muslim.uz
Гарвард университети Қуръон оятларини адолатнинг энг буюк ифодаларидан бири сифатида тан олди
Ҳуқуқ соҳасидаги энг нуфузли таълим муассасаларидан бири бўлган Гарвард юридик мактаби Қуръон оятларини кутубхонага кириш жойига қўйди ва уни тарихдаги адолатнинг энг буюк ифодаларидан бири сифатида тавсифлади.
Факультетнинг асосий кириш қисмида деворда адолатни ифодаловчи энг яхши ибораларга бағишланган "Ан-Нисо" ("Аёллар") сурасининг 135-ояти осиб қўйилган эди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا قَوَّامِينَ بِالْقِسْطِ شُهَدَاءَ لِلَّهِ وَلَوْ عَلَى أَنْفُسِكُمْ أَوِ الْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ إِنْ يَكُنْ غَنِيًّا أَوْ فَقِيرًا فَاللَّهُ أَوْلَى بِهِمَا فَلَا تَتَّبِعُوا الْهَوَى أَنْ تَعْدِلُوا وَإِنْ تَلْوُوا أَوْ تُعْرِضُوا فَإِنَّ اللَّهَ كَانَ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرًا
Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.
Saudi Daily нашрининг хабар беришича, Гарвардда таҳсил олаётган Саудия Арабистонилик талаба аввал ушбу оятга эътибор қаратди ва ўз Twitter идаги саҳифасида фотосуратни жойлаштирди.
"Мен ушбу оятни тарихдаги адолатнинг энг буюк ифодаларидан бири деб таърифлаган ҳуқуқ факультети томонидан нашр этилганига эътибор бердим", деди Абдуллоҳ Жума.
1817 йилда ташкил этилган Гарвард юридик мактаби АҚШдаги энг қадимги ва доимий фаолият кўрсатиб келаётган ҳуқуқ мактаби бўлиб, дунёдаги энг катта академик ҳуқуқ кутубхонаси ҳам шу ерда жойлашган. Унинг битирувчилари орасида АҚШ Президенти Барак Обама ва кўплаб нуфузли журналистлар, ёзувчилар, оммавий ахборот воситалари ва бизнес раҳбарлари, ҳатто профессионал спортчилар ҳам бор.
Ҳуқуқ мактаби томонидан яратилган бадиий кўргазмада йигирмага яқин иқтибослар келтирилган. Мазкур экспонатлар орасида Қуръони Карим оятлари билан бир қаторда Авлиё Августин ва Буюк эркинлик хартиясидан олинган иқтибослар бор. Гарвард ҳуқуқшунослик мактабига кўра, ушбу иқтибослар адолат тушунчасининг барча давр ва ҳамма маданиятларда умумийлигини акс эттиради.
Котировкалар, ўқитувчилар, ходимлар ва юридик мактаб талабалари томонидан тақдим этилган 150 дан ортиқ иборалардан танлаб олинди. Юридик мактаб кутубхонаси кутубхоначилари ҳар бир таклифнинг тарихий ҳолати ва ҳақиқийлигини ўрганиб чиқдилар ҳамда ушбу асарни санъат асарларини кўриш мақсадида ташриф буюрувчилар билан баҳам кўриш учун веб-сайт яратдилар.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Сайиджамол Масайитов тайёрлади
Қуръондаги нидо
Қуръони каримда энг кўп нидо “Эй имон келтирганлар...” деб бошланади. Бу ибора Қуръонда 89 ўринда келган. Иккинчи ўринда “Эй инсонлар....” деб бошланадиганлари 20 та ўринда келган. Ундан кейинги 15 ўриндаги хитоб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли. Бу ўринларда “Эй Пайғамбар...” деб оятлар бошланган. 2 ўринда “Эй инсон...”деб оят бошланган. Бу ўринлар Инфитор сураси 6 оят ва Иншиқоқ сураси 6 оят, “Эй куфр келтирганлар...” деб бошланувчи биттагина оят бор. У ҳам бўлса Таҳрим сураси 7 оят.
“Эй имон келтирганлар Аллоҳдан қўрқинглар...”деб бошланадиган оятлар 7 та суранинг 7 ўрнида зикр қилинган;
- Бақара сураси 278 оят.
