muslim.uz

muslim.uz

Инсон яшар экан, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.

Бухоронинг буюк имомларидан бири, дарс мажлисида ўтирганларида, дарс орасида баъзан туриб ўтирар экан. Шу ҳақда ундан сўрашибди. Ул зот: “Устозимнинг ўғли болалар билан кўчада уйнаб юрибди. Аҳёнда масжид эшигига келиб кетар эди. Уни ҳар кўрганимда устозимнинг таъзими учун унга ўрнимдан турар эдим”, дебдилар.

Мана тарбия, мана устозга бўлган ҳурмат. Устоз ота каби, улуғ зот дейди халқимиз.

Бир кишидан:

   – Нима учун устозингни отангдан афзалроқ ҳурмат қиласан? – деб сўрадилар.

   – Чунки, отам мени ўткинчи дунёга олиб келди, устозим эса боқий ҳаёт бағишлади, – деб жавоб берди.

Кўз  нури ва қалб қўрини устоздек машаққатли ва фидокорона касбга бағишлаган азизларимизни самимий қутлаб, миннатдорчилик билдириш биз шогирдлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир!

Шунга асосан бугун Тошкент ислом институтида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Устозлар сизга таъзим” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис маслаҳатчиси Абдулҳамид домла ТурсуновДин ишлари бўйича қўмита “Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими” бошлиғи Бобомурод Рустамов, ЎМИ Таълим бўлими мутахассиси Салоҳиддин Шерхонов, ТИИ собиқ ректори Абдуқаюм домла Азимов, фахрий имом Раҳматуллоҳ қори Обидов, фахрий ўқитувчилар Илҳомжон домла Эшонжонов, Аҳмаджон домла Бобомуродзода, Зокиржон домла Шарипов ҳамда институтмизнинг ўқитувчи-мураббийлари ва талабалари иштирок этди.

Тадбирда Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан  очиб, ўқитувчилик касби, унинг машаққатлари ҳақида гапирди. Сўнгра, ЎМИ раиси муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ўқитувчиларга йўллаган табригини эътироф этиб ўтди. Тадбирда сўзга чиққанлар барчани қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этдилар.

Шунингдек тадбирда “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Тошкент ислом институти фаолиятида фидокорона меҳнати, институт фаолиятини ривожлантириш, диний-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга қўшган муносиб ҳиссаси, жамоат тадбирларида фаол иштирок этгани, ёш авлодни тарбиялашда ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги кўрсатган беқиёс хизматлари учун бир гуруҳ устоз мураббийлар институт томонидан фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар шунингдек, фахрий ўқитувчи ва устозларга эсдалик совғалари тақдим этилди.

Азиз устозлар, мўътабар мураббийлар!!!

Барча устозларимизни институтимиз жамоаси номидан – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз. Устозлик мақоми – олий саодат. Камолот йўлида бизга сабоқ, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизга кўмак берган мухтарам устозу муаллимларимиз олдида бир умр қарздормиз. Аллоҳ шарафли ва масъулиятли касбда собитқадам бўлган азиз устоз-муаллимларимизга туганмас куч-қувват, меҳр-муҳаббат берсин, илму билимларини янада зиёда қилсин, икки дунё саодатига мушарраф этсин!

Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб этсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаймиз.

 

 

манба

Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга 30 сентябрь куни Аградаги Тож Маҳал мажмуасига ташриф буюрди.

Президентимиз Ҳиндистонга давлат ташрифини ушбу тарихий обидадан бошлагани бежиз эмас. Бобурийлар мероси бўлган ушбу ёдгорлик ўзбек ва ҳинд халқларининг тарихи муштараклиги, икки мамлакат алоқалари мустаҳкам асосга эга экани ифодасидир.

Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари Ҳиндистонда улкан мақбаралар, қалъалар, шаҳарлар бунёд этган. Савдо, илм-фан, маданият, меморчиликни ривожлантирган. Тож Маҳални ҳам Бобур бобомизнинг авлоди Шоҳ Жаҳон қурдирган.

Унинг меморий ечими шунчалик мураккаб ва ноёб бўлганки, минглаб қурувчилар томонидан 20 йилдан зиёд вақт давомида барпо этилган. Мақбара ва минораларнинг ҳамма жойи оқ мармар билан қопланган. Ёдгорлик юртимиздагидек нақшлар ва Қуръон суралари билан безатилган.

