muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

lundi, 23 octobre 2023 00:00

Закий бола

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бухоро амирларидан бири шаҳарнинг обод кўчасида сайр қилиб юрса, қаршисидан китоб жилдини елкасига осган бир мактаб толиби чиқиб қолибди. Бола хушёр ва закий экан, дарров тавозеъ билан нотаниш кишига салом берибди. Амир алик олиб, боланинг қаердан келаётганини сўрабди.

– Мактабдан келаяпман, ҳазратим, – деб жавоб берибди бола.
– Халтангда нима бор?
– Қуръон китоби бор.
– Шундайми? Яхши. Қайси сурага келдинг?
– Фатҳ сурасига келганман, – ҳозиржавоблик билан дебди бола.
– Қани, китобни кўрай-чи, – дебди амир қўл чўзиб. Бола китобни олиб берибди. Амир варақлаб кўрса, китобнинг хатчўпи бошқа саҳифада турганмиш. «Бола мени алдабди-да, – деб ўйлабди амир. – Хатчўп Фатҳ сурасида эмас, бошқа жойда турибди. Бола ҳозирдан ёлғонга ўрганса, улғайганда ҳаммани алдайдиган бўлади. Менга рост сўзламадими, бошқаларга ҳам фақат ёлғон гапиради. Бунга устози айбдор, уларни бир жазолаб қўйиш керак эканда».

– Нега менга алдадинг, хатчўп бошқа жойда турибди-ку?! – дебди амир жаҳли чиқиб.
– Ҳазратим, бир қошиқ қонимдан кечинг, – дебди бола мулойимлик билан. – Устозим «Ким билан гаплашаётган бўлсанг, у одамга ёқадиган гап айтиш керак», деган эдилар. Кўринишингиздан сарой амалдорига ўхшайсиз. Амирлар, подшоҳу қўмондонлар улуғ ишларни, ҳарбий юришларни бошлашдан аввал Фатҳ сурасини ўқитишларини устозимдан эшитгандим. Шунинг учун сизни мамнун қилиш мақсадида Фатҳ сурасини ўқияпман, дегандим.

Бу гапдан амир очилиб, боланинг елкасига аста шапатилабди-да:
– Баракаллоҳ, муллабачча, бу гапинг жуда ўринли бўлди. Манави эса зукколигингнинг мукофоти, – дея ёнидан битта олтин танга олиб унга узатибди.
Бола эса тиллани олишга кўнмабди.
– Нега пулни олмаяпсан? – деб ҳайрон бўлибди амир.
– Ота-онам уришишади.
– Нега уришишади?
– «Қаердан олдинг?!.», деб. 
– «Подшоҳ берди», – дейсан...
– Бу гапга ишонишмайди.
– Нега ишонишмайди?
– «Подшо берса, бир дона эмас, бир лаган тилла берарди», дейишади.
Амир боланинг закийлигидан завқланиб кулибди ва унинг уйига бир лаган тилла юборибди.

«Қўҳна дунё ривоятлари»дан
«Ҳилол» журналининг 6(51) сонидан

 

Иккинчи давр - Набий соллаллоҳу алайҳис-салом вафотларидан кейинги Ҳулафойи рошидинлар замонидаги саҳобалар даври.

Улар тўрт ҳалифа, улардан кейин Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос, Абдуллоҳ ибн Аббос, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумлардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам фатво сўраб мурожаат қилинадиган машҳур кишилар ушбу саҳобалар эди.

Мазҳаблар саҳобалар даврида яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин пайдо бўлди. Чунки айрим саҳобалар Абдуллоҳ ибн Аббосга ишониб у кишининг фатволарига суянар эди. Агар бирор иш уларга мавҳум бўлиб қолса у кишининг олдиларига борар эди. Бошқалар Зайд ибн Собитга орқа қилиб унинг фатволарига суянар эди.

Маълумки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини мақтаганлар.

Бошқа саҳобалар эса ўзлари яшаган вақтдаги Расулуллоҳнинг (тўрт) ҳалифаларига суянишар эди. Бир киши келиб улардан, ҳукм олишда кимга суянасиз деб сўраса; "Менинг мазҳабим Абдуллоҳ ибн Аббоснинг мазҳаби, қачон менга бирор ишда муаммо бўлиб қолса у кишининг олдига бораман", - деб айтар эди. Бошқалари; "Менинг мазҳабим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалифаси Умар ибн Хаттобнинг мазҳаби", дер эди.

Демак ўша даврда мазҳаблар бўлган.

Шундан биламизки, мазҳаблар тўрт имомлар; имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий, имом Молик ва имом Аҳмадлар келганлиги сабаб зоҳир бўлган бидъат эмас.

