muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ борасида Жунайд Бағдодий шундай фикрларни билдирганлар: “Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга фаришталар ичида улуғ обрў-эътибор берган бўлса, авлиёлар ичида бундай мартабага Боязид Бистомий сазовор бўлган”.

Жунайд Бағдодий сўзида давом этиб, Боязид Бистомий ҳақидаги қуйидаги воқеани сўзлаб берди: “Боязид Бистомий раҳматуллоҳи алайҳ ёшлигида етим қолиб, онаси қўлида тарбия топдилар. Мадраса ёшига етганларида оналари бир устоз қўлига олиб бориб топширдилар ва шундай дедилар: “Устоз, болани олдингизга олинг. Кўп уйга рухсат берманг. Зеро, уйга борса, фикри чалғиб, илмдан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Бир куни бола қалбида онасини бориб кўриш истаги туғилиб, устоздан рухсат сўради. Устоз кўп дарс бериб, дарсни ёдлаб топшириб, кейин кетасан, деган шарт қўйди. Бола тезлик билан берилган топшириқни ёдлаб бериб, уйига борди ва дарвозани тақиллатди. Боязид Бистомийнинг оналари бу вақтда таҳорат қилаётган эдилар. Эшикнинг тақиллаши овозидан ўғли келганини тушунди. Дарвоза олдига бориб: “Ким?” деди. У: “Боязид Бистомийман” деб жавоб берди. Она: “Менинг ҳам Боязид Бистомий деган ўғлим бор эди. Уни Аллоҳ таоло йўлида мадрасага бердим. Эшигимни келиб тақиллатаётган қайси Боязид?” дедилар.

Боязид Бистомий онасининг бу сўзларидан қуйидагиларни тушунди: “Онам менга эшикни тақиллатиш ўрнига мадрасага бориб Аллоҳ таоло эшигини тақиллатгин. Аллоҳ билан боғланишни барча  нарсадан устун деб билгин, демоқчилар“ деб орқаларига қайтиб кетдилар ва олим бўлганларидан кейин мадрасадан чиқдилар.

 

“Тақво аҳлининг гўзал қиссалари” китобидан.

Саудия Aрабистони Молия вазирлигининг Лойиҳа бошқаруви бошқармаси раҳбарлигида қуйи давлат ташкилотлари билан келишилган ҳолда Каъбани даврий таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ишлари ўтган шанба кунидан бошланди. Бу ҳақда “ИҚНA” сайти “ал-Явма-7” нашрига таяниб хабар берди.

Мазкур таъмирлаш Каъбани доимий парвариш қилиш ва уни энг яхши ҳолатда сақлашни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Саудия Арабистони ОAВларининг ёзишича, Каъбада даврий техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари Саудиянинг юқори мартабали мутасаддилари назорати остида амалга оширилади.

Мамлакат Молия вазирлигининг Лойиҳа бошқаруви бошқармаси масжид-муассаса ривожига масъул бўлган элита ходимлари иштирокида энг сўнгги технология ва юқори халқаро стандартлардан фойдаланган ҳолда Каъбани даврий таъмирлаш ишларини олиб боради.

Мазкур идора “Масжид ал-Ҳаром” ва “Масжид ан-Набавий” нинг ривожланиш режаларини назорат қилиш учун масъул. Олдинги таъмирлаш ишлари 2019 йилда амалга оширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бугун, 13 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари фуқароларнинг мурожаат, арз ва таклифларини эшитдилар.

Мазкур қабул давомида Бухоро, Жиззах, Навоий, Андижон, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти, диний таълим, моддий ёрдам, даврий нашрлар тарғиботи ҳамда оилавий масалалар каби мурожаатлари тингланиб, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Жумладан, Муфтий ҳазратлари оилавий масалада келган фуқароларнинг муаммоларини эшитиб, уларга динимиз кўрсатмаси ва ҳаётий мисоллар асосида ваъз, насиҳат қилдилар. Натижада мазкур қабулдан кўнгиллари ёришиб, муаммолари бартараф бўлган ёш оилалар турмушини давом этиришларини билдириб, келгуси ҳаётлари мустаҳкам бўлиши учун хайрли дуолар олдилар. Шунингдек, фуқароларга шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар, илмий-ижодий ҳамкорлик бўйича таклифлар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.

Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлди.

Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

«Батаҳқиқ, мўминлар зафар топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир» (Муъминун сураси, 1-2-оятлар)

Ушбу оятдаги «зафар топдилар» деган жумла арабчада «афлаҳа» бўлиб келган. Афлаҳа феълининг ўзаги «фалаҳ» сўзидир. Бунинг маъноси зафар топиш, муваффақиятга эришиш, ютуқни қўлга киритишдир. Ҳар биримизнинг мақсадимиз жаннатга киришдир. Оятда намозларида хушуъ қилувчилар зафар топишлари айтиляпти. Хушуъ қалбда қўрқув бўлиб, унинг сабабидан тана аъзоларда сокинликнинг юзага келишидир. Хушуъли намозхон намозда турганда оила, бозор, тирикчилик, пул, молу дунё, одамлар каби намоздан ташқаридаги нарсалар уни чалғитмайди. Хўш, намозда хушуъли бўлиш учун нима қилиш керак?