- Оли Имрон сураси 102 оят.
- Моида сураси 35 оят.
- Тавбв сураси 119 оят.
- Аҳзоб сураси 70 оят.
- Ҳадид сураси 28 оят.
- Ҳашр сураси 18 оят.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Имом Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳаётидан қизиқарли фактлар
- Уламоларнинг якдил фикрига кўра Имом Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеинлардан ҳисобланади. Манбаларда имомнинг нечта саҳобани кўрганлиги тўғрисида турли хил маълумотлар мавжуд. “Соҳиби Икмал” Қози Иёзнинг хабар беришича, улар йигирма олти киши бўлган, ҳофиз Ибн Ҳажар эса саккизта саҳобани кўрган, дейди. Етмиш иккита саҳоба билан учрашган деб маълумот берган Ҳафиз Миззий каби олимлар ҳам бор.
- Кўп сонли муҳаддислар, Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари уламолари имомнинг илмда ҳар томонлама кучли ва етакчи эканлигини бир овоздан тан олишган.
- Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ ўша пайтда ҳадис марказларидан бири бўлган Куфада яшаган. Бу шаҳарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минглаб саҳобалари яшаб ўтишган. Куфада мингдан ортиқ факиҳлар етишиб чиққан, улардан юз элликтаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари эди. Куфа ҳазрати Aбдуллоҳ ибн Масъуд ва Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлар яшаган шаҳардир.
- Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ 4000 та ҳадис ривоят қилган, улардан 2000 тасини устози Имом Ҳаммод орқали қабул қилган.
- Имом Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳаёти давомида ўзининг тижорат молларидан йўқсил ва муҳтожларга муттасил хайру саховат қилиб ўтган.
- Ироқ ҳокими Ибн Хубайр ҳукмронлиги даврида Aбу Ҳанифага бош қозилик лавозими таклиф этилганда, уни рад қилди. Aбу Жаъфар Мансур даврида ҳам бу лавозим таклиф қилинди ва у яна қабул қилмади.
- Имом сажда пайтида вафот этди. Унинг жанозасига эллик мингдан ортиқ одам қатнашди ва олти марта жаноза намози ўқилди. Охиргисини унинг ёлғиз фарзанди, ўғли Ҳаммод адо қилди.
«Мўйи муборак» жоме масжиди имом-хатиби
Луқмон Аблақулов тайёрлади
Турли байрамлар ва уларни нишонлаш
Айни пайтда дунёда юзлаб байрамлар ва нишонланадиган кунлар мавжуд. Ҳар бир мамлакатнинг байрам ва тантаналари мана шу халқнинг дини, маданияти ва тарих мобайнида эришган ютуқларини ўзида акс эттиради. Бугунги кунда юртимиздаги байрамлар хилма-хил бўлиб, улар давлат, диний, касбий ва халқаро каби турларга бўлинади. Мазкур байрамлар ҳукумат томонидан дам олиш куни сифатида эълон қилинган.
Динимизда байрамларни белгилаш, уларни нишонлаш тартиб қоидалари қандай? Бу борада Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қандай кўрсатмалар келган?
- Исломда илоҳий-диний байрамлар Аллоҳ таоло ва унинг Расули томонидан белгиланади, уни бошқа инсонлар белгилай олмайди. У кунларда махсус ибодатлар (ҳайит намози, қурбонлик) қилинади. Бундай байрамлар Исломда иккита бўлиб улар – Ийдул Фитр (Рамазон ҳайити) ва Ийдул Азҳо (Қурбон ҳайити)дир. Рамазон ҳайити Рамазон ойи рўзасини тутиш тугагани муносабати билан ўтказилади. Қурбон ҳайити Ҳажнинг асосий арконлари тугаши муносабати билан, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади ва унга шундан кейинги “ташриқ кунлари” номини олган уч кун ҳам қўшилади. Бу байрамлар ҳақида Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди. “Бу икки кун қандай кун?” – деб сўрадилар. “Жоҳилиятда ўйин-кулгу қиладиган кунимиз эди”, – дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ислом дини байрамларида ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қилган, ота-онаси, аҳли аёли, қариндош ва таниш-билишларига кенгчилик яратганлар, қурбонлик қилганлар савоб оладилар ва ибодат қилганнинг ажрига эришадилар. Ҳатто еб-ичиш хурсандчилик аломати бўлганидан юқорида зикр қилинган икки ҳайит ва ташриқ кунларида рўза тутиш макруҳдир. Диний байрамлар Исломнинг шиорларидан бўлиб ҳисобланади.
