muslim.uz
Муфтий ҳазрат Вашингтондаги масжидда жума намозини адо этдилар
24 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари АҚШга қилган сафарлари давомида Вашингтон шаҳридаги энг йирик масжид ҳисобланган “Адамс” маркази жомесида жума намозини мўмин-мусулмонлар билан бирга адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари АҚШлик мўмин-мусулмонларни Рамазон ойи билан муборакбод этиб, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг илмий меросларининг жаҳон илм-фани ривожидаги тутган ўрни, муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, юртимиз мўмин-мусулмонларининг турмуш ҳаёти, янги очилаётган масжид-мадрасалар ва илмий мактаблар фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб бердилар.
Ўзбекистон делегацияси ушбу жоме масжид имом-хатиби билан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида мулоқотлар олиб борди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни этикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1].
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз саҳиҳларида Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар, тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2]
Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”, дегани Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар.
“Тунларини тирилтирар эди” деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар.
“Аҳлларини уйғотар эди” деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди.
ТИИ ўқитувчиси
А. Собиров
[1] Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175)
[2] Имом Бухорий ривояти(1913)
[3] Имом Насаий ривояти(1641)
[4] Имом Бухорий ривояти(952)
Минг ойдан афзал кеча
Ойларнинг энг улуғи Рамазон, кунларнинг энг улуғи жума бўлганидек, кечаларнинг ҳам фазилатлиси қадр кечасидир. Аллоҳ таоло бу кеча ҳақда алоҳида сура нозил қилди ва унинг номини ҳам айнан шу кеча билан атади.
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ. وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ. لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ. تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ. سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
«Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир».
Сура муборак Қадр кечасига бағишланган. Бу кечада бир йиллик ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажаллар белгиланади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўйишни амр этади.
Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода – қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир.
Аллома Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) суранинг нозил бўлиш сабаби ҳақида: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига кўпроқ хайрли ишлар қилиб, улуғ савобга эга бўлишини орзу қилиб: “Эй Раббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!” дедилар. Шунда Парвардигори олам: Сиз ва умматингиз учун, эй ҳабибим, Қадр кечасини минг ойдан афзал қилдим, деди. Шунда Расулуллоҳ ва барча саҳобалар қувониб кетишди», деганлар.
Буюк ватандошимиз, аллома Абул Қосим Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Бу сурада Аллоҳ таоло Қуръони каримни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган. Иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган. Учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган барча гуноҳлари мағфират қилинади” (Имом Бухорий ривояти), дедилар.
Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога нидо қилиб: «“Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, деди. Мусо (алайҳиссалом) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматинг орзусидаман”, деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, деди. Мусо (алайҳиссалом): “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, деди. Мусо (аалайҳиссалом) давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, деди Аллоҳ. Мусо (алайҳиссалом): “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида кўп истиғфор айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, деди. Мусо (алайҳиссалом) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, Сенинг розилигингни истайман”, деганларида, Аллоҳ таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, деди (“Зубдатул воизин”).
Қадр Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули сир тутган. Бандалар Рамазон ойининг ҳар кечасини қадр билиб, уни бедор ўтказиши учун шундай қилинган. Лекин саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб Рамазоннинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири, у кечанинг аломатлари Рамазоннинг 27-кечаси экани маълум бўлди (Тафсири Бағавий).
Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лайлатул қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар”, деб айтдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Лайлатул қадрнинг яна бир фазилати, бу кечада фаришталар ва Руҳ (яъни, Жаброил алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг изн-ихтиёри ила йил давомида қилинадиган барча ишларни белгилаш учун осмондан заминга тушадилар.
Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Аслида Рамазони шарифнинг ўзи раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонлик ойидир. Шу боис ойлар султони Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, унинг ҳар бир кун ва соатини ғанимат билишимиз лозим.
Толиб НИЗОМ
Рамазон ойи ва унинг рўзасининг фазилатлари
Танловга!
Рамазон ойи Аллоҳ таоло бандаларнинг рўза тутишлари, Ўзининг охирги, бехато, ўзгармас ва мукаммал китоби Қуръони Каримни ер юзига нозил қилиш учун танлаб олган муборак ойдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
شَهۡرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِیۤ أُنزِلَ فِیهِ ٱلۡقُرۡءَانُ هُدࣰى لِّلنَّاسِ وَبَیِّنَـٰتࣲ مِّنَ ٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡفُرۡقَانِۚ
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир» 185-оят.
Қуръоннинг Рамазон ойида нозил қилиниши ва унда рўза ибодатининг борлиги ушбу ойнинг фазилатига кифоя қилади. Кейинги оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِی عَنِّی فَإِنِّی قَرِیبٌۖ أُجِیبُ دَعۡوَةَ ٱلدَّاعِ إِذَا دَعَانِۖ فَلۡیَسۡتَجِیبُوا۟ لِی وَلۡیُؤۡمِنُوا۟ بِی لَعَلَّهُمۡ یَرۡشُدُونَ
«Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар» 186-оят
Аллоҳ таоло Рамазон ойи, унда Қуръон туширилганлиги, бу ойнинг рўзаси фарз эканлигини баён қилган оятдан кейинги оятда дуо қилувчининг дуосини ижобат қилишини эълон қилмоқда. Демак, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, кечалари таровеҳда қоим бўлишдан кейинги дуолар иншааллоҳ мустажоб экан. Дуо қилиш билан бирга биз ҳам Аллоҳ таолога лаббай деб ижобат қилишимиз, яъни У Зотга бўйсунишимиз ва қайтариқларидан четланиб У Зотга иймон келтиришимиз керак экан! Ана шунда рушду ҳидоятда, тўғри йўлда бўлишимиз кафолатланган бўлади. Ушбу оятнинг нозил бўлиш сабаби сифатида имом ибн Жарир Табарий ва имом Қуртубий қуйидаги ривоятни келтирадилар:
"Аъробийлардан бир гуруҳ кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб: “Эй Муҳаммад, Роббимиз (бизга) яқинми, У Зотга муножат қилайликми ёки узоқми, У Зотга нидо қилайликми?“ дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман“ оятини нозил қилди“.
