга чиқиш мумкин. Бинобарин, сафар ойининг бехосиятлиги ҳақидаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир.

Рабиул-аввал (аввалбаҳор, баҳор бошидаги) – учинчи ой, 30 кун.

Рабиус-соний (иккинчи баҳор, баҳорнинг сўнггидаги) – тўртинчи ой, 29 кун.

Жумодул-аввал – бешинчи ой, 30 кун.

Жумодус-соний – олтинчи ой, 29 кун.

Ражаб – еттинчи ой, 30 кун. Арабистон ярим оролида исломдан олдинги жоҳилия даврида уруш тақиқланган зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ойлари қаторида туради.

Шаъбон (иккинчи номи Барот, яъни имтиёз ёрлиғи) – саккизинчи ой, 29 кун.

Рамазон (рўза ойи) – тўққизинчи ой, 30 кун. У Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ваҳий қилина бошланган муқаддас ой ҳисобланади ва мусулмонларга рўза тутиш буюрилади. Рўза тутиш эса ҳижратнинг иккинчи йилидан бошланган.

Шаввол (унча катта ёки унча кўп бўлмаган) – ўнинчи ой, 29 кун.

Зулқаъда – ўн биринчи ой, 30 кун.

Зулҳижжа – ўн иккинчи ой, 29 кун.

Марказий Осиёда милодий йил ҳисоби оммавийлашгунга қадар қамарий ва шамсий тақвимлар ишлатиб келинган. Шамсий йил бошида Наврўз байрами кенг нишонланган.

Милодий йил ҳисоби

Кўҳна Рим тақвимида ҳам бир йил қадимги мисрликларнинг шамсий тақвимидагидек 365 кун деб олинган ва унинг ойларга бўлиниши янада мураккаблашган. Устига-устак, боя эслатганимиздек, иккала тақвимда ҳам йил узунлиги тропик йилдан тахминан 6 соат қисқалиги билан ажралиб турган. Шу сабаб баҳорги тенг кунлик ҳар тўрт йилда бир кунга сурилиб, айрим чалкашликларга сабаб бўлган. Рим ҳукмдори Гай Юлий Цезарь уларга барҳам бериш ниятида милоддан аввалги 46-йилда юнон астрономи Созиген таклифи бўйича тақвимга ўзгартиришлар киритган. Унга кўра, ҳар тўрт йилдан бири 366 кунлик (кабиса) йил сифатида қабул қилинган. Йил 12 ойга бўлиниб, тоқлари 31 кун, жуфтлари 30 кун, февраль ойи эса оддий йилларда 28 кун, кабиса йилда 29 кун қилиб белгиланган.

Бу тақвим Юлий календари номини олган. Аммо унда бир йил тропик йилдан 11 дақиқа-ю 14 сония ортиқ бўлгани туфайли ўртадаги фарқ ҳар 400 йилда тахминан уч кунни ташкил қилади. У йиғилиб-йиғилиб, ХVI асрда ўн кунга етади ва баҳорги тенг кунлик 21 мартга эмас, 11 мартга тўғри келиб қолади. Қарабсизки, христиан байрамларини аниқлашда муаммолар пайдо бўлади. Рим папаси Григорий XIII шуни назарда тутиб, 1582 йил 24 февралда италиялик шифокор ва математик Луижи Луллио лойиҳаси асосида ўзига хос ислоҳот ўтказади.

Кейинчалик “Григориан календари” ва “Ғарб календари” номини олган ушбу тақвимда, аввало, ўша йилнинг 4 октябридан кейинги сана 15 октябрга айлантирилиб, баҳорги тенг кунлик 21 мартга қайтарилади. Иккинчидан, тўртга бўлинадиган йиллар Юлий тақвимидаги сингари 366 кун қилиб олинади. Учинчидан, ҳар 400 йилдан 3 кун чиқариб ташланиб, 400 га бўлинмайдиган йиллар 365 кунлик оддий, февраль ойи бир кунга қўшилиши туфайли 366 кунни ташкил этадиган ва тўртга қолдиқсиз бўлинадиган йил эса кабиса йил сифатида эътироф этилади (Иккита ноль билан тугаб, 400 га бўлинмайдиган йиллар бундан мустасно).

Григорий тақвимига биноан, Исо алайҳиссалом туғилган кун илк милодий йилнинг 1 январи ҳисобланади. Тарихнинг мана шу санага қадар бўлган даври эски эра (милоддан аввалги), кейинги босқичи эса янги эра (милодий) саналади.

Янги тақвим замонлар оша дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқалди. Ўзбекистонда эса 1918 йил 14 февралдан қўлланила бошлади. Модомики, шундай экан, энди ундаги лотинча номланган, келиш тартиби сизу бизга яхши маълум ойлар маъноси билан танишайлик:

Январь (Januarius/Janus) – 31 кундан иборат. Қадимги римликларнинг қуёш маъбуди Янус исмидан олинган.

Февраль (februarius – ҳалолланиш ойи) – 28 кунга, кабиса йилида 29 кунга тенг. Бу ном қадимги римликларнинг ҳар йили 15 февралда ўтказилган покланиш маросимига дахлдор.

Март (Маrtius/Mars) – 31 кун. Рим мифологиясида уруш худоси Марс номига қўйилган.

Апрель (aprilis/apricus) – 30 кунлик. Қуёш иситадиган ой маъносида.  

Май (Maius) – 31 кун. Юнон афсоналари бўйича Меркурий худосининг онаси Майя шарафига Майус дейилган.

Июнь (Junius) – 30 кунлик. Қадимги Рим маъбудаси Юнонанинг исми қўйилган.

Июль (Julius – Юлий ойи) – 31 кунлик. Милоддан аввалги 45-йилда Рим ҳукмдори Юлий Цезарь номи берилган.

Август (Augustus – олий, муқаддас, улуғ) – 31 кунлик. Рим ҳоқони Октавиан мутлақ ҳокимга айлангач, Сенат унга Август (худолар томонидан шарафланган) фахрий мақомини берган. Бу сўз олдин ой номи, бора-бора ҳукмдорлар унвонини англатувчи атама бўлиб қолган.

Сентябрь (september – еттинчи) – 30 кунга тенг. Кўҳна Римда 1 мартдан бошланувчи ўн ойдан иборат тақвимнинг еттинчи, Григорий тақвимининг тўққизинчи ойи.

Октябрь (оctо – саккиз) – 31 кунлик. Қадимги Рим тақвимининг саккизинчи, Григорий тақвимининг ўнинчи ойи.

Ноябрь (november – тўққиз) – 30 кундан иборат. Эски Рим тақвимидаги тўққизинчи, Григорий тақвимидаги ўн биринчи ой.

Декабрь (юнонча deka, лотинча decem/dekember – ўн/ўнинчи) – 31 кунга тенг. Григорий тақвимининг ўн иккинчи ойи, Юлий тақвими ислоҳ қилингунча ўнинчи ой ҳисобланган.

Албатта, бошқа календарлар сингари милодий тақвими ҳам камчиликлардан холи эмас. Биринчидан, у бўйича ҳисобланса, Исо пайғамбар таваллуд топган сана милоднинг тўртинчи йилига тўғри келади. Иккинчидан, бу тақвимнинг йилбошиси ҳисобланмиш январь ойи ҳар ўн минг йилда жиддий фарққа учрайди. ХI асрда Умар Хайём қуёш санасига таяниб яратган ва Эрондаги салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан ҳаётга жорий этилган тақвим эса илмий жиҳатдан ёндашганда, ўн минг йилда атиги икки кунга ўзгарадиган даражада пухта бўлган. Афсуски, султон вафотидан кейин у эътибордан четда қолиб кетган…

Тақвимларга оид бундай далиллар мозий дафтарларида жуда кўп.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ

тайёрлади

Мусобақада қатнашувчиларни рўйхатга олиш жараёни ҳали давом этмоқда, деб хабар беради Қуръон мусобақасини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz расмий порталида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўтказилаётган Қуръон мусобақаси ҳақида мунтазам хабар бериб келмоқдамиз.

Хабарингиз бор, ушбу мусобақага иштирокчиларни рўйхатга олиш жорий йилнинг 4 январь кунидан бошланган эди. Ўтган қисқа вақт ичида бир неча юзлаб юртдошларимиз Қуръон мусобақасида иштирок этиш учун ҳужжат топширишди. “Катта хурсандчилик, кучли иштиёқ билан ҳужжат топширишга келаётган мўмин-мусулмон юртдошларимизни кўриб, кўзингиз қувнайди ва беихтиёр муҳтарам Президентимизнинг куни кеча Тошкент вилоятига қилган ташрифлари чоғида: Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади деган сўзлари нақадар ҳақиқат эканини англайсан киши”, дейди Ташкилий қўмита раиси Абдулҳаким қори Матқулов.

Ташкилий қўмитанинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизматига маълум қилишича, мусобақада иштирок этиш учун жорий йилнинг 8 январь ҳолатига кўра, Республика бўйича 556 нафар эркак ва 177 нафар аёл киши жами 733 нафар юртдошларимиз ҳужжат топширишган.

Эслатиб ўтамиз, Қуръон мусобақасида 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган барча фуқароларимиз ҳифз ва тиловат йўналишлари бўйича қатнашишлари мумкин. Иштирокчиларини рўйхатга олиш 13 январь кунига қадар давом этади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Top