Кўпчилик эҳтимол мана шу асрда «мазҳаблар Пайғамбар алайҳис-салом замонасида бўлмагани учун бидъатдир», деб эътиқод қилади.

Биз уларга жавоб бериб айтамизки; Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ижтиҳод бўлганми? ... Йўқ, у вақтда бўлмаган, ижтиҳод у зот алайҳис-саломнинг вафотларидан кейин пайдо бўлган.

Шундай экан уни ҳам бидъат дейишимиз ақлга тўғри келадими?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз сўзларини айтганларида бизларга тиниқ ва мусаффо нурни бериб кетганлар;

«Агар ҳукум чиқарувчи ижтиҳод қилиб муваффақиятга эришса унга икки ажр бор, агар хато қилса унга бир ажр бор».

Яъни ҳар қайси ҳолатда ҳам унга ажр берилган.

Демак ижтиҳод қонунан рухсат этилган шаръий кўрсатмадир.

Одамлар тоифаларга бўлинган вақтда улар ичида Қуръон ва суннатдан унинг дақиқ ва нозик усуллари билан ҳукм чиқариш даражасига етган уламолари бўлади ҳамда (ўрганишдан) ман қилган яшаш шароитлари ва улар билан бунга етишиш орасидаги ҳолатлар сабабидан ўрганишга тайёр бўлмаган кишилар бўлади.

Шундай экан диний мазҳабларга бўлинишнинг юзага келиши аниқ. Улар булардан - билмаганлар биладиган олимлардан - фатво сўраб келишлари аниқ нарса. Уламолар ҳар-ҳил бўладилар. Ҳамма ҳам мазҳабида ўзини ҳотиржам қилиб уни қониқтирадиган ўз замонасидаги фатво бера оладиган (олим) кишига мурожаат қилади. Бас шундан мазҳабларга бўлиниш пайдо бўлган.

Лекин мазҳаблар кўп бўлган, кейинчалик улар муҳим сабабларга кўра энг кам миқдордаги жамоага бирлашганлар. Бу ҳақида кейинроқ батафсил айтиб ўтамиз.

Саҳобайи киромлар вақтида -яъни иккинчи даврда - кейин пайдо бўлганлар каби насснинг сўзма-сўз маъносига тўхталиб оладиган ва ҳукмлар сабабларини тушунишдан фикрларини қулфлаб оладиган чегара билмас «экстримистлар» бўлмаган.

Саҳобалар орасида насс* билан маслаҳат** бир бирига ориз бўлиб қолган вақтда сабаб ва маслаҳатни нассга бўйсундиришда таъсир кўрсатадиган кишилар бўлмаган, бу ҳам чегара билмасликдир.

____

*Насс, шаръий насс - ҳужжат бўладиган матн.

**Маслаҳат, масолиҳул мурсала - яъни манфаат, ”қайдланмаган”, ”эркин манфаат”.

Имом Бутийнинг; «Мулаххасу мухозароти тарих ат-ташриъ ал-исламий» китобидан

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исмоил ибн Абдуллоҳ ал Хузоий менга мана бу ривоятни айтиб берди:

«Басра аҳлидан, Муҳолаба уруғидан бўлган бир киши Бармакийлар даврида баъзи юмушлар билан шаҳримизга келди. Ишларини битиргач, Басрага қараб жўнади. Ёнида хизматкор йигит ва жория бор эди. Дажла дарёсига етганларида соҳилда бир йигитни кўрдилар. Йигитнинг устида жундан тайёрланган либос, қўлида асо ва халтачада егуликлари бор эди. У қайиқчидан дарёнинг нариги қирғоғига, яъни Басра томонга ўтказиб қўйишни сўради.


Махлаблик қария бўй чўзиб йигитни кўрдию, унга раҳми келди.

Қайиқчига: «Бери кел, анави йигитни ўзинг билан қайиққа чиқариб ол» деди. Қайиқчи йигитни ўзи билан мингаштириб олди ва қайиқ манзил томон сузиб кетди. Тушлик вақти бўлганда қария овқатланиш столини ҳузурига олиб келишларини буюрди ҳамда қайиқчига юзланиб: «Анави йигитни ҳам чақир бизни олдимизга тушсин» деди.

Йигит қариянинг бу илтимосини рад этиб, тушишдан бош тортди. Қария қайта-қайта талаб қилавергач, охири тушди. Бирга таомланишди, шундан сўнг йигит яна ўзининг жойига қайтиб кетмоқчи бўлган эди, кекса киши то барчалари қўл ювмагунча йигитни туришга қўймади. Кейин отахон ичида шароби бор мешни олиб келишларини буюриб, ундаги шаробдан қуйиб ичди. Cўнг жорияга ҳам шаробдан узатди. Ундан кейин шаробни йигитга таклиф қилди.