- Мусулмонлар бошқа динларнинг байрамлари (масалан, рождество, пасха ва шунга ўхшаганлар)ни нишонлаши мумкин эмас. Чунки бу мансух бўлган динларни қўллаб қувватлаш ва Исломдан устун қўйиш, ўзини уларга ўхшатиш бўлиб қолади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам аҳли китоблар ҳақида шундай деганлар:
لَا تَسْأَلُوا أَهْلَ الْكِتَابِ عَنْ شَيْءٍ فَإِنَّهُمْ لَنْ يَهْدُوكُمْ وَقَدْ ضَلُّوا فَإِنَّكُمْ إِمَّا أَنْ تُصَدِّقُوا بِبَاطِلٍ أَوْ تُكَذِّبُوا بِحَقٍّ فَإِنَّهُ لَوْ كَانَ مُوسَى حَيًّا بَيْنَ أَظْهُرِكُمْ مَا حَلَّ لَهُ إِلَّا أَنْ يَتَّبِعَنِي (رواه الامام احمد عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ)
яъни: “Аҳли китоблардан (динингиз мавзусида) бирор нарса сўраманглар. Улар сизни ҳеч ҳам тўғри йўлга бошлай олмайдилар, ҳақиқатда улар йўлдан адашдилар. Сизлар (агар улардан дин ҳақида бирор нарса сўраб, жавоб олсангиз) ё ботилни тасдиқлайсиз ё ростни ёлғонга чиқарасизлар. Албатта, агар Мусо сизни орангизда тирик бўлганида ҳам, унга фақат менга эргашишгина дуруст бўларди” (Имом Аҳмад ривоятлари).
- Динга алоқаси бўлмаган байрамлардан кўзланган мақсад тўғри бўлса, турли маъсиятлар аралашуви сабабли шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиқилмаса, Ислом бундай дунёвий байрамларни ман қилмайди.
Шаръий манбаларда келмаган байрамлар борасида инсонлар икки хил йўл тутишади. Бир тоифа инсонлар бу – бидъат, мумкин эмас, десалар, иккинчи томон буни мумкин эмаслигига бирор қайтариқ йўқ, дейишади.
Барчага маълумки, Исломда икки ҳайитдан бошқа жуда кўплаб байрам қилиб нишонласа бўладиган воқеа ва ҳодисалар бор. Мисол учун бола туғилганда ақиқа қилиб хурсандчилик қилиш, никоҳ тўйларида хурсандчилик қилиш, узоқ сафардан яқинлари келганда ҳурсандчилик қилиш, Рамазон ойи кириши билан инсонлар бир-бирларини қутлаб, хурсандчилик қилишлари ва жума кунида хурсандчилик қилиш каби бир нечта воқеа ва ҳодисалар бор.
Динга алоқаси бўлмаган саналарни нишонлашга 8 мартни мисол келтириш мумкин.
Баъзи кишиларнинг 8 мартни “Халқаро хотин-қизлар байрами” сифатида нишонланишига эътирозлари бор. Ваҳоланки, 8 март кунини нишонлаш ҳам, 1 сентябрь ёки 1 октябрь санасини байрам қилишдан фарқи йўқ. Уларнинг эътирозларини диққат билан ўргансак, учта асосий нуқтани топамиз.
1 – эътироз. “Шарий манбаларда келмаган диний ва дунёвий байрамларни нишонлаб бўлмайди. Бу байрамлар бидъат (янги пайдо бўлган иш) бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар замонларида нишонланмаган”, – дейдилар.
