muslim.uz
Улуғбек обсерваториясида қуёш соати ўрнатилади
Яқин келажакда Самарқанддаги машҳур Улуғбек обсерваториясида қуёш соати ўрнатилади. Xabardor.uz таъкидлашича, Ўзбекистон Фанлар академияси астрономия институти ходимлари яратаётган қуёш соати обсерватория каби сайёҳлар ва меҳмонларни ҳам ўзига жалб қилиши, шубҳасиз.
– Ўзбекистон ҳудудида асрлар оша аждодларимиз қуёш, сув, қум, юлдуз соатларидан фойдаланиб келишган, – дейди обсерватория илмий ходими Икромиддин Сирожиддинов. – Бундан бир неча ўн йиллар муқаддам, Совет иттифоқи даврида Улуғбек ҳайкали пойида бетондан ясалган қум соати бўлар эди. У аниқ вақтни кўрсатмас, яъни рамзий соат эди. Аммо ҳозирда олимларимиз обсерваториямиз учун ҳақиқий қуёш соатини яратиш устида иш олиб бормоқдалар. Бунда қадимий қуёш соатлари нусхалари ўрганилиб, қуёш соясига кўра вақт кўрсатиши кўзда тутилган.
Қуёш соати вақт тақсимланишини кўрсатадиган ясси асос ва милдан иборат бўлади. Қуёшли кунда милнинг соясидан кун вақти аниқланади.
Астраномия институти академиги Шуҳрат Эгамбердиев қуёш соатининг бир неча тури бўлишини айтади. Унинг айтишича, ҳозирда ходимларнинг чизмалари асосида тайёрланаётган соат горизонт қуёш соати ҳисобланади. Соат эса тайёр бўлиш арафасида.
Қуёш соати ҳозирда Улуғбек мадарасаси ҳовлисида сақланаётган соатга нимаси биландир ўхшаш. Лекин унинг асос айланаси диаметри 70 сантиметр бўлади. Сояси вақтни белгилайдиган милда Самарқанд шаҳри рамзи – қанотли йўлбарс тасвири бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Буюк неъмат шукронаси
Аллоҳ таоло бизга ато этган энг улуғ неъматлардан бири мустақилликдир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар доим фикр юритиладиган, шукр қилинадиган, қадри, шарафи, давомийлиги кўз қорачиғидай асраб-авайланадиган бебаҳо неъматдир.
Истиқлол туфайли мамлакатимизда эътиқод эркинлиги қонуний кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасалар очилди, нодир тарихий манбалар, асори-атиқалар мусулмон халқимизга қайтариб берилди. Юртимиздаги бошқа гўшалар қатори Бухорода ҳам диний-маърифий соҳада туб ўзгаришлар бўлмоқда.
Қадимдан илм маркази бўлган заминимизда сўнгги йилларда мадраса ва масжидлар, муборак қадамжолар обод этилиши ва улар фаолиятининг такомиллашиши, Етти пир уламолар номини бутун оламга тараннум этиш мақсадида уларнинг илмий меросларини ўрганиш ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича замонавий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижобий ўзгаришларга мисол бўлади.
Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу улуғ неъматлар шукронасини қилиб, унинг қадрига етиб яшаш ва мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукрона айтишимиз лозим.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси 7-оят). Ояти каримада таъкидлаганганидек, шукр қилсак Ҳақ таоло Ўз неъматларини янада зиёда қилиши, шубҳасиз.
Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”, деганлар (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).
Инсон учун дунёга келган, униб-ўсган ери Ватандир. Киндик қони тўкилган жой эса унга бошқа жойдан қимматли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага кўчиб ўтганларида Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Ҳаким уламолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрти тараққиёти, тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшиши билан ўлчанади.
Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўзига “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз. Кечаги кун билан бугуннинг орасида жуда катта тафовут бор. Яқин тарихда кимнингдир измидан чиқолмай, ўз тили, ўзлиги, ҳақлигини исбот этишга ожиз кишилар бугун соф миллат тили – ўзбек тилида баралла ва эркин суҳбатлашаётгани, ҳатто жаҳон минбарларида туриб сўзлаётгани юракни чексиз фахрга тўлдиради.
Ватан тинчлиги ва унинг ҳар томонлама ривожланиб, тараққий топиши учун ўзаро ҳамжиҳатлик асосида саъй-ҳаракат қилишимиз зарур.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).
Яратган Эгамиз ато этган улуғ неъмат – ҳур заминимизни ёмон кўз, хавф-хатар, бало-офатдан паноҳида асрасин. Барчамизга бу неъматнинг қадрини тўғри англаш, шукронасини адо этишни мушарраф қилсин!