Бунинг сабаблари бор. Ана шу сабабларнинг энг каттаси намоздан ташқарида ҳам хушуъли тарзда, яъни Аллоҳ таолодан қўрқиб яшашдир. Кимки масжидга келишдан олдин Аллоҳ таолонинг чегараларида турса, яъни чегарадан ошиб ўтмаса, У Зот буюрганидек яшаса, У Зот билан алоқани мустаҳкамлаб олган бўлса, Аллоҳ таоло шундай бандага хушуъ ато этади.

Подшоҳлар, султонлар олдига кирадиган одамни ўша подшоҳлар фақат олдиларига киргандагина кўрадилар. Либосингизга, ташқи кўринишингизга қараб муомала қиладилар. Бундан олдин нималар қилганингизни улар билмайдилар.

Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида туришга келсак, У Зот сизнинг масжидга киришдан олдин нималар қилиб юрганингизни сиздан кўра яхши билади. У Зотга ҳеч нарса махфий эмас. Инсон ҳаётда Аллоҳ буюрганини қилиб, қайтарганидан тийилиб, одамларга яхшилик қилиб, эҳсон-садақа улашиб, У Зот белгилаган чегарадан ошиб ўтмай, ҳаддини билиб яшаса, юриш-туришларида, барча ҳолатларда Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилса, масжидга кириб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида турганда У Зот унга Ўз раҳматидан хушуъни ато этади. Баъзан ўша хушуъли банданинг ёнида хушуъдан озгина ҳам ризқланмаган киши намоз ўқиётган бўлади. Имом Қуръони Каримни қироат қиляпти. Кўпчилик учун ўша тиловат ҳар куни эшитиладиган, одатланилган тиловат бўлса-да, аммо хушуъли банданинг йиғлаётганини, синиқлик ҳолида турганини ёнидаги кўриб, «Субҳаналлоҳ, бу кишининг кўзлари нима учун ёш тўкяпти, қайси оятларни тинглаб йиғлаб, қалби титраяпти экан» деб ўйлайди. Аммо ўша банданинг хушуъли, хокисорлик ҳолати фақат ўша лаҳзанинг ўзига тегишли бўлмай, у банда доим Аллоҳ таоло билан алоқасини мустаҳкамлаб юрган бўлади.

Аллоҳнинг Байтига келадиган одам қалбида синиқлик, хокисорлик ҳолатида келишга уриниши лозим. Сиз ҳар гал Унинг Байтига келаётганингизда синиқлик, камтарлик, тавозуъли бўлсангиз, Аллоҳ таоло Ўз раҳмати билан сизга хушуъни эҳсон қилади. Бордию масжидга келаётганда қалбингизда кибр бўлса, Аллоҳ таоло сизга хушуъни ато қилишини умид қилмай қўяверинг. Чунки халқларнинг барчаси Аллоҳ яратган халқлардир. Мулкларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг мулкидир. Қолаверса, намозда хушуънинг мукофоти зафар топиш экан, бундай улуғ мукофотга тавозуъ, камтарлик, қуллик билан эришилади. Ота-онасига оқ бўлганлар, аёлини урганлар, фақиру сўровчиларни жеркиб берганлар намозларида хушуъли бўлолмайдилар. Масжидга келишдан, намозга киришишдан олдин одамларни алдаб, савдода ёлғон гапирганлар, мўминларнинг обрўсини туширишга уринганлар ва ҳоказо гуноҳларни содир этганларнинг кўпчилиги намозда хушуъли бўлолмайдилар. Валлоҳу аълам.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзи танлаб олган пайғамбарларини мақтаб шундай деган:

«Ана ўшалар – Аллоҳ неъматлантирган зотлар набийлардан, Одам зурриётидан, Нуҳ билан бирга (кемада) кўтарганларимиздан, Иброҳим ва Исроилнинг зурриётидан, ўзимиз ҳидоят қилган ва танлаб олганлардандир. Уларга Роҳманнинг ояти тиловат қилинса, йиғлаб, саждага йиқилар эдилар» (Марям сураси, 58-оят)

Шунингдек, намозда хушуъга эришиш учун намозда ўқилаётган оятлар, такбирлар, тасбеҳлар, ҳамдларнинг маъносини билиб, қалбидан ўтказиб турса, ўзи эса Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида турганини, У Зот унинг намозини кўриб турганини, сажда қилганида Унга энг яқин ҳолатда бўлишини ҳис этса, Аллоҳ таолонинг фазлу раҳмати билан ана шунда хушуъ билан намоз ўқишга эришади.

Аллоҳ таоло барчамизни намозда ҳам, намоздан ташқарида ҳам хушуъли бандаларидан бўлишимизни насиб этсин!

Солиҳ Мағомисий суҳбатлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Абдуқаҳҳор домла Юнусов,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Page 9 sur 301
Top