Жавоб: Ҳар бир янги пайдо бўлган бидъат ҳам ёмон бидъат эмас. Умар разияллоҳу анҳу инсонлар масжидда бир имомнинг ортида Таровеҳ намозини ўқиётганларини кўрганларида: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, – деганлар ва бу гапларини бирор киши инкор қилмаган. Бу байрамларни нишонлашда инсонларнинг қалбида бир-бирларига меҳр-оқибатни пайдо қилиш бор. Аёллар, хусусан оналарга эҳтиром кўрсатиш шариатимизнинг асл қоидаларидан ва талаб қилинган амаллардир. Бу эҳтиромни шариъатга зид келадиган жойи йўқ. Оналар, аҳли аёл ва фарзандларга бериладиган совғалар, яхши сўз ва дуолар уларни хурсанд қилса, бу савобли иш ҳисобланади. Лекин бу байрамларга диний тус бермаслик керак. Масалан, махсус намоз, рўза каби ибодатларни жорий қилиб олмаслик шарт бўлади.
2 – эътироз. Бу байрамни ташкил топишига беҳаё, имонсиз аёллар сабабчи бўлган. Бизга ғарбдан кириб келган, нишонлаш уларга ўзини ўхшатиш бўлади.
Жавоб: Ҳақиқатан ҳам бу санани ташкил бўлишига 20 асрнинг бошида Европа давлатлари заводларида ишлаган аёллар сабабчи бўлишган. Лекин уларнинг, беҳаё (фоҳиша) экани исботланмаган гап. Тўғриси, улар ўша замоннинг одатий ишчи аёллари бўлишган ва уларга ҳам эркаклар сингари ҳақ тўланишини, эркаклар билан тенгҳуқуқли бўлишларини талаб қилиб чиқишган. Бу санани нишонлаш 20 асрнинг 20 йилларидан кенг тарқала бошлади ва кейинчалик халқаро миқёсда нишонланадиган бўлди. Дунё ишларида динимизнинг ғояларига мос келадиган нарсаларни қабул қилишимиз, ўзини динсизларга ўхшатиш бўлмайди. Ҳозир сон саноқсиз восита, услуб ва бошқа нарсалар борки уларни Ғарбдан ўзлаштирганмиз. Бунга ҳатто юқорида эътироз билдирганлар ҳам розику! Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага келганларида яҳудийлар Ашуро куни рўза тутишарди. Уларга нега рўза тутасизлар, дейилганда: “Бу кунда Аллоҳ Мусони қутқарган”, – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мусога (улардан кўра) мен ҳақлироқман ва бу куннинг рўзасига ҳам мен ҳақлироқман!” – дедилар ва Ашуро рўзасини тутдилар.
Демак, ҳар бир улардан олинган нарса, уларга ўзини ўхшатиш бўлмайди. Бунинг устига биз кўр-кўрона Ғарб ёки бошқа ривожланган давлатларнинг дуч келган байрамини олиш тарафдори эмасмиз. Бунга давлатимиз ҳукумати ҳам рози эмас. Кун.уз томнидан нашр қилинган “Ўзбекистондаги расмий байрамлар рўйхатида Ҳэллоуин йўқ” номли мақолада айни мавзу кўтарилган. Яъни, на динимиз, на урф одатларимизга, на қадриятларимизга тўғри келмайдиган “Ҳэллоуин” байрамини юртимизда нишонлаш ҳукуматимиз томонидан рад этилган (https://kun.uz/79728782).
3 – эътироз. Бу куни тарихда юртимизда аёллар паранжиларини ечишган кун. Ўша кунни нишонлаш динга қарши чиқиш бўлади.
Жавоб: Бу эътирозларнинг ичида энг кучсизидир. Чунки, масалан ҳайит кунлари бир тоифа одамлар динимизга зид ишларни қилишса, бу билан энди ҳайитни нишонламаймиз, бу кунда одамлар гуноҳ ишларга қўл урди, дейилмайдику!
Шуни таъкидлашимиз керакки, юқоридаги сўзлар 8 март санасини нишонлаш баҳонасида номаҳрамлар ўртасидаги шаръий чегараларни бузишга ва турли динимиз ман қилган ишларни қилишга рухсат дегани эмас.