Албатта, бу оятдаги яқинлик масофа, метр жиҳатидан эмас, ижобат қилишга яқин эканлигидир.
عن أبي هريرة قال: قال رسول الله : إذا كان أول ليلة من شهر رمضان
صفدت الشياطين ومردة الجن، وغلقت أبواب النار فلم يفتح منها باب، وفتحت أبواب الجنة فلم يغلق منها باب : وينادي مناد: با باغي الخير أقبل، ويا باغي الشر أقصر، ولله عتقاء من النار، وذلك كل ليلة”.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Рамазон ойининг биринчи кечаси бўлганда шайтонлар ва исёнчи жинлар яхшилаб занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари қаттиқ ёпиб қўйилади, натижада ундан бирор бир эшик очилмайди. Жаннат эшиклари кенг очиб қўйилади, натижада ундан бирор бир эшик ёпилмайди ва бир нидо қилувчи: “Эй яхшиликни хоҳловчи, келгин, эй ёмонликни хоҳловчи, тўхтагин”, деб нидо қилади. Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган бандалари бўлади. Бу ҳол ҳар кеча бўлади”.
Буюк ватандошимиз имом Термизий ривоят қилган ушбу муборак ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутувчи ҳар бир мўмин банда қувониб шодланадиган буюк хушхабарларни бермоқдалар. Демак, Рамазон ойи ана шундай фазилатли ойдир.
Рамазон рўзасининг фарзлиги ва рўзадорларнинг фазилати
Аллоҳ таоло Бақара сурасининг183-оятида:
یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ كُتِبَ عَلَیۡكُمُ ٱلصِّیَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى ٱلَّذِینَ مِن قَبۡلِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَتَّقُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз” деб марҳамат қилади. Ушбу оят билан рўза тутиш мусулмонларга фарз қилинди. Рўза мусулмонларга ҳижратнинг 2-санасида фарз қилинган. Рўзанинг инсон жисмига, руҳига ва ҳаётига фойдалари жуда кўп. Хусусан, рўза тутиш орқали инсон жисмида йиғилиб қолган зарарли моддалар, ёғлар эриб, йўқ бўлиб кетади. Организм янгиланиб, чиниқиб, тозаланиб олади. Мунтазам овқат ҳазм қилишга ўрганиб қолган бечора ошқозонимиз ҳам рўза шарофатидан дам олади. Инсоннинг фикри ўткирлашади. Руҳи тетик, қалби мусаффо бўлади. Қорни оч бўлса ҳам, чанқаса ҳам, кун иссиқ ёки совуқ бўлишига қарамасдан ўзини еб-ичишдан тийган инсон сабр қилишни ўрганади.
Аллоҳ жалла жалалуҳу томонидан беминнат инъом этиб қўйилган сув, мева-чева ва озиқ-овқатларнинг қадрини ҳис қилади, ҳақиқатан ҳам неъмат эканлигини англайди. Бунинг натижасида инсон шукрли бўлиб қолади. Ваҳоланки сабр ва шукр инсон ҳаётида қанчалик катта аҳамиятга эга! Булардан бошқа яна кўплаб фойдалари бўлган рўзанинг энг буюк ғояси ва фойдаси инсоннинг икки дунёда бахт-саодатга эришиши, дўзахдан нажот топиб жаннатга киришига сабаб бўлувчи энг катта омиллардан бири бўлмиш тақвонинг ҳосил бўлишидир. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таолонинг Ўзи оятда очиқ ойдин айтяпти. Ҳозирги кунда ғайридинлар ҳам рўзага ўхшаш очлик билан даволаш ишларини олиб боришмоқда. Лекин мусулмонларнинг улардан ажралиб турадиган энг ёрқин фарқи рўзани фақатгина Аллоҳ буюргани учун холис тутишларидир. Айнан мана шу жиҳат мусулмон банданинг рўза тутгани учун охиратда катта савобларга эга бўлишининг сабабидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, Роббингиз айтади: “Ҳар бир яхшилик ( савоби) ўн баробаридан етти юз баробаригачадир. Рўза Мен учун ва Мен Ўзим унинг мукофотини бераман. Рўза дўзахдан қалқондир. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Агар бирингизга рўзадор ҳолида бир жоҳил жоҳиллик қилса мен рўзадорман десин”. Имом Термизий ривоят қилган.
Яна бир ҳадисда рўзадорларнинг фазли ҳақида бундай дейилади: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Жаннатда рўзадорлар учун Райён деб аталадиган эшик бор. Унга улардан бошқалар кирмайди. Рўзадорларнинг охиргиси киргач, эшик беркитилади. Ким унга кирса, (жаннат шаробидан) ичади. Ичган киши эса абадий чанқамайди”. Имом Термизий ривоят қилган.
Шундай экан рўзани ихлос билан, юқорида айтилган охиратдаги буюк мукофотларга эришиш учун шавқу завқ билан тутайлик. Шубҳасиз Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас. Фазилатларга бой Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Роваиъул баён, Тафсири ҳилол ва Жомеут Термизий китоблари асосида Тошкент ислом институти 2-курс талабаси Умарали Абдулғаффор тайёрлади.
Ота-онага яхшилик қилиш ҳақида
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.