Тож Маҳал дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналади. 1983 йилда ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Бу тарихий обида ҳамон гўзаллиги ва муҳташамлиги билан бутун дунё сайёҳларини ўзига жалб этади. Бу ерга ҳар йили қарийб 5 миллион турист келади. Тож маҳал Ҳиндистоннинг туризм салоҳияти, айниқса, аграликлар ҳаётида муҳим ўрин тутади.

Мақбара зиёрати чоғида Қуръон тиловат қилинди.

Ҳиндистонлик расмийлар билан мулоқотда Президентимиз Ўзбекистонда ҳам қадимий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар кўплиги, икки мамлакат ўртасида сайёҳлар борди-келдисини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев мажмуанинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Давлатимиз раҳбари Нью-Деҳли шаҳрига жўнаб кетди.

president.uz

Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Санкт-Петербург мусулмонлари идорасига ташриф буюргани ҳақида маълумот берган эдик.

Делегация аъзолари ислом дини арконларига асосан ҳалол туризмни йўлга қўйиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришдилар.

Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида россиялик зиёратчиларнинг Ўзбекистонга саёҳати кўзда тутилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

dimanche, 30 septembre 2018 00:00

Фахрий устозлар даврасида

Ҳозирда юртимиз бўйлаб "1-октябрь ­- Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан Устозларга алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда. Устозни отадан улуғ деб билган халқимиз ушбу кунда маърифат йўлбошчиларига ўзгача эҳтимом ила муносабатда бўлмоқдалар.

Кеча, 29 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан вилоятимиз мусулмонларига кўп йиллар давомида таълим-тарбия берган, масжиду-мадрасаларда ишлаб кўплаб шогирдлар чиқарган бир қатор устоз домлалар учун байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбир давомида устозлардан панду насиҳатлар тингланди, кўп йиллик меҳнатлари нитажаси ўлароқ пиру-бадавлат бўлиб юрган бу улуғ зотларнинг ҳаётий тажрибалари, чуқур илмларидан яна бир бор истифода олинди. Уларнинг шаънларига илиғ фикрлар, ташаккурлар айтилиб кўнгилларини кўтаришга ҳаракат қилинди, совға-саломлар улашилди.

Устоз ва муаллим хаёт бўстонидаги ниҳолнинг дарахтга айланиши учун беминнат хизмат қиладилар. Ёшларни маънавий етук ва баркамол инсон бўлиб тарбиялашда табаррук устоз ва мураббийларимизни ўрни беқиёсдир. Устозу муаллимлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, қайсики, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан омонлик қирғоғига етишадилар. Чунончи, Абдураҳмон Жомий айтганларидек:

Жаҳонда бўлмаса муаллим агар,
Хаёт хам бўлмасди гўзал бу қадар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Саҳобаи киромлар урушда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз таналари билан ҳимоя қилар эдилар. Улар у зот алайҳиссаломнинг атрофларида урушиб, ўлдирилардилар”.

Бану Дийнор қабиласидан бўлган бир аёл. Унинг эри, акаси ва отаси Уҳудда шаҳид бўлди. Унга яқинлари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганда, у “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?” деб сўради. Одамлар “Эй Умму Фалон, у зот яхшилар” дейишди. Аёл одамлардан “У зот алайҳиссаломни менга кўрсатинглар. Кўзим билан кўрайин” деб илтимос қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора қилишди. Аёл севикли Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргач, “Сиз (ни кўрганим)дан кейин бошқа барча мусибатлар арзимасдир” деди.

Ибн Мурдавайҳи раҳимаҳуллоҳ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва “Эй Расулуллоҳ, албатта, сиз мен учун ўзимдан ҳам севиклироқсиз. Сиз мен учун аҳли оиламдан ҳам севиклироқсиз. Сиз мен учун боламдан ҳам севиклироқсиз. Мен уйда ўтиргандим. Сизни эсладим. Сизни кўрай деб сабрим чидамай, ҳузурингизга келдим. Энди сизга назар солай” деди”.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш мен учун оилам, қариндошларимга яқин бўлишдан кўра маҳбуброқдир”.

Ибн Мурдавайҳи раҳимаҳуллоҳ ривоят қиладилар: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббосга қарата: “Исломни қабул қилинг! Аллоҳга қасамки, сизнинг исломни қабул қилишингиз мен учун Хаттобнинг мусулмон бўлишидан кўра маҳбуброқдир” дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу бу гапни айтишларига сабаб шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос розияллоҳу анҳунинг мусулмон бўлишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ хурсанд бўлишларига сабаб бўларди.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра бирор киши мен учун севиклироқ эмас ва кўзимга улуғворроқ бўлиб кўринмайди ҳам. У зот алайҳиссаломни улуғлаганимдан бирор марта кўзим билан у зотнинг юзларига тикилиб қарай олмаганман. Агар мендан у зотни васф қилиб беришни сўралса, бу ишни қилолмайман. Чунки мен у зотнинг юзларига тикилиб қарай олган эмасман”.

Исҳоқ Тужайбий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафийқул Аълога кўчганларидан сўнг саҳобаи киромлар қачон у зотни эсласалар, бошлари эгилиб, баданлари титраб, барчалари йиғлаб юборар эдилар”.

Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Шунингдек, тобеинлардан ҳам кўплари шундай эдилар. Баъзилари у зот алайҳиссаломни яхши кўрганларидан, соғинганларидан шундай бўлсалар, баъзилари у зот алайҳиссаломнинг ҳайбат ва виқорларидан шундай қилишарди”.

Мусъаб ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Агар имом Моликнинг ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, у кишининг ранглари ўзгарар, эгилиб қолар эдилар. Ҳатто бу ҳол бирга ўтирганларга оғир келарди. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳга шу ишлари ҳақида айтилди. Шунда у зот “Агар сизлар ҳам мен кўрган нарсани кўрганингизда, мендан содир бўлган иш учун мени койимаган бўлардингиз.

Муҳаммад ибн Мункадирни кўрганман. У қурроларнинг саййиди эди. Агар ундан бирор ҳадис сўрасак, у шунақа йиғлардики, бизнинг раҳмимиз келиб кетарди.

Жаъфар ибн Муҳаммадни кўрганман. У сертабассум, ҳазилкаш одам эди. Агар унинг ёнида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр этилсалар, ранги сарғайиб кетарди. Унинг фақатгина таҳоратли ҳолдагина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишини кўрганман. Бир муддат уни зиёрат қилганимда, уни фақат уч хислатдан бири устида кўрганман: ё намоз ўқиётган, ё сукут қилиб ўтирган ёки Қуръон ўқиётган ҳолатда бўларди. Фойдасиз гапларни умуман гапирмас эди. У Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган олимлар ва обидлардан бири эди.

Абдурроҳман ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қилган пайтда, юзига назар солинса, унинг юзидан худди қон чиқаётгандек бўларди (яъни қизариб кетарди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан унинг оғзидаги тили қуриб қоларди.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг зиёратига бордим. Унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғлайвериб, ҳатто кўзида ёш қолмас эди.

Зуҳрийни кўрдим. У одамларга улфат, қадрдон киши эди. Агар унинг ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, гўё у сени, сен эса уни танимайдигандек бўлиб қолар эди.

Сафвон ибн Сулаймнинг олдига бориб турардим. У ғайратли обидлардан эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғларди. Йиғиси давом этаверганидан одамлар ўрниларидан туриб, унинг олдидан кетардилар”.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Ҳадиси шариф ўқиётганларида ранглари ўзгарди. Ўқиб бўлганларидан кейин шогирдлари “Боя ҳадис ўқиётганингизда юзингизда бироз ўзгариш бўлди. Бунинг сабаби нима, устоз?” деб сўрашди. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ “Чаён чақиб олди” деб жавоб бердилар. Шогирдлари ҳайратларини яширолмай, “Нега унда ҳадис ўқишни тўхтатмадингиз?” деб сўрашганда, буюк имом мана бу оламшумал жавобни берган эканлар: “РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ СЎЗЛАРИНИ БЎЛГИМ КЕЛМАДИ!”

Аллоҳ таоло бизга ҳам шундай муҳаббат ато этсин! Қиёматда, Жаннатда у зот алайҳиссалом билан бирга бўлишимизни насиб этсин!

 

Интернет маълумотларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Top