РАМАЗОН-2021

Ойлар султони — Рамазон: Рўзадор киши рўза тутмаганларга овқат сотса бўладими? Рўзадор ҳолимда оғриётган томоғимга спирт суришим мумкинми?

Навбатдаги суҳбат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мутахассиси Зикриё Бобораҳимов билан уюштирилди.

Рўзадор одам рўза тутмаган одамларга овқат пишириб берса бўладими?

Рамазон ойида кундуз куни шаръий узрсиз рўза тутмаган кишиларга овқат пишириб бериш ёки пишириб сотиш умуман мумкин эмас. Бу Рамазон ойига нисбатан ва Аллоҳнинг фарз қилган рўзасига нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Рўза Исломнинг катта шиорларидан ҳисобланиб, уни улуғлаш тақводан бўлади. Аллоҳ таоло: «Ана шундай. Ким Аллоҳнинг шиорларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). Валлоҳу аълам.

Рўзадор ҳолимда шамоллаган бўлсам, бурнимга спрей-дори сепсам ва томоғимга спирт суртсам бўладими?

Спрейнинг газли (ҳаволи)сидан ёки суртма (маз)га ўхшаш, буруннинг устига суртса ҳидидан димоғ очилиб кетадиган воситалардан фойдаланган маъқул. Спрейнинг суюқлик пуркайдигани рўзани очиши мумкин. Рўзадор киши томоғига спирт суртса бўлади, унинг рўзага таъсири йўқ. Аммо спирт ичга ўтиб кетмаслиги шарт. Валлоҳу аълам.

Рўза тутганман, аммо рўза тутганим ёдимдан кўтарилиб, «қорним очиб кетди» деб юбордим. Гуноҳ бўлмайдими, рўзага таъсири йўқми?

Рўза тутган киши «қорним очиб кетди» дейиши билан рўзаси очилмайди ва рўзадорлиги ёддан чиққанлиги сабаб бу билан гуноҳкор бўлмайди. Агар шу гапни рўзадан малолланиб, Аллоҳ таолонинг фарз қилган рўзасидан сиқилиб айтса, гуноҳкор бўлади. Валлоҳу аълам.

Рўзадор одам қон таҳлили топширса бўладими?

Ҳа, рўзадор одам турли мақсадларда қон топшириши мумкин, бу иш билан унинг рўзаси очилмайди. Чунки рўза ичга кирувчи нарсалар сабабли бузилади. Лекин рўзадор қон топширса, заифлашиб қоладиган бўлса, макруҳ бўлади. Бу ҳолатда қон топширишни ифтордан кейинга қолдириш мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Маълумот учун: Сизда шаръий масалаларда саволлар бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Telegram’даги @diniysavollar каналига, «savollar.muslim.uz» сайтига ёки фатво бўлимининг 78-150-33-44 рақамли колл-марказига мурожаат қилишингиз мумкин.

Read 1688 times
Top