Энг муҳими динимиз биздан 8 март куни оналаримиз, аҳли аёлимиз, опа-сингиллар ва фарзандларга кўрсатаётган меҳрибонлик, яхшиликни ҳар куни қилишни талаб қилган ва буни ибодат даражасига кўтарган. Яхшиликларимиз фақат бир кунга чекланиб қолмасин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
13.03.2020 й. Никоҳ – муқаддас ришта
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لله الَّذِي جَعَلَ النِّكَاحَ سُنَّةً لِلْأَنَامِ وَفَاصِلاً بَيْنَ الْحَلَالِ وَالْحَرَامِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ مُحَمَّدٍ الَّذِي قَالَ النِّكَاحُ سُنَّتِي فَمَنْ رَغِبَ عَنْ سُنَّتِي فَلَيْسَ مِنِّي أَمَّا بَعْدُ
НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА
Муҳтарам жамоат! Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири бўлиб, кишининг никоҳланиб, оила қуриши ибодат ҳисобланади. Бу ҳақда ҳанафий мазҳабининг энг йирик уламоларидан бўлган Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача ибодат қилиб белгиланган ҳамда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккита: биринчиси – иймон, иккинчиси – никоҳдир”.
Маълумки, никоҳ туфайли оила барпо бўлади. Оила ҳам бир кичик жамият бўлиб, унинг раҳбари эрдир. Агар эр ўз вазифасини масъулият билан бажариб, ҳалол – пок бўлса ва қўл остидаги аҳли-аёлига чиройли муомала ва муносабатда бўлса, оиласи осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Демак, оиланинг бахтли ҳаёт кечиришида эрнинг ўрни жуда каттадир. Қуйида эрнинг баъзи вазифа ва мажбуриятларини баён қиламиз:
- Эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга намуна ва ибратдирлар. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо Пайғамбаримизни сифатлаб шундай деганлар: “У Зот аёллари билан энг мулойим, карамли, хушчақчақ ва сертабассум киши бўлар эдилар”.
Бир ғазотдан қайтиш чоғида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларни олдинроқ юришга буюриб, Оиша онамиз билан югуриш мусобақасини ўтказганлар. Бу ҳақда Оиша онамизнинг ўзлари шундай деганлар:
تَسَابَقْتُ اَنَا وَرَسُولُ اللهِ فَسَبَقْتُهُ فَلَبِثْنَا حَتَّى إِذَا أَرْهَقَنِي اللَّحْمُ سَابَقَنِي فَسَبَقَنِي فَقَالَ: "هَذِهِ بِتِلْكَ
(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ والامام أحمد)
яъни: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан мусобақалашдим. Мен У зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг (яъни, бошқа бир ғазотдан қайтишда) менинг гўштим оғирлашганда (яъни, бироз семириб қолганимда) яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “Ҳалиги билан биру бир”, – дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларида исломни ёйиш, давлатнинг ички ҳолатини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш каби масъулиятлари бор эди. Одатан бу ишлар эркак кишини бутунлай машғул қилиб қўядиган нарсалардандир. Ул зот бундан ташқари Аллоҳдан ваҳий қабул қилардилар, доимий ибодатлар ва бошқа буюк ишлар билан машғул бўлардилар. Аммо мана шунча ишларга қарамасдан, зиммаларидаги аёлларининг ҳақларини ҳам унутмаганлар. Уларни ахлоққа чақириб тарбиялашни ҳам, эр-хотинлик муносабатларини ҳам ёддан чиқармаганлар. Ҳар бир эр аёли билан бўладиган муносабатларда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига намуна қилиб олмоғи зарурдир.
- Аёлга маҳр бериш.Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: “وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً”
яъни: “Хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз” – дея амр этган (Нисо сураси, 4-оят). Афсуски, баъзи эрлар зиммаларида шундай вазифа борлигини ҳам билмайдилар. Маҳр эрнинг гарданидаги аёлидан қарзи ҳисобланади.
- Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши.Бундай қилиш – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишдир. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
لَا يَفْرَكْ مُؤْمِنٌ مُؤْمِنَةً إِنْ كَرِهَ مِنْهَا خُلُقًا رَضِيَ مِنْهَا آخَرَ
(رواه الإمام مسلم عن أَبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади” (Имом Муслим ривоятлари).
Бу ҳақда Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
وَاعْلَمْ أَنَّهُ لَيْسَ حُسْنُ الْخُلْقِ مَعَهَا كَفُّ الْأَذَى عَنْهَا، بَلْ اِحْتِمَالُ الْأَذَى مِنْهَا
яъни: “Билгинки, аёлингга озор беришдан тийилишинг ҳусни хулқ эмас. Балки, ундан етадиган озорни кўтаришинг ҳусни хулқдир”.
Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, ғазабини ичига ютиши керак бўлади.
- Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши.Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
"إِنَّ اللَّهَ يَغَارُ وَإِنَّ الْمُؤْمِنَ يَغَارُ وَغَيْرَةُ اللَّهِ أَنْ يَأْتِيَ الْمُؤْمِنُ مَا حَرَّمَ عَلَيْهِ"
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидан келади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Исломда рашк ана шу даражада юксак баҳоланиши билан бир қаторда, бу борада ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш қораланади. Ўз ўрнида ва меъёрида бўлган рашк эркакда бўлсин, аёлда бўлсин, мақталган ва гўзал турмуш тақозо этган хислатлардандир. Ҳар икки томон ҳам умр йўлдошининг меъёрдаги рашкини қадрлаши лозим.
- Эр хотинини уй-жой билан таъминлаши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
أَسْكِنُوهُنَّ مِنْ حَيْثُ سَكَنْتُمْ مِنْ وُجْدِكُمْ
яъни: “Уларга ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз...” (Талоқ сураси 6- оят).
Демак, эрнинг зиммасида хотинини турар жой билан таъминлаш мажбурияти бор. Фиқҳий китобларимизда: Аҳли-аёл учун ҳеч бўлмаганда қулфланадиган алоҳида битта хона ажратиб бериш эрнинг гарданидаги бурчидир дейилган.
- Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби нафақасини таъминлаши.Нафақанинг миқдори эрнинг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб белгиланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган:
لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آَتَاهُ اللَّهُ
яъни: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!...” (Талоқ сураси, 7-оят).
Мазкур нафақа миннат ва таънасиз бўлиши керак. Чунки нафақа бериш, эркакнинг хотинига қилган марҳамати эмас! Балки, Аллоҳ таоло эрнинг зиммасига фарз қилган амални бажаришдир! Динимизда эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ
(متفق عليه)
яъни: “Сиз Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай сарф харажатингиз учун ажр оласиз. Ҳатто хотинингиз оғзига солган таомингиз учун ҳам сизга ажр бор” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун эр ўзини ўтга-чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топиши дуруст эмас.
Афсуски, баъзи эрлар улфатлари билан кўча-кўйда яхши ва сара таомларни еб юрадида, уйдаги аёли ва бола-чақаси эса зўрға тирикчилигини ўтказади. Бундай қилиш оилага зулм ҳисобланиб, фарзандлар ҳаққига хиёнат бўлади.
- Аёлига зарурий шаръий масалаларни ўргатиши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят).
Демак, ҳар бир эр мусулмон киши билиши керак бўлган зарурий маълумотларни аёлига ўргатиши зарур бўлади. Ҳеч бўлмаганда масжид ва бошқа жойлардаги насиҳат ва марузаларни яхши тинглаб, аёли ва фарзандларига етказиши керак.
- Эр хотинининг хусусиятлари ва ўрталаридаги алоқалари ҳақида оғиз очмаслиги ҳамда одамлар ўртасида ёймаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
هُنَّ لِبَاسٌ لَكُمْ وَأَنْتُمْ لِبَاسٌ لَهُنَّ
яъни: “…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…”, (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:
إِنَّ مِنْ أَشَرِّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ اَلرَّجُلُ يُفْضِيْ إِلَى اِمْرَأَتِهِ وَتُفْضِيْ إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا
(رواه الامام مسلم عن أَبي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رضي الله عنه)
яъни: “Қиёмат куни Аллоҳнинг даргоҳида энг ёмон мақомда бўладиган одам – аёли билан эр-хотинлик алоқасини қилиб, сўнгра аёлининг сирларини ошкора қилган кишидир” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳозирги кунда айрим эркакларда қуйидаги камчиликлар кузатилмоқда:
- Баъзи эрлар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, “Сен ҳам пул топсанг нима бўлади?”, деб маломат ҳам қилишмоқда.
