РАМАЗОН-2021

Рамазон фазлидан диллар шукуҳ ва сурурга тўлмоқда

Рамазон ойи файзу футуҳ билан ўтмоқда. Юртдошларимиз ўзгача кайфият ва шукуҳ билан ушбу фарз амалини адо этишмоқда. Айниқса, бу йилги Рамазони шарифда мамлакатимиздаги 1370 дан ортиқ жоме масжидларида таровеҳ намозлари ўқилаётгани, Қуръони карим хат қилинаётгани барчамизнинг кўнглимизни шод қилмоқда.

Ўтган йили мўмин-мусулмонлар каронавирус пандемияси сабаб ҳайит намозларини жамоат бўлиб ўқий олмаган, хатми Қуръон фазлидан баҳраманд бўлолмаган эди. Бу гал эса Аллоҳ таолонинг инояти билан ана шундай бахтга сазовор бўлмоқдамиз.

Афсуски, коронавирус хасталиги ҳали-ҳамон бутунлай бартараф бўлгани йўқ. Шунинг учун намозхонларимиз таровеҳ намозларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади.

— Ҳар оқшом масжидга чиқиб, таровеҳ намозларини чиройли тарзда амалга оширмоқдамиз, — дейди пойтахтимизнинг “Новза” маҳалласида истиқомат қилувчи Ойбек ота Отажонов — Ҳамма тиббий ниқобда, саломатлигимизга жиддий эътибор бермоқдамиз. Дуоларимизда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, шу билан бирга жаҳонга ташвиш солиб турган коронавирус касаллиги тезроқ бартараф бўлишини Аллоҳ таолодан илтижо билан сўрамоқдамиз.

Юртимиз масжидларидаги қуръонхонликлар бутун дунё мусулмонларида ҳавас ва шодлик уйғотмоқда. Айниқса, хорижда ишлаб, ўқиётган ватандошларимиз бу ҳақда илиқ фикрларини изҳор этишяпти.

— Ижтимоий тармоқларда ушбу хабарларни ўқиб жуда хурсанд бўлдим, — дейди Жанубий Кореянинг Пусон шаҳридаги Dong-A университети талабаси Олмосжон Қодиров. — Ҳамма юртдошларимга Рамазон ойи муборак бўлсин! Таровеҳ намозлари ҳамда хатми Қуръон савобларидан Ўзбекистонимиз тинч, осуда, янада равнақ топаверсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлаши Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби кўпайтириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.

Рўзадорлар мазкур дамларни ғанимат билиб, муборак ҳадиси шарифларга амал қилиб, ҳар қачонгиданда эзгу ва хайрли ишларга бош қўшмоқдалар. Хусусан, ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотган кишилар ҳамда кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват улашилмоқда, беморлар ҳолидан хабар олинаяпти.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғилиб турган Рамазон ойида барчаларимизнинг дуоларимиз қабул, муродимиз ҳосил бўлсин!

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати.

Read 1758 times
Top