Жобир Элов,
Бухоро вилоят бош имом-хатиби
Аҳли сунна вал жамоа ҳақида
Миссионерлик ва прозелитизм – маънавий-мафкуравий таҳдид воситаси
XI аср бошларида миссионерлик ва прозелитизм ғояси тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликка бевосита таҳдид кўрсатаётган хатарли ғоялардан бирига айланмоқда. Дин, эътиқод масаласи инсоният ҳаётида доимий муҳим аҳамият касб этади. Аммо ундаги муаммо шундан иборатки, дин тарғиботи ижобий ёки салбий мақсадларга қаратилиб, маълум бир диннинг ёйилиши, инсонларнинг онгига сингдирилишида миссионерлар алоҳида ўрин тутиши мумкин.
Шу боис, аввало миссионерликнинг луғавий, илмий-фалсафий моҳиятига, у қандай фаолият эканлигига эътиборни қаратиб, ушбу тушунчанинг асл маъносини тушуниб етиш муҳим аҳамият касб этади. Миссионерлик сўзи лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», «миссионер» эса «вазифани бажарувчи», «миссионерлик» эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуи маъноларини билдиради.
Миссионерлик «табшир» (башорат бериш), «тансир» (насронийлаштириш) каби номлар билан ҳам аталиб, улар асл фаолиятларини ниқоблаш учун турфа чиройли номлардан фойдаланмоқда ва сафларига қўшилганларга «сиз бошқалардан ажралиб турадиган кишисиз» деб, уларга «худонинг болалари», «муқаддас руҳ билан сўзлашувчилар» каби ҳар хил илоҳий сифатларни бермоқда ва шу тариқа ўз сафларида тутиб турмоқда.
Миссионерлик билан бевосита боғлиқ “прозелитизм” тушунчаси эса, юнонча — ргоsеlitos — янги мазҳабни қабул қилган киши, яъни бошқа мазҳабдагиларни, аввало, мусулмонларни христианликка киритиш, яъни ўзига хос «салб юриши».
Прозелитизмнинг асосий мақсади дунёга христианликни (масиҳийликни) миссионерлик йўли (лотинча missio-топшириқ) билан ёйиш, кишиларни унга ўтказиш бўлиб, бунда мазкур дин бутун инсоният учун бирдан-бир халоскор дин сифатида тарғиб ва ташвиқ қилинади ва бунинг учун энг замонавий информацион технологик восита, усуллар ишга солинади. Бунда кишилар руҳияти, онгига психологик, нейролингвистик таъсир кўрсатишга алоҳида эътибор берилади.
Юқорида келтирилган фикрларга асосланиб хулоса қиладиган бўлсак, турли манба ва адабиётларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшашдир. Умуман олганда «миссионерлик» — бу бир динга эътиқод қилувчи халқлар, элатлар, миллатлар орасида бошқа бир динни ҳар хил ижтимоий восита ва омиллар орқали тарғиб қилиш ва сингдиришга қаратилган хавфли сиёсий фаолиятдир. Чунки унинг бугунги кунгача бўлган даврдаги яширин моҳияти хавфли сиёсий фаолият эканлигини кўрсатиб, бир қанча давлатларда йиллар давомида сиёсий беқарорликни келтириб чиқарган.
Ҳозирги кунда миссионерлик ҳаракати фуқаролар ўртасида ижтимоий муносабатларнинг кескинлашувига олиб келиб, улар ўз ташкилий асосларини яратишда асосан нашриётлар, хайрия, тиббий ёрдам кўрсатиш ва нодавлат, нотижорат ташкилотлари мақомидан фойдаланиб, баъзи ташкилотлар тиббий уюшмалар ниқоби остида фаолият юритмоқда ва одатдагидек миссионерлар қароргоҳи ҳудудида черков, кичик бутхона ёки масжид, миссионер-монахлар ётоқхонаси жойлашган бўлиб чиқмоқда.
Миссионерларнинг кўзлаган мақсадлари фақат сиёсий бўлиб, бугунда демократияга оид оддий бир мисол бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида эртанги кунга мўлжалланган, жуда катта сиёсий найранглар ётибди ва бу найранглар қуйидаги ёвуз мақсадларда яширингандир. Биринчидан, анъанавий мусулмон бўлиб келган, мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихий илдизи бир хил бўлган (аслида, мамлакатимизни куч-қудрати ҳам шунда!) халқимизнинг юрагини парчалаб заифлаштириш ва пароканда қилиш ҳамда турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймаслик.
Иккинчидан, юртимизни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Учинчидан, иложи борича, баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириб, келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлиниш(сепаратистик) ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда мамлакатни парчалаб ташлаш. Тўртинчидан, «Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш», «Виждон эркинлигини таъминлаш» каби сиртдан чиройли шиорлар ниқоби остида оддий суд-прокуратура органларидан тортиб то давлат раҳбари ишларигача аралашиш ва мустақил давлат бошқарувига йўл қўймаслик. Бешинчидан,жамиятни доимий безовта қилиб туриш орқали бошқарувда асабий бир вазиятни вужудга келтириш; турли-туман матбуот органлари ва нодавлат ташкилотлар воситасида ташвиқот юритиб, ўзларини гўё халқнинг ҳимоячиси қилиб кўрсатиш ва халқ «дарди»ни айтиб, давлатга қарши гиж-гижлаш, давлатни эса бу қутқуларни бостириш учун кескин чоралар кўришга мажбурлаш ва мана шу йўл билан халқ ва давлат орасига ўзаро ишончсизлик руҳини сингдириш.