Йигит ичишдан бош тортиб: «Мени маъзур тутасиз, ичмайман», деди.

Қария: «Узрингни қабул қилдик, биз билан ўтир» деди ва шаробдан яна жорияга узатди. Унга қани бир ҳунарингни кўрсатчи» деди. Шунда жория чолғу асбобини олиб келиб, у ёқ бу ёғини созлаб, қўлига олди-да, қўшиқ хиргоя қила бошлади. Қария йигитга қараб: «Ҳой йигит, сен ҳам шундай чиройли айта оласанми?», деб сўради.

Йигит: «Мен бу оламдаги энг гўзал нарсани жуда чиройли қилиб ўқий оламан», деди-да, Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм деб ушбу оятни тиловат қилди

«Қўлингизни тийинг, намозни тўкис адо этинг ва закотни беринг!» – деб айтилган кимсаларни кўрмадингми?!
Уларга уруш фарз қилинганда, тўсатдан бир гуруҳлари одамлардан худди Аллоҳдан қўрққандек ёки ундан ҳам қаттиқроқ қўрқишмоқда. Ва: «Роббимиз, нега бизга урушни фарз қилдинг, бизни озгина муддатга ортга суриб турсанг бўлмасмиди?!» – демоқдалар. «Дунёнинг матоҳи оз, охират эса тақво қилганларга яхшидир. Ва сизларга қилча ҳам зулм қилинмас», – деб айт».

«Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам ўлим сизни топадир. Агар уларга бирор яхшилик етса: «Бу Аллоҳдан», – дерлар. Борди-ю, уларга бирор ёмонлик етса: «Бу сендан», – дерлар. «Ҳаммаси Аллоҳдан», – деб айт! Манави қавмга нима бўлдики, гапни тушунай демаслар?!» (Нисо сураси, 77-78-оятлар).

Дарҳақиқат, унинг овози жуда ёқимли эди. Қария Қуръон тиловатини тинглаб, саросимага тушиб қолди ва қўлидаги қадаҳни сувга улоқтирди-да: «Гувоҳлик бераманки, бу ўқилган нарса мен аввал эшитиб юрган нарсаларнинг барчасидан мутлақо гўзалдир. Ҳой йигит, бундан бошқа яна борми», деди. 

Йигит: «Ҳа албатта, деб:
 «Сен: «Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», – дегин. Албатта, Биз золимларга деворлари уларни ўраб оладиган ўт-оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қовурувчи сув билан «ёрдам» берилади. Нақадар ёмон ичимлик ва нақадар ёмон ҳузурланиш жойи!» (Каҳф сураси, 29-оят) оятини тиловат қилди».

Бу оятлар қарияга жуда қаттиқ таъсир қилди. Дарҳол қария мешни олиб келишларини буюрди. Олиб келинган мешни дарёга улоқтирди. Чолғу асбобини уриб синдирди. Кейин йигитга қараб: «Қутулиш йўли борми?», деб сўради.

Йигит: «Албатта бор», дея:

«(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига исроф (жавр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир»

(Зумар сураси, 53-оят) оятини тиловат қилиб берди.

Отахон баланд овозда қичқирди ва ҳушидан кетиб, йиқилди. Қарашса, омонатни топшириб бўлган экан. Қайиқ Басрага яқинлашиб қолган эди. Қирғоқдаги одамлар отахон келаётган қайиқни кўриб, қувончдан қичқирдилар. Бироқ улар қайиқда бўлган воқеадан бехабар ҳолда отахонни кутиб олиш учун қирғоқда тўпланиб турган эдилар.

Чунки, қария қабиласи орасида таниқли эди. Отахонни вафот этганини билган одамлар дарҳол унинг уйига олиб кетишди. Кўп ўтмай жанозаси ўқилди. Мен бу даражада кўп одам иштирок этган жанозани кўрмаганман. 
Менга етиб келган хабарга кўра, ҳалиги қўшиқчи жория сочини турмаклаб, бошидан қалин ва катта рўмолни ташлаб олиб, кечалари ибодат билан машғул бўлиб, кундузлари рўза тутаётган экан. Шу тарзда 40 кун ибодат билан машғул бўлибди. Сўнг, кечаларнинг бирида мана бу оятни эшитиб қолибди:

 «Сен: «Ҳақ Роббингиз томонидандир. Бас, ким хоҳласа, иймон келтирсин, ким хоҳласа, куфр келтирсин», – дегин. Албатта, Биз золимларга деворлари уларни ўраб оладиган ўт-оловни тайёрлаб қўйганмиз. Агар ёрдам сўрасалар, эритилган маъдан каби юзларни қовурувчи сув билан «ёрдам» берилади. Нақадар ёмон ичимлик ва нақадар ёмон ҳузурланиш жойи!» (Каҳф сураси, 29-оят).

Эртаси куни тонгда у жорияни вафот этган ҳолда топишди».

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон
Муҳаррир: Хуршид Маъруф

Ҳозирги кунда кўп қаватли уй ва ҳовлиларга тегишли пиёдалар йўлакларини темир панжаралар қуриб, мевали дарахтлар экиб ёки гулзорлар қилиб йўлакларни тўсиб қўйиш, қурилиш молларини ҳафталаб кўчаларда қолдириш, умумий фойдаланадиган жойларни автотураргоҳ қилиб олиш холатлари кузатилмоқда. Бу ишлар оқибатида пиёдалар, хусусан мактаб ўқувчилари автомобил йўлидан юришга мажбур бўлмоқдалар, гоҳида автоҳалокатлар ҳам учраб турибди. Динимизда кўчаларни, аҳоли фойдаланадиган жойларни ўз манфаати учун тўсиб олиш мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аҳоли фойдаланадиган жойлар, автомобил йўллари ҳамда пиёда йўлаклари барча баробар фойдаланадиган жойлар ҳисобланади. Ҳеч кимнинг уни эгаллаб олишга ҳаққи йўқ.

عن حذيفة بن أسيد رضي الله عنه: أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: ((من آذى المسلمين في طرقهم، وجبَتْ عليه لعنتهم))

Ҳузайфа ибн Усайд разияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким мусулмонларга уларнинг йўлларида озор берса у одамга, уларнинг лаънати вожиб бўлиб қолади” (яъни уларни лаънатига ҳақли бўлиб қолади) деганлари ривоят қилинади. (Имом Табароний ривояти).“Баҳрур роиқ” китобида:

ومن أخرج إلى طريق العامة كنيفا أو ميزابا أو جرصنا أو دكانا فلكل نزعه... فقال شمس الائمة: إن كان الاحداث يضر بأهل الطريق فليس له أن يحدث ذلك، وإن كان لا يضر بأحد لسعة الطريق جاز له إحداثه فيه ما لم يمنع منه .

Яъни: “Бирор киши омма йўлига ҳожатхона қурса, ё сув тарновини чиқариб қўйса, ёки минора ё дўкон қурса кўчадан фойдаланувчи ҳар бир киши уни бузиб ташлашни талаб қилиш ҳаққига эга бўлади. Шамсул аимма айтадилар: Оммани йўлига ўз фойдаси учун бирор нарса қуриш, йўлдан фойдаланувчиларга зарар қилса, дуруст эмас. Бироқ йўл кенг бўлиб,  ҳеч кимга зарар қилмаса, фойдаланувчилардан қаршилик ҳам бўлмаса, бу дурустдир,” дейилади.

Ҳадиси шарифларда, мусулмонларнинг йўлларидан озорни олиб ташлаш, йўловчиларга кенг шароит яратиш савобли ишлардан экани таъкидланади.

Абу Барза ал-Асламий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен: “Ё Расулаллоҳ! Мени бирон ишга буюринг, шуни қилиб юрай”, дедим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлдан озорни четлатинг, шу сиз учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Бухорий "Ал-адабул-муфрад"да ривоят қилганлар).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўл устидаги мусулмонларга озор берадиган бир дарахт (бута)ни кесиб ташлагани сабабли жаннатда кезиб юрган бир кишини кўрдим, деб айтдилар” (Имом Муслим ривоятлари).

Юқорида ўтган иборалардан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

Аҳоли фойдаланадиган жойларни, пиёдалар йўлакларини темир панжаралар билан беркитиб қўйиш, мевали дарахтлар экиб ёки гулзор қилиб тўсиб қўйиш ҳолатлари, автомобил йўлларида қурилиш молларини ҳафталаб қолдириш, йўловчиларга ва маҳалла аҳолисига зарар берса дуруст эмас.

Ҳеч кимга зарар бермайдиган ва бирон шахс эътироз билдирмаган ҳолатларда вақтинчалик фойдаланиб туриш мақсадида бу ишларни қилиш жоиз ҳисобланади. Лекин масъул томонлар ёки шу йўлдан фойдаланиш ҳаққига эга ҳар қандай шахснинг талаби билан бу нарсалар бартараф қилиниши лозим. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Page 67 sur 301
Top