- Баъзилар эса ўзга юртларга кетиб, узоқ вақт қарамоғидагиларни нафақасиз ташлаб қўймоқда.
- Баъзи эрлар кун бўйи кўча-кўйда юриб, аҳли-аёли ва фарзандларини олдига борганда телефонидан бошини кўтармайди. Ваҳоланки, эр оила аҳлининг тарбиясига масъул. Уларга ҳам вақт ажратиши ва уларнинг ҳаққини адо қилиши керак.
- Баъзи номардлар очиқчасига: “Сени умрингни охиригача талоғингни бермай, аросатда қолдириб, қийнайман”, – деб пўписа қилади. Бу етмагандек, аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.
- Баъзи ҳолатларда узоқ муддат чет элларда юрадиган кишилар, у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб, турли касалликларни юқтириб келмоқдалар. Гоҳида бедаво касалликларни уларни кутиб турган пок аёлларига юқтириб, ўзларига ҳам, жуфтларига ҳам жабр қилишмоқда.
Юқоридагиларнинг барчаси аҳли-аёлга нисбатан зулм ҳисобланади. Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши қаттиқ қораланган. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир.
Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар эр зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажарса, ўз-ўзидан аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоатда муомалада бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва оила масаласида ҳам шариатимиз кўрсатмаси асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин! Омин!
Ҳурматли азизлар! Маърузамизнинг фиқҳий масалалар қисмини таяммумга боғлиқ баъзи ҳукмлар ҳақида суҳбатлашамиз.
Таяммум арабча сўз бўлиб, “қасд қилиш”, деган маънони билдиради. Шариатимизда эса поклик ҳосил қилиш учун пок ер жинсини қасд қилиш (яъни, юзга ва қўлга суртиш)дир. Пок ер жинси деганда - тупроқ, қум, тош ва шу кабилар тушунилади. Таяммум таҳоратнинг ҳам, ғуслнинг ҳам ўрнига ўтади. Аллоҳ таоло айтади: فَلَمْ تَجِدُوا مَاءً فَتَيَمَّمُوا صَعِيدًا طَيِّبًا яъни: “...(лекин) сув топмасангиз, пок тупроққа таяммум қилинг...” (Моида сураси, 6-оят).
Таяммум қилиш жоиз бўлиши учун одам сув ишлатишдан ожиз бўлиши керак. Сувдан ожиз бўлиш турлича бўлиши мумкин:
- Сув ≈2 км.дан узоқда бўлиши;
- сув ишлатса касал бўлиши ёки касаллик зиёда бўлиши;
- ювинса сув ёки ҳавонинг совуқлигидан соғлигига зарар етиши аниқ бўлса;
- сув олдида душман бўлса;
- таҳорат қилса ичимлик сувисиз қоладиган бўлса;
- қудуқ каби жойдан сув олишга керакли воситалар бўлмаса.
Таяммум қуйидагича қилинади:
- Бисмиллаҳни айтиб, дастлаб таҳоратсизликни кетказишни ният қилиб, пок тупроқни қасд қилади;
- кейин икки қўлини пок тупроққа уради, ёпишиб қолган тупроқни қоқиб, қўлларини юзига суртади;
- кейин яна қўлларини тупроққа уради ва чап қўл кафтининг ичи билан ўнг қўлини тирсаклари билан масҳ қилади, ўнг қўл кафтининг ичи билан чап қўлини тирсаклари билан масҳ қилади. Бунда қўлларнинг тирсаккача бўлган жойини масҳ қилиш шарт.
Таяммумни намоз вақти киришидан олдин қилса ҳам бўлади. Сув топилгунча, битта таяммум билан хоҳлаганча намоз ўқиш мумкин. Таяммумни таҳоратни бузувчи нарсалар бузади.
Сув топишидан умиди бўлган киши намозни охирги вақтигача кечиктириб туриши мустаҳаб ҳисобланади (“Ал-Мухтор”, “Ал-Ихтиёр” китоблари).
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси
“САХОВАТ – ЖАННАТГА ЕТАКЛОВЧИ ФАЗИЛАТ!” мавзусида бўлади.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.