Кўриб турибмизки, миссионерлар амалга ошираётган ишлар динга, диний даъватга ҳеч қандай алоқаси бўлмай, балки бир мамлакатни ўзларининг сиёсий тизгинларига солиб олиш учун режалаштирилган найранг услубларидир.
Муаммо нафақат диний, балки сиёсий кучсизлантиришга қаратилганлиги билан хавфли ва ташвишлидир. Чунки натижа бевосита мамлакат хавфсизлигига дахлдор бўлиб, уларнинг қилмишлари шу нуқтаи назардан баҳоланиши ва чора-тадбирлар ҳам шунга кўра белгиланиши лозим. Акс ҳолда, биз келажак авлод учун кучли, озод ва обод Ватанни эмас, балки халқининг руҳи-дили бир-бирига бегона ва шу боис қатор муаммолар гирдобига ғарқ бўлиб, парокандалик, маънавий зиддиятлар авж олган, заиф ва қарам бир ўлкани тақдим этишимиз эҳтимолдан холи эмас!
Умуман, ҳозирги кунда миссионерлик ҳаракати ривожланишида янги аср бошида пайдо бўлган диний сектачиликнинг ҳам ўрни катта бўлиб, секталар халқаро нодавлат ташкилотлар сифатида фаолият юритаётгани, уларнинг фаолияти ҳар хил алоқа тизимлари (Интернет, телефон, телевидение, радио ва бошқа замонавий алоқа воситалари) орқали турли хил мақсадларни кўзлаб амалга оширилаётгани, ҳамда маблағларни керакли жойга етказиши учун қийинчиликларнинг деярли йўқлиги сабаб бўлмоқда. Диний секталар ва уларнинг ҳомийлари катта-катта маблағлардан у ёки бу мамлакатда коррупцияни кучайтириш, сиёсий ва иқтисодий вазиятни издан чиқариш, сохта инсонпарварлик ёрдамлари орқали жойларда ўз мавқеларини ошириш ва таъсир доираларини кенгайтиришда фойдаланмоқда.
Миссионерлик ва прозелитизм глобаллашув жараёнида маънавий-мафкуравий таҳдид воситаси бўлиб, аввало, жаҳондаги муайян кучларнинг геополитик мақсад ва манфаатларига йўналтирилган холда олиб борилмоқда. Иккинчи томондан, халқнинг миллий маънавияти, урф-одат ва анъаналари, миллий менталитети диний таълимот сифатида шаклланган бўлиб, миссионерлик ва прозелитизм халнинг миллий ўзлигидан бегоналашувига, манқуртлашувига, давлатнинг ички ҳаётида миллий, диний, ижтимоий зиддиятларнинг чуқурлашувига сабабчи бўлади. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш жараёнларида миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғояларини фуқаролар онги – тафаккурига сингдиришга, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантиришга муҳим эътибор берилмоқда.
И.Собиров
Хонқа туман “Хўжа Нураддин бобо”
масжиди имом-ноиби
Аскарлар масжид қуришга кўмаклашди
Индонезия ва Папуа-Янги Гвинея чегараси яқинида жойлашган индонезиялик аскарлар Папуа вилоятининг Киром туманидаги Питеви-Арсо қишлоғида маҳаллий аҳолига масжид қуришга ёрдам берди.
Islam.ru порталига кўра, жамоат ишлари Индонезия- ПНГ 711/Rks пиёда батальони чегара ҳимояси бўйича тезкор гуруҳининг бир неча ҳарбий хизматчилари томонидан амалга оширилди.
Аскарлар ва қишлоқ аҳолиси масжидни қуриш учун зарур бўлган қурилиш материалларини кўтариш учун биргаликда ишладилар.
Маҳаллий мусулмонлар жамоасининг ҳурматли арбоби Алан масжидни қуришда ёрдам берган ҳарбий хизматчиларга миннатдорчилик билдирди.
Киром туманида жойлашган аскарлар учун маҳаллий аҳолига ибодат уйларини қуришда ёрдам бериш доимий ишга айланди.
2021 йилнинг июль ойи бошида бир неча аскар Санта-Мария черковини таъмирлаш учун Сомографи қишлоғи аҳолисига ёрдам берди.
Илгари Папуада жойлашган индонезиялик аскарлар маҳаллий аҳолига жамоат хизмати, жумладан, асосий озиқ-овқат, тиббий ёрдам, мобиль кутубхона ва кўчаларни тозалаш дастурлари орқали ёрдам берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати